Чоршанба, 18.09.2024, 07:06
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Ўзбекистон » Наср

Чинободликлар
[i] ЧИНОБОДЛИКЛАР
(бахшиёна достон)
(Чинободлик Дадамирза қизиқ хикоятларидан)

Ҳой, яхшилар, сўз бошласа бахшилар, қулоқ осинг индамай, нонингизни кавшамай.
Омон- омон замондасиз, мустақил юртда арзандасиз.
Еганингиз сўлқилдоқ нон, омборингиз тўла дон. Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор. Ўзбекнинг бошидан ўтгани- ни, тортган азоб-уқубатининг ҳаммасини бир-бир достон қилсам, умрим етмайди.
Ватан- томирларда оқаётган қон.
Қаттиқ бўлса нима, беминнатдир нон.
Калхатсиз осмонда чарх урар қушлар,
Чангалзор бўлса ҳам ҳаққушга макон.

Эрталаб далага йўл олган сигир
Оқшом дарвозасин топади мағрур.
Ин қурган қадрдон ўрик шохини
Пати-ла безатар мусича қурғур.

Юрагинг соғиниб “Она” деган пайт
Шу битта қушчалик шукроналар айт.
Олис ўлкаларни мақташдан олдин
Юртингга атаб қўй камтарона байт.

Икки қатор шеъринг- қадр, қимматинг.
Бошинг силагани учун раҳматинг.
Меҳр-мурувватни билгани учун
Миллион йиллар боқий сенинг миллатинг.

Мўрингдан оқ тутун ўрласин, болам.
Эккан қовунларинг тўрласин,болам.
Химматинг тоғ бўлсин элим деганда,
Қуёшдек толеинг порласин, болам.

Менга Чинобод ҳақида, Чинободликликлар ҳақида гапиринг
дейишди. Гапирсам гапирай, шуҳратини оширай. Яхши гап ҳам бўзим бор, арзигуликлик сўзим бор.
Чинободнинг ўқ томири Одам Ато-ю , Момо Ҳаввода,
Бу ёғи Нуҳ алайҳуссалому унинг ўғли Ёфасда. Туркийнинг тўқсон икки томири Чинободда оқиб ётибди-да. Сабаби, бу ёғи Қашғар, у ёғи Қўқон, бу томони Қорақалпоғу у томони Наймон, бир-бирига қондошу жондош.
Чинобод йўлларида не-не саркардалару олим-фузалоларнинг табаррук излари қолмаган дейсан.Искандар ё Чингизхон бу ипак йўлидан ўтганига гувоҳ бўлмаганман, бироқ Андижоннинг Бобурдек шерюраги ё Шоҳ Машрабдек
“ҳақ” деб ёнган валиси ўтганига мен кафил.
Баъзилар “нимага Чинобод” дейишади. Яна қандай номлаш керак эди? Эли мард, оқил бўлса, тупроғига олтин кўмсанг, барг ёзиб юборса, қовуну олмаси, гуручу ўриги тилда достон бўлса, дарёсига балиғи кўндаланг бўлиб қолса, суви тошиб чиқса – Чинобод бўладида-да, иншаоллоҳ.
Зиғир ёғига бир лаган ошни еб олиб, шоти билан эмас, сакраб минганда от белини буккан йигитлар, сўзана-ю палак, дўппи-ю шоҳи белбоғларни эр кишисига ўз қўли билан тикиб кийдирган вафодор аёллари бор юртни яна қандай аташ керак, а? Ҳа, боракалло, Ҳар бир нарсанинг исми жисмига мос бўлсин-да, ота ули, а лаббай?!
Ўзбек доимо мард бўлган, танти бўлган, ўзига бек бўлган. Искандару Чингизларга мушт дўлайган. Бировнинг ҳақига хиёнат қилмаган, ўзганинг бир қарич ерини босиб олмаган, ўзиникини жон берса берган-у, бировга асло олдирмаган.
Гапларим қуруқ бўлмасин, агар сабр билан эшитсангиз,
бир Чинободлик йигит ҳақида сўз дейман, ана ўшанда бу юрт ҳақида , унинг мард, бироқ танти, аскиясиз, ҳазил, кулгусиз куни ўтмайдиган одамлари ҳақида билиб оласиз.
Ўтган асрда Гирмон деган юртдан бир қўнғиз мўйлов-Гитлер дегани чиқиб, кўп юртларни босди, эркагини осди. Унинг аскарига борган сари ёлланма аскар қўшилаверди, кўпаяверди. Чамаси, “ёв қочгач, ботир кўпаяди” деганлари шу шекилли. Хуллас, навбат бизнинг ёқларга ҳам етиб келди.
Бутун халқ ёвга қарши оёққа турди. Юрагида ватан хисси борки, урушга жўнади.Чинободлик Дали мерган, онасининг якка-ю ёлғизи, урушга олинди. Бўлмаса эна бечора Тўлғаной кампир қари-ки нарёғи йўқ. Йигитчилик-да. Кампир уйи олдида якка марвартак тут, “эй, болам-а,
тўрт мучанг доимо бўлсин бут”, деб Даливойни урушга кузатиб турган экан:

