Пайшанба, 19.09.2024, 22:38
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Ўзбекистон » Адабий ўйлар

Лаҳзага қўйилган ҳайкал.
Эшқобил ШУКУР
(Эссе)
"Денгиз япроқлари"
Япон шеъриятидан.Хуршид Даврон таржимаси
Тошкент. Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти., 1988

Бу шеърлар ҳақида гапириш қийин. Уларни ҳис этиш, англаш керак. Туйғуни тушунтириш, шарҳлаш севгини изоҳлашдай гап.Япон мумтоз шоирларининг шеърларини дуч келган вақтда ўқиб бўлмайди. Уларни руҳий тайёргарликсиз ўқишдан маъно йўқ. Уларнинг шеърларида туйғу тушунтирилмайди, шарҳланмайди, изоҳланмайди, балки т а с в и р л а н а д и.
Куз шамоли ҳуштагин чалар
Англашингиз мумкин шеъримни
Далада тунаган бўлсангиз агар.
(Басё)
Далада тунаган одам ўзини табиатнинг бир қисми эканлигини англайди. У осмонни, шамолни, юлдузларни, дарахтларни, тунни т а н и й д и. Шеърни таниш ҳарфларни танишдан эмас, табиатни танишдан бошланади.
Қоронғи хонада ўтирар эдим,
Тўсатдан девордан чиқиб келдилар
Ҳассага суянган отам ва онам.
(Такубоку)
Нақадар дардли ҳолат, нақадар ғамгин манзара! Бу шеърларда бир лаҳзалик ҳолат ва туйғу тасвирланади. Лекин шу бир лаҳза абадиятга муҳрланади. Шунинг учун ҳам мутахассислар бу шоирларнинг ҳар бир шеърини “лаҳзага қўйилган ҳайкал” деб баҳолайдилар. Гап бунда ҳам эмас, яъни улар учун абадиятга дахлдорлик бош масала бўлмаган. Улар бир мўъжизанинг изидан юрганлар, уни ўрганганлар, тасвирлаганлар, унда кечадиган ҳар бир лаҳзани чин маънода я ш а б ў т г а н л а р. Инсонга берилган бу мўъжиза – Қалб.
Айтишларича, Басё бир чўққининг пойида ҳафталаб ўтириб уни томоша қилар экан. Бир неча ҳафтадан сўнг ўрнидан яна бироз нари силжиб чўққини бошқа томондан кузатар экан, бир неча ҳафтадан сўнг яна жойидан силжиб, яна бошқа томондан кузатади. Бир қарашда ойлаб бир чўққига термилиб ўтириш бемаъни бир томошадай туюлар. Лекин бу жараёнда шоир ўзини кашф қилиб борган, қалбини, туйғуларини кашф этган. Ҳали-ку бу чўққи экан, керак бўлса, битта майса мўъжизасини чинакам ҳис этган одам ўз қалбига йўл топади. Шу майса орқали у ўз ичига киради. Ўз қалбига йўл тополган одам худо сари йўлни топади.
Юксакда турган Будда
Бурнининг тешигидан
Учиб чиқди капалак.
(Кобаяси Исса)
Бу мақолани ёза туриб, япон мумтоз шоирларининг шеърларидан қайта-қайта мисол келтираверишни истадим. Эҳтимол, бу мўъжаз шеърларни ҳамма билишини истаганимдандир. Балки бу шеърлар ҳеч қандай тушунтириш ва изоҳларга эҳтиёж сезмаслигидандир. Улар шу даражада бутун ва мукаммалки, тушунтиришларсиз тушунарли ва ҳамма изоҳларнинг яхлит изоҳидир. Ахир қаршингизда бир дона қизил атиргул яшнаб турган бўлса, уни нима деб тушунтирасиз.
Нималар келди ўйига?
Қўғирчоғин
Бир четга қўйиб,
Қизчам ўтириб
Олди ёнимга.
(Такубоку)
Ўта мураккаб бир ҳолатнинг бундан-да содда, бундан-да гўзал тасвири бўлиши мумкинми? Қизчанинг мурғак кўнглини қандай туйғулар тебратиб ўтди? Нега у суюкли қўғирчоғини бир четга қўйиб, отасининг ёнига ўтириб олди? Ғамгин ва нотинч отанинг қалбидан нималар ўтди? Бу қон сезгисими, жон сезгиси? Ота билан қиз бир-бирларининг ичидаги туйғуларини қандай илғадилар?
“Болалардан тинчлик йўқ!” –
Бу гапни айтган одам
Севмас олча гулларин.
(Басё)
Баҳор кетар. Қушлар йиғлар.
Балиқ кўзи
Ёш билан тўлган
(Басё)
