Пайшанба, 19.09.2024, 22:15
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Ўзбекистон » Наср

Жўнатилмаган мактублар
Комил МАЖИД
ЮРАГИМ. Юрагим десам сен – юрак нима дея сўрадинг, мен билмадим, дедим. Аслида ҳам ўша дамда юрак нима эканлигини билмас эдим. Асли бахтга кўмилиб яшаган кўнгил ўз қадрини ҳам, ўзга қадрини ҳам билмайди, умуман ўзининг кўнгил эканлигини ҳам унутади. Кўнгил қачонки ёлғиз қолганда, ёлғизлик эзганда, тўғрироғи ёлғиз эканлигини сезганда бир оҳ уради ва бу оҳ юракни йиқитади, ана шунда юрак нима эканлигини англаб қоламиз. ЮРАГИМ. Юрак бу сенсан, азизам! Барча ёзганим, барча кўнглимни энтиктирган, юрагимга энг ширин оғриқ берган, ўзи суйдириб, ўзи куйдириб, ўзи даволаган хаёлий дилбаримсан.

АЗИЗАМ. Гуноҳларим бўлса хатоларимдан, гувоҳларим бўлса жўраларимдан, мени суймаганни эса суйганларимдан топдим. Барча қилган илтижоим илинжида сенинг номинг мужассам, барча қилган хатоларим ўкинчида менинг севгим топарсан. Мен суйган инсон кўзимга мўъжиза кўринди, мени суйганларни ахтаришни беҳуда билдим, лекин барибирам хаёл саҳросидан топганим сен эдинг АЗИЗАМ. Бу бағир аталмиш кўхна асотир азоб бериб келади, аммо қанчалар азобламасин, бу кўхна кўнгил сени бағрида сақлаб келадики, шунинг учун ҳам бу менга азиз. Юракнинг шодлиги, қайғуси, орзу-армони – сен, шунинг учунми қанчалар сени севмайин, айблагим келади, айблаганим сари барибир –
С Е В А В Е Р А М А Н !

БОКИРАМ. Ғамнинг парчаси ҳам дилга оғир ботади, бугун эса парчалар эмас, ғамнинг ўзи кўксимга қулади, бунчалар оғир юк мени янада фироқ бешигига белади, мени ечиб оладиган, ҳаётга қайтарадиган висол онларингни қайтаришингни сўрайман. Бу дунёнинг бахти мен учун бир дамлик рухсоринг эканлигини унутма, БОКИРАМ. Сен билан кўришмоқ қисматда бўлса қисмат учун мен нисор, ўшал дамда дилимга сиғмай қолган туйғуларимни дилингга тўкишга дил орзуманд, лекин бугун юракка сингаётган бир ҳовуч ҳижрон бир куни вужудимни бир бутун ҳижронга айлантириб қўймаса деб қўрқаман. Бу қўрқувни дилдан ҳайдамоқ учун, юракка ҳижрон ўрнига бахтни тикламоқ учун, асосийси висолга ташна кўнгил саробга кетиб қолмаслиги учун ҳам, менга бир дамлик висолинг керак.
05.10.2000

ДИЛБАРИМ. Кўзларинг менга ўзлигимни англатади, кўзларингга бир нигоҳ ташласам бас, мен ўзимнинг қанчалар абгор эканлигимни, муҳаббат мени қай кўйларга солганлигини тушунаман, ўзим-ўзимдан чекиниб сен менга айланасан, биз бирлашамиз, бир дамлик нигоҳ бизни бирлаштиради, ҳижрон азобидан қутулган юрак тоғларга акс-садо бериб янграйди, асл бахт – бир дамлик бўлади. ДИЛБАРИМ. Сен шунчалар дилбарсанки, кўрганда сўзлашни, кулишни, йиғлашни, хаёл суришни, умуман борлиқни унутаман, бу ҳолат нима эканлигини билмайман, билишни истасам хаёлга чўмиб сендан чалғишдан қўрқаман. Сен – мендан устун келган, иродамни аллақаёққа ирғитган бетакрор кучсан М У Ҳ А Б Б А Т !
18.10.2000

