Жума, 20.09.2024, 02:14
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Ўзбекистон » Адабий ўйлар

ЁШ 45 ГА БОРГАНДА...

Раҳмон Қўчқорнинг Шавкат Раҳмон билан суҳбати


- Шавкат ака, Сиз озиқ-овқат масалалари бўйича масъул одам эмассизки, бу ҳақда саволга кўмсам, ёки Орол тўғрисида ҳар қанча Сизни қийин-қистовга олмай, денгизга бирор томчи сув қўшилиб қолмайди. Ҳар ким ўз ишини қилгани маъқул, деганлари ҳам, агар амал қилинса, тўғри чоғи. Шу туфайли, келинг бугун фақат адабиёт, ижод, шеър тўғрисида бироз гурунглашайлик. Аввало айтсангиз, кайфиятингиз қалай?

- Фақат адабиёт, фақат шеър тўғрисида гурунглаша олмасак керак. Чунки шеър кайфият маҳсулидир. Кайфият илдизлари кундалик ҳаётимизда, кундалик ҳаётимиз эса сиёсат билан боғлиқ. Шунга кўра суҳбатимизни адабийлаштиришга қанча уринмайлик, барибир, тагидан сиёсат кўриниб қолаверади. Азалдан таъсирчанлигим туфайли кайфиятим тез-тез тушиб турадиган пайтлар бўлади. Миллатимнинг яхши ўғилларини, қизларини кўрсам, кайфиятим кўтарилади. Гарчи миллатнинг оёқларига қарабмас, миллатнинг бошига қараб фикрлашга ўрганган бўлсам ҳам баъзан ич-ичимдан ўкинчлар, ғазаблар оқиб келадиган пайтлар бўлади. Чунки миллатпарварлик баланд ғоядир ва бу ғоя бугунги адабиётнинг етакчи мавзусига айланмоғи, ҳар бир ватандошимизда миллатпарварлик туйғусини уйғотмоғи зарур.

- Мана, ёшингиз ҳам 45 га борди. Шоир учун ҳар томонлама жиддий паллани бошдан кечиряпсиз. Гарчи, ёзилган ва ёзилажак нарсаларни ёш белгиламайди, деган китобий қарашлар юрса-да, менимча ижодда бунинг катта аҳамияти бор. Сизнинг ёшингизда... деб рўйхат санашимнинг эса ҳожати бўлмаса керак...

- Мақтанса арзигулик йирик асар ёзганимиз йўқ. Биздан аввалги авлод, масалан Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфилар ижоди анча баракали. Бунинг асосий сабаби шундаки, тенгдошларимиз маълум тарихий даврда қарама-қаршилик билан овора бўлиб қолдилар. Бундан ташқари, энди астойдил меҳнат қиламиз деган пайтда бутун дунё бир бозор бўлди. Мундоқ қарасак, ўғил-қизларимиз балоғатга етиб қолибди. Ижодга вақт қаёқда дейсиз. Қувватингиз борлигида фарзандларимга кичкина бир иморат қуриб берайин, деб шаҳар ҳокимиятига бир парча ер сотиб олиш мақсадида борсангиз, масалан, Шавкат Раҳмонни, ким ошди савдосига йўллашади. Ким ошди савдосида кимдан ошаман, деб ўйлайсиз. Шоир бўлиш яхшидиру, аммо шоир сифатида тирикчилик қилиш ниҳоятда қийин. Начора, миллий тикланиш даврида ҳар қандай қийинчиликни саодат меваси сифатида қабул қилиб, сўнгги бор жўмардлик, валламатлик қилсак қилибмиз-да.

- Шавкат ака, ўзингиз мансуб бўлган авлоднинг энг кучли ва энг ожиз томони нимада деб ўйлайсиз? Энди уни, масалан, Ғафур Ғуломлар авлодига ҳар томонлама қиёслаб кўрайлик-чи.

- Мен мансуб бўлган авлоднинг кучли томони дадил фикр билан чиққанида, ожиз томони эса шу фикрни ҳимоя қилишда собитликнинг етишмасигида бўлса керак. Бу менинг чуқур ўйланмаган оний муносабатим. Ғафур Ғулом авлодларига солиштиришим қийинроқ... Улар ниҳоятда сермаҳсул, билими теран кишилар эди. Қандай бўлишидан қатъий-назар, Ғ.Ғулом авлоди ўз даврининг тақдири мураккаб бошқонлари сифатида адабиёт тарихида қолган. Мен мансуб бўлган авлод ҳали ўз вазифасини тўла бажаргани йўқ...