“Айиқ отган арслоним.
Елкаси дўнг полвоним.
Рўйхатдан ўтяпсанми,
Урушга кетяпсанми.

Уйлан десам уйланмадинг.
Бирор қизга бойланмадинг.
Уруш сенга ҳаммомпишмас.
Ҳазилдан ҳеч ким урушмас.

Тўлғон энанг қариб бўлган.
Эс – ҳушидан ариб бўлган.
Ўққа учмай саломат кел.
Ғолиб бўлгин, валломат кел.”

Дали мерган ҳам елкасига халтасини илиб, кетар вақти
бўлганини билиб, ”скотовоз” деган вагоннинг зинасига оёғини қўйиб, бир сўз деб турган экан:

Эна, бўлма хижолат.
Ўлиб қолмагин фақат.
Ўғлинг ўғил бўлди-да.
Қалби ўчга тўлди-да.

Мен урушга бормасам,
Ёв бўғзидан олмасам,
Юртга фарзанд бўлдимми,
Ё қўрқаман дедимми.

Гирмон битта айиқдир.
Битта ўққа лойиқдир.
Бориб шартта ушлайман,
Сўнг бошига муштлайман.

Қайтганда қиламиз тўй.
Эна, кўз ёшларинг қўй.

Николайдан қолган оташ арава Садир тегирмончининг қирчанғисидек роса қучаниб, пишқириб, гоҳ- гоҳида
ўшқириб, роса бир ой деганда Харкўп деган катта шаҳарга
етиб борибди. Ҳамма ёқ тўпалон, “от-от”,”қоч-қоч”.
Жон қутқазган ботир.
Дали мерган жанг олдидан ўрис камандирга”милтиқ бер,
сўнг ёғийни кўрсат,”- дебди. Яна “овқат егани коса бер,
овқатингни роса бер, мен айиқ овлагани келдим,”- дебди.
Даливой қирғинбарот урушни бошлаб турсин, энди
гапни Чинободда қолган Тўлғаной кампирдан эшитинг.

Кампирнинг отасидан қолган ёдгорлик тўқол эчкиси
бўлиб, ҳар куни унга қараб фол очар экан.
Отам боққан эчкимсан.
Энам боққан эчкимсан.
Соқолинг силкиллатмай,
Ҳеч бир гапни беркитмай,

Бир нарсани айтиб бер,
Тақдир бизга нима дер.
Ўғлимни уйлайманми.
Бошини бойлайманми.

Кампирнинг фоли шундай экан-ки, агар эчки думин кўтарса, ўғли урушдан эсон-омон қайтиб келади, тўй қилади, невара- чеваралар кўради. Агар эчки думини кўтар-
маса... худонинг ўзи сақласин.
Эчки ҳам анойи эмас экан.У ҳар куни бир кафт бир нарса-
лар еб олиб, думини баланд-баланд кўтариб, кампирни хурсанд қилиб ташлар экан.
Кунлардан бир кун эчки жунидан урчуқ йигириб ўтирган кампирни ҳаёл олиб қочибди.

Отаси қотма эди.
Анчайин содда эди.
Товуқни “кишинг” дерди.
“Қўноқдан тушинг” дерди.

Мардикорда юрганда,
Тўнкаларни ёрганда
Нўғой дўсти бор экан,
Роса қадрдон экан.

