Пайшанба, 19.09.2024, 22:05
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Ўзбекистон » Адабий танқид

Ўзбек адиби Исажон Султон ижодига чизгилар
Жорий йилги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси танловида наср йўналиши бўйича ёзувчи Исажон Султоннинг "Озод" романи ғолиб деб топилди.

Бундан олдин - 2010 йилда Исажон Султоннинг "Боқий дарбадар" асари Ўзбекистонда йилнинг энг яхши романи деб эътироф этилганди.

Шунингдек адибнинг "Қисмат" ҳикояси АҚШнинг Чикаго шаҳрида чоп этиладиган "Лексикон" адабий журнали танловида ғолиб чиққанди.

Таниқли ўзбек ёзувчиси ва адабиётшунос Улуғбек Ҳамдам Исажон Султон ҳақида шундай ёзганди:

"…Унинг ижод йўли анчагина ўзига хос. Ёзувчи 90-йилларнинг бошларида мўъжазгина китобчаси - "Ойдинбулоқ" билан кўзга ташланиб, адабий давраларни ўзига бир қаратиб олгач, ҳаёт деб аталган тубсиз ва чексиз теранликларга шўнғиб кетган бўйи, 2010-йилда қатор ҳикоялар ва романлар билан у уммондан бош кўтарган ижодкордир".

Адабиётшунослар фақат Исажон эмас, балки ўтган асрнинг 70-80 йилларида адабиётга кириб келган кўпгина ўзбек ижодкорларининг янги асарлари мустақиллик даврига келиб «кўринмай қолгани»ни қайд қилишади.

Исажон кўплар ижоддан узоқлашган йиллар ҳақида шундай деганди:

"Тўқсонинчи йилларда тўсатдан ҳамма нарса ўзгара бошлади. Мақсадлар, мўлжаллар ўзгариб кетди. Жуда катта кишилар издиҳоми қаршисида бирданига кун кечириш ва оилани сақлаб қолиш зарурати пайдо бўлди. Мен ўша маҳалларнинг руҳсиз-нурсиз кунларини яхши эслайман. Бирданига бадиият ҳам четга сурилиб кетгандай, ҳеч кимга кераги йўқдай туюла бошлади. У маҳаллар тинимсиз ишлар, янги дунёнинг янги қоидаларига мослашиш жуда қийин кечмоқда эди. Кунлар ўтар, ишлаб топилган даромад кийим-кечакка, озиқ-овқатга, гоҳо шаҳарнинг қайсидир сўлимроқ бурчида ором олишга сарфланса-да, шу ҳаёт ичида етишмаётган яна нималардир қалбни ғуссага чўмдирарди…"

Лекин, чинакам истеъдод эгаси бўлган ҳақиқий ижодкорнинг ҳар қандай шароитда - роҳат-фароғатли даврларда ҳам, машаққатли дамларда ҳам қўлига қалам олиши кўплар томонидан такрорланган.

Исажон бу ҳақиқатни исботлаган унча кўп сонли бўлмаган адиблардан бири десак ҳеч бир адашмаган бўламиз.

Исажон Султон яна бир тилга тушган бошқа асарларидан бири «Боқий дарбадар» романи ҳақида гапираркан:

"…Бор-йўғи саксон саҳифалик кичкинагина шу роман жуда узоқ ёзилди, мен уни тахминан 1998 йилда бошлаган эдим. Муқаддас манзилларини, мақсадларини йўқотиб қўйиб, дунёда тентираб юрган одамлар дунёда кўпдай туюлар, лекин ифода учун шакл тополмас эдим. Қизиқ-да, бир этикдўз Исо алайҳиссаломга қўл кўтардию абадий яшаш деган тавқи лаънатга дучор бўлди. Барҳаётлик ҳам мусибат бўлиши мумкинлиги ҳақида сира ўйлаб кўрмаган эканман, ваҳоланки, сонсиз-саноқсиз инсонлар дунёда мангу қолиш иштиёқида елиб-югурмоқдалар", деган эди.

Адибнинг «Боқий дарбадар» китобига сўнгсўз ёзган адабиётшунос Раҳимжон Раҳмат шундай фикрни ўртага ташлайди:

"Исажонни "Боқий дарбадар" асарини ёзишга туртки берган туйғу айнан қиёматни фавқулодда кучли сезиш, бу дунё қадриятларининг қиёмат деган улкан тегирмонда янчилишини равон ва жонли ҳис этишдир. Худди мана шу туйғу "Боқий дарбадар" асарининг дастлабки асосидир. Инсон чалаётган ҳаёт деган куйда дарбадарлик оҳанглари устун эканлигини англайди ёзувчи".

Ижод намуналари кўпроқ интернет шарофати билан ўзи яшаётган юрт ҳудудларидан четга чиққан Исажон Султон ҳозирда ўқувчилардан энг кўп хат оладиган адиблардан бири саналади.

Унинг "Пуштиранг махлуқча" ҳикоясини ўқиган Машҳура Шералиева шундай фикрга келади:

"…Ўз қўлларини еб битираётган кичкина пуштиранг махлуқча - зулмни таг-томири билан йўқотиш истагида ёнган, аммо воқеликка таъсир ўтказишда иложсизлигини англаб турган санъаткор... Ҳикояни ўқирканман, пуштиранг махлуқчанинг қўшиғини эшитгандек бўлмадим, балки ҳақиқатан ҳам эшитдим, куйидаги оҳанг ҳам юрагимдан ўтганини ҳис қилдим. Куйлаш, ёзиш, чизиш, умуман олганда, ижод - иложсизлик бағрида ҳам имкон излаш дегани, бу - ижодкорнинг қисмати".

