Пайшанба, 19.09.2024, 22:14
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Ўзбекистон » Шеърият

Кутмаган кунларим, кутган кунларим
Беҳзод ФАЗЛИДДИН

УМРИМ

Бир лаҳзада осмон меники,
Бир лаҳзада яшаб оламан.
Бир лаҳзада босар ғам юки,
Бир лаҳзада... бўшаб қоламан.

***
Руҳим чинқиради, мендан тонади,
Уйғониб кетади яна орларим.
Бўғзимни куйдириб сўзлар ёнади,
Қачон туғилади менинг шеърларим?

Минг-минг йилдан бери турибди яшнаб,
Ишонса бўлади илдизларимга.
Сўниб бораяпти ўзимга ўхшаб,
Ота, нима бўлди юллдизларимга?

Лаҳзалар тўкилиб бормоқда баргдай,
Бир куни қақшайман уволларидан.
Қўрқиб кетаяпман, ҳали туғилмай,
Боламнинг эртанги саволларидан.

Юрагим минг битта жойидан синди,
Қачон бошланади Руҳимнинг тўйи?
Фақат битта таскин: ажабмас, энди
Мени одам қилса эртанинг ўйи...
ЯШАШГА ЖОЙ БОРМИ?

Лаҳзага тенгма-тенг ўчиб бораман,
Ўзимдан, сўзимдан чўчиб бораман.
Завол билмайдиган манзилни кўрсат,
Томирларим билан кўчиб бораман.

САХИЙ МЕҲМОН

Бугун яна Тонгга мезбонлик қилдим,
Шукур, тўкин бўлди дил дастурхони.
Йўлида кечани қурбонлик қилдим,
Жуда осон чиқди бу туннинг жони.

Кўзларимга боқиб Тонг ҳам жилмайди,
Қушларни шошириб қўйди қўшиғим.
Бу меҳмоним сира қуруқ келмайди,
Фақат очиқ турса бўлди эшигим...

***

Менинг ўлмайдиган оғриқларим кўп,
Кетиб бўлмайдиган дардларим бисёр.
Тилимнинг учида чандиқларим кўп,
Муҳаббат, кўнглимни гуллатиб юбор.

Ҳуда-беҳудага ранжитмай турса,
Тинглаб чарчамайман устоз Ҳаётни.
Кўксимни юлдузлар бўшатмай турса,
Ўкситиб кетмайман Адабиётни.

Илдизи шу қадар мустаҳкаммикин
Жонимда кўкариб ётган иллатнинг?
Қандай сўзлар билан овутмоқ мумкин
Дардлари ўзидан буюк миллатни?!

Худойим, умримни гуллатиб юбор...

ИШҚВАТАН

Энг тўғри баҳони халқ берган,
Эркинлик – ҳақ сўзга итоат.
Шу юртни суйсин деб Ҳақ берган,
Ватанни севиш ҳам ибодат.

Ялтироқ хорижнинг либоси,
Кўзларни ўйнатар жилоси,
Тупроқча бўлолмас тиллоси...
Ватанни севиш ҳам ибодат.

Онангга яхшилик қилгандай,
Отангнинг кўнглини олгандай,
Болангга Бахт мерос қолгандай,
Ватанни севиш ҳам ибодат.

Қалбингга иймонни тож қилгин,
Йўлида жонингни харж қилгин,
Ватанда туриб ҳам ҳаж қилгин,
Ватанни севиш ҳам ибодат.

Бахт пайдо Эл деган дардингдан,
Кўнглингни кўчирма юртингдан,
Қуёшни эргаштир ортингдан,
Ватанни севиш ҳам ибодат.

Гарчи Ой олисдир, йўл йироқ,
Муҳаббат – беминнат йўлчироқ,
Эй, Ўзбек – манглайи ярқироқ,
Ватанни севиш ҳам ибодат.

МАНЗИЛ

Булоқлардан тоза кўзёшман,
Халқдан чиқиб халққа бораман.
Мен шундай бир ўжар қуёшман,
Шарқдан чиқиб Шарққа бораман.

ЙЎЛ

Ғариб кунлар бардошимни ичиб борар,
Қай манзилда чанқоқ босай, қайда тўхтай?
Бўғиламан – ҳаволар ҳам қочиб борар,
Бу дунёда мендан бошқа ёмон йўқдай.

Ийманади ғамдан олдин юз очгани,
Орзуларни дил тахтига михлаб қўйдим.
Яна қанча муддат керак кўз очгани,
Мен шундоқ ҳам йигирма йил ухлаб қўйдим.

Увол қилмай – эрмак учун ўлдирмасдан,
Лаҳзаларни капалакдай тутаверсам.
Худойимдан бошқасига билдирмасдан,
Чумолидай ризқим териб кетаверсам.

Етолмасин, мангу ортда қолиб кетсин,
Армонларнинг қушларига дон бермайман.
Андуҳларим мендан олдин ўлиб кетсин,
Қуёшни бир ўпмай туриб жон бермайман...

ТУШУНМОВЧИЛИК

Бўлди, йиғламайман, бўлди – кулмайман,
Юрагингни ортиқ этмайман безор.
Ўзимдан бошқани хафа қилмайман,
Ўзимдан бошқага бермайман озор.

Кимларнинг кўнглига қараб кун кўрдим,
Ялиниб бормайман Бахтнинг ёнига.
Кулиб бахтсизларга халақит бердим,
Йиғлаб бахтлиларнинг тегдим жонига.

