Пайшанба, 19.09.2024, 22:35
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Ўзбекистон » Адабий ўйлар

Шеърият Гамлети (2)
Муҳаммад Исмоил

Рауф Парфи шеърни мароқ билан ўқиди. Гулхан шуъласи кўзойнаги шишасида жилваланарди.
Юзидаги табассумга қараганда хуш кайфиятда эканлиги, талабалардан мамнунлиги кўринарди.
– Ёш шоирлар аввалом бор нималарга амал қилиш керак?
Кун кеч бўлиб қолган эса-да, ҳеч кимнинг тарқагиси келмасди. Қаердандир тинмай вағиллаётган пахта тозаловчи вароҳанинг асабни ўйнатувчи беўхшов шовқинини айтмаганда муздекина сокин тун, оппоқ зиё сочаётган Ой ҳукмрон эди.
– Ҳар ким ўз дардини, ўзига нима кераклигини ўзи яхши билади. Хаваскор шоир ҳам, худди касал одамга ўхшайди. Ўзини тузатиш учун изланади, ахтаради, уқувсизлигига қарши шифо излайди. Ва ниҳоят топади. Агар у ўзига нима кераклигини ўзи билмаса, демак у шоир эмас. Яъни шоир бўлишни истаётган одам албатта нималарга амал қилиши кераклигини ўзи яхши билади. Орангизда ҳаваскор шоирлар кўп. Марҳамат, энди навбат сизларга. Энди сизлар ўқийсизлар, мен эшитаман.
Шундан кейин болалар бирин – кетин чиқиб шеър ўқий бошлади. Мен Рауф акани ҳамон кутатиб ўтирардим. Рауф ака, болаларнинг қўлида қолган, савол ёзилган қоғозларни йиғиб ола бошлади. Уйда ўқиб кўраман, сизларни нима қизиқтиришини билиш, мен учун муҳим – деди. Ва қоғозларни бирма – бир буклаб, ён чўнтакларига соларди. Баъзилар, ёнларидан Рауф аканинг китобини чиқариб, дастхат ёздириб олдилар. Дастхат олаётганлар кўзимга дунёдаги энг бахтли болалар бўлиб кўринарди. Менга эса, ҳатто китобни ушлаб кўришга ҳам беришмасди.
Кейин, тун ярмидан оққанда Рауф ака кетди. Рауф ака билан биринчи учрашувим мана шундай бўлиб ўтганди. Кейин, Рауф ака билан кўп маротаба кўришдим. 80-йилларда шоирлар тез – тез кўришишар, битта шеър устида тонггача баҳслашиб, ёқалашиб чиқарди. Ҳеч ким бир-бирини тан олмасада, бир – бирини ёзганини ҳеч ким ўқимай қўймас, қаердан бўлса ҳам топиб ўқир, ва албатта ўз фикрларини билдирар, танқид қилар, таҳлил қилар, яхши ёзилган шеър бўлса ёд олар, ёққан жойларини бир – бирига ўқиб берар ва шундан ҳузурланишарди. Рауф ака ҳамиша шу давралар марказида бўлар, баҳслардан, мунозаралардан, тортишувлардан, суҳбатлардан ҳеч чарчамас, худди ўзига касб қилиб олгандай, деҳқон ҳар йили қовун – тарвуз ётиштиргандай, бу давраларга ҳар йили янги – янги шоирлар кириб келаверар, шу сабаб, 80-90, 2000 – йилларда шеъриятда бирор ёш шоир йўқки, Рауф Парфи суҳбатидан баҳраманд бўлмаган бўлса. Унинг оҳанграбосидан таъсирланмаган бўлса. Ҳамма, у ёки бу даражада Рауф Парфи дунёқарашидан, шеъриятидан таъсирланган, баҳраманд бўлган, улғайиши учун ўзига керакли маънавий озуқа олганди. Унинг таъсирига тушмаганларнинг эса бирортаси улғайгани йўқ. Уларнинг бари ном – нишонсиз йўқ бўлиб кетди. Бирортаси шоир сифатида шаклланмади.
Дунёда энг осон нарса Рауф Парфи билан учрашиш эди. Манманлик, кибр Рауф акада мутлақо йўқ эди. Рауф ака, йиқилганларнинг, хўрланганларнинг, очларнинг, камбағалларнинг, иши юришмаганларнинг, омадсизларнинг, муҳтожларнинг, бечораларнинг, заифларнинг, ожизларнинг дўсти эди. Бойлар, мансабдорлар, ғўддайганлар билан гаплашолмас, улардан ўзини узоқ тутар, ҳеч яқинлашмасди.
