Пайшанба, 19.09.2024, 22:15
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Ўзбекистон » Адабий танқид

Рауф Парфи билан суҳбат
(Рауф Парфи билан мухбир суҳбати)
таҳрирсиз босилмоқда

Мухбир:-Сиёсатдан йироқлашиб болалигингизга қайтсак.
Рауф Парфи:- Менинг болалигим, 60 йил нарида туғилганим тарих учун ҳеч нарсани белгиламайди. Чунки бундай инсонлар туғилаверади, менга ўхшаган. Аммо мана шу даврнинг ичида бўлган воқеалар қизиқ. Масалан, туғилишим... масалан, уруш кетаяпти. Сталинградда даҳшатли урушлар. Ўзбекистонда деярли эркак зоти қолмаган, ҳаммаси урушга кетган. Аёллар бу ёғда хору зор. Бу 43-йил. Фожеа. Энди мана шу давр йилларининг ўзи нимани белгилайди. Мадомики, шу йилларнинг ичида яшаганим маълум бир тарихни кўрсатади. Кўзим олдидан ўтади. Ёзаманми, ёзмайманми. Масалан, агар бир девор бўлса, ўша деворга суяниб гапираман. Фожеалар девор бўлса, ўша деворга суянаман, чунки бошқа нарсани билмайман-да, билганимни ёзаман. Шу маънода биз болаликка қайтадиган бўлсак, болалигимиз оғир кунларга тўғри келган. Айтмоқчиманки, ота-оналаримиз тўла фожеани ўзида акс эттирган. Энг катта фожеа шундан иборатки, саводли одамга қарши бўлган жамият ичида тўхтаб қолган бизнинг ота-оналаримиз. Чунки менинг отам форс тили, араб тили, усмонли туркча, ўрисчани билган одам умрининг охиригача саводсизман, деб яшаган. Агар саводли бўлса бу жамият йўқотади. Саводли одамни кўтара олмайдиган жамиятда яшаганмиз.

-Ўша 40-йиллардаям жамиятга бошқача бир қараш мавжуд бўлган. Ўша муҳитда сиз яшагансиз...

-Энди бу хотирада. Улар. 20, 30-йиллардаги фожеалар, масалан, қулоқ қилиш... болшевизмнинг асосий нималари... чунки Лениннинг ўзи ҳам айтган, жаноби фалончи деса, йўқотинглар деган. Чунки жуда олифта, яхши гапираяпти. Кўз олдингизга келтиринг ўзини саводлиман дейишдан қўрқиш... ана фожеа. Шундай қилиб, умрининг охиригача бизнинг ота-оналаримиз ўзини саводсиз деб, жонини сақлаганлар. 50 ёшида дадам, 30 ёшида онам мен туғилганман. Шу ўлиб кетмасин, деб олдин Абдурауф қўйишганда, ўзлари қўрқиб кетган. Абдурауф деганда Фитратни мўлжалга олишганда. Унда Фитрат Файзулла Хўжаевнинг устози, мумкин эмас. Тинчгина Турсунали қўяйлик деган. Иккита исмим бор. Болаликдан Абдурауфман. Лекин зудлик билан Турсунали қилинган, ҳужжатлар Турсунали деб олинган. Кейин 5, 6 ёш узоққа 39 йилга қўйишган. У пайтда мумкин экан-да, метирка-петирка бўлмайди-ю. Дарров мени қаритишиб, ў ҳали фин урушларига тўғри келади. Бу ҳали олдинги... уларнинг ўзининг қарашлари бўлган. Агар 43-йилда туғилса, бу уруш пайтида нимага урушда бўлмасдан бу ёғда юрибди, дейди (кулади). Энди бу жуда қизиқ. Бу болалик энди.
Абдураҳмон Водилий менинг биринчи устозим. Тўрт ёшимда... дадамнинг дўсти бўлган. Кучли шоир, сўфий. Тўрт ёшимдан тарбиялаган мени. Етти ёшимизга етиб олганимиздан кейин бошқача бўлиб кетганмиз. Совет мактабига кирганимдан кейин домлани иккинчи даражали домла деб қараганман. Лекин кучли таъсир қилган одам Абдураҳмон Водилий. 63-йилда ўтдилар у киши. Университетда ўқиб юрардик. Маҳмуд Абдуллаев деган фарғоналик йигит. Ўзининг ўғлиям Абдурауф... Бизга Туркистон нималигини, Абдурауф Фитрат, Чўлпон, Қодирийлар ҳақида бизга адабиётда ўқилмайдиган нарсаларни гапириб берадилар. Биз ҳар шанба, якшанба у кишининг олдига борамизда, кейин Университетга қайтиб келамиз. Жудаям улуғ, билимли, кучли одам. Афсуски, ўша кишининг тайёрланган девонини сақлаб қололмаганмиз. Мен ўз кўзим билан кўрганман, қўл билан девон қилган.

