Пайшанба, 19.09.2024, 22:16
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Ўзбекистон » Шеърият

ОГОҲНОМА
Жўрабек РАМАЗОНОВ
ОГОҲНОМА
(давоми)

6

Қайдан келди бу зулмат,
Қаро инсон ҳаёти.
Қопладими ер юзин
Жаброилнинг қаноти.
Дарвоқе, у шу қанот
Шамолидан ҳезланиб,
Келди Тангри қошига
Шоду шодон юзланиб.
Деди: «Мендек яна бир
Махлуқ яратганмисан?
Ҳамманинг ҳавасини
Унга қаратганмисан?»
«Йўқ, – деди Оллоҳ унга, –
Сен бир улкан қанотсан.
Иккиланма, бу йўлда
Бетакрор махлуқотсан!»
Бу эҳсондан қувончи
Ортиб кетган фаришта
Шукрона лозим деди
Яратганга ҳар ишда.
Буни исбот этай деб
Ўзича фикрат қилди;
Икки оёқда туриб,
Қирқ минг йил тоат қилди.
Унинг тинчин бузмади
На жимлигу на сурон.
Қирқ минг йил фариштасиз
Гўё еттинчи осмон.
Охир ниҳоясига
Етганида ибодат,
Сўрди Парвардигордан
Жаброил сал бежуръат:
«Раббим, бирон мавжудот
Қилганми мендек тоат?
Сен унинг дуосини
Этармисан ижобат?»
«Ҳа, – деди Оллоҳ бу гал, –
Бор инсон деган банда.
Мўминлари қилмайди
Беш вақт намозни канда.
Сенинг бу тоатингдан
Зиёда эрур ҳайҳот
Мусулмонлар тонг саҳар
Ўқиган битта бомдод!..»
Шундай экан, эй инсон,
Нега ухлаб ётибсан?
Келганда бундай имкон,
Тарашадай қотибсан!
Тўғри, ширин уйқудан
Воз кечиб, туриш керак;
Маррага етиш учун
Бир оз югуриш керак.
Яна ўзинг биласан,
Ўйнама гуноҳ билан;
Олти кунда оламни
Яратган Оллоҳ билан.
Аслида ер йўғрилган
Нур билан, соя билан.
Нима учун сен уни
Бузасан ғоя билан?
Ўзинг тўқиб чиқарган
Гапларни тўғри дединг.
Не асосда Исони
Худонинг ўғли дединг?
Эй инсон, сен озгина
Фаросат қилармисан;
Қуръоннинг учдан бири –
«Ихлос»ни билармисан?
Дардларга шифо топар
Имкон берган Исога,
«Инсон Ўғли» деган бир
Унвон берган Исога.
Сенга оғу ичирган
Аёлни ким яратди?
Од қавмини учирган
Шамолни ким яратди?
Девдай Жолутни йиққан
Суҳроб ким – биласанми?
Нуҳга тўфон юборган
Мироб ким – биласанми?
Ҳатто «Забур» рок ёки
Рэп билан келган эмас.
Сулаймоннинг узуги
Сеп билан келган эмас.
Сен-чи, яшаяпсанми
Номус билан, ор билан?
Дунёни олмоқчисан
Даҳшату террор билан.
Яратилган инсондан
Энг тубанлар яратдинг.
Дубайларда саноқсиз
Дон Жуанлар яратдинг.
Битта самолёт билан
Қурбон қилиб ўзини,
Бутун оламга ёйди
«Камикадзе» сўзини.
Нималарни унутиб,
Нималарни биляпсан?
Нега ўзинг кўрмаган
Жаннат ваъда қиляпсан?
Муҳаммадни ғор ичра
Яширган сен эдингми?
Ёки ғойибдан қўйни
Туширган сен эдингми?
Нега ўзингни бунча
Исломга ўраяпсан?
Фақат одам ўлдириб,
«Қурбонлик» сўраяпсан.
Қулатдинг жаннат томон
Кўтарар зиналарни –
Ўз укангга ўрнатиб
Тугмали миналарни.
На бировни тушундинг,
На ўзингни англадинг.
Нимага ажал учун
Аёлларни танладинг?
Эринг билан жаннатда
Даврон сурасан, дединг.
Оллоҳ билан бемалол
Суҳбат қурасан, дединг.
Гулдай гўзал хилқатлар –
Қисмати бечоралар,
Битта тугмани босиб,
Бўлди пора-поралар...
Бу тугмани нафақат
Аёлларга ўрнатдинг,
Беозор тинчлик қуши –
Кабутарга ўрнатдинг.
Неча юзлаб оналар
Бағрини чок-чок қилдинг.
Шу йўл билан каптарвоз
Минини ҳам йўқ қилдинг.
Марокашда маймунни
Портлатиб юборган дам
Маймун кўрса, балодай
Қочар бўлди ҳар одам.
Қиёфангни неча минг
Бўёққа бўямадинг;
Энг даҳшати, бу йўлда
Сигирни аямадинг.
Сутин ичиб, онангдай
Бўлган жонзот беомон
Парчаланиб ташланди
Ўлсин деб битта инсон.
Ҳа, бугун даҳшат эмас
Қора денгиз қушлари,
Ленинградни босган
Гитлер каламушлари.
Акиллашни унутиб,
Авчаркалар «мент» бўлди.
Бол йиғишга вақти йўқ,
Арилар агент бўлди...
Эҳ, бунчалар беорсан,
Сен ҳам мусулмонмидинг?
Жаннатдан умидворсан,
Халифа Усмонмидинг?..

