Жума, 20.09.2024, 02:14
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Ўзбекистон » Адабий ўйлар

ИЖОДКОРНИНГ ЎЗ ДАСТХАТИ БЎЛИШИ КЕРАК
(Таниқли драматург Шароф Бошбеков билан суҳбат)

-Китобларингиз чиқмайди ҳисоб, матбуотда ҳам кам кўринасиз...

-Мен китоб ёзмайман. Кино ёки спектакл учун сценарий ёзаман. Китоб адабиётнинг алоҳида тури. Агар 20 серияли сценарийим кино қилинса, 20 та китобим чиқди деб ҳисоблайман. Шу пайтгача битта китобим чиққан. 1989 йили сценарийларимни йиғиб “Эшик қоққан ким бўлди?” номи билан нашр эттиргандим.

Бошқа ёзувчиларнинг уйига борсангиз, жавонларда босилиб чиққан китоблари турганини кўрасиз. Меникида эса кассеталар туради. Келганларга “Булар – менинг китобларим”, деб мақтаниб қўяман.

-Лекин драматургия ҳам адабиётнинг бир йўналиши саналади, пьесалар ҳам адабий қонун-қоидаларга жавоб бериши керак. Масалан, Шекспир драмалари ҳақиқий бадиий асар даражасига кўтарилган. Иккинчи томондан, ўқувчини ҳам ўйлаш керак. Саҳналаштирилган ёки экранлаштирилган сценарий кўнгилдагидек чиқмаган бўлиши мумкин. Уни кўргандан китобини ўқиб қўя қолган афзал бўлади.

-Тўғри, бу гапда ҳам жон бор. Яқинда сценарийларим тўплами китоб бўлиб чиқяпти. Мен таклиф қилган ном ноширларга маъқул келмади, кейин келишиб “Мусофир бўлмагунча” деб қўйдим. Китобга олтита сценарий киритилган. Уларнинг ҳеч бири саҳналаштирилмаган. Яқинда чоп этилади.

Тўғри, китобнинг яхши томонлари бор. Мен учун аҳамиятлиси – ёзган нарсаларим жам бўлиб туради. Қаерлардадир қолиб, йўқолиб ёки эсдан чиқиб кетмайди. Лекин гапнинг очиғи, китоб чиқаришга ўзим ишқибоз эмасман. Сценарийларим кино қилиниши ёки саҳнага қўйилиши мен учун муҳимроқ.

-Жюль Верн деган ёзувчи ўзи кўрмаган жойлар ҳақида асарлар ёзган. Лекин тасвирлаган шаҳарлари, кўчалари реал ҳаётдагига жуда ўхшаш чиққан. Сизнингча, кўрмай, билмай туриб, фақат тасаввур билан ҳам асар ёзиш мумкинми?

-Ёзувчи ўзи кўрмаган нарсаларни ёзиши керак. Унда тасаввур кучли бўлиши зарур. Одамзод оллоҳни ҳам ақл орқали танийди, яхши кўради. Дунёни ҳам ақл билан англайди. Мантиқ фани қадим замонлардаёқ тараққий этганига ҳам ана шу нарса сабаб. Минг йил олдин Ибн Сино Берунийга атомнинг янада кичикроқ зарраларга бўлиниши ҳақида гапириб берган. У пайтда ҳозиргидек мураккаб асбоб-ускуналар умуман бўлмаган. Лупа бўлган бўлсаям катта гап. Лекин таффаккур билан, тассаввур билан кўп чигал масалалар ечилган.

-Лекин яхши тасаввур қила олиш учун ҳам билиш керак, менимча.

-Тўғри билим зарур, кўп ўқиш лозим. Ёзувчи ўзи тасвирлаётган воқеа-ҳодиса ёки объект ҳақида ҳеч бўлмаганда умумий билимга эга бўлиши керак. Айрим фильмларда ўқитувчи ролини ўйнаётган актёр фанга ҳеч қанақа алоқаси бўлмаган гапларни айтади. Бу – сценаристнинг айби. Персонаж: “Ҳой, тўғри ўтир! Ҳозир адабингни бериб қўяман!” деб бақиргани билан ўқитувчи бўлиб қолмайди, бу ўқитувчининг хусусияти эмас.

Ўзимдан мисол келтирсам. Мен роботни ҳеч қачон кўрмаганман. Лекин нималардан ташкил топиши, қандай механизмлар билан ишлашини назарий жиҳатдан биламан. “Темир хотин”ни ёзиш жараёнида яхшилаб ўрганганман. Боя айтганимдай ёзувчи ўзи кўрмаган нарсаларни ёзиши керак, лекин ҳеч қачон ўзи билмаган нарсаларни ёзмаслиги зарур.

