Шанба, 09.11.2024, 23:16
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Ўзбекистон » Шеърият

ҚАЛБГА ЯНА ИСТАКЛАР ТЎЛДИ
ҚУТЛИБЕКА
* * *
Тилимланди, Ой яна тўлди,
Не савдолар кўрди ҳар тилим?!
Қалбимда кўп истаклар ўлди,
Мени қаттиқ севгин, севгилим.

Баҳор тутиб яшил байроқлар
Тикланишга чорлар улусни.
Қарсиллатиб ёзар чақмоқлар
Булут шунча гизлаган сўзни.

Қушга ҳавас, қушга тақлидан
Болакайлар чопар тўрт ёнга,
Юракларин варрак шаклида
Етказмоқчи бўлар осмонга.

Ҳамма ушлар умид баридан,
Ҳамма бахтли бўлгиси келар.
Ишқнинг баланд гулханларидан
Бахтнинг аниқ белгиси келар.

Қалбга яна истаклар тўлди,
Жуда қаттиқ севгин, севгилим.
Тўққизта гул кун кўрмай ўлди,
Титраб турар энг сўнгги гулим.


Балки рост

“Сенга бир жон дўстинг хиёнат этди!”
Балки рост ё ёлғон... Айтилди-қўйди.
Ишонч боғларимга ўт тушиб кетди,
Япроқларим куйди, гулларим куйди.

Йиғладим, кўзимнинг чўғлари сўнди,
Йиғладим, юзимнинг гул рангги ўчди.
Меҳр қушларимнинг сайроғи тинди,
Лаҳзада минг йиллар азобин ичдим.

Ҳолбуки, теграмда кўкариш фасли,
Яшил гиёҳ унди қора тупроқда.
Қор, музлар қуёшга бўлмоқда таслим,
Хуш ҳидлар гуркираб келар тўрт ёқдан.

Ҳолбуки, бошимда омон бош эгам,
Номус қўрғонимнинг содиқ соқчиси.
Ўғлим бор, қизим бор, ахир, нимам кам,
Уйим бахтхонадир, уйим яхшидир.

Ҳолбуки, шеърим бор, кўнглим дашт эмас,
Сўзларим шовуллаб ёғар ёмғирдай.
Номим ҳам паст эмас, шаъним паст эмас,
Бироқ, хиёнатга чидайман қандай?

Хиёнат айтилди, ростми ё ёлғон,
Эшитдим. Бу ғамдан қандай чиқаман?
Бут эдим, минг бўлиб сочилдим ҳар ён,
Сочилган жонимни қандай йиғаман?

Ҳавас

Тилло балдоқларим рақс этса,
Ойнинг бўлагидай қулоқларимда.
Ишқли қароқлари акс этса,
Туннинг бўлагидай қароқларимда.

Тилло товушларим куйласа,
Кумуш бўлагидай оёқларимда.
Куйига кокилим ўйнаса,
Насимлар мушкланса ҳар ёқларимда.

Тилло кўйлакларим чоғланса,
Куннинг бўлагидай жисмимда.
Бу дунё ўнгланса, ўнглансак,
“Хон” қўшиб айтилса исмимга.

Келинг, жон...

Ўртамизга ёқиб умид шамини,
Таскин билан бўйлаб дунё камини,
Ишқ билан қайтариб ғусса дамини,
Келинг, жон, бир тоза суҳбат қуроли!

Мен сизни Ҳумодан тушган патим, дей,
Нозларим кўтаргич заранг қошим, дей,
Дил дардларимни тиккич тилло қатим, дей,
Келинг, жон, бир тоза суҳбат қуроли!

Жаннат бўйин тўккан жамбилим, денг, сиз
Сайраб-сайраб ўпган булбулим, денг, сиз,
Тиззамга тиз чўккан сунбулим, денг, сиз,
Келинг, жон, бир тоза суҳбат қуроли!

Роҳат қўрғонимнинг синчисиз, дей, мен,
Чайқалгич уммоним тинчисиз, дей, мен,
Мулкимнинг сотилмас ганжисиз, дей, мен,
Келинг, жон, бир тоза суҳбат қуроли!

Лабларида ғунча ундиргувчим, денг,
Ғам лашкари босса синдиргувчим, денг,
Ялиниб, амрига кўндиргувчим, денг,
Келинг, жон, бир тоза суҳбат қуроли!

Кўнглимиз ойларда, овоз найдадир,
Бугунги бу жунун эрта қайдадир,
Ҳарна дунёлари ишқдан майдадир,
Келинг, жон, бир тоза суҳбат қуроли!




Манбъа: http://www.sharqyulduzi.u
Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (28.08.2012) | Муаллиф: Қутлибека
Кўрилди: 960 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0