Пайшанба, 19.09.2024, 13:01
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Ўзбекистон » Адабий ўйлар

ИШҚ НОЛАСИ
Хайрулла Қосимов (Элтурк). 2003 йил
(эссе)
Уни курсдошлари Шоир дердилар. Талабалар пахтага сафарбар этилганида, Мирзачўл далаларида муҳаббат домига тушди. Эндигина таниша бошлаганида, ногоҳ ул гўзал дардга чалинди. Зудлик билан шифохонага юборилди. Шоир ҳарчанд бормоққа уринмасин, “устоз”лар изн бершмади. Соғинч жону жаҳонини ўртаб юборди. Барибир шифохонага излаб борди. Аммо у ердан топа олмади ёруғ юлдузини. Ота-онаси олиб кетишган экан. Ортига қайтиб тун бўйи ухлай олмади.
Ярим тун. Висол иштиёқи юрак-бағрини туғёнга солди. Беихтиёр қўлига қалам олиб қоғозга энгашди. Чўлнинг ноябр ҳавоси ҳатто симёғочни чинқаратади.
Унинг қалбидан маъсум севгининг изтироблари тўкила бошлади:

Балки ўчган эдим ёдингдан,
Ширин ҳаёлингни буздимми?
Лайло, Лайло, сенинг ёнингда,
Япроқ каби кўрдим ўзимни.
Ширин ҳаёлингни буздимми?

Сени ўйлаб келмайди уйқу,
Қора туннинг ўзга сеҳри бор.
Тушларимда топай деб гулрў,
Мен ухларман мангу эҳтимол.
Гўзал тушлар тилайман Лайло...

Яна пайдо бўлдинг йўлимда,
Яна йўлларингда бўзладим.
Бечора қалб сенинг қўлингда,
кўзларингда менинг кўзларим.
Нечун пайдо бўлдинг йўлимда?

Шеър бир зарб билан ёзилди. Унинг тароватидан маст бўлган шоир ортидаги шарпани ҳатто сезмади. У Ҳофиз номини олган қўшиқчи дўсти эди. Қалб ноласининг илк ўқувчиси дўсти Ҳофиз бўлди. У ўқиган сари юракдан чиқариб инграб юборарди. Икки дўст тонгга қадар қоғозни қайта-қайта чизиб чиқишди. Ишқ Шоирни беомон тебратган бўлса, шеър Ҳофизнинг тинчини юлиб олди. Икки дўст – икки қалб бир нола оҳангини кашф этдилар. Шу тонг шийпонида ухлаб ётган талабалар Ҳофиз хонишидан уйғондилар. У куйларди. Шоир йиғларди. Қулоқ солинг. Янги талқин субҳ мағзига қоришиб дилларга оқиб бормоқда:

Балки ўчган эдим ёдингдан,
Ширин ҳаёлингни буздимми?
Лайло, Лайло, сенинг ёнингда,
Бир дам кўрмоқчийдим ўзимни.

Дилнавозим, дилафкорим,
Ёнингга учай Лайло.
Сенга ёлғиз сақлаганим,
Қалбимни очай Лайло!

Йўлларингга тишларимни,
Маржондек сочай Лайло.
Агар ишқимни рад этсанг,
Қайларга қочай Лайло?!

Яна пайдо бўлдим йўлингда,
Йўлларингда яна бўзладим.
Бечора қалб сенинг қўлингда,
Кўзларингда менинг кўзларим...

Йўлларингга тишларимни,
Маржондек сочай Лайло...

Бу нола яралганига роса қирқ йил тўлди. Ўшанда камина ўн олтида эдим. Қирқ йилдирки, қалби пок ошиқ йигитларнинг нола гимни қадар янги-янги оҳангларда дилларни титратиб келади. Дарвоқе, ўша жунунваш Шоир – Рауф Парфи, нолакор Ҳофиз – Дадахон Ҳасан эди...
Улар бугун пайғамбар ёшида. Аммо ҳануз ўша дил ноласини куйлашади.




Манбъа: http://facebook.com/uzbekfarghona
Рукн: Адабий ўйлар | Қўшди: Davron (06.10.2013) | Муаллиф: Хайрулла Қосимов (Элтурк)
Кўрилди: 1040 | Рейтинг: 5.0/1

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0