-Менимча кейин бир китоб чиқарилди.

-Битта китобини қоралама қўлёзмалар асосида тикладик. У киши 48-йилларда Навоийнинг кунларида қатнашган. Қўлёзмаларни олиш керак-да. Ўша учун у кишиниям чақиришган. Лекин тез у кишини у ерга яқинлаштиришмаган. Мен 63-64-йилларда менимча, учинчи курс бўлса керак. Уйғуннинг газетада бир мақоласи чиқди. Пастернакнинг “Доктор Живаго” деган романи нақадар зарарли эканлиги ҳақида. Уйғунники. Совет Ўзбекистони ёки Қизил Ўзбекистон бўлса керак. Чиқди. Ўҳ, дедим. Мен ўйладим. Ҳеч кимга айтмадим. Биламан, домла таниш у билан. Демак, бу ҳақда мақола ёзди, бу асар Уйғунда бор, деб ўйладим. Кейин домлага бориб айтдим. Уям эринмасдан мен билан келди уйига. Уйғун бизга айтдики, ҳеч қандай қўлёзмасиниям ўқиганим йўқ, китобни кўрганимам йўқ, деди Уйғун домла. Менга буюришди, ёзиб бердим, деди. Сен бунақа нарсаларни билмайсан, деди. Саал кўзлари ёшланди лекин.
-Билмаган нарсаси ҳақида қандай ёзган бўлиши мумкин?
-Ана шундай-да. Мен унда тушунмайман-да. Ўзларича бир балоларни гапиришди. Мен ярмини тушунмадим уларнинг гапларини. Сирлирооқ суҳбат қилишди-да. Лекин Уйғун домла қайсидир драмасидан парчалар ўқиб берди, домлага. Лекин қуруқ қайтиб кетдик. Мен “Доктор Живаго”ни олиб кетаман дегандим. Шунга ўхшаган қарашлар ўша пайтдаги. Водилий ҳеч нарса демади у ҳақда. Водилий билан боғлиқлигини айтяпман-да. Водилий билан жуда кўп нарса боғлиқ-да. Ҳар бир шеърни кўради.

-Демак, сиз ёзган нарсалар...

-Биринчи навбатда шу одамнинг қўлидан ўтади. У арузниям, ҳижониям жуда чуқур билган одам.

-60-йиллардан кейинги шеърларингиз ҳам у кишининг қўлидан ўтганми ёки?..

-У киши билан кейин бошқача бўлиб қолдик-да. Мен университетда ўқиётганимда атеист эдим. Марксист. У одамга иккиланиб қарадим. Нариги дунёнинг одами ўтирибди, дедим (кулади). Ана шундай одам эди. Водилий билан бўлган яна бир воқеа. Тил ва адабиёт институти Ғафур Ғуломнинг беш томлигини чиқарди. Менга Блокнинг таржималари учунми беш томни мукофот беришди. Биринчи курс экан. 60-йил экан. Мен у китобни Водилийга совға қилдим. Водилий ўқиди. Бир неча кунлардан кейин Ғафур Ғулом шеърларига қалай қарайсиз, деб сўрасам: 200 та шеър боракан, дейди, иккиюзламачи шоир экан, дейди Водилий. Бир юзи қоронғу, бир юзи ёруғ, дейди. Энди ўзича билади нима дейишни, энди менга тушунтирмоқчи. Бу, дейди, бизнинг илгариги шоирларда иймон деган нарсалар бўларди. Эътиқодидан қайтмас эди, дейди. Уларнинг ҳаммасини йўқотворганидан кейин ҳаммаси коммунист бўлиб, шапка кийиб чиқиб кетди, дейди. Энди бу сўзларни қари одам гапиряпти-да, деб эшитиб қўя қолдик. Ана шундай бизга ўзи сездирмаган ҳолда жуда катта таъсир кўрсатган одам Абдураҳмон Водилий бўлади.

-Кейин қачон қайтдингиз яна Водилийга?

