Чоршанба, 18.09.2024, 06:57
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Ўзбекистон » Наср

“Кеча ва кундуз”га етишган кун
ШОКИРЖОН МАҲМУДОВ
(1944-2012)
Андижон вилояти Балиқчи тумани Чинобод шаҳарчасида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган.
Республиканинг бир қатор етакчи нашриёт ва нашрларида, олий ўқув юртларида, шунингдек хўжалик ва ташкилотларда ишлаган.Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси бўлган.
Унинг “Ёрқин лаҳзалар”, “Ижодиётга ошуфта кўнгил” ва
“Саодат боғи” номли рисолалари чоп этилган.

“Кеча ва кундуз”га етишган кун

Абдулҳамид Чўлпон ҳақида узуқ-юлуқ гаплар кўп бўладиган даврлар эди. Шоирнинг айрим шеърларидан
топиб олиб, ёдлаб юрардик. “Бир тутам сочларинг менинг қўлимда”...деб бошланадиган “Сирлар” шеъридаги
Сочилган сочингдек сочилса сиринг,
Анор юзларингни кимга тутасан.
Ўзинг- ку уларда вафо йўқ дединг,
Нимага уларни тағин кутасан,–
каби мисралардаги оҳанг қалбимизни бутунлай сеҳрлаб қўярди.
1970 йилларга яқин таниқли олим Озод Шарафиддинов
жонбозлиги ва дадиллиги туфайли “Тирик сатрлар” шеърий тўплами чоп қилинган. Бу тўпламда Элбек, Боту, Чўлпон,
Шокир Сулаймон каби қатағон бўлган шоирларнинг шеърлари жамланган эди. Лекин бу китоб тарқалмай туриб, йиғиштириб олинган.
ТошДУнинг филолдогия ва журналистика куллиётини тугатган айрим тенгдошларимиз пойтахтдаги нашриёт, газета ва журнал, музей ва телевидение каби ижодий ташкилотларга баҳоли қудрат ишга жойлашдилар.
Бирор янги китоб топсак бир –биримизга “оширма”
қилиб ўқиб чиқардик. Биз билан ёнма- ён нашриётларда
ишлайдиган (ўша вақтлар муаллиф “Ўзбекистон” нашриётида фаолият олиб борган.–З.И.) Рауф Парфи ва
Мирпўлат Мирзаевлардан Чўлпоннинг кўплаб шеърларини кўчириб олиб, ўқиб юрардик. Иш вақти тугагач, чойхона ва гузарларга тўпланиб, адабий баҳсларимизни давом эттирардик.
Бир куни гурунгимизда асли жиззахлик бўлган Келди
Қодирий (Оллоҳ раҳмат қилсин) деган шоир дўстимиз
-Мен Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейида ишлайман,-деди барчани диққатин ўзига қаратиб. – У ерда
Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” деган романи сақланяпти.
-Жуда зўр!- деди Рауф ака ҳаяжонланиб,- менда битта фикр бор. Келдивой ўша китобни 3-4 кунга деб сўраб олса...
Биз уни машинкада кўчиртириб олардик!
Роман ҳақида хабар берган Келди Қодирий ҳам бир оз тин олиб қолди. Сабаби Давлат музейидан китоб олиб чиқиш... ғоят мушкул эди.Яна бунинг устига Чўлпоннинг китоби-я. У пайтларда қатағон қурбонларидан бири бўлган
Чўлпон ҳақида гапириш ҳам “гуноҳи азим” эди.
Орадан кунлар ўтди. Ҳар доимгидек ишга якун ясаб,
“Навоий, 30” дан чиқиб кетаётсам, Келдивой шаҳдам қадамлар билан йўлимдан чиқиб қолди.
-Шошма, дўстим,- деди у ҳаяжонини босолмай. “Кеча ва кундуз”ни олиб келяпман. Бировга оғиз очма. Фақат тезроқ
кўчиртириб олсак бўлгани. Директоримиз Ҳамид Сулаймоннинг ўзидан “ўқиш”га деб олдим.
-Яша, дўстим!– дедим мен.– Хўп десанг, уйда машинкам бор, ўзим кўчираман!
Шундай қилиб, интиқиб кутганимиз– Абдулҳамид Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романига 1971 йил 10 октябр куни етишган эдим.
Амал- тақал қилиб, овқатгланиб олгач, бу ноёб асарни машинкада кўчира бошладим.
“Ҳамал кирди- амал кирди. Қиши билан қорнинг тагида музлаган ернинг танига қон югурди...” Асарнинг бошланишиёқ сизни ажиб бир гўзалликлар олами сари
етаклайди. Китобдаги ўта ҳаяжон ила битилган манзаралар, бетакрор образлар ифодаси ноёб исътедод соҳиби Чўлпондек сўз сеҳргарини Сизга янада азизу мукаррам қилиб қўяди.
Зеби, Зеби, Зебона,
Мен ишқингда девона.
Сени сотди ўз отанг,
Мен бўлайин садағанг.
Оҳанглар оғушида сел бўлиб кетасиз. Хуллас 6 кун ичида 394 саҳифалик “Кеча ва кундуз”ни кўчириб бўлдим.
Уни тез орада муқовалатиб, китоб ҳолига келтириб олдим.
Орадан қирқ йил ўтди. Чўлпон номи оқланди. Қатор-
қатор китоблари ( шу жумладан, “Кеча ва кундуз ҳам) чоп этилди.
Китоб жавонимда эса ҳануз машинкада кўчирилган “Кеча ва кундуз”ни авайлаб сақлайман.





Манбъа: http://Чинобод чироқлари китобидан
Рукн: Наср | Қўшди: 4328663z (16.05.2014) | Муаллиф: Шокиржон Махмудов
Кўрилди: 1480 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0