Пайшанба, 19.09.2024, 22:19
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Ўзбекистон » Шеърият

Шоирнинг "БОР" китобидан
Абдували Қутбиддин… Бу ном чин шеър ихлосмандлари кўнгил меҳробидан муқим жой олиб улгурганига анча бўлган. Истеъдодли шоир ўзининг сибизға оҳанг таратувчи созига, нуқрадек товланувчи, шарқона ҳикматлар, сўфиёна хулосалар билан зийнатланган овозига эга ижодкор.
Унинг далли жунун, ғаройиб афсун булоқларидан сув ичган ман­зумаларидан иборат янги «Бор» китоби, ўзига хос сайланмаси ҳам кўнглингизга беғубор фараҳлар индиражак, деган умиддамиз.
Абдували Қутбиддин янги китобини сизга тақдим этиш билан бирга куни-кеча туғилган кунини нишонлаган севимли шоиримизга янги ижодий ютуқлар тилаб қоламиз.
Хуршид Даврон

Абдували Қутбиддин
«БОР» КИТОБИДАН ШЕЪРЛАР

* * *

Бебаҳо матога томган доғдайин
Ўчмайди шафақлар минг ювилса ҳам.
Сарсари, шақиллаб ўтса-да, йиллар
Сен ўша, ўша…

Томчи-ла тасвирлаб бўлмайди сени,
Ҳатто англатолмас билса-да кўршаб.
Тап-таранг тасмадай кокилларингни
Тараган исёнлар бермас изоҳлаб.
Сен ўша, ўша…

Беҳуда даъволар қиламан гоҳо,
Хобгоҳинг қўриқлар фалак лашкари.
Ошкор этмоққа тутинаман гоҳ,
Ақлдан ташқари,
Фикратдан ташқари….

Воажаб, ингичка қилдан ҳам нозик
Иплар чувагувчи балогир сарҳад
Аро, минг йиллик бутхона янглиғ
Тоқатни тоқат-ла тилгувчи қаҳат –
Ўша, ўша…

1983.

* * *

Тахайюл тунида сени эсладим,
Кафтингда бахт қуши, елкангда кафтар.
Пойингда жовдирар муштипар, мулзам –
Кийиклар…

Бошида гулбаргак, қароғида ой
Севдим, дедим сени манглайи ялпиз.
Қўй деди, этагинг тишлаб ётган той –
Она қиз бу,
Она қиз.

Қалдироқ бургутдай ерга ташланди,
Оёғимдан тортди, боғлади йўлга.
Йўл чопди,
Жуда кўп чопди.
Бошлади малаклар юз чайган кўлга.
Сев, сев, севв!

Кўзимга мил тортдим, сени эсладим
Кафтингда бахт қуши, елкангда кафтар.
Осмон марказига ботаётирсан,
Осмон марказига ботар
Кийиклар.

1988.

* * *

Қайдадир тун сиёҳ кокилин эшар,
Тоғларда эзади ҳарир кўксини.
Қайдадир жайронлар ўйнаб юришар,
Фақат мен яшайман
Ўксиниб.

Қайдадир минора қанот қоқади,
Ҳис этиб танида лайлак жисмини.
Зарафшон қайгадир лойқа оқади,
Фақат мен яшайман
Ўксиниб.

Қайдадир изтироб фазога етар
Томоша қилгани товус рақсини.
Қақнуслар оловлар измида ётар,
Фақат мен яшайман
Ўксиниб.

Қайдадир сайҳонда ўтлар қовушар,
Қайдадир йўқотар офтоб бўзини.
Қайдадир майсалаб битар товушлар,
Фақат мен яшайман
Ўксиниб.

Қайдадир шапалак шафақни ушлар,
Нурланиб сезади бахтнинг исини.
Қайдадир бир санам мени деб яшар,
Фақат мен яшайман.
Ўксиниб.

1988.

* * *

Ҳеч ким суйган эмас мени сенчалик,
Қақнус тумшуғида ёнган аланга.
Азизам, азизам, ғамгин азизам,
Саодат олмоққа етурми тангам.
Захоб ютиб кетган
Олучча барги,
Темир дубулғада ўсган чиннигул.
Нотинч изтиробим ва соғинчларим
Сенсиз этмакдаман ёлғиз танаввул.
Ҳамал қафасида ҳарир, ғаройиб
Зиндон топиб берар кофар ҳаяжон.
Бўёқлар яралган симий ҳовузда
Қунишиб, жунжикар-серталваса жон.
Ҳеч ким севган эмас мени сенчалик,
Ҳеч ким бўлолмаган сендай фидо тан.
Денгизни сапчитиб отган қийқириқ,

Гўё сен,
Денгиздай таажжубланаман.
Оғир лангар бўлиб қўлларим чўкар,
Тубсиз қучоғингга карахт, беозор,
Ҳайронман,
Узугинг ютган наҳанглар,
Сени қуршаётир ишорангга зор.
Ҳеч ким суйган эмас мени сенчалик,
Ҳеч ким суйган эмас мени юракдан.
Ҳеч ким тўкилмаган сендек эланиб,
Ҳеч ким тўкилмаган сендек элакдан.

