Пайшанба, 19.09.2024, 22:30
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Ўзбекистон » Адабий ўйлар

Шеър қандай ёзилади?
Хуршид ДАВРОН

Ёлғизлик дарёсининг тошқин сувини ичган,
Ифорларин қоғозга гупиллаб, ёйиб, сочган,
Кўнглимнинг гулзорида ийманишиб юз очган,
Қизғалдоғу настарин, лолаларим – шеърларим.
Сут бирла қонга кирган меҳр оҳанги, сози,
Яхшиликка чақирган илтижо ҳам ниёзи,
Гўдакликда онамнинг ҳазиннаво овози –
Қулоғимда янграган аллаларим – шеърларим...


Бу сатрлар истеъдодли ўзбек шоири Масъуд Махсудовнинг юрагидан чиққан. Шеър ҳақида шоирлар минг йиллар давомида ёзишган ва яна минг йиллар мобайнида ёзажаклар.Шоир шеър ҳақида ёздими,демак,у сўз айтиш масъулиятини англашга уринади.Шоир шеър ҳақида ёздими,демак,у адабиёт олдидаги бурчини англашга уринади.
Тўғри,бугун сўз нималигини ҳали англамаган ва балки англамай узоқ вақт шеър ёзишга маҳкум этилган Зулфия номидаги мукофот билан қатор-қатор тақдирланаётган ўсмира қизлар ҳам шеър ҳақида шеър ёзадилар (тавталогия учун узр) дейишингиз мумкин. Аммо,шеър туроқу қофиядан иборат эмас. Шеър фикр ҳам эмас.Шеър - инсон юрагининг туб-тубида ногаҳон пайдо бўладиган,пайдо бўлиши билан бошқа юракларга талпинадиган,уларда титратмалар ясашга ҳозир оний ва мангуликка дахлдор туйғу. Шеър ҳам капалак,ҳам минг йиллик қорлар кўмиб ётган тоғ чўққиси. Шеър кўпроқ нур камайган тунда ёзилади,шу сабабдан у нурли бўлади. Шеър...
Шу ерга етганда Зебо Мирзо китобига ёзган сўзбошимдаги жумлаларни эсладим: "Шеър, ўзи нималигини тушунтирганларнинг ҳеч бири бу вазифани уддалай олмаганини жуда яхши биламан.Шеърнинг нималигини қўрқмай тушунтирадиганларнинг кўпи адабиётшунослар.Шоирларнинг ўзи бу ишга камдан-кам қўл уради".
Хуллас,шеърнинг нималигини тушунтиришга уринишдан тўхтаб бир пайтлар турли китобларимда шу мавзуда ёзилган шеърларимни сизга тақдим этиш билан кифояланаман.

ШЕЪРИЯТ - БУ ҚИЙИН ИШ ЭМАС...
Шеърият - бу қийин иш эмас,
Ёзсанг агар юракни асраб.
Бироқ шеър деб,тунлари сармаст,
Қоғозга қон тупурган Машраб.
Шеърият - бу қийин иш эмас,
Етар топсанг қофия: "Ёз"-"соз".
Шеърда баъзан ҳаводек зарур
"Эрк" сўзига қофия "қасос".
Сен қўрқувни қанчалик яшир,
Шеър қилади бари бир ошкор.
Қўрқоқ бўлсанг,қўрқоқ бўлар шеър,
"Мардман!" - деб жар солмоғинг бекор.
Она юртни куйламоқ учун,
Худди шеърга бергандек юрак,
Уни юртга бермоқ учун ҳам
Доим тайёр турмоғинг керак.
Тўмарисдек аёл қўлларин
Қадоқлари қонаркан кеч куз,
Қоғоздаги шеърим йўллари
Юрагимда қон қолдирган из.
Заҳар ичиб ўлган актёрдек
Пардадан сўнг тирилмоқ бекор,
Шоир шеърнинг олдидан тирик,
Шеър сўнгида ўлмоғи даркор.
Шеър туймоқдир ногоҳон дилдан,
Сен қўлингга олганда нонни,
Буғдой дони ердан симирган
Эрк деб жангда тўкилган қонни.
1979
* * *
Қафасдаги ғамгин қушни
Озод этмоқ - шеър битмоқ.
Болаликда кўрган тушни
Эсламоқ ҳам шеър битмоқ.
Ғазабингни яширолмай
Мисли сиртлон, мисли шер,
Тишларингни ёвга санчсанг,-
Бу энг қутлуғ, улуғ шеър.
Қамоқдаги маҳбус кўзи
Қирқ йилдан сўнг эмса нур,
Дилдаги ўт - шеърнинг сўзи,
Қирқ йиллик нур – шеър эрур.

1979
КЕРАК БЎЛСА…
Керак былса қилич учида
яша, йиғла ва кулгин тўлиб!
Сариқ рангли гуллар ичида
очил кейин қизил гул бўлиб!
Дилингдаги сўзни айт фақат,
севсанг, бахтли этгин аёлни.
Унга сен зар, тиллани эмас,
инъом этгин ойни, шамолни.
Ўчингни ол ёвдан, зулматдан,
сотқинлардан, энг охир майдан,
сон-саноқсиз тераклар аро
энг бақувват чинорга айлан.
Атроф ёлғон билан тўлганда
ичга ютиб титроқ нолани,
чоллар соқов бўлиб қолганда,
Қутла чин сўз айтган болани.
1980
ШЕЪР ҚАНДАЙ ЁЗИЛАДИ?
Душман босган она юрт учун
Ясалгандек қиличу найза,
Кўкдан тушган ойдин нур учун
Қўйилгандек уйга дераза;
Экилгандек гул ёки дарахт,
Қорилгандек нон учун хамир,
Қор нафасин туйганча карахт
Гиёҳ ерга отгандек томир;
Сув тутгандек ташна йўлчига,
Оқлагандек баҳорда уйни,
Асраб-авраб ўстирган каби
Юрагингда муқаддас куйни;
Ўсганидек далада буғдой,
Ин қургандек шифтда қалдирғоч,
Нур сочгандек одамларга ой,
Дўст очгандек дўстига қулоч;
Боғлагандек жангчи ярасин,
Қичқиргандек тоғда ҳайратдан,
Йиғлагандек она кўзини
Узолмасдан хира суратдан;
Бесаранжом юрганча дилсўз,
Қафас аро бўкирганча шер –
Уйғонади дил тубида сўз
Ва қоғозга тўкилади шеър.
Мана шундай ёзилади шеър!
1982




Манбъа: http://kh-davron.uz
Рукн: Адабий ўйлар | Қўшди: Davron (13.07.2012) | Муаллиф: Хуршид ДАВРОН
Кўрилди: 1352 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0