Пайшанба, 19.09.2024, 22:09
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Тожикистон » Шеърият

Биру Борнинг зикри
Абу Бакр Асоев
* * *
Жинкўча оралаб ўтсам тентираб
Тикилар меҳрга чўмган кўз қирлар.
Юракда ўти бор йигит-да, дея
Хўрсиниб шивирлар кекса кампирлар.

Тор кўча оралаб ўтсам ҳансираб
Нигоҳлар чўғидан қалтирар тизлар.
Юракдан куйди-да, бечора, дея
Ғийбатим қилишар шўх-шаддод қизлар.

Ёт кўча оралаб ўтсам ётсираб
Йўлакда чайқалар беэга излар.
Қалбим алангаси чирмашар кўкка,
Бу ўтдан куймаса эди юлдузлар!..

* * *
Ҳур-ҳур қилиб ўтди турналар,
Баҳор эди – мусаффо осмон.
Турналар-чи, ростини айтсам,
Сизларга-чи тикилмоқ осон.

Ҳур-ҳур қилиб қайтди турналар,
Кузак экан – чанг-ғубор осмон
Турналар-чи, гапнинг тўғриси,
Юқоридан қичқирмоқ осон…

БИРУ БОРНИНГ ЗИКРИ…
Сокин оқшом. Тентирасанг. Итлар ҳурса.
Шунда тўхта. Бир нафасга фикр қилгин.
Ухлолмасдан кимдир йўлинг кутиб турса,
Толеингга шукр қилгин, шукр қилгин!
Биру Борнинг сифатини зикр қилгин!

Меҳринг берсанг, ул меҳрига зор айласа,
Ожиз қолсанг, дўст деганинг хор айласа,
Етти ётлар истагингни бор айласа,
Биру Борнинг қудратини фикр қилгин,
Биру Борнинг сифатини зикр қилгин!

Эргашганинг йўл ярмида ташлаб кетса,
Ўтган кимса юрагингни ғашлаб ўтса,
Манзилингга чарчаб, кўзинг ёшлаб етсанг,
Биру Борнинг қудратини фикр қилгин,
Биру Борнинг сифатини зикр қилгин!

Қасддан кўнглиннг ранжитсалар, сен-чи сезсанг,
Дилинг ўксиб, дунёлардан тўйсанг, безсанг.
Таскин излаб оёқ етган жойга кетсанг,
Биру Борнинг қудратини фикр қилгин,
Биру Борнинг сифатини зикр қилгин!

Эсган шамол муздек хабар олиб келса,
Юрагингни юлқилашса, ўйлар эзса,
Шунда ҳам сен бош эгмасанг, улар эгса,
Биру Борнинг қудратини фикр қилгин,
Биру Борнинг қудратига шукр қилгин!

Дунё бошдан оёқ бўҳтон, унда рост йўқ!
Боққанингда боқишарлар – кўзлари лўқ.
Оёқ қўйган жойинг борки, тикон ё чўғ,
Босмасингдан оқибатни фикр қилгин,
Тафаккурни берганига шукр қилгин!
Фикр қилгин! Зикр қилгин! Шукр қилгин!


Рукн: Шеърият | Қўшди: Samandar (27.07.2012) | Муаллиф: Абу Бакр Асоев
Кўрилди: 927 | Шарҳлар: 4 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 4

0  
1 mansur1   (02.08.2012 13:59) [Материал]
Biru Bor-nima?
0  
2 Davron   (07.08.2012 09:40) [Материал]
Биру Бор деб ягона Аллоҳ назарда тутилган, менимча.
0  
3 gayrat95   (23.12.2012 07:26) [Материал]
Бу мисралар шеър дейилмайди биродарлар. Қофиябозлик дейилади. Ҳар нарсани ўз номи борку ахир.
0  
4 Сирожиддин   (16.03.2013 14:49) [Материал]
Биз Абубакр акани яхши таниймиз ва ижодини хурмат қиламиз.Шунчаки танишчилик учун эмас, балки ижодий тафаккури учун жуда яхши шеърият деб бахолайман.
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0