Пайшанба, 19.09.2024, 22:13
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Тожикистон » Шеърият

ЎЛИМ КЕТДИ БОРСА КЕЛМАСГА .
МОЗАИКА
«Дугоналар куз келдими?» Гул овози титраб сўйлар. Ф.Г.Лорка

Шамоллар берар садо,
Булутлар тўқир або,
Ёмғ‘ирлар типирчилар –
Бесабр кузги наво,

Йиғлаётир оҳанглар.
Хомуш бева аёлдай
Оғоч сурар хаёллар.
Тани титраб ҳаёда

Ечинади ниҳоллар,
Йиғлаётир оҳанглар.
Сарғимтил тили бийрон,
Хазонрезги подабон,

Ўтаётир зўр карвон,
Гунг ит каби боғ ҳайрон,
Йиғлаётир оҳанглар.
Хожага хор ғ‘уломдай,

Аликка зор саломдай,
Ватани йўқ каломдай,
Фасл йўлчи мажнуна,
Ўтаётир оҳанглар.

* * *
Мени бундан ҳайда, Ўлим овози!
Шарл БОДЛЭР

Мен ўлган кунимда…Қабрим устида
Қарғалар қағғилаб учмасин зинҳор.
Тангрим! Лаҳви маҳфуз ичинда нега
Менга битдинг Ажални минг бор.

Мен ўлган кунимда…Дўст душман аро
Шивирлаб ўрмалар ғийбат малахдай.
Биргина Муҳаббат – ожизим,
Фусса Юкидан бошини эгар карахтдай.

Мен ўлган кунимда…Сиғинганларим
Сиртига сув юқмай тутар тобутим.
Тайфин*ни куйдириб юборар зумда
Совуган жисмимдан чиқажак дудим.

Мен ўлган кунимда…Зангор либосда
Валилар ҳассакаш бўлиб йўл бошлар.
Ортимда… Ортимда тили ечилган
Оломон номимни қарғиш-ла тошлар.

Мен ўлган кунимда соғинманг мени…

* * *
Мен яна сеники…
(Эски шеърдан)

Мен яна сеники кўнгли тўла Ғам –
Қайғу, онам каби меҳрибонимсан.
Мен яна сеники, дийдалари нам –
Алам, отам каби бағриқонимсан.

Илло, бу йўлларга гуллар тўшалмас,
Ўз қоним ичинда кезиб борурман.
Илло, бу чўлларда орзу ушалмас,
Орзумнинг хунида юзиб борурман.

Қалб – кўза, жинлардан тўйган майбода,
Фитналар изғийди, фитна – ғамларим.
Ё Аллоҳ, етурмай етганим Дод-а,
Оҳ, Дилман, моҳдилмас, Дил емас маним.

Бу самар юртида самарим йўқдир,
Бу ҳажар юртида қамарим йўқдир.
Сен олис – нур олис, манзарим йўқдир,
Ё дод-а, Ой ботди, қантарим йўқдир.

Йўл излаб бормасман, йўлим ўзингсан,
Тўзонлар аролаб ўтган карвонман.
Кўл излаб бормасман, кўлим ўзимман,
Жонига ишқ туғи кирган армонман.

Сен Гулсан, тикани жонимга сазо,
Ханжарсан, ҳурлиги шажаримдадир.
Дилимни илонга едирдим, илло,
Илон ўлди, ишқи заҳаримдадир.
Мен яна сеники, Қайғу – гунг болам…

* * *
Босиб ўтган йўлим ўлимдир,
Ишонч кетди борса келмасга.
Итлар ялар тилла ялоғин,
Ишқим кулар – кўзлари хаста.

Банди бўлдим банди қулларга,
Яна не бор Маргдан қўрққулик?
Остонамда парвона Мотам
Кулгусидан сачрар кўргулик

.Ўлмай ўлиб кетган Умиддан
Қақнусбачча туғади Малол.
Мен гулханман, Ажал гулхани,
Минг бор ўлиб, ўлмаган Аёл!

Босиб ўтган йўлим ўлимдир,
Ўлим кетди борса келмасга.
Қувончлардан чарчаган Ҳаёт
Ўзи бугун менга ҳавасда!


Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (25.06.2012) | Муаллиф: Мунаввара Ойматова
Кўрилди: 906 | Шарҳлар: 1 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 1

0  
1 Ravshan   (09.07.2012 03:31) [Материал]
Мен яна Сеники......
Ух, мана бу шеър!
Ижодкорни ижодига факат барака тилаймиз холос!
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0