Оти ҳам Зиннат экан.
Софдил, беминнат экан.
Бирга бўтқа еганда,
“Откуда ты” деганда,

Айтса” мой дом вдали”.
Оқшом тушган маҳали.
Чолим қилибди ният,
“Ўлмайин қолсам албат,

Қайтиб борсам уйимга,
Омон етсам тўйимга
Эшит, дўстим, Вдали,
Ўғлим бўлади Дали.

Ҳаёлга ботиб кампир, ўтганларин эслаб бир-бир,
кам-кам кўз ёш ҳам қилибди, йиғлабди ҳам кулибди.
Шунда бирдан кўча эшик “тарақ” этиб очилиб, девордан
бир –икки кесак сочилиб, ҳассасини тўқиллатиб
Самсоқ сариқ почтачи кириб келибди.
Хат.Учбурчак хат.Тумор хат. Кампир ана-мана деб
йиғи-сиғисини тўхтатиб, ўзига келгунча Самсоқ сариқ жуфтагини ростлабди. Тўғрида, почтачига ҳам қийин.
Кўпинча хат келган уйдан аввал йиғи, сўнг катта-катта,
ёғлиққина қарғиш (бундан бечора почтачи ҳам кўпинча бенасиб қолмасди, гўёки урушни у бошлаган, “похоронка”ни у ёзгандек) эшитиларди.
Дали мерган хати бу мазмунда экан:
“Эна, тирик юрибсанми. Эчкинг сутдан чиқиб кетмадими,
ишқилиб. Қиш келай деб қолди. Қўшни болаларни чақириб,
ҳовлидаги қари тутни арралаб олгин. Томни қайта суваб беришга улгурмадим, аттанг. Мен яхшиман. Гирмонни уйигача қувиб кетяпмиз, хадемай ўлмасак, кўришармиз.
Қодир тоға борку, дадамнинг дўсти, ўшанинг остонасини супургин, эна.”
Турналар, ҳой, турналар.
Юрак ёмон тирналар.
Бу ерлардан кетинглар,
Чинободга етинглар.

Қорадарё бўйида,
Севганининг ўйида
Бир қора кўз гирёндир.
Соғинчдан хаста жондир.

Шамолларга айтинглар.
Хабар олиб қайтинглар.
Айтинглар, қайтар мерган.
Дали кўп ишни кўрган.

Отасининг боласи.
Онасининг боласи.
Вафо дейди жоласи,
Ҳар битта соч толаси.

Фақат кутсин интизор.
Ёмғирда, ёққанда қор.
У қаҳрамон бўлади,
Орден тақиб келади.

Турналар, ҳой, турналар,
Юрагимда бурмалар.
Чинободга ёзай хат,
Жавоб келтиринг албат.

Онаизор гирён. Боришга хайрон. Чунки ўғли айтган эшик анчайин баландда экан-да. Иккита зоғора, бир ховуч туршак ва нонжийдани дастурхонга ўраб, Тўлғоной кампир Қодир омборчиникига совчиликка жўнабди.

Кампир Чинободда совчиликда юриб турсин, энди
гапни яна Дали овчига бурамиз.
Дали мерган кўп қатори даҳшатли қирғинбаротда жанг қилиб, жон олиб, жон бера бошлабди. Эҳ -ҳа,қанчадан
қанча душманни қириб ташлабди.
Отинг ўчкур уруш, бандаларни бошига не кунларни солмаган дейсиз. Даливойга ўхшаганлар-ку бўйраси бўлса устида, бўлмаса ерда ҳам думалаб ётиб- туриб кетавериш- ган. Аммо онасининг иссиқ кўрпасига, сергўшт овқатига ўрганганларчи? Душман қаҳр билан ҳар томондан ўт ёғдириб, қиёмат бўлиб турганда думини хода қилиб жони чиққанча қочиб берар экан-ки, уларни на илтимос ва на буйруқ билан тўхтатиб бўлар экан. Шу сабаб энг катта камандирнинг буйруғи билан ҳимоядаги аскарларнинг ортига энг дийдаси қаттиқ, етим болалардан яна бир қатор,
яъни“қоратўнлилар”(карательний) аталадиган аскар қўйиб қўйишар экан. Улар нима қилишади денг? Жуда осон, ортига қараб қочганларни отишган.
Лекин бизнинг Даливой бирор марта ҳам орқасига қарамабди. Йўқ, бўйни оғриганидан эмас, юрагида ёли
бор экан-да ўзиям.
Ўқ –дори етишмайди. Ҳар бир ўқ ҳисобда. Иложи бўлса, душмандан қарзга олиб отилаётган пайт –ку ахир. Даливой бирорта ҳам ўқни увол қилмас экан. Кўз ҳам лочин кўз-да. Иложи бўлса, бир ўқ билан иккита фрицни ўлдирар экан. Ие, нимага ишонмайсиз, ахир немис ҳам одам. Унда ҳам бола- бақра бор, энаси бор. Қўрқиб кетганида бир- бирин қучоқлаб, энасини эслаганини Дали овчи айтган жойига олиб бориб қўяверган бўлса, менда нима айб ахир.

