Пайшанба, 19.09.2024, 22:19
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Ўзбекистон » Шеърият

Қайноқ ранглар улашар ҳаёт
Фахриёр

Қайноқ ранглар улашар ҳаёт

Куз элегиялари

Октябрь ҳам оёқламоқда,
икки ой бор йил тугашига.
Шохлар бир-бир таёқланмоқда,
шамол боғда хазон ташиган...

Кўрсичқонга ўхшайди шамол,
ғамлаб олар хазонни қишга.
тугаб борар куз ҳам. Йил – тамом.
изтироблар тушади ишга:

шамол тўзғутгулик ё сичқон
уясига ташиб кетгулик
ёзилмабди бир сатр, ишон,
ёки тутантириқ этгулик,

кузги ёмғирлардан жунжиккан
бир дўст учун гулхан ёқмоққа.
Гарчи, ҳаво очиқ, кун чиққан,
Қўр беради на дўст, на боққа...

2
Шеър ёзгиси келар одамнинг
тўйиб-тўйиб, кун қатораси.
Гурсиллайди юрак қадами,
лекин кўринмайди қораси

бир манзилинг – бўлмайди қойим.
Ҳамма нарса сарғайган – хазон...
Куз тонгида қаноти шойи
Зоғлар тинмай айтади азон.

Бу азоннинг қораси йўқдир,
Мўлжал тортиб боргани шахдам.
На оч унинг ранги, на тўқдир,
териб олинмаган пахтадай

ё бутага илинган мезон
каби элас-элас кўринар...
Чир теварак бирдай баргрезон,
қораяди фақат мўрилар...

3

Хазонлайди дарахтлар аста,
қайноқ ранглар улашар ҳаёт
тўкилмоққа чоғланган хаста
япроқларга. Интиҳо – аён.

Мовий рангдан айрилар само,
энди ранглар боғни тўлдирар.
Адолатни билар тийрамоҳ,
ҳар япроқни гўзал ўлдирар.

Ҳайит

Дарё –
келинчакнинг ҳайитлик кийими,
ўзи тикиб олган дарёни.

Дарё – кўйлак – муқаддас,
унинг этагини
кўтариб юрар қайинсингил қизалоқлар.

Қизалоқлар қўлидан оқиб ўтар бу дарё:
юрак орзиқишларига,
тушларига,
ерга томмас бирор томчиси.

Бу дарёга хотирасин чайиб олар момолар.

Бу дарё:
кимнинг армонига, кимнинг бахтига
қараб оқади.

Ҳайрати,
бирор жойга қайтмоқ истаги
бўлиб шакллланган сайёҳлар
қайтиб келар денгиз ёхуд бир фавворага,
танга ташлагандай
бу хонадонга
келганки, ҳавасини ташлаб кетади.

Егулик илинжида,
кеманинг ортидан эргашган
чағалайлар ирим қилиб ташланган
тангаларни сувга туширмай
илиб олганидай
ва ёки
сочалани терган болалардайин,
янгалар келинчакнинг пойига
сочилиб кетган назарларни паст
қилмаслик учун
йиғиштириб олиб қўяр уй токчасига
саралаб нон ушоғидай.

Бўрининг тирноғидай
назар ҳам – бойлик.

Мабодо, кўз бўлса назарларнинг ичида
янгалар уни
қушноч хотинга
олиб бориб берар эртаси.

Қушноч – Бибисора момо кўзни
товуқнинг қонига аралаштириб
янги оилани эмлайди
ёмон кўзлардан.

Қолган назарларни ёмон туш каби
ҳеч кимга билдирмай
сувга оқизиб юборади янгалар.

Дарё кийиб олган келинчак.

Феъл

унинг феъли
сувдаги аксига ўхшаб кетади

унинг сувдаги акси
жинчироқдай липиллаб турар

шамол
сувни лойқалантирар
жинчироқни ўчирар

феъл
очқолган балиқ

лойқа сувда питирлар
аҳён-аҳёнда
раҳминг келиб сепасан унга
бирор егулик

ёки

феъл
ўчиб қолган жинчироқнинг пилиги
аччиқ тутайди

кўзларингни ёшлантирар қоронғиликда
унинг тутуни

ҳеч ким кўрмайди лекин
балиқни ҳам
кўзёшни ҳам

Беш

беш
ёш ҳисобланса
ўғил боланинг
аллақачон
суннат тўйи бўлиб ўтган бўлар эди

беш
йил ҳисобланса
бир одам
диплом олар эди эски замонда

беш
кун ҳисобланса
шуларнинг ҳаммаси
кириб кетар эди битта умрга




Манбъа: http://www.sharqyulduzi.uz
Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (03.10.2012) | Муаллиф: Фахриёр
Кўрилди: 955 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0