Пайшанба, 19.09.2024, 22:08
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Ўзбекистон » Шеърият

КУЛГУЧИМГА БОТИБ КЕТГАН КУЛГУЛАРИМ
Рислиғой ҲОТАМОВА

ОРЗУЛАРИМ

Кулгучимга ботиб кетган, кулгуларим,
Кипригимдан ўтолмаган уйқуларим.
Беозорим яраланган оҳуларим,
Йиғлаётган орзуларим.

Сариқ япроқ юзингизни рангимиди,
Ҳасратингиз юрагимнинг зангимиди,
Мозорингиз мен шўрликнинг бағримиди,
Йиғлаётган орзуларим.

Бермагайман, сизни армон қўлларига,
Куй бўласиз, бахтнинг бийрон тилларида,
Йўллагайман, сизни жаннат йўлларига,
Йиғлаётган орзуларим.

Севгилим

Сенсиз кўчаларда ёлғиз сояман,
Сенсиз кечаларда йиғлоқ ноламан.
Бағри куйиб кетган маюс лоламан,
Севгилим.

Кўл силтаб қўйганман дунёларга мен,
Ёш бўлиб қўшилдим дарёларга мен.
Боқмадим кўзлари қароларга мен,
Севгилим.

Ёдингни додидан чарчамас юрак,
Хижронлар аямай қилдилар эрмак.
Мен энди ҳеч қачон севмасам керак,
Севгилим.

Юлдузга айланиб кетсайдим қани,
Ойнинг дийдорига етсайдим қани.
Ишқингдан кечсайдим, кетсайдим қани,
Севгилим.

Отамга.

Бургут ерга қўн энди.
Айтганимга кўн энди.
Мен отамга тўймадим.
Менга ота бўл энди.

Ҳар қадамда туртилиб.
Ярим сўзлаб ўксиниб.
Кетдим, ёмон эзилиб.
Бошим силаб қўй энди.

Отам тирик бўлганда.
Бахтим бутун бўларди.
Нокас тилин тиярди.
Номард қўлин тиярди.

Уйим қуриб берарди.
Тўйим қилиб берарди.
Хато сўзлаган бўлсам,
Уришиб қўй, сен энди

Қара уйим тўри бўш,
Онам ёлғиз ёни бўш.
Ман ғарибнинг кўнгли бўш.
Йиғлашамиз, кел энди.

Ишон, соғиндим ёмон.
Ўрни билинар ҳамон.
Отамдек бўл меҳрибон,
Бахтим тилаб, қўй энди.
Қор ёгса

Қор ёғса яхшида, оппокина қор,
Мен ошиқман йилнинг совук фаслига.
Нуқра рангидаги ойдин кечалар,
Малҳам бўлар эди, кўнгил дардига.

Қор ёғса яхшида, оппоқина қор,
Кўксимни босганча ётиб олардим.
Қорнинг гулдастаси сотилса агар,
Ҳаммасини ўзим сотиб олардим.

Қор ёғса яхшида, оппоқина қор,
Бошланарди яна сирли эртаклар.
Ишқсиз юракларга севги солгани,
Битта-битта тушар, ойдан малаклар.

Қор ёғса яхшида оппоқина қор,
Музлармиди юрак каҳратонида.
Қоврилиб чарчадим, куйиб чарчадим,
Айрилиқ фаслининг саратонида.

Қор ёғса яхшида оппоқина қор...


Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (03.11.2012) | Муаллиф: Р.Ҳотамова
Кўрилди: 1140 | Рейтинг: 1.0/1

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0