Пайшанба, 19.09.2024, 22:06
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Ўзбекистон » Шеърият

Қайдан келаётир уюр-уюр ғам...
Иқбол Мирзо

Дард

Қайдан келаётир уюр-уюр ғам,
Қайдан кўчаётир палахса ҳасрат?
Қайдан ёғаётир ширғоқдек алам,
Қайдан сизаётир лахта-лахта дард?

“Милт” этган шуъла йўқ, “йилт” этган учқун,
Ваҳима сузади баҳри муҳитда.
Оғриган чол каби руҳият тушкун,
Ўлимни кутгандек оғир сукутда.

Бундай чоғ дўст бекор, жанона бекор,
Фақат ғуссаларни тоширади май.
Туйғуларни эрмак қилган каби тор,
Суягингни тешиб ўйин қилар най.

Вақтики, ёришар чархпалак олам,
Жилва қилар руҳинг – ёғду тушган дард,
Аммо қайга кетар уюр-уюр ғам,
Аммо қайга сингар лахта-лахта дард.

Шавкат Раҳмон

Учиб-қўниб, учиб-қўниб шом-саҳарлар
Нафис санъат саҳнасида пойга кетди.
Шавкат Раҳмон қайга кетди, биродарлар,
Капалаклар учмайдиган жойга кетди.

Ким қуёшга солди ердан топиб гавҳар,
Ким кўнглига шуъла истаб ойга кетди.
Шавкат Раҳмон қайга кетди, биродарлар,
Чироқ ёниб ўчмайдиган жойга кетди.

Чорбозорда сўз ахтарар харидорлар,
Биров катта кетса, биров майда кетди.
Шавкат Раҳмон қайга кетди, биродарлар,
Ёлғон қасам ичмайдиган жойга кетди.

Аёлларнинг банди бўлди қайси мардлар,
Қай дарвешлар чоғир ила майга кетди.
Шавкат Раҳмон қайга кетди, биродарлар,
Туҳмат тоши тушмайдиган жойга кетди.

Нағмаларни бас қилинглар, энди етар,
Қўлларингиз бекор дутор-найга кетди.
Шавкат Раҳмон қайга кетди, биродарлар,
Осойишта ухлайдиган жойга кетди.

Муҳаммад Юсуф

Ёмонга ўлим йўқ, яхшига кун йўқ,
Томирингга қўшиб олишар узиб.
Бобур йўқ, Чўлпон йўқ, Мажнун йўқ,
Муҳаммад Юсуф йўқ, Муҳаммад Юсуф.

Бир қиз йиғлаб борар, соддагина қиз,
Йиғлар китоб билан юзини тўсиб.
Балки севгилингиз, балки синглингиз,
Муҳаммад Юсуф йўқ, Муҳаммад Юсуф.

Уйдан мозоргача юз одимча йўл,
Айланиб келамиз юртларни кезиб.
Кимга кўнгил бериб, кимга эса қўл...
Муҳаммад Юсуф йўқ, Муҳаммад Юсуф.

Тирикка меҳр йўқ, марҳумга қаҳр,
Нима топдинг, ака, тупроққа тушиб?
Узала тушганча бўзлайди қабр,
Муҳаммад Юсуф йўқ, Муҳаммад Юсуф.

Қизғалдоқ бош эгиб турар бағри қон,
Шоир юрагидан чиққанми ўсиб?
“Нега йиғламайсан, аҳли Туркистон?”
Муҳаммад Юсуф йўқ, Муҳаммад Юсуф.

Кўринади

Мен муҳит томонга юзимни бурсам,
Тўрт фасл бир жойда жам кўринади.
Бунда бахти қаро куйлайди хуррам,
Бахти расо дилда ғам кўринади.

Қарасам, бешикдан тобутга қадар,
Биров умр сўрар, яна биров – зар.
Берганга биттаси кўпдир, биродар,
Олганга мингтаси кам кўринади.

Узоқни кўзлаган отлиқни кўрдим,
Қисмати эшакка боғлиқни кўрдим,
Муҳаббатдан дили доғлиқни кўрдим,
Кулса ҳам кўзида нам кўринади.

Атиргулим маним, нозлик атиргул,
Тиконлари юмшоқ, нозик атиргул,
Умри ярим баҳор – ёзлик атиргул,
Ўз ҳуснидан боши хам кўринади.

Бесамар арзларда умри ҳазонлар,
Бефойда баҳсларда умри ҳазонлар,
Беҳуда дарсларда умри ҳазонлар
Қошида минг йиллик шам кўринади.

Қуёшинг шундадир, ойинг шундадир,
Зуваланг қорилган лойинг шундадир,
Шунда қолажаксан – жойинг шундадир,
Ёнгинангда Иқбол ҳам кўринади.

Муҳаббат

Муҳаббат, бу – ялт этган нигоҳ
Ва ҳаловат абас дегани.
Муҳаббат, бу – ўзингни севмоқ
Ва ўзгага ҳавас дегани.

Ҳаёт иси келар исмидан,
Ҳаётингни кесса-да зимдан,
Муҳаббат – бу куй тўла зиндон,
Атиргулдан қафас, дегани.

У – қуёшдир, ета олмассан,
У – кўз ёшдир, тута олмассан.
Муҳаббат - бу кета олмасдан
Жон талашган нафас, дегани.

Субҳидамда куйлаган каптар,
Эсда турмас чиройли гаплар,
Муҳаббат – бу титраган лаблар,
Арз дегани, араз дегани.

Тарихларни бузган қудрати,
Ёруғликдан ўзган суръати.
Муҳаббат, бу – бахтнинг сурати,
Бахтнинг ўзи эмас, дегани.


Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (28.09.2012) | Муаллиф: Иқбол МИРЗО
Кўрилди: 939 | Рейтинг: 1.0/1

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0