Пайшанба, 19.09.2024, 12:51
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Ўзбекистон » Шеърият

Мен қайдаман, билмадим, сиз кўнглимдасиз
Рислиғой ҲОТАМОВА

Мани ишқ дарди ўртаб қўйди ёмон,
Ҳолимни хароб қилди рангимни сомон.
Исмини қалбимга жойлаган ўзи,
Машраби девона айлаган ўзи.

Сўйла, борми мендек далли девона,
Май ичмайин ёр ишқингда мастона.
Сенга ҳоли харобидан сўйласин,
Мен ҳар маҳал бошим урган остона.

Гул титраса, таралгувчи атри бор,
Дилда гулдан гўзал ишқнинг дарди бор.
Қоним сочай, номинг айтиб тебрансин
Қизил қондан униб чиққан лолалар.

ХАТО ЕТАР

Ёлғиз дарахт мевасин
Тўккани сабо етар.
Бордан жудо бўлгани
Сендан бир хато етар.

Нархлашмасин ҳуснингни,
Ёшлашмасин кўзингни.
Хор қилгани ўзингни
Сендан бир хато етар.

Номард отлиғ касларга,
Нафси ёмон пастларга.
Пойлаб турган қасдларга
Сендан бир хато етар.

Шукр қилгин кунингга,
Сабр тўлсин дилингга.
Маккор шайтон лаъинга
Сендан бир хато етар.

Кўзга бало бўлгани,
Элдан жудо бўлгани.
Ватангадо бўлгани
Сендан бир хато етар.

Ўзинг қўлга ол қани,
Ҳозир вақтинг бор сани.
Қил кўприкдан тойгани
Сендан бир хато етар.

КЎНГЛИМДАСИЗ

Ой тахтига чиқар эди куйганда биз,
Офтоб нурин сочар эди суйганда биз.
Ой қуёшга, қуёш ойга видо айтди,
Мен айтмадим, чунки мудом кўнглимдасиз.

Куйган дилим куюкларин куйга айтиб,
Сиз кўринган тушларимни сувга айтиб.
Бирга юрган йўлдан ўзим бориб-қайтиб,
Зерикмадим, сояи жон, кўнглимдасиз.

Жонимдан ҳам ширин бўлган қийноқда сиз,
Денгиздайин тўлиб-тошсам, қирғоқда сиз.
Мен йиғласам йиғлаб, кулсам кулмоқдасиз,
Гоҳи яхши, гоҳи ёмон – кўнглимдасиз.

Сув сочилиб тўкилса ҳам – сув бўлади,
Гул сўлса ҳам, эзилса ҳам, гул бўлади.
Руҳимда ҳам, жисмимда ҳам шу бўлади,
Мен қайдаман, билмадим, сиз кўнглимдасиз.


Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (28.06.2013) | Муаллиф: Рислиғой Ҳотамова
Кўрилди: 906 | Рейтинг: 1.0/1

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0