У бевафо дема ёр.
Ишқ тотидан кечганим-
Қайда дўзах, олов бор,
Шу ёқларга кўчганим.

Ҳа, мен энди ёвқувар.
Жанг қилиш қандай роҳат.
Энди мени тиғ суяр,
Бўсалар ундан фақат.

Вафосизман сен учун.
Алдагандек ёш юрак,
Юртни бой берганим кун-
Сени сотганим демак.

Бора- бора унга “санайвер”(снайпер) деган исм қўйиб
қўйишибди.Сабаби у ўлдирган душманларнинг ҳисобини
чиқариш учун яна битта солдат керак бўлар экан. Ҳар бир
солдат ҳисобда. Камандири Даливойга қараб дебди:
-Сартти боласи, энди сен чўнтагингга доим тошчалар солиб юр. Ҳар бир ўлдирган фрицинг ҳисобига битта тош қўшсанг, ҳисобингдан адашмайсан.
Энди мен Даливойни роса мақтагандек бўляпман.
Тўғри, у ҳам одам боласи. Болалигида сутни хомича роса
эмган. “Нарушена” ҳам қилиб турарди. Бир воқеани айтиб бераман.
Кунлардан бир кун аллақайси байрам арафасида солдатларга совға сифатида тирик чўчқа олиб келиб беришибди. Нима қилиш керак- сўйиб, ейиш керак. Қизиқда, қизғин уруш кетяпти. Атрофда тирик одамлар
каптардек потир-потир қилиб, бир пасда “оёғини узатиб”
туришибди-ю, қассоблик қилгани ҳеч ким унамасмиш.
Шунда Даливой “Бисмилло, Оллоҳ акбар” деб валади тўнғизнинг бўғзига пичоқ тортиб юборибди. Жонивор бўғ-
зи кесилган ҳолда бир қочиб берибди, бир қочиб берибди. Қани энди уни ушлаб бўлса.
Ҳайвонда. Қочсанг ўзимизникилар томонга қочмайсанми, номард. Йўқ, албатта, немислар окопи томонга қочиши керак.
Бизнинг йигитлар ҳам оғзидаги ошини олдириб қараб турадиганлар хилидан эмас-ку , албатта. Чўчқа ортидан қувиб кетишибди. Буни кўрган немислар душман ҳужумга ўтди деб ўйлаб тирақайлаганча энасини уйи томон қочиб қолишибди. Баъзи ўта қўрқиб кетиб, оёғи шол бўлиб қолганлар асирга тушишибди. “Ура-ура”, “яшасин-яшасин”.
Муҳим тепаликни қўлга киритганлари учун камандирга орден, солдатларга яна битта чўчқа, Даливойга бир хафта-
лик “гулбоғ” инъом қилишибди.
Уруш уруш-да. Унда оққан қон Қорадарё, кўмилмай
ётган ўликлар баъзан Асака адирларидан баланд бўлиб кетади. Оқни оққа, қизилни қизилга қўшиб, Шахрихон-
ликларнинг муз ўрасига беш- ўн баробар келадиган катта-
катта “яма”лар қазилади-да, жасадлар “оптом” ташланади.
Ўрис “пусть земля будет пухом” деса, мусулмон “худо раҳ-
мат қилсин” дейишга ё улгуради, ё йўқ.
Энг қизиғи, бирорта одам миллатингни суриштир-
майди. Миллат иккита- ё бизники ё душман. Учинчиси йўқ.
Эътиқод ҳам шундай.
Шунақа гаплар. Сен билан мен хозир аччиқ кўк чойни
шопириб ичиб ўтириб бугунги тинч, осуда кунларимиз
қадрига етяпмизми? Бу омон-омон замон ўз ўзича
қўлга киритилган деб ўйлаймиз-да,а?!
Гапнинг энг қизиғи энди келади, носвойни узат,
болам. Чунки ота-онангга кимникига совчиликка бориш-
ни айтиш осонмас-да.
Мана, мен. Бир вақтлар раҳматлик кампирим билан
аҳду-паймон қилишиб, харбийга кетганман. Уч йил Дальний Востокда морской бўлиб хизмат қилдим. Ана қизлару мана қизлар. Харбий кийим бўйимга “қуйиб қўйган”дек ярашган. Мўйловни кунда уч марта ёғлайман. Патинкани-ю қўявер. Уч марта тансага ҳам борганман. Э, гапирсам, гап кўп. Отамнинг ўғли бўлганман-да.