-Яхши драматург бўлишингизга нима кўмак берди?

-Театр бадиий кенгашида ишлаб юрган кезларимда маза-матрасиз, бемаъни сценарийларни жуда кўп ўқиганман. Юзта сценарийнинг ичидан битта-яримта пичоққа илинадигани чиқарди, униям тўлақонли асар деб бўлмасди. Кўпинча ҳаддан ортиқ жонимга тегиб кетганидан: “Мен бундан яхшироқ ёзаман!” деб айтиб юборардим. Бу пайтгача ҳали бирорта пьеса ёзмагандим. Кейин сценарийга қўл урдим, ёзиш жараёнида ўқиган пьесаларимдаги камчиликларимни такрорламасликка ҳаракат қилдим. Бу мен учун ўзига хос мактаб бўлган. Хуллас, мен қандай ёзишни эмас, қандай ёзмасликни ўрганганман.

-“Темир хотин”дан кейин шу типдаги бир қанча фильмлар суратга олинди. Масалан, “Севгинатор” фильми. Бунга қандай муносабат билдирасиз?

-Ҳар бир ижодкорнинг ўз дастхати бўлиши керак. У нималарда кўринади? Ижодкорнинг имзоси бирор бир мавзу, воқеа ёки предметни ўзига хос тасвирлаши, баён қилиш услуби ва тилида намоён бўлади. Дейлик, битта дарахтни кўриб ҳар ким ўзича тасвирлайди. Мен ҳамиша ўз услубимни яратишга ҳаракат қилганман.

Айрим журналистлар “Севгинатор” ғояси “Темир хотин”дан олинган деб шов-шув кўтаришга уринди. Ундлай эмас. Фильм ижодкорлари ўз ғоялари, ўз қарашларини ифолалашга ҳаракат қилган. Биороботлар ҳақида мингта фильм суратга олиш мумкин. Лекин боя айтганимдан, ҳар кимнинг ўз дастхати бор.

-Пьеса саҳнага мослаб ёзилади. Воқеалар кечадиган жой саҳна имкониятига мос бўлиши керак. Масалан, машиналар ғув-ғув ўтиб турган кўчани спектаклда кўрсатиб бериш мушкул. Бундан ташқари, драмадаги сўзлар талаффузга мосланган бўлиши лозим, шунда актёр айтган гаплар томошабинга тушунарсиз бўлиб қолмайди. Шу маънода, драматургиянинг имкониятлари бир оз чеклангандек туюлади. Сизнингча-чи?

-Тўғри, драматургия бир оз мураккаброқ. Масалан, ҳикояда “эти чумоли юргандек жимирлашиб кетди” деб бемалол тасвирлаш мумкин. Лекин пьесада буни ифодалаб бериш учун чумоли персонажнинг этида юриши ва буни томошабин кўриши керак. Бу биргина мураккаблик, холос. Бошқа эътиборталаб жиҳатлар ҳам кўп. Шуларни ҳисобга олиб айтиш мумкинки, ҳар қандай ёзувчи драмутург бўлолмайди.

-Ёки аксинча: ҳар қандай драматург ёзувчи бўлолмаслиги ҳам мумкин.

-Бу фикр ҳам тўғри. Лекин мен бошқа нарсани айтмоқчиман. Маълум бир тажриба ва тайёргарликсиз пьеса ёзиб бўлмайди. Раҳматли Саид Аҳмад домла “Келинлар қўзғалони”ни ёзганда неча ёшда эди? Домла унгача бир қанча ҳикоя, қиссалар ёзган. Кейин пьесага қўл урган.

Мен актёрликка ўқиганман, театрларда ишлаганман, дубляжда қатнашганман. Ўз соҳамни яхши биламан.

Ёзувчи ёзаётган нарсасини ичидан билиши керак. Мен ёзаётган пайтим ҳар бир персонаж ролини ўйнайман ва хаёлимда спектаклни бошдан-оёқ саҳналаштираман. Кейинчалик пьеса театрда қўйилса, хаёлимда тасаввур қилганимдек яхши чиқмайди.

Ҳар бир сўзни айтиб синаб кўраман. Сўз актёр тилини синдириб қўймаслиги керак.

Актёр имконияти деган гап ҳам бор. Хоҳ зўр, хоҳ ўртамиёна актёр бўлсин, унинг имконияти барибир чекланган. Буни ҳам ҳисобга олиш зарур. Жуда зўр драма ёздингиз дейлик. Лекин ундаги қаҳрамонларни актёр ўйнай олмаса, ундай пьесанинг ҳеч қандай қадр-қиммати қолмайди.