На тақдир битувчи,
На қаттол рақиб,
Бермаган саодат олмоққа танга.
Ҳеч ким ёндирмаган мени сенчалик,
Қақнус тумшуғида ёнган аланга.
Ҳеч ким суйган эмас мени сенчалик…

1984.

ҚАСАМ

Фаромуш боғларда солланиб маҳзун,
Заррин сарполарда, давлати фузун,
Қалбимга атайди нон ҳамда тузин,
Ё жоним муҳаббат,
Сим-сим-эй, сим-сим,
Мабодо алдасам, қўлларим синсин.

Ўткинч тилакларда болалик бадбахт,
Севгининг номидан ёзади тилхат.
Агарда яшасам қалдирғочсифат,
Қизғалдоқ энамдир,
Сим-сим-ей, сим-сим,
Мабодо алдасам, қўлларим синсин.

Ортимда чўл дедим, кўрсам, Бадахшон,
Қадимий тангадай беҳамён, бешон.
Ўзимни изласам – мендан йўқ нишон,
Ал-амон мен қайда,
Сим-сим-эй, сим-сим.
Мабодо алдасам қўлларим синсин.

Сўнгги дам ўзим-ла ўчакишсам, ҳай,
Соҳир кўзларингдан талаб этсам май,
Эвоҳ, кекирдагим кесиб этсам най,
Пуфласам – куй ёнса,
Сим-сим-эй, сим-сим.
Мабодо алдасам юрагим тинсин.

1984.

ТААЖЖУБ

Кувида нима бор – Абрсув,
Халтада нима бор – Кунчакка.
Товоқда нима бор – Тунмайиз,
Олақол
Емакка.
– Хўп, майли…

Қозонда нима бор – Ойшўрва,
Косада нима бор – Юлдузқоқ.
Шишада нима бор – Уфқёғ,
Керакми?
Олақол.
– Хўп, майли…

Аслида не тусаб қолдинг сен,
Артиб ол, лабингдан сўлагинг.
– Дадажон, қорним тўқ, айтинг, мен
Не билан овутай юрагим?

– Ё товба…

1988.

* * *

Қорсан, муваққатсан, эрийсан, йўқсан –
Афлотун эмассан – атиги хотир.
Мени эзғилашга ўчсан, кечаги
Сулув эдинг,
Мен ахир…

Кўзгу масхаралар, оқ тушган – хабар,
Ажинлар солади нохуш хавотир.
Мени ғижимлашга ўчсан, кабутар.
Осмон эдинг,
Мен ахир…

Қўрққандим, ўшанда, қўлларим боғли,
Қўрқдим, кириб кетдим, чиқмадим – чодир.
Мени нимталашга излайсиз, доғли –
Юрак эдинг,
Мен ахир…

Бўридай санқийман ўз зулматимда
Ўғирлаб олганим кечаги тақдир.
Нимага унутай дард, кулфатимсан,
Севгим эдинг,
Мен ахир…

1992.

БОШПАНА

Кўзингни тиқма, бу менинг бошпанам,
Пойгакдан мўлтайма, асло қўймайман,
Юрак деб аталган қизил офтобдан
Ўзим қон ичгайман, сенга қуймайман.

Бармоғинг ниқтама, менинг бошпанам
Хати тирноғинг-ла ёзилмагандир.
Мен билан Худонинг ўртасида ҳам,
Ариқлари сен-ла қазилмагандир.

Юзинг буриштирма, менинг бу юзим,
Қирилган гоҳ кишан, гоҳ тиканлардан.
Кўтардим қилт этмай ҳайрат қимизин,
Эзилдим эзилиб эзилганлардан.

Меники бу ғавғо, керакмас даллол,
Дафтарим варақлаб ўқий олмайсан.
Агарки, борлиғим йиртсалар, алҳол,
Менга бошқа борлиқ тўқий олмайсан.

Йўлу йўриғингга юрмасман зинҳор.
Эшит, фарёд чиқар ўпган тошимдан,
Илоё, бошингни тешмасин дўл-қор,
Илоё, ёрилма еган ошингдан.

1990.

* * *

Пайғомлар йўлладим, уйғон, ҳилолим,
Жунун оқшомлари очди жамолин,
Поялар урибман домингга сенинг,
Сен менинг,
Сен менинг,
Сен менинг.