Қўшни маҳаллага боролмайман, дўст.
Кўчасида бемалол юролмайман, дўст.
Оёғим қалтирар ўйласам хатто.
Бир марта борганим бўлди чўнг хато.

Юрак боргин дейди, бор дейди дадил.
Оёқ ортга кетар, танам зил- замбил.
Отам эшитмасин, билмасин онам,
У ёқда яшайди кўзи ўт санам.

Дарвозаси осмон ўпар тоғ экан.
Йўллари тиконлар, тиғ, яроғ экан.

Фақат ой келтирар хабарлар тунлар.
Сувга чиқар эмиш ҳар жума кунлар.

Қани энди ҳар кун жума бўлсайди.
Жамолини кўриб, кўнгил тўлсайди.
Оғир экан ошиқ қисмати, жўра.
Ўлганим яхшийди бу кундан кўра.


Ваъдага вафо –марднинг иши.Бирор марта кўнглим бузилмабди-я, қара.
Қайтиб келгач, трактор миндим, культивация қилдим, фермада ишладим. Умр ўтиб боряпти, тўйдан дарак йўқ.
Бир кун, думбул пишиғи вақти, шайтон йўлдан урди-ёв.
Ярим кечаси даладан келсам остонада дадамнинг бир қулоч
келадиган калиши турибди. Икки дона думбулни олиб
(ўзиям хрушчевнинг нақ бир метрлик келадиган маккаси эди-да , занғар) калиш ичига тиқиб ташладим.
Эрталаб турсам, жим- житлик. Бувимга “дадам қани”
деб сўрасам, бир хўмрайди. Тракторни миниб, далага
қочдим. Бир ҳафта уйга келмадим. Қиз томон ҳам тайёр турган экан, тўй бир ой ичида бўлиб кетди, қара-я.
Мана, тўртта ўғлим бор, худога шукр.Аммо, ҳеч қачон
калишимни остонада қолдирмайман, ҳовлимга макка ҳам экмайман.
Сенларчи, сенлар...ҳали телефон қиласан, ҳали
“эссомис” жўнатасан. Марожна егани кунда чақирасан.
Ҳе, ўргилдим. Яна ўғил туғмаяпти деб хафа ҳам бўли- шасан. Қази еганмисан ўзи, қимиз ичганмисан, ўғил бола.
Ҳа, майли. Қаерда тўхтагандик. Совчи масаласи эди.
Тўлғон кампир қўлтиғига қистириб борган чўлтоқ супургиси билан Қодир омборчининг дарвозаси олдини супура –супура шундай хиргойи қилиб турган экан.

Одам Атодан мерос,
Момо Ҳаводан мерос,
Урфларингдан айланай,
Ўзим парвона бўлай.

Дарвозани очинглар.
Шум ниятлар, қочинглар.
Тақдирга овчи келди.
Бой қизга совчи келди.

Муҳаммаднинг уммати,
Ҳар ҳовлининг зийнати-
Элу юртга ош бериш,
Тўй қилиб кўкрак кериш.