БИЗ

Кўҳна хотиралар маҳзун кўз очди,
Ҳаёт қозонида кўпайди камлар.
Қуёш чиққанига минг йилдан ошди,
Нега уйғонмайди одамлар?!

Қадамлар ножўя, қадамлар оғир,
Гиёҳлар кўзида оби зам-замлар.
Юзини яшириб йиғламоқда Ер,
Нега ишонмайди одамлар?!

Қўлларида Чўғни асрагай қандай,
Наҳот, ўчиб борар асрий бу шамлар?
Жаннатга буюртма бериб қўйгандай,
Нега шошилмайди одамлар?!

Шабнамлар алвидо айтдилар сокин,
Бир нурли висолдан титраган дамлар.
Бу тонг охиргиси бўлиши мумкин...
Нега тушунмайди одамлар?!

ҚЎНҒИРОҚ
Уйимни тўлдирган жимликни бузиб,
Ҳаётни эслатиб янграр қўнғироқ.
Олисдан бир гўзал (кўзини сузиб)
Гапирар, адашиб тушибди бироқ.

Ўзим билан ёлғиз қоларман яна,
Домига тортади хаёллар – денгиз...
Телефон!.. Жунбушга келади хона,
Яна ўша “Бошқа жойга тушдингиз”.

Наҳот, ҳамма мендай адашган, ёнар,
Саволлар тош бўлиб урилар бошга.
Ҳар сафар алмашиб қолар рақамлар,
Сўраган бегона, сўралган бошқа...

Ҳамон довдирайман, Руҳимда тўфон,
Мени шу симларга боғлаб қўйган Вақт.
Юрагим жиринглар – жонли телефон,
Эҳтимол, қўнғироқ қилаётган Бахт...

КЕЛДИМ

Гуллар ранг алмашиб зерикмадилар,
Дунё товланишдан чарчамади ҳеч.
Ирмоқлар кўксимда бирикмадилар,
Келиб кўзларимдан кишанларни еч.

Бору йўғим билан ўзимга хосман,
Беназир ишқимдан ҳануз кўнглим тўқ.
Қанча юлдуз тўкди пойимга осмон,
Кўз учида бўлсин, қараганим йўқ.

Бошимни эгмоқчи эди ранж-алам,
Мудом борлигингни билиб яшадим.
Сени билмасам ҳам, танимасам ҳам,
Ёдингни машъала қилиб яшадим.

Бахт шундоқ ёнимдан кетди бурилиб,
Ишқ ҳаққи, тилимни тишлаб турибман.
Шунча йилдан бери ўлиб-тирилиб,
Сен учун ўзимни асраб юрибман.

Асло тополмасин қайғу изингни,
Кулавер, ўрнингга мен сиқиламан.
Уйқуларингда ҳам асра ўзингни,
Сенга шамол тегса, мен йиқиламан.

Ой яна бепарво кўчамдан ўтар,
Шошиб Вақтдан олдин қошингга елдим.
Кўзларингни очгин, пардани кўтар,
Қара, тушларингдан чиқиб мен келдим!

ЖОНИМ

Ўт ичида яшаш осонми, Жоним,
Нечуксиз? Жонингиз омонми, Жоним?
Айириб қўйишди йўлларимизни,
Одамлар шунчалик ёмонми, Жоним?

Кўнгилнинг юртидан кетиб бўлмайди.
Синовсиз манзилга етиб бўлмайди.
Ахир, муҳаббатнинг кўчаларидан
Юракка тош солиб ўтиб бўлмайди.

Ер, Само биз билан, қисинмайдилар,
Ўткинчи кучларга бўйсунмайдилар.
Тушуниб турибди Худойим бизни,
Нега бандалари тушунмайдилар?!

Одамлар шунчалик ёмонми, Жоним?..

МЕНДАН ЯХШИ ЁМОН ЙЎҚ

Кўнглингизнинг кўшкини ёполмайсиз, барибир,
Мендан яхши ёмонни тополмайсиз, барибир.

Мингта булбул нағмаси битта изҳоримча йўқ,
Дунёларнинг роҳати зарра озоримча йўқ.

Кўзингизга ўт ёқар кўкка чизиб расмимни –
Иниларим – юлдузлар эслатади исмимни.

Кейин қандай яшайсиз – ҳаволар ҳам ёқмайди,
Оворалар бўлибсиз, менсиз Қуёш чиқмайди.

Изингизга гул отган дунёларнинг кўнгли кир,
Мендан яхши ёмонни тополмайсиз, барибир...

СЕВГИНИ СЕВГАННИ...

Аллақачон тўзиб кетардим, балки,
Ва ё ғамлар мени этарди адо.
Кимнингдир кўнглини олгандирманки,
Юрагимни асраб келяпти Худо.

Ўзи яқин олди мени Ўзига,
Кунда Қуёш бўлиб йўқлаб турибди.
Мен айтган тоза бир Сўз эвазига
Қилдай ҳаётимни сақлаб турибди.

Нимага кўзимда юлдуз кам – Ишқ кам,
Мен ношуд умримни кимларга бердим?
Кўксим нурга тўлиб битта гул эксам,
Орқасидан ўнта ниҳол синдирдим...

Барибир, кўнглимга келаверди У,
Кечирилиб кетди ҳар қандай хато.
Ахир, мен севишни ўрганяпман-ку.
Севгини севганни севади Худо...


Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (07.01.2013) | Муаллиф: Беҳзод Фазлиддин
Кўрилди: 866 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0