Бир нарсага ишончим комил, санъат гўзал ва тоза бўлиши керак. Кир, чувринди, ифлос нарсаларни тасвирлаш санъат эмас-да. Санъатдан кўз қувониши, қалб баҳра олиши зарур. Мен “Тилла бола” деган киносценарий ёзганман. Бош қаҳрамон – ахлатларни, ҳожатхоналарни тозалаб юрадиган бола. Лекин бирортаям кадрда ифлос нарса йўқ. Боланинг тураржойи худди музейга ўхшайди: расмлар, попуклар, туморлар осиб қўйилган, ҳамма ёқ топ-тоза.

Хуллас, санъат пок бўлиши керак. Мен учун биринчи шарт шу. Сиёсий, ижтимоий-иқтисодий томонлари кейинги масала.

-“Темир хотин”, “Тақдир эшиги”, “Чархпалак” каби фильмлар сизни элга танитди, янада машҳур қилди. Бу фильмларнинг суратга олиш жараёнида бевосита иштирок этганмисиз?

-Илгари сьёмка жараёнларида қатнашардим. “Темир хотин”, “Юзсиз”, “Тилла бола” каби асарларимда тасвирга олишдан бошлаб монтаж жараёнигача иштирок этганман.

Ўзим ҳам режиссёр сифатида кино олиб кўрдим, “Масхарабоз” деган фильм. Лекин мен режиссёр эмасман-да. Бор кашфиётларимни ёзаётганимдаёқ кашф этиб бўламан. Режиссёр ёзмайди, унинг кашфиётлари ўзига хос.
Эндиликда сьёмкаларда қатнашмай қўйдим.

-Ҳозир телевидениеда намойиш этилаётган миллий сериаллар сони жуда кам, борлари ҳам бир нави. Чет эл, айниқса, корейс сериаллари “ҳукмронлик ўрнатиб олган”. Бу нарса ёшларнинг, болаларнинг дунёқарашига ўз таъсири ўтказмай қолмайди. Масалан, корейс сериали қаҳрамони Жумонгга ўхшашни орзу қилган болаларнинг бир нечтасини ўзим кўрганман. Масаланинг яна бир томони бор. Ўзимизда ишланаётган бадиий фильмлар, сериаллар, мультфильмларнинг аксарият қисми чет элники билан рақобатлаша олмайди. Бу ҳолатда нима қилиш керак деб ўйлайсиз?

-Бир нарса алам қилади менга. Баъзан телевидение мутасаддиларига айтаман: нега айнан шу сериал танланди? Кореяда ўзбек сериаллари кетмаяпти-ку. “Йўқ, бунисини биз билмаймиз”, деб жавоб беришади. Ахир, миллийлигимизни, қадриятимизни ҳимоялайдиган вақт аллақачон етиб келган. Мустақил бўлганимизга салкам йигирма йил бўляпти. Энди биз билан ҳам ҳисоблашишсин. Биз уларнинг сериалларини ўз томошабинимизга кўрсатамиз-у, нега улар ўзбек сериалларини эфирга бермайди?

Бир пайтлар Мексика, Колумбия сериаллари ҳам берилганди, лекин у вақтлар ўтиб кетди. Ҳозир ҳамма ёқни корейс сериаллари эгаллаб олди. Ўзаро тенглик бўлиши керак. Баъзида ўйлаб қоламан: ўзбек сериалларини четга чиқаришга ўзимиз ҳаракат қилмаяпмизми ё улар қабул қилишмаяптими? Корея билан урф-одатлар, қарашларимиз бир-бирига яқин бўлса...

-Балки миллий сериалларимиз чет элники билан рақобатлаша олмас?

-Гап фақат рақобатда эмас. Мана, яқиндан бошлаб арабларнинг сериали бериляпти. Бизнинг сериаллардан зўр деб айта олмайман.

Гоҳида: “Балки мен хабарсиздирман. Ўзбек сериаллари чет элда ҳам берилаётгандир”, деб ўзимни овутаман. Лекин барибир ҳар қандай вазиятда ҳам қадримизни билишимиз керак.

-Охирги вақтда суратга олинган миллий сериаллардан қайсиларини қониқарли деб айта оласиз?

-Санжар Бобоев ва Шавкат Жунайдуллаевнинг сериаллари яхши. Шавкат ака бир ёш сценарист билан ҳамкорлик қиляпти, ишлари менга жуда маъқул бўлди. Ҳозир исм-фамилияси эсимга келмай турибди, ўзи ёш. Профессионал эмас, бу соҳада махсус таълим олмаган, лекин талант, худо берган. Айрим жиҳатларига профессионал бўлсам-да, мен ҳам ҳавас қиламан. Ўша жиҳатлар менда йўқ, афсус. “Қайтар дунё” ана шу ҳамкорлик самараси. Фильмнинг режиссёрлик ишларига бироз эътирозим бор, лекин сценарий асар сифатида яхши.