Ҳикоямнинг энг қизиғи энди келади, болам.
Чунки, учбурчак хат бу ерга ҳам етиб келган экан-ки,
омборчи бечора бир хафтадан бери кўчани хеч
кимга супуртирмас экан.
Омборчи деганда эл-юрт ўртасида дарров хўппа семиз,
пак-пакана, доимо терлаб юрадиган нафси ёмон, бошлиқ- ларга “падхалим” кимса тушунилади. Афсус.
Қодир омборчи ундайларнинг “ваабши” тескариси эди.
Уруш бошланганда биринчилардан бўлиб урушга кетишга
ариза ёзган Қодиржон табиийки, қолдирилди.Э, йўқ,сиз ўйлаганчалик “кечқурун кўрпасини хўл қиладиганлардан”
эмас эди у.
Бир вақтлар Даливойнинг отаси Қамбар мерган билан
роса ов қилишиб юришган улар. Улар отмаган қирғовул,
қуён, ёввойи ўрдагу ғоз қолмаган бу депарада. Ботқоқдаги
каламуш, даштдаги тулки терисини ўйлаб, кечалари йиғлаб чиққан, Қорадарёдаги ғазалари кириб қолган балиқдан
куну тун тебраниб турган.
Бу ишлар қачонки Қодирнинг кўрсаткич ва ўрта бармоғи-
ни тўқайда мегажин тишлаб олгандан кейин бас қилинган.
Тўғрида, йигит, “боласи бор мушук йўлбарс бўлади,
халол овчи ўлжанинг эркагини отади,” деган гап ҳам бекорга айтилмаганда.

Қодир омборчи кичик бўйли, кам-кам соқолли,
иягида ёшлигидаги юқумли касалликдан ёдгор қолган
бир сиқим бужурлари бор камсуқум инсон эди. Қўли очиқ,
хайри-худойилик зот эди.
Хозир орадан шунча вақт ўтибди-ки, ўйлаб ўйимга етолмайман, нима учун раис Тожибоев шундай сахий одамни омборчиликка қўйиб қўйган экан...

...Ҳамқишлоқлар, ошналар,
Қизиқ гапга ташналар.

Чинободда полвон кўп,
Сўз устаси инсон кўп.

Битта мерган баҳона,
Достон айтдим мардона.

Сўзларимнинг чини кўп.
Лофи ҳам бир тўп- бир тўп.

Яхшини мақтаб айтдим,
Ёмонни ниқтаб айтдим.

Чой сўрасам- мой берган,
Юлдуз эмас, ой берган.

Юртда мерганлар сероб,
Ёзсанг бўлар минг китоб.

Қолганин айтай кейин.
Қизиқ экани тайин.

Чинободликлар шундай халқ ўзи азалдан. Дабдурустдан
тушуниб олиш осон эмас бизларни. Бир қарасанг мўмин-қобил, ичимдагини топ деймиз. Доимо кумуш баркашдек ялтираб турадиган кетмонимизга ош солиб берсанг еб кетаверамиз. Бир қарасанг, дарёдек шошиб, тоғлардан
вулқон каби тошиб, ҳамма ёқни ёндириб кетадигандек важоҳатимиз ҳам бор. Ҳаммаси муносабатга, муомилага боғлик. Бешикдаги боламизга ҳам дўқ қилишса, энасининг кўкрагидан воз кечса кечади-ки, мўлтираб қараб турмайди.
Одамгарчилик, меҳр мурувват бобида элимизнинг олдига тушадигани йўқ. Айниқса меҳмон келганда.
Меҳмон эшикдан кириб келади, товуқларимиз навбат билан катакдан чиқиб келаверишади. Қисматларини билишади-да.
Ўтган баҳор Тошканда санатория қилдим.Ўзиям
нақ ўттиз йил деганда борибман-да пойтахтга. Болалар
қўйишмади, “ота, бир бориб кўринг, шунча ўзгариш,
шаҳарни кўриб кўзингиз қамашиб кетади. Кенг, равон кўчалар, осмон баробар бинолар, ҳамма ёқ озода ва
файзли. Ҳамма хурсанд, ҳаракатда. Бир –бирларига меҳрибону хокисор” дейишди. “Хайр, майли. Борсам борай,
кампирнинг боллари. “Оммолекин, айтиб қўяй,” дедим,
“бу санатория дегани синатория деганидир,” дедим. Яна Сурхонданми, Бухородан келган меҳмонларнинг олдида мени “парот” қилиб қўйишмагин, тез--тез хабар олиб туришсанг– борганим бўлсин дедим.
Ҳақиқатдан ҳам болларим алдашмабди, катталарга
кўп раҳмат. Мустақилликнинг 22 йиллиги арафасида пойтахтимизни роса айландим. Мана сизларга жаннат. Чиройли оврўпача уйлар, кенг равон кўчалар, покизалигу қут-барака. Мустақиллик майдонида тўлқинланиб кетдим.
Одамларнинг юзида эртанги кунга ишонч ва ғурур шундай балқиб турибди. Бозорларни айтмайсанми, бозорларни. Шунчалар шинам ва обод, йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Сотувчилар чиройлик кийимларда, бирам ширин сўз.
Кўчларга машина тўлиб кетган.Ўзимизнинг , ўзбекнинг ишлаб чиққан мошинлари оққушлардек сузади-я. Ё қудратингдан.
Тошкентни чиройли бўлиб кетганини кўриб бир йиғладим-бир йиғладим. Нега дейсизларми, ахир шундай омон- омон кунларни кампирим кўрмай кетди-да раҳматлик. Бутун умри дала –даштда ўтди. Кийгани оқ суруп, егани қоқ нон. Саккиз болани туғиш бўладими,
уларни боқиш бўладими. Шунча йил бирга яшаб бирор
марта “шаҳарга олиб боринг “ демабди, чўпоннинг қизи.

