Пайшанба, 19.09.2024, 22:18
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Ўзбекистон » Шеърият

ОГОҲНОМА /давоми/
9

Аслингни бил – бир бўлак
Балчиқдан ҳосиласан.
Гоў билиб, гоў жонсарак
Ношукрлик қиласан.
Бўйи етган болангга
Муносиб қиз қидирдинг;
Баланд уйлар қурилган
Кўчаларда югурдинг.
Сон-саноқсиз тугунга
Нималарни солмадинг.
Қалин билан келинга
Бермаганинг қолмади.
Бўлди кейин дабдаба
Қулоқларни узгудек,
Турнақатор машина
Дунёларни бузгудек.
Озгина вақтдан кейин
Афсус, кўнглинг тўлмади:
«Уч ой ўтди, келиним
Ҳомиладор бўлмади».
Ҳа, сен унинг наслини
Обдон сўрган эмассан.
Гуржилардек ҳаммомга
Бирга кирган эмассан.
Ўзгартироласанми
Худонинг бир кунини?
Бузмоқчи бўлдингми ё
Табиат қонунини?
Тангрининг мавҳум ишин
Ўйлаб нима қиласан?
Кимга фарзанд беришин
Сен қаердан биласан?
У Исони Марямга –
Бокирага берганди.
Нуҳ беш юз ёшдан кейин
Учта ўғил кўрганди.
Арабшоҳнинг саккиз юз
Саксон саккиз фарзанди
Вақтнинг бирор тўрига
Бўлган эдими банди?
Сора бефарзандликни
Қисматидан кўрганди,
Илож йўқ деб Иброҳим
Чўри билан бўлганди.
Бундан сўнг ҳам яна бир
Ҳадя этиб Таоло,
Юз ёшида бир ўғил
Берган эди бебаҳо.
Тўқсон ёшда хотиним
Туғарми, деб кулганди,
Шу туфайли боланинг
Исми Исҳоқ бўлганди.
Сен Ҳақнинг саволига
Жавобингни хом бердинг;
Қишда кўрган болангга
Асадбек деб ном бердинг.
Яна қайдан топамиз
Сенинг каби фанатни;
Нега ўзгариб қолдинг
Ўқигач «Шайтанат»ни?
Қайси тешикдан кирди
Бундай расм-русумлар;
Нечун кўпайиб кетди
Жумонг каби исмлар?
Гоҳ Худонинг ҳадясин
Тугатмоқчи бўласан:
Қизга Қизларбас дея
Ғалат исм қўясан.
Ёки гулдай қизингни
Ўғилой деб атайсан.
Сен бу билан шунчаки
Бир ўзингни алдайсан.
Ламак ернинг лаънатин
Гўё ўғлига ортди;
Нуҳ деб исм қўйди-ю,
Ўзича енгил тортди.
Тангри тўқсондан кейин
Тишлар берса ажабмас.
Ҳобилларнинг ўрнига
Шислар берса ажабмас.
Ғамга бардош бермаган
Эй дарддошим, фикр қил:
Одам Ато шодмиди
Тўққиз юзу ўттиз йил?
Оллоҳ уни неча бор
Мусибатга чўмдирди;
Ўғлининг жасадини
Қарғаларга кўмдирди.
Боланг учун бир умр
Меҳнат қилиш лозимдир.
Ўз вақтида ўғилни
Суннат қилиш лозимдир.
Ғийбатлардан мана шу
Мавзуни туширмайсан,
Одам гўштин ейишинг
Ҳеч кимдан яширмайсан:
«Бир балоси бор бунинг,
Бизга билдирмаяпти;
Ўғли ўн ёшга тўлди,
Суннат қилдирмаяпти».
Ўв, маломат ёғдирма
Бегуноҳнинг бошига.
Иброҳим суннат бўлган
Тўқсон тўққиз ёшида!
Қайсидир қавм буни
Эҳтиёждан қилади,
Эҳтимол бошқа бири
Ноилождан қилади.
Илгари инсонларга
Сирли синов солгандир;
Ўғлини суннат қилиб,
Мусо тирик қолгандир!
...Тилдан гуноҳкор бўлдинг
Гоҳ оғзингга бериб эп –
Сал қаттиқ ёмғир ёғса,
Қиёмат бошланди деб.
Оллоҳ ўзи ажратар
Пучаги-ю сарагин.
Сен орқали берарми
Охиратнинг дарагин?
Фанга боқсанг, ер юзи
Катта сувга тўлганди –
Бу олтмиш беш миллион
Йил илгари бўлганди.
Тарих бўлди мамонтлар,
Эра даври тугади,
Йўқолди динозавр,
Юра даври тугади.
Илгари ҳам дунёни
Кўп разолат босганди:
Ким кимни бўғизлаган,
Кимдир кимни осганди.
Оғзига бир урдилар
Ҳақ дея бақирганни,
Бошин уриб ёрдилар
Инсофга чақирганни.
Оқибатда Оллоҳнинг
Имтиҳони бошланди:
Ажал олиб келувчи
Сув тўфони бошланди.
Ер юзини сув босди,
Тўрт томон дод-вой бўлди.
Фақатгина халоскор
Уч юз тирсак жой бўлди.
Нуҳга айтганди Эгам
(Унинг сўзи ўлмайди):
«Ер юзин йўқ қилувчи
Тўфон бошқа бўлмайди!»
Шундай экан, сен қайси
Қиёматдан гапирдинг?
Одамларни чалғитиб,
Нималарга қўл урдинг?
Асли башариятнинг
Тинчлигини еганлар –
Африкадан Ироққа
Уран келди, деганлар.
Сабабмиди қирғинга
Қўрғошинли бункерлар?
Ёки ядровий қурол,
Ёки нефтга бой ерлар?
Тинчлик-чун деб топтадинг
Шаҳар, қишлоқларини.
Қани, энди йўқот-чи
Уруш ўчоқларини!
Нега сеҳрли диёр
Зўравонга айланди?
Гулзори кўп далалар
Полигонга айланди.
Эртага ё индинга
Ҳайратимиз нимаси –
Каспий денгизи узра
Сузса АҚШ кемаси!..