-Кўпчилик журналистлар ўз мақолаларинигина ўқийди, бошқасига эътибор бермайди. Сиз спектаклга тушиб турасизми? Ёки фақат ўз асарларингиз премьерасидагина театрга борасизми?

-Мен театрга умуман тушмайман, ўзимнинг асарларимга ҳам. Чунки театрларимизда саҳналаштирилаётган спектакллар жудаям ҳаётий.

-Ҳаётийлиги ижобий жиҳати эмасми? Бу сўзни қандай тушуниш керак? “Маишийлик” дебми?

-Йўқ, маишийлик бошқа нарса, маиший мавзуда ҳам яхши асар ёзиш мумкин. Мен бошқа нарсани айтмоқчиман. Бугунги пьесаларда ҳар куни кўчада кўриб, эшитиб турган воқеалар ифодаланади. Буни томошабинга нима қизиғи бор? Бу гаплар эртага эскириб қолади. Янгилик топиш керак. Воқеалар, гап-сўзлар кўз кўриб, қулоқ эшитиб ўрганмаган бўлиши зарур.

Яқинда ўтган санъат кунларида Хоразм театри актёрлари “Муқимий” театрида “Тикансиз типратиканлар” деган асаримни саҳналаштирди. Кўриб уялиб кетдим. Актёрларнинг маҳоратини айтмаяпман, ўзимнинг хатоларимни кўриб хижолат тортдим. Мен ўша пайтларда асаримни ҳаётий қилмоқчи бўлган эдим. Ахир ҳаёт тўхтаб турмайди-ку, доимо олға ҳаракатланади. Бугун муҳим бўлган бирор бир муаммо ёки воқеа эртага эскириши мумкин. Навоийни Навоий қилган ёки Шекспирни Шекспир даражасига кўтарган жиҳат ана шу эскирмаслигида.

Эскириш ҳақида ўзимдан битта мисол келтираман. “Темир хотин”да Қўчқор хотинидан: “Болалар қаерда, мактабдами?” деб сўраса, Қумри: “Мактаб қоптими, терим бошланди-ку...” деб жавоб беради. Ёш болаларни теримга олиб чиқиш ўша пайтдаги энг актуал муаммолардан, мавзулардан бири эди. Биринчи-иккинчи синф болалари ҳам ҳамма нарсани йиғиштириб қўйиб пахта терарди. Лекин ҳозир пахта терими долзарб мавзу эмас.

-Демак, ижтимоий муаммоларни қаламга олмаслик керак?

-Гап муаммода ҳам эмас. Адабиёт – бу санъат. Ҳар қандай асарда санъат бўлиши зарур. Эркин Аъзам бир ҳикоя асосида ёзган қўлёзмамни кўриб: “Муаллиф даражасида қолиб кетибсиз, санъат йўқ”, деганди. Тўғри. Адабиёт одамни ҳайратга солиши лозим.

-Адабий принцип деганда нимани тушунасиз? Ўзингиз қандай принципларга амал қиласиз?

-Ҳеч қанақа принципга амал қилмайман. Бировлар ҳар куни ёзади, бир қатор бўлсаям ёзиш керак деб ўзига қоида қилиб олган. Мен тартибсиз ёзувчиман. Хоҳласам ёзаман, бўлмаса – йўқ. “Илҳом”, “илҳом париси” деган гаплар ўйлаб чиқарилган нарса. Илҳом – йўқ нарса. Илҳоммен учун кайфият, меҳнат кайфияти. Ишлашим учун менга учта нарса керак: қорним тўқлиги, соғлик ва тинчлик.

-Булунғур туманининг Ғубир қишлоғида туғилгансиз. “Ғубир” нима маънони англатади? Туғилган қишлоғингиз, унинг тарихи ҳақида гапириб берсангиз.

-Бир-иккита чоллардан сўрасам билишмади. Ғубир деган сўз халқ орасида сувда ҳосил бўладиган айлана – гирдобни англатади. Қишлоғимизнинг олдидан Булунғур ариғи ўтади. Жуда катта, салкам дарёдай, тўлиб оқади. Айнан бизнинг қишлоқ олдига келганда жуда кўп ғубирлар – камарлар ҳосил бўлади. Балки шу сабабдан қишлоқни Ғубир деб аташгандир.

-Самимий суҳбатингиз учун раҳмат.

2010




Манбъа: http://kh-davron.uz
Рукн: Адабий ўйлар | Қўшди: Davron (01.11.2012)
Кўрилди: 1039 | Рейтинг: 5.0/1

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0