Пайшанба, 19.09.2024, 22:06
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Ўзбекистон » Шеърият

ОГОҲНОМА (рақамлар ҳақида)
Жўрабек РАМАЗОНОВ

ОГОҲНОМА

(давоми)

12

Орқа-олдга ташланган
Қадамларда ҳикмат бор.
Нафақат «алиф», «лом»да,
Рақамларда ҳикмат бор.
Кел, фикримиз шунчаки
Тарозига солайлик,
Сен эътибор қаратган
«Етти» сонин олайлик.
Гоҳ хира, гоҳо нури
Кўзларни қамаштирар;
Ой ҳар етти кунда бир
Босқичин алмаштирар.
Айтайин заминнинг ҳам
Биттагина сирини:
Ойдан етти бор кучли
Қайтарар шамс нурини.
Камалакнинг еттита
Рангин ўзинг биласан.
Қароқчи юлдузларни
Санаб нима қиласан?
«Катта айиқ» туркуми
Етти юлдуз саналган.
Бири Қутб юлдузи,
Ер у томон йўналган.
Моддалар хоссасига
Қараб, етти ҳолатда.
Ҳафтанинг етти кунлик
Бўлиши кафолатда.
Сенда етти сезги бор,
Бу маълум тушунчадир.
Қовурға-ю умуртқа
Суяклари шунчадир.
Такрор-такрор ўқилар
«Фотиҳа» сураси ҳам
Билсанг, етти оятни
Ўзида айлаган жам.
Етти қаватли Осмон,
Ер ҳам етти қаватда.
Қуръон эса ўқилар
Етти хил қироатда.
Ибодат маҳалинда
Инсон бўйин эгади.
Сажда қилсанг, заминга
Етти аъзонг тегади.
Авом бўлсанг майлига,
Халқ сўзига қулоқ бер.
Огоҳлантирар сени:
Етти ўлчаб бир кес, дер.
Етти йўлнинг бошига
Қарамоқ қаритармиш.
Етимнинг ҳақи етти
Дарёни қуритармиш.
Етти букилиб салом
Бер қани, ким боқмайди.
Етти қават кўрпача
Тўша, кимга ёқмайди.
Етти қават дўзаху,
Саккиз қават жаннат бор.
«Етти мўъжиза» деган
Жуда машҳур рўйхат бор.
Бу сирларни ким айтди
Ихлосу такрор билан.
Ҳазрат Навоий айтди
«Саббаи сайёр» билан.
Мен фалакнинг фарёди,
Замин сириман, дермиш.
Аҳман-даҳман еттита
Қишнинг бириман, дермиш.
Еттининг бири Хизр,
Қолганлари ким аммо?
Етти агураларни
Мадҳ этади «Авесто».
Қирғиз деҳқони хирмон
Янчиб, тайёр бўлса чош,
Унинг устига қўяр
Экан етти дона тош.
Ўғил бола дўпписи
Бўлиши учун бутун,
Унга етти дона тош
Тикилган тумор учун.
Ёки тўн орқасига
Етти хил мато билан
Қуроқ-ямоқ қўйилган –
Курашар бало билан.
Қум саҳрода кимсасиз
Юрганида Ҳурлиқо,
Унга дуч келиб қолди
Нажоткор Хизр бобо.
Акасидан айрилган
Бечора қиз қўлига
Еттита тош тутқазиб,
Сўнг йўллади йўлига.
Қиз дарёга тошларни
Ташлаб бир боққан эди,
Дарё етти ариққа
Бўлиниб оққан эди...
Етти пирин билган эр
Етти юртнинг ғамин ер.
Бу нақлни етти минг
Йилдан буён айтар эл.
Кўкламнинг ҳам еттита
Кўкати бор, дейдилар.
Етти хазина билан
Эл бахтиёр, дейдилар.
Сен ҳам эшитганмисан
Ўғузда таҳликани:
Етти туп юлғун бўлган
Еттита маликани.
Минотаврга қурбон
Қилинарди шубҳасиз
Ҳар етти йилда бир бор
Етти ўғил, етти қиз.
Қара, қандай айтилар
Қўғирчоқ ҳақда чўпчак:
«Етти қизнинг онаси
Ҳалигача келинчак».
Низомий «Ҳафт пайкар»ни
Осмондан олганмиди?
Ёки бирорта кўҳна
Достондан олганмиди?
Қизлар нега сочини
Етти бўлиб ўради:
Ўзларича тоқ сонда
Ҳикмат кўрмоқ бўлади.
Зериктирган мана шу
Мисолларни кам дема.
Бироқ фақат «етти»ни
Муқаддас рақам дема.
Ҳайратларга кўмувчи
«Қирқ»лару «тўққиз»лар бор,
Сени ўтин қилувчи
Ёқимсиз «ўттиз»лар бор.
Нима десанг чидадик,
Дунёни бир кам дединг.
Лекин нега ўн учни
Энг бахтсиз рақам дединг?
Дединг: шодман уйимга
Қанча меҳмон келмасин,
Фақат уларнинг сони