Америкада яшаётган Қундуз Ҳусанбоева эса адибга илтимос қилади:

"Романингизни сотиб олиш имконияти йўқ. Бизга ўхшаган мусофирлар учун унинг электрон вариантини яратсангиз бўларди. Ҳамма баҳраманд бўларди".

Қундуз Ҳусанбоева Исажон Султоннинг "Озод" романини ўқиш иштиёқида бўлган ягона мухлис эмас.

"Озод" фақат ўқувчилар эмас, балки адабиётшунослар эътиборига ҳам тушди. Адабиётшунос Ислом Ёқубов фикрича:

"Озод" романи юрак тубидаги пўртаналардан баҳс этади. Басират сўқмоқларида ўз йўлини топмоқ илинжида саросар кезаётган тасаввур орзу, ҳавас, армон, пушаймонлик, ҳасрат, надомат каби турфа туйғулар исканжасида қолади. Адиб инсон тақдири унинг Муҳаббат ва Иймони даражасига кўра ўзгаради,- деган хулосага келади. Шу маънода бу асарни тасаввур ва тафаккур романи дейиш мумкин".

Адабиётшунос олим роман қаҳрамонларидан бирининг ички дунёсига кириб борар экан, шундай хулосага келади:

"Озод зоҳиран жўн туюлувчи табиат ҳодисаларининг ботинини кўради. Оддий одам эшитиши маҳол бўлган турфа товушларни тинглайди. Дастлаб унинг фикру шуурида барча аждодларимиз ҳам ўз қисматига пешвоз боришган эмасмиди. Эҳтимол, шу боис ҳам улар табиатида итоаткорлик, жафокашлик, ҳалимлик, шукроналик, қаноат туйғулари шаклланмадимикин. Кишини эзувчи меҳнатдан қутилиш чораси борми. Тақдирни ўз-гартириш имкони-чи. Бағри қон қизғалдоқлару майса-кўкатлар нега баҳорга талпинишади. Бу ҳам эртадан умидворлик орзуси эмасмикин. Буларнинг барчасида қандай маъно яширин. Умуман, одам боласи дунёга нима учун келади?- қабилидаги саволлар шодаси чарх уради".

Адабиётшунос англагани каби "Озод" романи инсон умрининг қадри ҳақида битилган.

"Чунки, адиб азалдан шарафланган инсонни дунёвий ҳаваслар тўрига ўралиб қолмасликка ундайди. Асарда бани одам наслининг тарихи ва эртаси тафтиш этилиб, бугуннинг одами, яъни замондошимиз ғафлат ва жоҳилиятдан юксалишга чорланади. Романдан мубораклик иноят қилинган зот нафс илинжидаги турфа эврилишлардан эмас, балки иймон барсаломатлигидан нажот топажак,- деган хулоса чиқарилади".

Профессор, адабиётшунос Абдуғафур Расулов эса, Исажон Султоннинг "Озод" тўпламидан ўрин олган ҳикояларини таҳлил этар экан унинг табиат ҳодисалари, турфа мавжудотларга маъно юклашини юксак баҳолайди:

"Исажон Султон асарларида шамол - ёзувчи имкониятидаги туганмас поэтик имконият. Яратилажак тимсоллар мояси. Ёзувчи нафақат шамол, бўрон, тўфонни, ўрни-ўрни билан ҳашорату ҳайвонотни, парранда-ю парқу булутни, капалаклар, ниначиларни тасвирлайди. Уларнинг ҳар бири маъно қати, рамзи сифатида акс эта бошлайди. Хуллас, постмодернистик асарда ҳамма нарса ўз ўрнида бетакрор тимсол вазифасини ўтайди".

Исажон Султоннинг асарлари кейинги йилларда инглиз, немис, турк, рус тилларига ўгирилди. Швециянинг адабий агентларидан бири - ОHО-Press "Боқий дарбадар"га ва "Озод"га қизиқиш билдирмоқда.

Адибнинг ўзи эса, ҳинд мутафаккири Жавоҳарлал Нерунинг "Ҳиндистон" асарининг Бобурга бағишланган қисмини, шунингдек, япон адиблари Рюноскэ Акутагава, Ясунари Кавабата, турк адиби Умар Сайфиддин асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

Исажон Султон эса ҳали ўз асарларидан қаноатланмайди:

"Алвон булутлар томонга узаниб кетган, икки чети, уруғларини сочиб юборган ва кучли ислар таратаётган, майсаларга тўла тафаккур сўқмоғидан шу тариқа қуёш ботаётган тарафларга равона бўлмоқдамиз. Ва бир қур аланглаганимизда кўрамизки, ўзимиз билан олиб кетаётганимиз - фақат маънолар экан, холос".

Таҳлилчилар эса, ҳали бир қатор истеъдодли ўзбек ёзувчиларининг ўз асарларини эълон қилишмаётганини таъкидлай туриб, улар ҳам ижодда давом этаётган бўлишлари мумкинлигини, китоб чиқариш учун ё имконият, ё истаклари йўқлигини тахмин этишади.




Манбъа: http://www.bbc.co.uk/uzbek/
Рукн: Адабий танқид | Қўшди: Davron (02.11.2012)
Кўрилди: 1208 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0