Басё: “Ҳокку бир лаҳзага ҳам бир жойда туриб қолиши мумкин эмас” дейди. Ҳоккуда товушлар ва сўзлар, манзаралар ва ҳолатлар, фикрлар ва туйғулар тинимсиз ҳаракатда бўлиши ва уларга ҳамоҳанг ҳоккунинг ўзи ҳаракатланиши керак. Бу борада китобни маҳорат билан она тилимизга таржима қилган таниқли шоир Хуршид Даврон Басё билан боғлиқ машҳур бир воқеани келтириб ўтган: Улуғ Басёнинг шогирдларидан бири ушбу ҳоккуни битди:
Ниначи қанотини
Юлсанг, ўхшаб қолар
Қалампир қўзоғига.
Басё буни рад этиб, шундай деди: “Бу ҳокку эмас. Сен ниначини ўлдирдинг, аслида мана бундай айтиш керак эди:
Қалампир қўзоғига
Қанот берсанг бас –
Ниначига айланар.”
Бу шеърлар инсоннинг ўз-ўзини англашига ёрдам беради. Одамнинг дунёни билишидан кўра ўзини билиши қийинроқ. Айниқса, туйғулар олами... Шунинг учун ҳам бу шеърларга туйғулар тириклик бағишлаб турибди. Йўқса, улар қуруқ сўзлар шодасидан иборат бўлиб қоларди. Оламда ҳамма нарса тез ўзгаради, эскисининг ўрнига янгиси чиқиб келаверади. Бироқ, туйғулар эскириб қолмайди. Дейлик, 1650 йилда, Басё даврида севган одамнинг туйғуларидан 2010 йилда севаётган одамнинг туйғулари кескин фарқ қилмайди. Нафрат ҳам шу. Қошғарий замонида боласини эркалаб ардоқлаётган она билан бугунги онанинг ҳислари ҳам деярли бир хил. Бириники эски, бириники замонавий эмас.
Отангга ўхшама!
Отангнинг отасига ҳам!
Эшитяпсанми,
Нимани илтимос қиляпман
Сендан қизгинам?
(Такубоку)
Тагорнинг “Роман тўрт сатр шеър бўлиши керак” деган гапи бор. Бу шеърлар уч ё беш сатрлардан иборат романлардир. Уларнинг яна бир сири шундаки, сизга шоир уч сатрда катта бир романнинг руҳини, оҳангини, ғояси ва туйғусини, воқеасини беради. Сиз шу уч сатрни ўз тафаккурингизда юзлаб саҳифаларга айлантиришингиз, романни тасаввурингизда яратишингиз керак бўлади.
Ҳазиллашиб
Мен онамни опичлаб олдим.
У шундай енгил эдики
Уч қадам юрар-юрмас
Йиғлаб юбордим.
(Такубоку)
Бу шоирлар фақат табиатга эргашганлар, табиатга сингиб борганлар, ўз ички дунёси билан табиат туташувларини аён кўрганлар. Шунинг учун ҳам уларнинг ҳар бир шеърида табиат иштирок этади. Уларнинг етакчиси Басё шоир тўрт фаслнинг дўсти бўлиши кераклигини таъкидлайди ва неники кўраётган бўлсанг - у гулдир, не ҳақдаки ўйлаётган бўлсанг, у ойдир деб уқтиради.
Яп-яланғоч новдада
Ёлғиз қарға ўтирар.
Қоронғи куз оқшоми.
(Басё)
Бу шоирларда яна шундай бир одат бўлган. Дейлик, улардан бири уч юз чақирим узоқдаги бир зиёратгоҳни зиёрат қилишни ният қилди. У йўлга тушишдан олдин қалбини тозалайди, барча ёмон ўйлардан бутунлай фориғ бўлади. Шундан сўнггина йўлга тушади. Бироқ у 290 чақиримлик масофани босиб ўтиб, манзилга етай деб қолганида, кўнглидан ёмон бир ўй ўтади, бир бузуқ ният уни бир лаҳзагагина чалғитади. Шунда шоир орқага қайтиб, яна 290 чақиримлик масофани пою-пиёда босиб ўтиб, ўша йўлга тушган жойига қайтиб келади. Яна кўнглини ёмон ўйлардан тозалаб, зиёратга йўл олади. Агар йўлда яна чалғиса, яна ортга қайтади. Охир-оқибат топ-тоза қалб билан, эзгу ният билан манзилга етади ва кейинги зиёратлар тадоригини кўра бошлайди. Уларнинг бу ҳаракати менга Ҳаким Термизийнинг: “Ҳар қандай йўқотишдан қўрқманг, ниятни йўқотиб қўйишдан қўрқинг!” деган гапларини эслатди.
Умрим йўлларда ўтди
Гўё тор далада ер
Ағдариб юргандайман.
(Басё)




Манбъа: http://kh-davron.uz/dengiz-yaproqlari.html
Рукн: Адабий ўйлар | Қўшди: Davron (16.07.2012) | Муаллиф: Эшқобил ШУКУР
Кўрилди: 742 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 2
Мехмонлар: 2
Фойдаланувчилар: 0