7

Бу юртда фақат бешик
Савдолашмай олинар.
Чунки унга бегуноҳ
Мўмин бола солинар.
Одам Ато белида
Бўлганда барча инсон,
Раббим ҳаммасин йиғиб,
Ўзини этмиш аён.
Шунинг учун бегуноҳ
Гўдакларда айб йўқ.
Ватанни чиндан севган
Юракларда айб йўқ.
Лекин не деб атайсан
Ботини-ю, сиртини –
Океаннинг ортидан
Ёмонласа юртини.
Ўв, ҳақорат қилмагин
Бобонг ётган тупроқни!
Ўз онангга отмагин
Қўлингдаги тўқмоқни.
Қани, тинчликдан аъло
Бойлик топиб бер, жўра!
Акс ҳолда тошингни
Анди бўлиб тер, жўра!
...Чингизхон деб аталган
Отдан тушмас саркарда
Ерни эгаллаш учун
Чиққан эди сафарга.
Хитойда бокиралар
Намойишин бошлади:
Ўн мингта қиз ўзини
Минорадан ташлади!
Чиндан қудратли эди
Мўғулларнинг султони.
Аммо сенга аёндир
Шу султоннинг армони.
У бу элнинг мардлигин
Сиғдиролмаган эди,
Жалолиддиндай ўғлон
Туғдиролмаган эди.
Гарчи тўққиз вазири
Бино қўйиб ўзига,
Бас келмади бир бўлиб
Кубронинг бир сўзига.
Элчи юборди Чингиз:
«Хабарим дарҳол етсин:
Ҳазрат Нажмиддин Кубро
Жанггоҳдан чиқиб кетсин!
Шундай муборак зотдан
Берса эди элимга...
Чунки улар ҳеч қачон
Муносибмас ўлимга!
Айтинг, ҳазрат ҳозироқ
Бошласин йўл буришни.
Хавфсиз жойга боргунча
Тўхтатамиз урушни!»
Шайх Нажмиддин элчини
Кулиб туриб тинглади.
У Чингизнинг нақадар
Золимлигин англади.
«Сиз излаган одамни
Бу ердан топмайсизлар.
Мени ўлдиргандан сўнг
Юртимни топтайсизлар!
Менинг шиорим битта,
Менинг танҳо йўлимдир:
Ёки Ватан ва ёки
Шарофатли ўлимдир!»
Хуллас, бу юрт мўғуллар
Зулмидан кўп бўғилди.
Темучиннинг бахтига
Темур кечроқ туғилди.
Сен унинг-да номини
Булғайсанми, безори?
Бутун дунё атайди:
«Европа халоскори!»
Чингизхонни монголлар
Суйганида жим турдинг,
Йигирма метр ҳайкал
Қўйганида жим турдинг.
Отгунча бунча иғво
Озод Ўзбекистонга,
Бир айланиб кел, жўра,
Улан-Батор томонга.
Асли ўзи кўҳна ер
«...изм»лардан чарчади,
Қулагану қурилган
Тузумлардан чарчади.
Беасос бўҳтон, фисқу
Фасодлардан чарчади,
Инсон учун ёлланган
Қассоблардан чарчади.
Инсониятга қарши
«Ижод» энди керакми?
Моҳияти англанмас
Жиҳод энди керакми?
Шусиз ҳам аҳли башар
Бўйин эгмай сабрга,
Билар-билмас йўл очди
Турли-туман жабрга.
Тарихда қолиб кетган
Чингизга нима бўлди?
Бугундан нолиб кетган
Қирғизга нима бўлди?
Энди бу ер миллиард
Мусулмондан қўрқсинми?
Афғондаги қирқ мингта
Толибондан қўрқсинми?
Эрман деган эркаклар
Хира қилар таъбини –
Биргина оилага
Ўтказолмай гапини.
Мана сен, шундай оғир
Бадални тўлармидинг:
Ўттиз милён инсонга
Жавобгар бўлармидинг?
Ўнтагина одамга
Ўтказолсанг сўзингни,
Океаннинг ортига
Урмас эдинг ўзингни!
Энди бекор ўтириб
Компьютер қошида,
Иғво ёғдирмоқдасан
Табаррук эл бошига.
Шунча ўқиб-ўрганиб,
Илмни англадингми?
Ёт манзилда келувчи
Ўлимни англадингми?
Шу тупроқнинг бағрида
Зотинг бор-ку, биродар?!
Азон билан қўйилган
Отинг бор-ку, биродар?!