-Ҳа, Водилийга университетни битираётган пайтда. 62-йилдаги Новочеркасдаги одамларни ўлдириб, совет тузуми... Хурушчев ўлдириб, қонлар кўринмасин, деб текислаб ташлаганини эшитганимдан кейин тузумга қарши ичимда пайдо бўлди. Бу 63-йил, 62... Новочеркасда шундай қилинди. Маошини кўтариш ҳақида чиққан одамларни ҳаммасини отиб, ер билан яксон қилиб, тепасидан цемент қуйворди. Бу совет тузумининг энг жирканч... 22, 23 ёшли ёш одамга жуда ёмон таъсир қилади-да энди. Иккинчи курсда ўқиётган пайтимда. Ана шунда менда иккиланиш бўлди. Абдураҳмон Водилийнинг гаплари тўғрилигини сеза бошладим. Бўлмаса жудаям бахтли замонда яшаётувдим. Ҳамма нарса халқ учун, инсон учун, деб юрувдим.

-Университетга киришингиз қанақа бўлган?

-Ҳа, университетга топширдим... Домланинг таъсири билан мен араб бўлимига киришим керак-ку. Араб тилини, ёзувини ўрганишим керак, араб тилидан таржима қилишим керак. Дадам ва устозларнинг гапи бўйича. Француз тилидан имтиҳон топширолмадим. Шарқ факультетига ўқишга кириш учун биринчи имтиҳон чет тилидан бўлади. Энди биз 1-йил инглизча, 2-йил французча, 3-йил немисча... ҳеч қайси тилни билмайман. Шундаям бир уриниб кўрдим. Уч олдим-да. Ўтмадим. Шунинг учун 60-йил филология факультетига бемалол кириб кетдим. Шунақа бўлиб ўқидик-да.

-Мактаб даврингиз битта мактабда ўтганми ёки ҳар хил?..

-Қишлоқда еттинчи синфгача ўқилади. Яна сал нарироғда ўрта мактаб. Битирганимдан кейин шаҳарга кетдик. Янгийўл шаҳрига. Ота-онамиз ким биландир келишолмай қолиб, шаҳардан уй сотиб олиб, ўша ёққа кўчиб кетдик. Кейин шаҳарда ўқиганман. Босмахонада ишлаганман. Кечкида ўқиганман. Ўн йиллик кечки мактаб ишчилар мактаби дейилади. 9-синфда умуман ўқимаганман. Бир йўла 10ни ўқиб қўя қолганман. Ана шундай пайтлар бўлган. Эсдаликлар шунақа тахминан.

-Университетда кимлар билан ўқигансиз?

-Бизнинг курсдошларимиз Ойдин Ҳожиева, Зоҳир Аълам, Нуъмон Раҳимжонов, Ортиқбой Абдуллаев, Санжар Содиқ жуда кўп адабиёт билан шуғулланадиган одамлар билан ўқидик. Домламиз Озод Шарафуддинов, Лазиз Қаюмов, кейин КПСС, материализм, фалсафа дейдиган одамлар, Аюповлар..

-Сиз ўқиган пайтда университетда муҳит қанақа эди?

-60-йиллардаги... 65да бизда бироз янгилик, шабада бошланди. Дейлик, русияда Евтушенколар, Вознесенскийлар, Морислар, Аҳмадуллинлар, Ахуджавалар пайдо бўлганга ўхшаб, бу ердаям Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов деган даҳшатли одамлар пайдо бўлди. Бошқа асосан... болтиқбўйига суянардим мен таржима орқали. Мана шундай муҳитда нима қилдик, аммо жудаям, менимча... ёки улар билдирмасмиди... ҳаммаси жуда кучли коммунистлар эди бизнинг домлалар. Лекин Озод ака тўғри гапларни айтарди. Эътиқоди менимча... кўпинча суянганмиз у кишига. Яхши бўларди, хуллас. Домлаларимиздан кўра адабиётнинг ўзи фикримизни ўзгартирган. Рус адабиёти, болтиқбўйи адабиёти, жаҳон адабиёти...

-Айниқса, болтиқбўйи адабиёти...

-Бу яқинроқ эди.

-Нимаси билан яқинроқ эди?

-Яқинлиги Ватан туйғуси билан яқин эди. Ватан туйғуси йўқ-да... бизда умуман битта Ватан бор. СССР деган. А, болтиқбўйида ундаймас-да, болтиқбўйида ҳаммасининг ўз Ватани бор. Ана шу қаттиқ таъсир қилган. Кўпчиликка эмас, мен ўзим бир китобхон сифатида айтишим мумкин. Жуда катта таъсир қилган.

2004 yil




Манбъа: http://ADABIYOT MANZARALARI
Рукн: Адабий танқид | Қўшди: Davron (14.08.2012)
Кўрилди: 924 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0