Пайшанба, 19.09.2024, 22:05
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Тожикистон » Шеърият

Орамиздан ўтар Худо урган тун
Одил ИКРОМ

***

Бизнинг орамизда нима қолди, айт,
Юраклар – таланган маъводай юпун.
Орамиздан ўтар ҳар дуойи бад,
Орамиздан ўтар Худо урган тун.
Баъзида, юракни кўмар нолага,
Юраклар оралаб ўтган ер изи.
Баъзида, осмон ҳам тушар орага:
Зарҳал ҳарф битилган чўчқа териси.
Орадан ой ўтар – ойсиз тунларим,
Орадан йил ўтар – чўзилган қасос.
Сенсиз ўтаётган менинг кунларим
Менинг гуноҳимдан ўтмайди, холос.
Орадан бешафқат ўтиб кетар вақт,
Биз бевақт қартайган норасидамиз.
Бизнинг орамизда нима қолди, айт,
Жавоб бер, кимларнинг орасидамиз?..

***

Кўзингда бир калом тентирар унсиз,
Кўзингда бир қайғу жилмаяр маъсум.
Ахир, мен – кафанга ўралган бир ҳис,
Кўзларинг оқига чулғанган мардум.
Ахир, мен – заминда яшаган осмон,
Ахир, мен – осмонга етмаган овоз.
Ахир, бу дунёнинг ростлиги – ёлғон,
Ахир, бу дунёнинг ёлғонлиги – рост.
Ахир, бу дунёда мен бошқа дунё,
Меники эмас бу ўткинчи кадар.
Ахир, мен қирқ йилда бўлай деб бунёд,
Кечдим тўққиз ойлик дунёдан бадар.
Жисмимни киннадай ёриб кирган жон
Чақирганим билан чиқмас бир муддат.
Ёлворганим билан ёришмайди тонг,
Ҳайдаганим билан кетмайди зулмат.
Айтсанг-да – айтмасанг кетарман тўзиб,
Гумроҳман – йўлимга тикаверма кўз.
Ахир, мен – дунёга ўтмаган сўзинг,
Ахир, мен – дунёдан ўтаётган сўз…


Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (27.06.2013) | Муаллиф: "Ҳафта ижодкори": Одил Икром
Кўрилди: 881 | Шарҳлар: 2 | Теглар: Одил Икром | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 2

0  
1 jurabek   (27.06.2013 12:50) [Материал]
Умрингиз узоқ бўлсин! Сиздан фақат мана шундай бетакрор шеърлар кутамиз!
0  
2 Musofir   (27.06.2013 14:12) [Материал]
Шоирнинг диди ва дунёқараши шеър ёзмайдиган одамникидан анча фарқ қилади. Шоир ана шуниси билан шоир. Шу асарларни " ёнғоқдек чақиб мағизини ажрата оладиган " устоз шоирларнинг адабий таҳлиллари ижод бўсағасига янги қадам қўяётган ёшларга зўр туртки бўлар эди...
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0