Пайшанба, 19.09.2024, 22:16
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Тожикистон » Шеърият

ҚАЛБИМНИ ЧУЛҒАЙДИ МУАЗЗАМ НУРЛАР...
Шуҳрат ШОКИР 1987 йил 14- апрелда Суғд вилояти, Исфара ноҳиясига қарашли Офтобрўй қишлоғида туғилган. 1993-2004 йиллар шу қишлоқдаги ўрта мактабда ўқиди. 2004-2010 йиллар мобайнида ХДУ нинг ўзбек филологияси факултетида таҳсил олди. Бугунги кунда Россияда меҳнат муҳожири.

УМИДСИЗЛИК.

1

Хўрликлар битмади бу пурғам
Тупроққа баддуо теккандай.
Чидар энди қирқ бирига ҳам
Қирқига бардоши етганлар.

Эркни орзу қилмас оғудай
Қашшоқликни сипқорган эрлар.
Қуллар чиқар ўз тупроғида
Қорни нонга тўймаган элдан.

2


Косанг оқармайди, букилар белинг,
Оромингдан кечиб тўксанг ҳамки тер.
Қорнин тўйдиролмас бир тутам элнинг
Худо раҳматини ташламаган ер.

Бегона юртларда гадолик қилар,
Елкалари яғир,кўз ёшлари сел.
Мозорларга бориб зурриёд тилар
Дину диёнатин англамаган эл.

Фарёдлари сўқир қул фарёдидай,
Эртанинг ваҳмидан ич-этини ер.
Эр бўлиб ярамас элнинг корига
Эрк дея қиличин қайрамаган эр.


* * *

Ўзим билан ўзим
Қолдим дафъатан,
Мени тушунганлар йўқолди изсиз.
Эвоҳ, афтодаҳол турган дарахтлар,
Ҳеч қачон сиз мени англаёлмайсиз.
Ўзи нима гуноҳ қилдим,
Эрта кеч
Бир бутун кўнгилни қилгандим орзу.
Худодан ўзгага сиғинмадим ҳеч,
Ҳеч кимга ёмонлик соғинмадимку.
Кўксимни титратган бир дардчил садо
Бўғзимни куйдирди, мардона турдим.
Бир соҳиби кўнгил бўлсайди, ҳатто
Этагида минг йил намоз ўқирдим.
Тобора тубанлаб
Бормоқда қадрим,
Нечун яшолмадим бир зум хотиржам.
Мен уни ҳаммадан кўпроқ севардим,
Уни деб ўксиниб йиғлолмасам ҳам.
Бир кўнгил қолмади
Борсам дараклаб,
Кўксимга бошини қўйгувчи сўзсиз.
Эвоҳ, афтодаҳол турган дарахтлар,
Ҳеч қачон сиз мени англаёлмайсиз.



ТАВБА

Туғилган эдим мен
Ёруғ юз билан,
Муслимлик бор эди фитратим аро.
Минг йилдир тазарру қилмадим дилдан,
Минг йилдир яшадим Ишқдан мосуво.
Гуноҳлар гуллади бошимда маним,
Мустаҳиқ бўлдимми қаҳрингга, ё Раб,
Ҳаром оғушларда булғанди таним,
Кўр бўлдим касофат касларга қараб.
Кимларни суйдиму,
Қилдим илтижо,
Кимларнинг юзига боқдим сурланиб,
Тоқатларим тўзиб бўлганда адо,
Чалажон лошимни базўр судрадим.
Ўлди Ишқ,
Юраклар урҳоси тинди,
Кўксимда нафармон гуллар сўлдими,
Ғаюрлар ичинда
Ғаюрлик қилдим,
Нокаслар ичинда нокас бўлдимми?..
Билмадим,
Залолат, зулматлар аро
Қалбимни тарк этди иймон нурлари.
Бир сўз излаюрман мен мотамсаро,
Тўрвасин йўқотган кўр гадо каби.
Гумроҳлик анқиган тунлар қаърида
Бир нажот ахтариб ўртанар қалбим.
Таборак сурасин оятларидай
Табаррук бир сўзни топмадим, Тангрим.
Энди кўз ўнгимда
Қартаяр кунлар,
Ўлаётган гадодай юраклар юпун.
Энди қайтармикан ул ёруғ нурлар
Кўзимга тупроқлар тўлмасдан бурун...



ШУКРОНИ НЕЪМАТ

Яхшиям халқ бордир,
Бир дайди
Ўққа учраб йиқилсанг агар.
Гўштингни қашқирлар емайди,
Кўзингни чўқимас қарғалар.

Жаннатдан қувилган Одамдай
Ўз уйингга сиғмассан бироқ
Яхшиямки, бордир шу дамда
Жасадингни сиғдирган тупроқ.