Ўзбек дегани бу- сабр дегани,
Соқолига элига қалқон отахон.
Ўзбек дегани бу- қадр дегани,
Оппоқ рўмоллик бир мунис онахон.

Ўзбек дегани бу-меҳнат дегани,
Жафокаш тупроқ бу, жафокаш тупроқ.
Ўзбек дегани бу-ҳиммат дегани,
Номуснинг ўзи у, вафога ўртоқ.

Ўзбекнинг олтиндан тожу тахти йўқ.
Кетмон бор қўлида, кумуш қадоқ бор.
Бир этак фарзандсиз шодлик, бахти йўқ,
Ахир фарзанд билан олам мунаввар.


Сочлари қирқилган, қирқилмаганим,
Қошидан ўсмаси кетмаган қизлар,
Ахир сиз эрурсиз менинг чаманим,
Юлдуз ўзингиздир, оймомо сизлар.

Булут қуёш юзин тўсиши мумкин.
Ўзбек келинчагин жамолин эмас.
Сохта санъатларга тамшанган бу кун
Ўзбек бўлолмайди, ўзлигин билмас.

Тарихнинг эринчоқ созандалари
Шодлик куйларини чалишар дадил.
Ўзлигин таниб, бу юрт болалари
Ўзбекистон бўлди, мангу мустақил.

Тошкент борганимда бир ҳамхонам Чинобод ҳақида “Чинобод Китобдан каттами, кичикми ҳамсоя” деб қизиққан эди. Мен янги танишимга :
“Дўстим, биз агар Андижонда туриб Бойсуннинг осмон
ўпар тоғлари билан мақтана олсак, Яккабоғга борганда
Наманганнинг ширин олмаларини эсласак, Қашқадарёнинг “тандир” гўштини, “жиз”ини еб туриб, Чинободнинг дев-
зира палови таъмини туйсак, қаерда бўлмайлик, ўзбеклиги-
миздан ғурурланиб, бошқа миллатларга ҳам меҳр билан
қарай олсак, Ўзбекистон фарзандиман дейишга ҳақлимиз”
дедим.
Дали мерган ҳикоясини сизларга бежизга сўйламадим.
Ватан учун, унинг озодлиги учун, бахти, шону шавкат учун
тер тўккан, керак бўлса жонини берган инсонлар юртимизда
миллионлаб бўлган. Ҳозир ҳам бундайлар керак бўлса, шунча топилгайдир. Ватан шундай хурматга лойиқ хилқат.
Илоҳим, шундай мард ўғлонлари бор юртимизга кўз тегмасин, болам.

Зуҳриддин Исмоил
[/i]



Рукн: Наср | Қўшди: 4328663z (16.05.2014) | Муаллиф: Зухриддин Исмоил E
Кўрилди: 1524 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0