Пайшанба, 19.09.2024, 22:08
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Ўзбекистон » Шеърият

ОГОҲНОМА
Жўрабек РАМАЗОНОВ

ОГОҲНОМА

(Достон)

(биринчи қисм)

ДЕБОЧА

Бисмиллаҳир Роҳманир
Роҳим билан бошладим,
Осмонларни тўлдирган
Оҳим билан бошладим.
Қаердан ҳам мен қоғоз
Қоралашни ўргандим,
Қалам билан ўзимни
Яралашни ўргандим.
Гарчи кўзим тушмаган
Моцартнинг нотасига,
Гарчи тишим ўтмайди
«Маънолар отаси»га.
Бу кўҳна даҳри дундан
Излаб қолсанг ҳақиқат,
Мана мен деб кўринар
«Насойим ул-муҳаббат».
Тўрт томонни яратган
Ҳақ нима хитоб берди:
Тўрт томонни тингла деб,
Тўрт улуғ Китоб берди.
Бир юзу тўрт китобдан
Юзтаси мансух бўлди.
Қолганлари ҳаётбахш,
Гўё жону руҳ бўлди.
Даставвал Таврот келди,
Сўнгра Забур - санолар.
Кейин... юзта «Хушхабар»
Ёзган эди «доно»лар.
Аввало «Ўқи» дея
Роса йигирма уч йил
«Мусҳоф-Каломи шариф»
Келди яшнасин деб эл.
Қуръоннинг қалби «Ёсин»,
Қулфи эса «Ихлос»дир,
Хуллас, шулар билан ер
Ҳалокатдан халосдир!..
Мен буларни ёзмасдим
Уларни ўқимасам,
Ёки ўзим уч-тўртта
Чала шеър тўқимасам.
Битганим на «Маснавий»,
На «Хамса», на «Шоҳнома».
Бу бугунги кунлардан
Бир парча – огоҳнома.
Аслида достон эмас,
Шундай арзи ҳол, десам.
Инсонман деганларга
Инсон бўлиб қол, десам!..

1

Аввалдан айтиб қўяй
(Ўтолмайман юзлардан):
Қўшишга мажбурман гоҳ
Замонавий сўзлардан.
Ўша сўзни айтувчи
Инсон ҳам замонавий,
Ўз зайлини кўрсатган
Замон ҳам замонавий.
«Сотка»си бор шоирга
Керак эмас дафтарлар.
Ёки қолди «мода»дан
Хат ташувчи каптарлар.
Эшитмайсиз ҳозирда
Зерикибди деб фалон.
Чунки унинг қўлида
Интернет деган «илон».
Бу «илон» деб бисотин
Ёндирган ҳам топилди,
«Маил ру»да майлини
Қондирган ҳам топилди.
Гулдай қизлар шим кийиб,
«Эмо» бўлди, «гот» бўлди,
Қулоқ-бурнини тешиб,
Чиройи барбод бўлди.
Кўзингни оч, миллатдош,
Сену менга бу уят.
Қаердан кириб келди
«Оммавий маданият»?
Сочни кесдинг, чидадик,
Дедик: ўзин хоҳиши.
Энди керак бўлдими
Киндиклар намойиши!
Қулоқ бер, Яратганнинг
Даргоҳидан келган сўз:
«Биз инсонни энг гўзал
Шаклда яратганмиз».
Сен нимага У берган
Шаклни бузмоқчисан?
Ўзингча яна турфа
Шакллар тузмоқчисан.
Бу нима ҳол, қизига
Онаси танласа шим,
Отаси ҳар эрталаб
Кузатса қизини жим!
Маст ота ўз ўғлидан
«Исминг не?» деб сўраса.
Кампирлар ёш қизларга
Ҳасад билан қараса!..

2

Асли мен ҳам муаммо
Айтмоққа моҳир бўлдим.
Кейинги вақт шунчаки
Ғийбатчи шоир бўлдим.
Қаршингизга саволни
Қалаштириб ташладим.
Чалғиб кетдимми, гапни
Майдасидан бошладим.
Одамнинг Ҳавони чин
Севганидан бошлайман.
Иблиснинг боласини
Еганидан бошлайман.
Йўқ, ундан ҳам илгари,
Жаннатда эди инсон.
Ҳали унинг ичига
Кирмаган эди шайтон.
Илон Момо Ҳавога
Мева егин де, деди.
Момо Ҳаво жуфтига
Шу мевадан е, деди.
Қолгани кундай равшан,
Ер бизнинг маконимиз,
Ризқимиз, ҳаётимиз,
Ҳамда... Онажонимиз!
Эй инсон, сен нимага
Ўз онангни топтайсан?
Заминдан бўлак яна
Ризқли ҳаёт топмайсан.
Осмонни бир айланиб,
Айландинг савдогарга;
Ойнинг ҳар сотихини
Сотдинг етмиш долларга.
У жойни ҳам босармиш
Америка қизлари.
Виллалар қурар эмиш
Ҳолливуд юлдузлари.
Аввало Ой сеники
Деб ким айтди, биродар?
Она ерингни обод
Қил қўлингдан келса гар.
Гарчи бугун ҳар қайси
Сайёрани сотасан.
Лек шу Онанг бағрида
Мангу ухлаб ётасан.
Сен-чи, буни ўйламай,
Ҳирс қўйибсан дунёга.
Тўлдирибсан бағрини
Турли-туман кимёга.
Обираҳмат ёғдирар
Булутга тўп отасан,
Кейин ёмғир керак деб
Бош қотириб ётасан.
Ҳосилинг нобуд бўлса,
Айбдордир об-ҳаво.
Худоданмас, фолбиндан
Сўрайсан дардга даво.
Гиёҳвандлик иллат деб
Қоралайсан, сўкасан,
Лекин гектарлаб ерга
Уруғини экасан.
Сен ҳам бировга она,
Ё бировга отасан.
Аммо Худодан қўрқмай,
Ҳатто ОДАМ сотасан.
Жаҳлинг чиқса, на ёш, на
Қарияга қарайсан.
Ироқни тамом қилиб,
Сурияга қарайсан.
Сомали қиёфасин
Кемаларда кўрамиз.
Бу кетишда эртани
Нималарда кўрамиз?
Йилдан йилга камайган
Лолаларда аёнми?
«Кола» ичиб улғайган
Болаларда аёнми?
Яна келдим аёллар
Мавзусига айланиб.
Чунки мен ҳам балога
Қолганман-да уйланиб.
Хотин деган ҳар саҳар
«Пул тамом» деб қўяди.
Алла айтса, алҳазар,
«Нуқта ком» деб қўяди.
Ҳозир ёш оналарнинг
Ажиб сири бўлармиш;
Алла номи ҳам бошқа –
«Эм пе три» бўлармиш.
Бунақалар юмдалаб
Ташлашади эрини –
Айтса Расул Ҳамзатнинг
Саккиз қатор шеърини...

(давоми бор)




Манбъа: http://ОГОҲНОМА
Рукн: Шеърият | Қўшди: jurabek (11.05.2013) | Муаллиф: jurabek E
Кўрилди: 1100 | Рейтинг: 5.0/17

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0