Чоршанба, 18.09.2024, 06:53
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Ўзбекистон » Шеърият

Нурмат Исмонни эслаб
НАВО ҲАҚДИН КЕЛУР...
(шоир Нурмат Исмонни эслаб)


80 йилларнинг охири... Чириб бораётган мустабид тузумнинг охирги талвасалари бўй кўрсатиб, жонидан тўйган халқни бошқариш учун сўнгги чора сифатида қалам
аҳлига, ижодкорларга хокимият ”нажот кўзи” билан боққан давр...
Аралхон Мазгилсойнинг икки қирғоғида жойлашган қадимий қишлоқ. Ҳар бир қишлоқнинг ўз тарихи бўлганидек, бу қишлоқнинг ҳам ўз қоровули, ошпази, жарчиси, қассоби каби “ўз шоири” ҳам бор. Шоирлари эмас, “юраги”, “номуси,” “ори” бор.
Қишлоқ чеккасидаги кўҳна қабристон. Хотира куни.
Ҳамма шу ерда. Одам кундузи ҳам киришга қўрқадиган
сокин оромгоҳ тўла одам. Тиконлар чопилган, ўтлар юлинган, номсиз қабрларга хотира ёзувлари ўрнатилган.
Симёғочдаги карнайдан ҳаяжонли чорлов эшитилиб
турибди:
-Эй, одамлар, огоҳ бўлинглар. Отангиз ётибди
бунда, онангиз ётибди бунда, дўстингиз ётибди бунда.
Уларни ёддан чиқарманг, токи бир кун сизни ҳам ёддан чиқаришмасин...Одамлар, огоҳ бўлинглар...
Бу олов қалб овози эди. Бу куйинчак эр овози эди.
Бу орадан тўрт йил ўтиб, 42 ёшида дорул фанодан дорул бақога рихлат қилган, ўзи ҳам шу ерга мангуга қўйилган, қишлоқнинг “юраги” шоир Нурмат Исмоннинг овози эди.


Қабоғларда мунғайган юлдуз.
Етим шудринг, кўз ёши эмас.
Одамлардан кутганим бир сўз,
“Кечир” эмас, “Аллоҳ” бўлса бас.

...1993– йил. Сентябр. Куз ҳали ўз салтанатини тўла эгаллаб ололмаган, бироқ, дарахтларда барглар сарғайиб, Мазгилсойда бўтана сувлар тиниқлаша бошлаган кунлар. Ёзувчи биродаримиз, шоирнинг яқин дўсти Назиржон Мансур билан у кишини бетоб деб эшитиб, кўргани бордик.
Кенг ҳовли. Ҳамма ёқ боғ. Ҳовли ўртасида лойсупа.
тепасида “бошини еб” мева туккан “эшон олма”. Тагида
хокисор шоир Нурмат Исмон...
...Кўзлар...Қай томон нигоҳлар қадалган? Осмон томон,
самолар томон...
–Келдингизми, шоир...Кутгандим...(Биз томон қараш йўқ).
–Шоир, тузукмисиз?
–Нурмат Исмон аршда юрибди. Атрофида малоикалар.
Мен чин дўстни умрим бўйи излаган эдим.Уни осмонлардан топдим. Мени чорлаяпди. Сизлар мендан рози бўлинглар...

Ҳаяжонлар бизнинг онадир.
Юрак сағир, қорин бунча оч.
Онажон! Кел, бағир ёнадир,
Сочқиларинг ёмғирдайин соч.

Яҳ панжалар тўшимни силар.
Азоблаган тунларим шоён.
Ёғий юрак томон интилар,
Усиз энди ўлмоғим аён.

Айри тил ҳам ўткир бўларкан,
Кўзлар жонсиз, қилча мадор йўқ.
Учолмаган қуш ҳам ўларкан,
“Малак ул мавт” бўлса харидор.

Томирларда тўнглади армон.
Фоний кентда бехуш мурувват.
Шоирларнинг кетмоғи осон,
Кўзларим ёп, ўзинг муҳаббат...

... 2013 йил. Баҳор. Тонг чоғида эшик тақиллади.
“Меҳмон атои худо” деб шошиб чиқдим ва...
... эс-ҳушимдан ажралишимга бир баҳя қолди. Юришлари, гапиришлари, қошу–кўзлари, ийманиб туришлари шоирнинг худди ўзи (умри узун бўлсин, илойим) бир йигит остонамда турарди.
–Ака, мени танидингизми, шоир Нурмат Исмоннинг ўғли, Умиджонман...Бир илтимос билан келган эдим...
Эҳ, жоним укам-а. Бир эмас, минг илтимос айтмайсанми, шоир ҳаққи...
–Дадам 42 ёшида вафот этган, биласиз. Ёзган нарсаларини тўплаб қитоб қилишга ҳам улгурмаган эди, бояқиш. Мен неча йиллардан бери қўлёзма тўплайман. Афсуски, қўлёзмаларини тўлалигича йиға олмаяпман. Агарда сизда ҳам дадамнинг шеърларидан биронта бўлса ҳам сақланиб қолган бўлса...
...Умидимиз шуки, шоирнинг одамлар орасида, шахсий архивларда сақланиб қолган ижод намуналари юзага чиқади ва улар дунё юзини кўради, иншаоллоҳ. Зеро, Мавлоно Жалолиддин Румий сўзлари билан айтганда:
“Биз агар наймиз, наво Ҳақдин келур,
Биз агар тоғмиз, садо Ҳақдин келур”.

Зуҳриддин Исмоил.
Андижон вилояти, Балиқчи тумани .




Манбъа: http://Сени эслаб китоби
Рукн: Шеърият | Қўшди: 4328663z (12.05.2014) | Муаллиф: Зухриддин Исмоил
Кўрилди: 942 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0