ГУЛИМ. Нечун юрагимга сиғмайди севги, сендан топганларим нажот қўлимда йиғлаётган қайғу парчаси, азбаройи Худо келгандай бало пешонамдан шўрим томчилаб турар, юрак туйғуларга тўлиб кетади, бироқ сен бўлмагач бу бикиҳ хонада туйғулар ҳам чириб борар кундан кун. Ушбуларни ёзаману ўйлайман, такрор – сендан ранжишимга асосим борми, сендан кечишимга, балки индамай сени севишимга асосим борми? Билмадим буларнинг бари телбалик ва ё тўғриликми, тағин билмадим, лекин не бўлса ҳам менга дунёда, сенинг борлигингдан яхшироғи йўқ. Гоҳида ортиқча даҳмазалардан холироқ жойларга кетгим келади, лекин қалбим фақат сенинг ишқингга, сенинг висолингга интиқ туради. Бир дамлик дунёда оний лаҳзалик висолингдан жудо қилмагин ГУЛИМ!
22.01.2001

ЁЛҒИЗИМ. Дунёга келиб топганим ҳам, йўқотганим ҳам – ўзинг, сен буни билишинг, ҳис қилишинг керак. Мен - ёлғизман, сен билан – тенгсизман, сен менинг хаёлларимни обод этсанг бас, хаётим шу хаёллар билан нурафшон. Мен қанчалар ёлғиз бўлсам, сенинг ҳам шунчалар ёлғиз бўлишингни истайман, чунки ҳаётда икки ёлғизгина бир бутун бўла олади, уларнинг бир бутунликда ғамлари – шодликка, хаёллари – ҳақиқатга айланади. ЁЛҒИЗИМ. Асли ғариб кўнгил ғарибона яшайди, ўзидек ғарибларни қўмсайди юз йил, минг йил кутсада кутишдан чарчамайди, унинг учун муҳими кимнидир кутаётгани, у келадими, йўқми барибир, унинг учун фақат унинг борлиги етарли. Сен ҳам ёлғиз бўлсангда, кўнглингни қанчалар ғариб бўлсада кутишни канда қилма, асли кутишни эплаган юрак сева олади, нафратлана олади, мен эса кутганинг м е н бўлишини истайман, холос.
04.02.2001

Севги бизга берилган инъом,
Уни кўздай асрагин гулим.
Кўрсат фақат унга эҳтиром,
Шунда ишқдай бўласан сўлим.
Зардоблардан тозаради дил,
Тўлар унга энг хушбўй гулоб.
Аввалгидан нафисроқ кўнгил,
Бошқачароқ уради юрак.
Балки биздай ғариблар бўлмас,
Лекин биздан буюклар ҳам йўқ.
Биз келганмиз дунёга сармаст,
Ва насибдир шундай яшамоқ!


ДИЛДОШИМ. Кўнгил чекинмасин экан, кўнгил чекинса бағир бўшаб қоларкан, бўш жойга нафс, хирс, таъма, кибр каби чиркин нарсалар уя қураркан, кўнгил кенг, тоза бўлса вужуд – пок, руҳ – шодмон яшаркан, муҳаббат ҳам оппоқ беғубор дилга қўнаркан, фақат бу жойда зарра ғубор бўлмасин экан, акс ҳолда муҳаббатнинг парчаси сиғмай қоларкан, ўша парча муҳаббат – ҳижронга, зарра ғубор – хиёнатга айланаркан. ДИЛДОШИМ. Биз ҳам энди дилни тозалайлик, қайлардадир дайдиб юрган висолни чорлайлик, бизни муҳаббат яратган энди, ҳам муҳаббат қўлидамиз, у хоҳласа – юксакликка, хоҳласа – тубанликка бошлайди. Гул – қабристонда ўсса ҳам гул, тикон – чаманзорда ўсса ҳам тикон, шунданми, хиёнат ҳам муҳаббатга фарзанд, фақат оқ бўлган фарзанд, лекин ўгай фарзанд ҳам гоҳо онасини йўқлаб туради, шуни унутма, дилдошим. Демак бизга оппоқ – дил, гўзал – муҳаббат, абадий – висол даркор.
04.02.2001

Ҳеч кимга айтмаган сўзларингни айт,
Ҳеч ким эшитмасин такрор бу сўзни.
Бу сўздан нафармон гулласин юрак,
Хуш бўйига кўмиб ташласин бизни.
Ҳеч кимга ўхшамас севгимиз, севгим,
Ҳеч ким тополмайди бундайин бахтни.
Кундан-кунга тўлиб бормоқда бағрим,
Такрор кўргим келар бахтли нигоҳни.