Тийра гирёнларда отлиқ дард ҳоким,
Ки зулфи оташи аждарлар балким.
Боримни бахш этдим, ромингга сенинг,
Сен менинг,
Сен менинг,
Сен менинг.

Там-там малаксиймо чачвонин ташлар,
Яғмо шамларига ибодат бошлар,
Ризвон олмасида имонинг сенинг,
Сен менинг,
Сен менинг,
Сен менинг.

Ризо чайласида оҳунинг рози,
Жамбил хоҳишига монанд овози.
Дўззахий бўлса ҳам каломинг сенинг,
Сен менинг,
Сен менинг,
Сен менинг.

1990.

ИЛЛО

Илло, қисматимни титиб қўйганман,
Илло, ҳавасимни қирқиб қўйганман.
Илло, жамолингга кўзим ўйганман,
Илло…

Сенинг аччиғингда вафодор гулдай
Палакларим ташлаб кеккайдим, илло.
Ҳасрат – бидъатидан майишдим
ғулдай,
Илло…

Девордаги доғдай мудҳиш сесканиб,
Тобландим тафтингни тобида, илло.
Беҳузур чирпандим, сени қизғаниб,
Илло…

Тупроқ ерникимас, шуур фазода,
Киндик уламини ажратган момо
Мени маҳкум этсин машъум жазога,
Илло…

1991.

ТУЙҒУ

Сен райҳондан ўргулай, сўласан,
Томчидай томчидай тундан кейинги
Тонг эмас, йўқ, чароғон шабнам…
Жону кўзим, бор нурга кўмилгин.

Масиҳнафас дамсен, тирилгайдир у,
Қизғалдоқ ёпинғич, юм-юм юмилгин.
Илинж соғаридан туғилар туйғу,
Жону кўзим, бор нурга кўмилгин.

Қийқим-қийқим садо ёғилар, тингла,
Юракда им ила чархпалак ургин.
Коинот қадарсен, охиратинг йўқ,
Жону кўзим, бор, нурга кўмилгин.

Нидолар қилгил- у, хатолар қилгил,
Азолар қилгил-у, сазолар қилгил,
Албат нурли-нурли садолар қилгил,
Жону кўзим, бор, нурга кўмилгин.

1991.

УШМУНДОҚ

Осима,
Не қилай кўнглим ушмундоқ,
Бир чети осмону, бир чети тупроқ.
Бир тунда подшоман икки кишварга,
Бир кунда зордирман бир қур назарга.
Липиллаб, липиллаб бўзарди руҳим,
Хоҳла порлатиб қўй, хоҳла парчала,
Эсиз, ҳар томонга урди шукуҳим,
Эсиз, ўтолмадим шум даричадан.

Осима,
Розиман, мендан асар йўқ,
Иста, мен ҳақимда бошқа хабар йўқ.
Аммо дилим эрка дилингни истар,
Мендек хушхабар йўқ,
Мендек хатар йўқ.

Осима,
Аларга кўп ҳам инонма,
Улар қуш кўмганлар хиёбонларга.
Қумлари зарланган
Бўлса ҳам бордир,
Лек ҳаром ўрмалар товонларида…

Осима,
Сен ҳақсан,
Мен тугаб ботдим,
Бу қисса сўнгида, шудир қасида.
Гўзал борлиғимни майдалаб сотдим,
Йўғимни қайтардим
Ўз эгасига…

2004.

* * *

Пичанзорда ётган тош турди,
Думалади.
Наврўзгача уч кун бор эди.
(Сурилгиси келарди жуда…)

Қарғамикан тумшуғин урди,
Қимирлатди,
Тош индамади.
(Наврўзгача бир кун бор эди…)

Ҳамма ёқда ғимир-ғимирлар,
Ҳамма ёқни тўлдирди излар.
Тош силкинди,
Уч бор силкинди.
Сакролмади тиллақўнғиздай…
(Наврўз куни эди, ўша кун…)

Эртасига сап-сариқ тошни,
Кўриб қолди ивирсиқ бола.
Айлантириб боқди ичига,
Ичкарида куйларди лола.
(Ичкарида куйларди лола…)

2007.

НАФАС

Нафасинг юзимда ухласин энди,
Қайноқ сўзларинг ҳам тинсин шу муддат.
Қўлларинг қўлимни тингласин энди,
Шошилма, муваққат, бари муваққат.

Юрагим, юрагинг васл топсинлар,
Нигоҳим, нигоҳинг ёшлансин, жоно,
Бўсалар қадалиб сабза урсинлар,
Оҳларим оҳингдан бошлансин, жоно.

