Пайшанба, 19.09.2024, 22:40
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Ўзбекистон » Шеърият

Муножот
Комил МАЖИД
Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим,
Меҳрибон ва раҳимли Аллоҳ.
Номинг билан бошлайман сўзим,
Ўзингдирсан менга бир паноҳ.

Дилимга сўз, оҳанг яширдинг,
Ниятимни қилмадинг бежо.
Қанча айбим бўлса яширдинг,
Шукринг адо қилмадим илло.

Дунё нафси этганда қоим,
Васфинг тилим қилганда канда.
Ўзинг ёдлаб бандангни доим,
Ўшал кунда қилма шарманда.

Ўтган умрим бўлмасин абас,
Нурли келсин охир, ниҳоя.
Тилдан қўймай номинг бир нафас,
Қалбимга бер мангу ҳидоят?!
22.09.2010.


МУНОЖАТ

Ҳақдан нур ёғилсин,дилга ҳидоят,
Кўксимга нур тўлсин,тилимда оят.
Васлингни сўрадим,васфингни қилдим
Имоним бутун қил,сабр бер,тоқат.

Адашган қадамлар тўғри қадам қил,
Одамни муносиб ҳазрат одам қил,
Узингдан бошка йўк ўзинг карам қил,
Ҳақ йўлни топайлик охир,ниҳоят.

Жонга бир жон берсак ўзинг оларсан,
Сендан кетганларга ўзинг келарсан,
Кўнглимдан ўтганин ўзинг биларсан,
Билмаганим билдир билолсам шояд.

Беғубор қалбимни доғ босди,тавба?
Имон заиф бўлди,тоғ босди,тавба?
Кўзим парда босди,ёғ босди,тавба?
Кўзни оч,дилни оч топай – шифоят.

Аллох!!! Бандам дегин,қуллик қилайин,
Ҳақ деб чорлаганга эллик қилайин,
Тавбалар қилайин,тавба қилайин,
Муножатим тинглаб қилгин ижобат?!

8-декабр,2007-йил.

ҚИЁМАТ

Вақт вақтин йўқотиб қўяди,
Вақт измидан чиқиб кетаман.
Шоҳ тахтин йўқотиб қўяди,
Мен тахтимни топиб оламан.

Муддао не, мақсад барисин,
Бир четга сидириб ташлайман.
Англолмайман ишқим маънисин,
Телба юрагимни қашлайман.

Гуноҳ қилиб қўймайман,гуноҳ
Энди менга тиши ўтмайди.
Бир нур бўлиб кўксимда Аллоҳ
Юрагимдан нари кетмайди.

Фалакнинг-чи тескари тўни,
Мен тўнимни кийиб оламан.
Дунё бахтин йўқотган куни,
Мен бахтимни топиб оламан.

Қиёматда бўлмайди ҳато,
Қиёматда бўлади ажр.
Шоҳ бўлади севолган одам,
Ишқсиз одам бўлади фақир.

11.05.1999.

Ҳукм ўқилади. Энди мен осий,
Энди мен тақдирнинг якка хатоси.
Куйик юрагимда тинганидай куй,
Бир хазон пинжига сиғдим, илоҳи.

Ким ҳам соғинарди содда нигоҳим,
Сизга пичирлайди тақдир садоси.
Менга сатрларим бўлар мунажжим,
Бир қатор шеър бўлиб қолгум, илоҳи.

Гул ўпиб тўймасам тикон тўйдирар,
Шудир балки умр, ҳаёт маъноси.
Балким энди мени илонлар суяр,
Заҳар тилим болдек ёрар, илоҳи.

Жимгина йўналсам йўлимни бурманг,
Биламан мен тақдир якка хатоси.
Лекин бу ҳолима мийиғда кулманг,
Ортимдан борарсиз билдим, илоҳи.

Сиз севиб қоларсиз ҳукмлар бекор,
Бекор бўлар барча қилган гуноҳим.
Мен осий эмасман, ошиқман бедор,
Мен бахтли бўламан бешак, илоҳи!
4.01.2002.
* * *
Дунёга келганим, азизам қисмат,
Ёқса ҳам, ёқмаса ҳам шукр айтаман.
Туғилмасам эди Худодан албат,
Ё отам тиларди, ёки волидам.

Туғилиб не корин қилолдим бажо,
Ширин дардни суйдим – андуҳпарастман.
Дайдиган омадим қилиб илтижо,
Ё отам сўрайди, ёки волидам.

Мен улардан кўпроқ севдим севгини,
Севгидан топганим – яримта кўнглим.
Севгилимдан куйсам йиғлатиб мени,
Ё отам йиғлайди, ёки волидам.

Бу ёғи узоқмас яқин қолгандай,
Тўғриси, чарчабман хаёлларимдан.
Лекин кўзим юмсам – фаришталардай,
Ё отам кетмайди, ёки волидам.

Биламан, азизам, чидаёлмайсан,
Лекин сенга имкон берилмас у дам.
Мен ўлсам бошимни силаёлмайсан,
Ё отам силайди, ёки волидам.

Дўзах йўлларида сарсон югурсам,
Гуноҳимдан тоқат қилмаса Тангрим.
Менга парвонадай айланаётган,
Яна отам сарсон, яна волидам.

Мен-чи, яна сени ўйлайвераман,
Руҳим қўним топмоқ истар бағрингдан.
Лекин унда сени топа олмайман,
Ё отам топаман, ёки волидам.

Мен улар меҳридан бўлгандим бино,
Яна меҳр бўлиб сингиб кетаман.
Сен-чи, сен билмайсан буларни, аммо
Ё отам билади, ёки волидам.
10-18.05.2002.
* * *
Дунёнинг ташвиши бизга қолмаган,
Бизни лақиллатма дунёи бехис.
Ким севги нахридан олса бир лаган,
Ўшал зот коинот мулкида тенгсиз.
Ўткинчи хисларга алданма юрак.
Вужудинг – омонат, руҳинг – абадий.
Энг гўзал лаҳзада чорлаганда ҳақ.
Сени олиб кетсин илоҳий бир куй.
Бу бахтга етмоқлик ҳар кимга хосмас.
Ҳар дилдаги ҳавас бўлмас муҳаббат.
Коинот мулкидан – ҳақ берган хас бас,
Шу хасдир аслида асл ҳақиқат.
Девона бўлмасдан билмассан васл,
Шу оний лаҳзадир сен интилган он.
Сен ўлмайсан, сени этади қатл,
Гўзал муҳаббатдан нурланган имон!
28.12.2004


Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (07.08.2012) | Муаллиф: Комил Мажид
Кўрилди: 814 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 2
Мехмонлар: 2
Фойдаланувчилар: 0