ДАРДКАШИМ. Соғинчларим изингга бориб тўхтайди, у ёғига изларинг бошлаб кетади. Энди юзингни умид даштидан ҳайдадим, фақат соянгга етган нигоҳимга ҳавасим келди, бу ҳавас ҳам умидлар ортидан чопаётган сояга ўхшайди, етиб етолмайди, ортга қайтолмайди. Қадрингни билган, қадримга етган дамлар атрофимда гирдимда изғийди, хаёл диёри – маконимга, ҳаёт девори – заволимга айланган, шу деворни йиқитган куним ўзим ҳам йиқиламан, лекин сенга етаман, сени ўша – менинг қўллариман тутиб турғизаётган ҳолатда тасаввур қиламан, ўша пайтда сен ҳақиқий дардкашим бўласан. ДАРДКАШИМ. Ўтган яхши-ёмон, хунук-гўзал кунларимизни унутолмайман, зеро лаҳзалик, асрлардек кунлар бизга висол ҳадя этди, ўша висол бизни умрбод тақдирдан қарздор қилиб қўйди, қарзни узиш учун умидлардан кечиб – аламларга кўндим, ҳаётдан қувилиб – хаёлда яшадим, суймаганни – суйиб, суйганимни – унутдим. Мени кечир, д а р д к а ш и м ?!
02.06.2001

ЭГАСИНИ ТОПГАН ИККИТА НОМА

СУЮКЛИМ. Ушбу мактуб ёзилдиким, сиз билан бўлган қисқа дамлик висол ҳосиласидан. Ўша пайтда дилимдан тилимга йўл топа олмаган истаклар мазмун-моҳияти, юракни домига тортаётган аланганинг ягона сабабкори – сиз! Дунё яралибдики, инсониятдан қолган энг эзгу амал, Аллоҳ инояти бўлган – муҳаббат. Аввало севги ҳар кимнинг ҳам кўнглини обод этавермайдиган энг эзгу ҳайрат. Менинг кўнглимга теккан – бу эзгу ҳайрат, бу ширин хавотир, бу буюк иноят эҳтимол сизнинг ишончингизни оқламас, балки ғашингизга ҳам тегар, лекин асосийси бу эмас, асосийси бунинг гувоҳи кўнгил бор, мен учун шунинг ўзи етарли. Фақат сиз ўзгаларга эмас, ўз кўнглингизга қулоқ солишингизни истайман, менинг истагим қанчалар тўғри ёки нотўғрилигини билмадим, билганим Аллоҳдан севмоқ ва севилмоқ бахтидан жудо эмаслигини сўрайман, холос.
19.10.2001