Ўн уч нафар бўлмасин!
Гарчи бирон эътироз,
Гарчи бирон даъват йўқ,
Юзлаб қават бинода
Ўн учинчи қават йўқ!
Париж конгрессида
Йиғилди ўнлаб даҳо.
Немис Гилберт ташлади
Йигирма уч муаммо.
Математик олимлар
Ҳаммасини ҳал этди.
Ўн учинчи масала
Ечилмай қолиб кетди.
Демадилар: бу бизда
Билимнинг камлигидир.
Изоҳ шундай: ўн учнинг
«Бахтсиз рақам»лигидир!
Қирқ йилдан сўнг Московда
Бир талантли талаба
Иримсиз киришди ва
Ечилди шу масала...
Македония шоҳи
Филипп «икки» бир замон
Ўзини ўн учинчи
Маъбуд деб қилди эълон.
Ўн икки ҳайкал яна
Биттага тўлдирилди.
Филипп эса кўп ўтмай
Даҳшатли ўлдирилди.
«Каббалла» – сонлар ҳақда
Муқаддас бир китоб бор.
Унда ўн учта ёвуз
Руҳ ҳақда маълумот бор.
Ўн уч аждарҳо, қотил,
Илонни билдирармиш,
Қисқаси, қўрқитувчи
Шайтонни билдирармиш.
Яна... Соат ўн учдан
Ўн уч дақиқа ўтди,
«Аполлон-13» космик
Кемаси учиб кетди.
Эллик соатдан кейин –
Ўн учинчи апрелда
Кислород портлади-ю,
Экипаж қайтди Ерга...
Инглиз қироличасин
Денгизчилари бир кун
Ўн учинчи рақамли
Кемага чиқди мамнун.
Аслида бу ажойиб,
Мустаҳкам кема эди.
Дарғанинг исми эса
Фрайди – Жума эди!
Қисқаси, ўша ойнинг
Ўн учинчи кунида
Очиқ денгизга чиқиб,
Изсиз йўқолди кема.
...Аммо уни айримлар
Куч-қудрат тимсоли дер,
Ўн икки маъбуддан зўр
Шоҳ Зевс мисоли дер.
Франкларнинг қироли
Ёри Клотилдага
Бахт-саодат рамзи деб
Берганди ўн уч танга.
Ҳиндуларнинг худоси
Асли мубҳам худодир.
Сочи ҳам, соқоли ҳам
Ўн уч тутам худодир.
Бургутнинг панжасида
Ўн учта япроқ турар.
Яна ўн учта мева –
На кам, на кўпроқ турар.
Иккинчи панжасида
Нақ ўн уч дона ёй-ўқ.
Кўксидаги қалқонда
Шунча қизил, оқ чизиқ.
Осмонда ўн уч юлдуз,
Тумшуғида «кўпдан бир».
Англадингиз: бу Қўшма
Штатларнинг гербидир!
Бастакор Вагнер учун
Тасодиф катта кучдир:
Таваллуд топган йили
Минг саккиз юз ўн учдир.
Ўн уч ёшда мактабни
Тугатган бу бастакор
Ўн уч опера билан
Олқишларга сазовор.
Гўё бу рақам уни
Мустаҳкам тутган эди;
Ўн учинчи февралда
Оламдан ўтган эди.
Шоира Украинка
Қувончларга тўлгандир;
Илк шеъри босилганда
Ўн уч ёшда бўлгандир.
Робертино «гуллади»
Ўн уч ёшга тўлганда;
«Жамайка» қўшиғини
Куйлаб, машҳур бўлганда.
Алясканинг байроғи
Жуда машҳур байроқдир.
Ўн уч ёшли болакай
Ўйлаб топган, бу ҳақдир.
Ўн учинчи март куни
«Союз» космик кемаси
Омадли учирилган...
...Зерикарли ҳаммаси.
Баъзан уни қиморга
Боғлаганлар йўқ эмас.
Пифагорни ҳайратга
Солган сонлар йўқ эмас.
Йигирма етти сони
Мусиқачилар учун
«Қарғишли» дея Ғарбда
Эълон қилинди нечун?
Гитарачи Хендрикс
Туғилган шу санада.
Йигирма етти ёшда
Қазо қилди нимага?
Ёинки Женис Жоплин
Мана шу ёшга тўлиб,
Бошқа қўшиқ айтолмай,
Бемаҳал кетди ўлиб.
Моррисон гастролга
Доимо шай турарди.
Йигирма етти нафар
Мухлис олиб юрарди.
Ҳуқуқчилар ҳам уни
Кузатиб толган экан;
Йигирма етти марта
Ҳибсга олган экан!
Улар бу олам учун
Наҳотки янги эди?!
Йўқ, ҳаммаси шунчаки
Нашаванд, банги эди.
Ўлимни на бирон ҳарф,
На рақам белгилайди;
Сенга ҳаёт бахш этган
Бир Ҳакам белгилайди!


Рукн: Шеърият | Қўшди: jurabek (29.05.2013) | Муаллиф: ЖУРАБЕК E
Кўрилди: 1201 | Рейтинг: 5.0/15

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0