Пайшанба, 19.09.2024, 12:51
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Ўзбекистон » Шеърият

СИЗНИ СЕВИШ КЕРАК...
Жўрабек РАМАЗОНОВ

СИЗНИ СЕВИШ КЕРАК…

Эсимда лаҳзалик бахтиёр ҳаёт
Ва бизни бахтиёр қилолмаган қиш.
Барибир ўзимга пичирлайман бот:
“Сизни кутиш керак, кутиш ва кутиш!..”

Тутиб туролмадик бахт келган маҳал,
Мумкинмиди уни бировга сўйлаш?
Энди ўша бахтни топишдан аввал
Сизни ўйлаш керак, ўйлаш ва ўйлаш…

Инсон ўз тақдирин ўзи бошқарар…
Бу ёлғон, ҳамманинг тақдири чалкаш.
Мени-ку тугатиб бўлди бошқалар,
Сизни асраш керак, асраш ва асраш…

Балки бисотимда қолмаган нажот,
Балки эришганим барчаси эриш.
Барибир ўзимга пичирлайман бот:
“Сизни севиш керак, севиш ва севиш!..”
14.09.2008

КЕРАК БЎЛАМАН

Бугун кечагидан чиройли бирам,
Ўзимдан ўзим завқ-шавққа тўламан.
Сен ахир юлдузсан, қўрқмагин, эркам,
Бағримга кел, сенга фалак бўламан.

Кўздан қош чиройли, қошдан қароғинг,
Мендан-ку бахтиёр ҳатто тароғинг,
Зерикиб қолмасин бирон бармоғинг,
Ўзимга чўзавер, эрмак бўламан.

Ечолмай муҳаббат тугган тугунни,
Ҳиссиз деб ўйлама мен бағри хунни,
Афсонага айлантириб бугунни,
Ҳаммани йиғлатган эртак бўламан.

Сен бошқа қизларга ўхшама, жоним,
Жони азизга жон тўшама, жоним,
Фақат бугунни деб яшама, жоним,
Эртага мен сенга керак бўламан.
30.04.2008


Рукн: Шеърият | Қўшди: jurabek (09.07.2013) | Муаллиф: Жўрабек РАМАЗОНОВ E
Кўрилди: 971 | Рейтинг: 5.0/6

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0