Ўзбек адабиётида бирор шоирнинг шогирди, Рауф Парфининг шогирдидан кўп эмас. Агар бошқа шоирларнинг шогирди ўнта бўлса, Рауф аканинг шогирди юзта эди.
Рауф Парфи ўзбек адабиётининг – Гамлети! Гамлетнинг отаси ўлгач, онаси отасининг қотилига тегиб, турмуш қуриб яшай бошлайди. Гамлет ҳам отадан айрилади, ҳам тахтдан. Она эса, қотил билан шодонликда кун кечирар, Гамлет ҳар кун, “ўлмоқ ё қолмоқ” дея инграниб ҳаёт кечиради.
Рауф ака учун ҳам ҳаёт шундай эди. Севган Ватани мустамлакачилар қўлида, ватандошлар эса, мустабид, қотил шоҳ қўлида, ҳеч нарсадан бехабар шод – хуррам ҳаёт кечирмоқда эди.
Рауф аканинг туну – кун инграб айтадиган сўзлари шу эди, “ўлмоқ ё қолмоқ”.
Ишончим комилки, шоирнинг машаққатли ҳаёт йўли ҳақида ҳали кўп хотира китоблар, мемуарлар, эсдаликлар ёзилади. Балки ҳужжатли филъм, фотоалъбом тайёрланар. Мен ҳам, Рауф ака билан биринчи учрашувимизни ёздим. Бу ёзганим кейингиларининг дебочаси бўлади деб ўйлайман. Уларни сизларга етказиш ҳам қарз, ҳам фарз. Буюк ўзбек шоирининг сўзлари –мендаги омонатлари эди.
Дунёдаги энг ёмон нарса маънавий кўрликдир. Рауф Парфи бизнинг маънавий кўзимизни очган, бизга тўғри йўлни кўрсатган шоирдир. Биз, ҳали ҳамон ўша йўлдан кетиб бормоқдамиз. Адабиётда нимаики топган бўлсак, Рауф ака кўрсатган йўлдан топганмиз. Нимаики топмаган бўлсак, Рауф ака кўрсатган йўлдан юрмаганимиз учун, топмаганмиз. Рауф акани унутганлар албатта яна маънавий кўр бўлишга маҳкумдирлар.
Рауф ака оламдан ўтгач адабиётимизда бутун бир давр алмашгандай, жуда бир катта адабиётнинг эшиги тақа – тақ ёпилиб, гиёҳ унмаган теп – текис қўриқ ерда қолиб кетгандай бўлдик. Ҳар куни кўришиб турадиган шоирлар, на ойда, на йилда бир кўришадиган бўлди. Янги шеърла ёзса, бирови – бировиникига югурадиган қадрдонлар, китоб чиқарса ҳам, роман ёзса ҳам бир – биридан бехабар. Шоир шоирни кўрса эснайдиган, тезроқ нари кетсайди, қаердан ҳам учратдим дегандай қўл учида кўришадиган бўлди. Буларнинг бари шеъриятга эҳтиромнинг йўқолиб бораётганидан. Шеъриятга эҳтиром кучли бўлса, шоирнинг – шоирга ҳурмати албатта юқори бўлади.
Энди бизни бу фалокатдан Рауф Парфи сингари шеъриятни севиш, Рауф Парфи сингари Ватанни севиш, Рауф Парфи сингари бу йўлда фидоийлик қилишгина қутқариб қолаолади. Адабиёт, адабиётнинг ёғини еб қутурганлар, бойиганлар, адабиётнинг бўйнига миниб, ҳар ёққа судраган, мансабдорлар, адабиётни сотиб, шарманда қилиб, эвазига унвон олганлар ҳисобига эмас, адабиёт жонини фидо қилганлар, ҳаёт йўлини бағишлаганлар, эвазига ҳеч нарса таъма қилмаганлар, адабиёт заҳматини чекиб ўлишни ўзига шараф деб билганлар ҳисобига тирик ва абадийдир. Сизнинг бу йўлда ёққан машъалангиз, токи Ер юзида ўзбек шеъриятининг ақлли битта муҳлиси бор экан, мафтункор ўзбек тилида сўзлашувчи бирор зот бор экан, албатта аланга сочиб туражак, Рауф ака!




Манбъа: http://dunyouzbeklari.com/2012/07/04/%D1%88%D0%B5%D1%8A%D1%80%D0%B8%D1%8F%D1%82-%D0%B3%D0%B0%D0%BC%D0%BB%D0%B5%D1%82%D0%
Рукн: Адабий ўйлар | Қўшди: Davron (16.07.2012) | Муаллиф: Муҳаммад Исмоил
Кўрилди: 699 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0