- Ҳозир ҳам ё тушингизда ёки ўнгингизда тез-тез учиб турасизми? Балки Сиз ҳам қушлигингизни унутаёзгандирсиз?

- Баъзан учаман. Ғалати ҳолат: мен тушларимда ўзимни ўзим бошқаришга ўрганиб қолганман. Учгим келганида қанотларимни силкитсам бас. Агар шундаям учолмасам, энг баланд тоғ чўққисига чиқиб, ўзимни пастга ташлайман. Бу паровоз “холостой” парвоз. Шундай чоғларда чиндан ҳам табиий туйғулар келади...

- Деворини соҳиб атай бузиб қўйган боғ... Билол ҳақида ва умуман, замин ҳамда миллат тўғрисида самимий, гўзал шеърларингиз кўп. 80-йилларда ёзган асарларингизда туркийлар, турк бирлиги ҳақида сўз айтгансиз. Мана бугун Туркистон сўзи жонланиб келаётир.

- Агар ният яхши бўлса, ҳар қандай оғир муаммо ҳам бир куни ечимини топар экан. Атиги беш-ўн йил илгари мафкурачилар Туркистон ғоясини ўлик ғоя деб тарғиб қилардилар. Биз бу муҳтарам акахонлар ўз халқига, ватанига шу қадар усталик билар зарар бериш санъатини қаердан, қандай қилиб ўрганиб олдилар экан, деб ажабланардик. Вақт ҳар бир нарсани ўз жойига қўйди. Сунъий аралашувдан бузилган қадриятлар аслиятига қайтади. Янги иқтисодий, сиёсий шароитда қадим Туркистон ўлкасининг қариндош халқлари бир-бирларига астойдил талпина бошлади. Беш республиканинг кучли зиёлилари бошини қовуштириш орқали бошқа соҳаларни ҳам яқинлаштиришни шароит талаб қилиб турибди. Ички ва ташқи сиёсатнинг мувофиқлаштирилиши, нарх-наво, солиқ, бож сиёсати, коммуникация, умумий чегара, бирлашган армияга доир масалалар ҳал қилинса, Туркистон ўлкасида азалдан истиқомат қилаётган халқларнинг туб манфаатларига мос келмайдими? Хитой билан Россия оралиғида пировард натижада ҳар томонлама ривожланган, ўзининг илғор, инсонпарвар сиёсати билан жаҳон ҳамжамиятига таъсир қила оладиган ягона сиёсий маконнинг барпо бўлишидан ҳаммамиз манфаатдормиз. Мана шу нозик сиёсий тўлқинларни ўз пайтида илғаган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг “Туркистон – умумий уйимиз” деган даъвати ҳар тарафлама қўллаб-қувватланмоғи лозим, деб ўйлайман.

- Ҳозирги ёш шоирлардан кимларни ўқиш, келажигига ишониш мумкин, деб ҳисоблайсиз. Бира тўла уларга ўз тилак ва истакларингизни ҳам айтсангиз.

- Шеъриятимиз теран, оқимлари кучли шеъриятдир. Бу шеъриятнинг кенжа авлоди орасида аллақачон шеър бахтига муяссар бўлган шоирлар бор. Уларнинг ижодига хос бўлган фазилатлардан баҳраманд бўлиш учун икки-учта шеърларини ўқиш кифоя. Масалан, Сирожиддин Саййид – нозик санъат шоири, Асқар Маҳкам – қаттиқ иймон шоири, Абдували Қутбиддин – дилбар хаёл шоири, Зебо Мирзо – мунис дард шоири, Иқбол – асов туғён шоиридир. Мен яқин ўн йиллардан буён бу шоирларнинг ижодларида қалбакилик, феъл-хўйларида сотқинлик аломатларини сезмадим. Истардимки, бу беғараз авлод ўзлари сиғинган ғояларини, байроқларини нопокларга бериб қўймасин! Акс ҳолда, ҳар қандай баланд ғоя, ҳар қандай муқаддас байроқ кирланиб, инсонларни яхши амаллар йўлида бирлаштиришдай буюк қувватдан маҳрум бўлади. Бундан эса Худо асрасин!

- Иншоаллоҳ!

Раҳмон Қўчқор суҳбатлашди.

Манбаъ: "Ватан" газетаси,1995 йил, 22-сон




Манбъа: http://kh-davron.uz/
Рукн: Адабий ўйлар | Қўшди: Davron (12.09.2012)
Кўрилди: 805 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0