10

Инсон, сени бир оний
Фурсатлар тамом қилди.
«Қулоқ» бўлиб кун кўрган
Улфатлар тамом қилди.
Тумшуғидан қон томган
Калхатлар тамом қилди.
Тушунтириш хатлари,
Тилхатлар тамом қилди...
«Қуёш ботиб кетди...» деб
Шеър ёз, қайга чиқарди;
Қуёш бу Ленин-ку деб,
Авахтага тиқарди…
Энди сенга булутли
Осмон керак эмасми?
Халоскор Минораи
Калон керак эмасми?
Бедаво касалингга
Дармон керак эмасми –
Бронзадан ясалган
Илон керак эмасми?..
Ҳамма кўриб турарди
«Озод аёл» қўлини.
Ерни ларзага солди
«Эгизаклар» ўлими.
Қасос баҳонасида
Бошлама «ғазавот»ни.
Масиҳ жазолаганми
Хоин Ишқариётни?
...Ҳазрат Али душманни
Қулатиб, бир урганди,
Ғаними ҳам тап тортмай,
Юзига тупурганди,
Турди кескин халифа,
Адолат мана, деди:
Мен сени ўлдирмайман,
Уйингга жўна, деди.
Ҳайрон қолди ғаними:
«Нима учун, эй ағёр?»
Али айтди: «Исломда
Сен билмас ҳидоят бор.
Аслида-ку мен сени
Ҳақ учун ўлдирардим.
Юзимга тупурдингу,
Бехос қасоскор бўлдим.
Бундай қилсам, ғазабга
Ботиб қолган бўламан;
Ўзим учун қасос деб
Жонинг олган бўламан».
Сен мўминлар бошига
Нима кунлар соляпсан?
Худомидинг, кўпларнинг
Жонларини оляпсан?
Ҳеч ким ерда бузуқлик
Бино бўлсин демаган.
Илк бор токни эккан Нуҳ
Вино бўлсин демаган.
Аммо ўзи май қилиб,
Ўзи ичиб, маст бўлди.
Оқибат Канъон эли
Осий бутпараст бўлди.
Қўрқма, ҳеч ким унутмас
Қуроллар қиролини,
Колумбни сақлаб қолган
«Халоскор» оролини.
Асли ишонувчанлар
Ихлосни халос дерлар,
Ҳамма нарса табиат
Қонунига мос дерлар.
Масалан, қонсиз яшар
Капалакни олайлик,
Ҳақ аҳдидан нишона –
Камалакни олайлик.
Боисини билай деб
Не бошлар ғовламайди.
Айт қани, нима учун
Шер тулки овламайди?
Чигиртка экинларнинг
Кушандасидир бутун.
Аммо у кунлик овқат
Яҳё пайғамбар учун.
Қайси йил Таиландда
Кўпайиб кетди сичқон.
Нон камайди уйларда,
Омборда қолмади дон.
Одамлар муаммони
Осонгина ечдилар:
Севимли таомлари –
Мушукдан воз кечдилар.
Эй инсон, ахир, инсон
Эмас-ку қуруқ ғоя?!
Ўзлигингни аввало
Ўзингдан қил ҳимоя!
Сен нимага Тангридан
Гўё ўзмоқ бўласан;
Табиат қонунини
Осон бузмоқ бўласан.
«Синглинг билан юрсанг гар,
Қўним топишинг мумкин.
Хотининг шерик бўлса,
Ўлим топишинг мумкин».
Ибромнинг фалсафаси
Қандай каромат берди:
Фиръавннинг уйига
Дард берди, ўлат берди.
Афанди бозор ичра
Хуржун йўқотгандан сўнг,
Ҳой, отам қилган ишни
Қиламан, деб урди бонг...
Исҳоқ ҳам отасининг
Йўлидан борган эди:
Хотинини синглим деб
Элга билдирган эди.
Инсон жон умидида
Қалтис қадам ташлайди.
Ўз ёридан айрилиш
Хавфи билан яшайди.
Сен-чи, нима қиляпсан,
Нималарни талашдинг?
Нега бир-биринг билан
Хотинларинг алмашдинг?
Шунчалар юзсизмидинг,
Шунчалар ҳиссизмидинг?
Рашк туйғусин билмаган
Ёввойи тўнғизмидинг?..


Рукн: Шеърият | Қўшди: jurabek (25.05.2013) | Муаллиф: JURABEK E
Кўрилди: 1102 | Рейтинг: 5.0/15

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0