СОҒИНЧИМ. Аввало биринчи номага жавоб олмасдан иккинчисини ёзганим учун узр! Негадир ўша кундан буён кўнглим таскин-тасалли тополмай сарсон кезади, менинг бор халоватимни ўша бир зумлик висол олгандек, чанқаган киши баттар сувсагандек холатда қолдим. Умрнинг югурик кунлари ғашимга тегиб юрган ушбу кунларда, энди лаҳзалар асрларга татияпти, икки кун эмас, икки йиллик йўл юргандекман, бироқ ўйламангки, ушбу мактубни дарду ҳасратимни баён этиш учун ёзаётганим йўқ, шунчаки сиз билан мактуб орқали суҳбат қургим келди. Икки кундирки, соғинч ситамлари етмагандек, хижрон азоблай бошлади, ёрдамга дўстим шеър етиб келди, шеърни тушуниш, шеърга суянишдек ҳис борлиги учун ҳам Алоҳга шукрона келтирдим, гўзал шоирларнинг гўзал шеърларидан ёзмоқчи бўлдим, лекин улардан-да сизни қизғондим яхшидир-ёмондир ўзимникидан ёздим, фақатгина сизнинг ўқишингизни жуда хоҳлардим, БОНУ!
21.10.2001
БАХТИМ. Ҳа, сени бахтим дедим, ўша – сени бахтим деб шивирлаган дам, чиндан ҳам бахтли эканман, ўша ҳайқириқ, ўша нидо бахтимга исбот экан. Мен бахтга интилаётганларни кўриб қувонар эдим, кўнглимда тескари хаёл бўлмасди сира, лекин дунё шундай эканки, сенинг бахтингга ғайри кўз билан қарайдиганлар топиларкан (балким уларни одам сафига кўшганим учун ҳақиқий одамлар ранжир, бунинг учун улардан узр!) бундайларда кўнгил ҳам бўлмайди, кўкси чиркин нарсаларга тўла бўлади, туйғулари чириган десак ҳам хато бўлади, чунки ҳозир чириган бўлса ҳам илгари туйғу ўсган жойга яна нимадир экса бўлади, лекин умуман ҳеч нима ўсмайдиган тақир жойдан умид йўқ. Майли, улар ғийбату адоватларини қилаверишсин, фақат сен қалбингни улардан асра, ёмондан йироқ юр, зеро ёмон кунинг яхши бўлади, ёмон одам яхши бўлмайди. Сен менинг бахтимсан, ҳар доим бахтим бўлиб қол.
07.01.2002
ҚУВОНЧИМ. Юракдан кулинг, деган гапни кўп эшитгандим, лекин юракдан кулиш қанақа бўлишини, тўғриси, билмасдим, бугун эса...
Бугун эса ўзгача кун бўлди, ишонасизми-йўқми, юрагим кулди, оғриб-оғриб, ширин-ширин, энтикиб-энтикиб кулди. Юракнинг жилмайишини, дарднинг табассумини, кўнгилнинг шодлигини кўрмоқ бахти насиб этди ва бу насибадан юзу-кўзим, бутун вужудим каҳ-қаҳа отди. Сизнинг висолингиз бутун вужудимни қитиқлаётгандек эди гўё, мен телбалардек, ҳеч нимани ўйламасдан, ҳеч балони сезмасдан фақат юракдан энтикдим, лекин юрак кулганда ҳам оғрир экан, юракнинг кулгуси – йиғламоқ билан баробар экан, кулгунинг юки оғир бўларкан, шунча дардни, ғамни, аламни, не-не ситамларни кўтарган дил – кулгуни кўтармоққа қийналар экан. ҚУВОНЧИМ дедиму, бу қувонч юракнинг биринчи ва сўнгги кулгуси эканлигини англадим. Юрак йиғлаб-йиғлаб охири бир кулиб ўларкан.
14.02.2002

ДИЛКУШОМ. Яхшидир-ёмондир сенинг борингга шукр, неки ниятим бор, неки илинжим, сен билан, сенинг номинг билан пайваста. Нигоҳим маъвосида сен яшайсан, мен ҳам сенинг нигоҳинг паноҳида исинишни истайман. Дунёда нима бор, нима йўқ, бу мени қизиқтирмайди, фақатгина сенинг борлигинг учун ҳам, мен учун дунё бор, сенинг бутун борлиғинг бўлишини орзу қиламан, биргина табассумингни ҳам ўзгага раво кўрмайман, барча фазилатларинг, нуқсонларинг билан меникисан, ДИЛКУШОМ. Бир дилбарлик, бил дилдорлик бўлса шунчалик бўлар, малаксан дейману ўйлаб қоламан, у бир нурдан яралган пари, аммо сен тупроқдан яралиб нурдан бино бўлган малакдан устун турасан. Худойимнинг барча иноятларини, бандасига инъом этган барча сифатларини сенда кўргим келади. Сен менинг яхшимсан, дилкушом!
10.03.2002

Севги шундай бўлади асли.
Севги нурдай кулади асли.
Севги бизни қайда бўлсак ҳам
Соғинтириб қўяди асли.

Севги шундай нафисдан-нафис,
Севги кимга хасисдан-хасис.
Севги – гуллар ифоридир ё,
Ўз хуснидан хайратдаги қиз.


Рукн: Наср | Қўшди: Davron (17.01.2013) | Муаллиф: Комил Мажид
Кўрилди: 1115 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0