ОРЗУ

Шамоллар чинқирар юракни эзиб,
Ночор ваҳмлардан тўладир қалбинг.
Суронлар ичинда боряпсан тўзиб,
Тўзётган муаззам тупроқлар каби.

Қул эдинг, қул бўлдинг,
Ҳанузам қулсан,
Нокаслар қўлига қарарсан мулзам.
Қарғишларинг қолиб кетди муаллақ,
Ижобат бўлмади дуоларинг ҳам.

Шамолдай бир умр кездинг дарбадар,
Кўрган кечирганинг Худодан кўриб.
Жанозанг ўқийди муслим дарахтлар
Жон берсанг саждага бошингни қўйиб.

ДЎСТИМ ОЗОДГА

Қуламасдик оғочдай гирён,
Хиёнат қуртлари ўлсайди.
Дўст деган тупроқдай меҳрибон
Тоғлардай устувор бўлсайди.

Залолатдан бўлмасдик зада,
Қалбларга диёнат тўлсайди.
Шайтони лаинмас ўртада
Фақатгина Худо бўлсайди.



ТИЛАК

Тавба қилгин, кўк ситилсин фарёдинга,
Тупроқларни сирқиратсин ҳазин ноланг.
Қарғиш теккан шайтанатнинг айвонида
Худо дегин, муслимлигин билсин боланг.

Тавба қилгин, жон сўкилсин ғуссалардан,
Тупроқдайин топталганда номусу нанг.
Қул бўлмасин Худо урган кимсаларга,
Бир Худога қуллигини қилсин боланг.

ШУКРОНИ НЕЪМАТ

Яхшиям халқ бордир,
Бир дайди
Ўққа учраб йиқилсанг агар.
Гўштингни қашқирлар емайди,
Кўзингни чўқимас қарғалар.

Жаннатдан қувилган Одамдай
Ўз уйингга сиғмассан бироқ
Яхшиямки, бордир шу дамда
Жасадингни сиғдирган тупроқ.

* * *


Ҳар нафас мусулмон миллатим дедим.

Шавкат Раҳмон.

Қиёматни кутар тупроқлар унсиз,
Ишқдан айро тушган юраклар ўлган.
Биргина бегуноҳ бордир шубҳасиз,
Биргина Қудрат бор пок Яздон деган.

Қурту қумурсқалар урчиган кунда
Иймон гавҳарлари хомталош бўлган.
Гумроҳлар авлиё бўлган заминда
Биргина Ҳикмат бор Ал Қуръон деган.

Худодан бехабар бечоралар бор,
Миллат деб бир бирин гўштини еган.
Кези келса айтинг у нокасларга
Биргина Миллат бор Мусулмон деган.


Рукн: Шеърият | Қўшди: gayrat95 (23.12.2012) | Муаллиф: ШУҲРАТ ШОКИР
Кўрилди: 1540 | Шарҳлар: 8 | Рейтинг: 5.0/2

Шарҳлар: 8

0  
1 Davron   (23.12.2012 19:17) [Материал]
Яхши мисралар экан!!!!
0  
2 хакпараст   (24.12.2012 00:15) [Материал]
нафакат яхши мисралар. яхши шеърлар. ажойиб!
0  
3 хакпараст   (24.12.2012 00:16) [Материал]
БИРГИНА МИЛЛАТ БОР МУСУЛМОН ДЕГАН! Хак гап! Канийди буни хаммаям тушунса!
0  
4 bek   (24.12.2012 10:39) [Материал]
Ba'zan men zo'r shoirman deysanu lekin mana bunday talantlarni ko'rganingda shoirligindan ham hijolat tortasan .Tangrim o'zi suygan bandalariga shunday munavvar satirlarni beradimi deymanda
0  
5 Хасанбой Гойибов   (25.12.2012 11:38) [Материал]
Шу муаззам нурлар калбингизни сира тарк этмасин, Шухратжон!
0  
6 хакпараст   (26.12.2012 00:29) [Материал]
бек, сизнинг кимлингизни билмадиму, аммо хижолатингизга рахмат! купчилик одамлар шоир эмасу шоирман деб шовкин солади ва бундан сира хижолат булмайди. эътироф ва эътибор яхши агар чин юракдан булса. саломт булинг, бек!
0  
7 Танкидчи эмас   (13.01.2013 23:27) [Материал]
Карамингнинг кенглигига иймон келтирдим
Бир бандангга сатр аро зийнатни берибсан
Шу зийнат-ла, ялангоч кунгилни тулдирдим
Бир шоирга ИЙМОНИ ШУХРАТни берибсан !
ШОИР бизга Иймон тула урфон келтирди !
0  
8 khurshid   (28.01.2013 23:57) [Материал]
Яхши шеърлар,ажойиб шеърлар. Мен ҳам уларни ўз саҳифамга қўяман.
Раҳмат,Шуҳратбек!Хуршид Даврон
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0