Марварид қорларга борайлик, севгим,
Бағримиз юксакда тўлсин ҳавога.
Чўққида зумгина турайлик, севгим,
Сувратдай қулайлик зилол маъвога.

Ёшлигим бўйсунмас, чиққан измимдан,
Қистайдир кетмакка сўраб ижозат.
Хайрлашаяпман лолалигим-ла,
Жоним, нафасингни юзимда ухлат.

Тўхтамас ҳеч нарса: урён, лаҳзалар,
Жисмимда ларзалар олган ҳаловат,
Бу не тиловатдир бўғзимга қадар,
Жоним
Нафасингни
Юзимда
Ухлат…

ЭЙ, ДИЛБАРИМ

Оҳумидинг ёбонимда сув излаган,
Ёҳумидинг томонимда лаб излаган,
Даллигина жаҳонимда
Сийму зарим: -
Эй, Дилбарим…

Чашмамидинг тошлар узра тўкиласан,
Уфқмидинг қуёш кетгач йиқиласан,
Ямоқ тушган ҳаётимда
Сен чеварим:
- Эй, Дилбарим…

Бий далада қуюн ила сочилдинг-а,
Ўртасида явшан ила очилдинг-а,
Юрагимга қадаб қўйган
Оқ гавҳарим:
- Эй, Дилбарим…

Кошкийди, то қиёмат биз ёнма-ён,
Кошкийди, то қиёмат биз жонма-жон,
Гулхан ёқиб узун туннинг этагида
Билагимиз тилиб қўйсак уст-устига.
То қиёмат
Зикр айтсам,
Моҳпайкарим,
То қиёмат зикр айтсам, моҳпайкарим:
- Эй, Дилбарим…

* * *

Балиқнинг тиши-ла тилимни тилдим,
Юрагим урчуқдай уч айлантирдим.
Кўзимни қийнадим, Қийноғим қизиқ…
Яйрадим.

Индамай руҳимга эргашиб олдим,
Девона хаёлим ғилмон санадим.
Туф дедим ботқоққа,
Гулистон қилдим…
Яйрадим.

Қалдирғоч лоисувоқ қилган очунда
Севгим йўлларига зор-зор қарадим.
Ёшларим ял-яли
таралди тунда…
Яйрадим.
Мажнунтол дарчасин очди, киритди,
Юз битта қизидан бирин танладим.
Хивич қасрларда
Баргландим бирам…
Яйрадим.

Дунёни тарк этдим, ҳур сафар этдим,
Ёрим-ла туйқусу бехабар кетдим.
Ўн беш кун тўй бердим
Дорулбақода…
Яйрадим,
Яйрадим,
Яйрадимааа!

* * *

Қора қошинг қасдима хунхорлар чақирмишдир,
Бирлашиб зулмат билан ағёрлар чақирмишдир.

Руҳи равоним аро мижгонлар учмиш ўқ киби,
Этгали маҳв умидим, озорлар чақирмишдир.

Дунёи дун макрнинг шаробидин бадмастдур,
Зардобиға чўктириб ҳушёрлар чақирмишдир.

Андалиб қабоғинда жамолин кўз-кўз этиб,
Тўкилиб садоғиндин баҳорлар чақирмишдир.

Найлайин саҳродир ишқ, қақраганлар қолдиму,
Мунграган чилтор тутиб, абгорлар чақирмишдир.

Сирим ошкор айласам, тонг яқин бу Валийни,
Машъалалар кўтариб бедорлар чақирмишдир.

* * *

Биздан хафамисиз, сарвим, хомушсиз,
Кундузи парисиз, тунда окқушсиз.
Руҳи равонимиз сизга бахш этдик,
Изингиз ёнига лабни нақш этдик.

Пуфласангиз ўчдик, силасангиз окдик,
Уфқ нарёғига имладингиз, бокдик.
Қонимизни тўкдик бармоғингизга,
Кўнглимизни урдик тирноғингизга.

Ёт десангиз, ётдик сувдек жимирлаб,
Бир-бир ўйнадингиз кўзларимизда.
Шивир-шивир килдик сизга шивирлаб,
Тош босиб қўйдингиз сўзларимизга.

Қалқидик, юлдузга узатсангиз қўл,
Чор-атроф расводир, безатмадингиз.
Тинчландик, боши берк бўлса ҳамки йўл,
Биз ҳамон хастамиз, тузатмадингиз.

Биздан хафамисиз, сарвим, хомушсиз,
Шудринг оқартирди юзларимизни.
Музтоғни эритган муқаддас тушсиз,
Қайтаринг, титраган бўзларимизни…




Манбъа: http://kh-davron.uz
Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (25.06.2013) | Муаллиф: Абдували Қутбиддин
Кўрилди: 885 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0