8

Биз ҳам бу доруломон
Кунга шукр қилмаймиз.
Гоҳида тирикликнинг
Қадрини ҳам билмаймиз.
Замоннинг Эгаси бор,
Замонни ёмонлаймиз,
Битта ҳам чўнтаги йўқ
Чопонни ёмонлаймиз.
Олибсотар бўлди деб,
Деҳқонни ёмонлаймиз.
Насияга мол бермас
Дўконни ёмонлаймиз.
Нимага бизни севган
ИНСОНни ёмонлаймиз?
Эй ёмонлар, биз қачон
Ёмонни ёмонлаймиз?
Ёмонлар-ку ҳар лаҳза
Ҳар маконда ҳозирдир:
Наманганда, Фарғона,
Андижонда ҳозирдир.
Сурхондарё тоғлари,
Ўш томонда ҳозирдир,
Бу жойларда элпарвар
ҚАҲРАМОН-да ҳозирдир!
Ҳар даврнинг ўзгача
Қаҳрамони бўлади.
Баъзан тараққиётнинг
Кўп қурбони бўлади.
Замонавий тиббиёт
Нимани эрмак қилди:
Эркакни туғдирди-ю,
Аёлни эркак қилди!
Синглисининг туғилган
Кунида бир бой инсон
Нима совға қилди денг:
Анаконда – «шеф» илон!
Асли мудраб ётибмиз,
Бенасиб Ҳақ нуридан.
Бир кун уйғонажакмиз
Исрофилнинг суридан.
Эй инсон, нима қилдинг,
Нимани ижод этдинг:
Титанларга сиғиниб,
«Титаник» бунёд этдинг.
Неча минг йиллар аввал
Нуҳни қутқарган Худо
Нечун сенинг кемангни
Ғарқ қилди уммон аро?
Ёки кўкка кўксини
Кериб учган «Челленжер»
Нега бундай бўлди, деб
Ўзингга бир савол бер!
Сен ердаги сирларни
Билолмай бақирасан.
Марсни ўрганиш учун
Мажлислар чақирасан.
Қизил сайёра ичра
Ҳаёт бор, деб жар солдинг.
Бизда фазо кемаси –
Қанот бор, деб жар солдинг.
Коинотга сендаги
Истаклар керак эмас,
Оромини бузувчи
«Восток»лар керак эмас!
Ойга оёқ қўйганда
Амриқо фазогири,
Ўзин намоён этди
Тангри Таоло сири.
Ойда азон эшитиб,
«Бу нима?» деб айтган у.
Ўша азон қудрати
Ила тирик қайтган у.
Ўн тўрт йил сўнг Мисрда
Эшитиб шу овозни,
У англади кемасиз
Жаннат сари парвозни...
Қизил денгиз бўйидан
Инглиз олими бир кун
Уч минг йиллик жасадни
Топди – сақланган бутун.
«Биз сенинг жасадингни
Сақлаймиз», деган Худо
Қуръондаги муқаддас
Ваъдага қилди вафо.
Бу ибратли ривоят
Ҳиссасини эслайлик;
Келгин, ўша фиръавн
Қиссасини эслайлик.
Нега уйғонмайдилар
Бобилни вайрон қилсанг?
Нега ишонмайдилар
Нил сувини қон қилсанг?
Иброҳимга гулханни
Гулшан қилган ким эди?
Тили чучук Мусони
Чечан қилган ким эди?
Қулоқларин очмади
Қурбақалар овози,
Нега таъсир этмади
Бургаларнинг парвози?
Ёки қон симирувчи
Сўналар ўйлатмади,
Чорваларнинг ўлими
Ҳақ сўзни сўйлатмади.
Ўзгармади чипқондан
Чинқирса ҳам ҳар инсон,
Ё тинимсиз дўл ёғиб,
Мисрни қилса вайрон.
Дўлдан қолган ҳосилни
Чигирткалар ютса ҳам,
Бутун шаҳарни уч кун
Қора зулмат тутса ҳам.
Сотиб олдинг кулфатнинг
Энг охирги йўлини –
Ҳамма уйда туғилган
Тўнғичлар ўлимини.
Тушмай десанг қисматнинг
Таҳликали домига,
Қурбонлик сўйиб, қонин
Суртгил эшик ромига.
Уч минг йил макон тутиб
Қизил денгиз бўйини,
Энди безаб турибсан
Бритиш музейини!..


Рукн: Шеърият | Қўшди: jurabek (15.05.2013) | Муаллиф: ЖЎРАБЕК E
Кўрилди: 880 | Рейтинг: 4.8/16

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0