Шанба, 09.11.2024, 23:18
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Ўзбекистон » Шеърият

СОҒИНИБ БОРАЯПМАН ТЎКИЛИБ
Комил МАЖИД

(туркумдан)

Яшириб яшашдан чарчадим,
Чинданам қийнадим юракни.
Қайтадан мен уни соғиндим,
“Кетдик”лаб қийнаган малакни.
“Кетдик”лаб югургим келяпти.
“Йўқ-йўқ” деб оляпти жонимни.
Билмадим нималар бўляпти,
Чўғдек куйдириб хонумонимни.
Озорлар яширган кўксимдан,
Ғубордан ғашланиб кетаяпман.
Бу юрак нимадан оғринган.
Баридан покланиб кетаяпман.
Бир соғинч қолаяпти дарбадар.
Бир ҳижрон яшаяпти ёнимда.
Бу дунё дегани дардисар,
Ё мен тушунмадим қонунга.
Баридан чарчадим, азизам.
Баридан холисан бир ўзинг,
Бир марта йўқотдим чинданам,
Бир марта силамай гул юзинг.
Соғиниб боряпман тўкилиб.
Тоқатнинг тоғидан ҳатлайман.
Бир умр кўзинга тикилиб,
Соғинчдан тўкилмоқ истайман.
16.05.2002
* * *
Ёмон экан – айбдордай яшаш,
Оғир экан – айбинг бўлмаса.
Бошқа иши йўқдайин атай,
Юрак – фақат, фақат тирнаса.
Яхши экан – ёмғирли кунлар,
Ёқар экан – тинмай қийнаса.
Бизни бирга қақшатса агар,
Ойдиндан оқ – туманли кеча.
Ёлғон экан – эртанги умид,
Алдар экан – хаёллар дайди.
Ғаниматдир, ғанимат бугун,
Юрак сени бугун кўрсайди.
Яшасайди ғамдан тозариб,
Қувонсайди яна бир марта.
Юрагимга асли мен рақиб,
Солдим билиб шундайин дардга.
Шундан экан – тирнаганлари,
Шундан экан – оғриқ, азият.
Захмат чекиб узун тунлари,
Тонгда топган ягона ният.
Ёмон экан – сенсизлик менга,
Яхши экан – ёмғирлар сайри.
Ҳаммасидан кечиб ёнинга.
БУГУН БОРГИМ КЕЛЯПТИ – ЛАЙЛИМ !
16.05.2002
* * *
Юрагим исинар шу сўз пинжида,
Бу сўзда биз севги аркига етдик.
Эшитгим келади такрор авжингда,
КЕТДИК...
Бир зум термулади дунё лабингга.
Дейди: Айтақолгин, соғиниб кутдик.
Қўшиқдай жаранглар сенинг тилингда,
КЕТДИК...
Менми, маст ё сархуш билмай қоламан,
Билганим: билмасдан тўқнашиб кетдик.
Сен-чи ёнасану, ёниб айтасан
КЕТДИК...
Менинг кетгим келар олисга бирга,
Аммо сенга ёқмас “кетдигим” нетдик.
“Йўқ-йўқ”, “кетдик” дейсан, кетамиз уйга
КЕТДИК...
Қийнагим келади кетказмай сени,
“Кетдик”ни соғиниб кетаман қаттиқ.
Сен-чи шу сўзлар-ла қийнайсан мени,
КЕТДИК...
Барибир боримиз шу икки сўзинг,
“Йўқ-йўқ” деб бўлагин тағин гапларим.
Севаман десам сен ҳеч ранжимагин,
“Кетдиклаб” жон олган титроқ лабларинг.
18.05.2002
* * *
Мен соғинсам билиб – билмасдан,
Шеърларимдан топаман сени.
Кечалари уйқунг келмасдан,
Сен ҳам мени соғинасанми.
Фироқ кўнглинг қиларми хаста.
Хазин-хазин ўртайдими дил.
Нега сени узоқ кўрмаса,
Ўксиб-ўксиб йиғлайди кўнгил.
Айролиқдан қўрқаман рости,
Бедардларга улфат эмасман.
Қоласанми бўлганда маҳзун,
Кўзларингни яширолмасдан.
Қай манзилга бошлайди хаёл.
Йўқлайдими мен ҳам гоҳи,
Хаёлимга эрк берсам хиёл,
Хаёлингда юради дайдиб.
Дунёсидан тамом кетаман,
Яшамоқни истайман сенда.
Сендан фақат бир сўз кутаман,
Гапинг йўқми айтмоқчи менга.
Биламан, сен барибир дардда,
Муҳаббатда яшайсан бешак.
Ўзинг иқрор бўлолмасангда,
Мени дея уради юрак.
Шу юракка бергим келади,
Дилга қўшиб яна ненидир.
Бир кун висол топиб келади,
Ўраб турар соғинч деган нур.
Соғинаман билиб-билмасдан.
Шеърларимдан топаман сени.
Кечалари уйқунг келмасдан,
Сен ҳам мени соғинасанми?
23.05.2002

* * *
Сиз – менга аталган ягона чирой,
Сиз учун асрадим юрагим шаҳрин.
Сиз – кўнглим осмони авайлаган ой,
Сиз бунча яхшисиз сулувим, сарвим!

Ғуборлар кетдилар ишқ билан қолдим,
Нигорлардан сулув нигор деб билдим.
Киборлардан холи самимий севдим,
Сиз бунча яхшисиз сулувим, сарвим!

Дунёга мен насим, мен бир гиёхман,
Исмингиз ёзилган ажиб сиёхман,
Муҳаббатман, сиздан севги сўроқман,
Сиз бунча яхшисиз сулувим, сарвим!

Соғинчман, асли мен муштоқ яралдим,
Тўқману, висолга очроқ яралдим,
Сиз шодон, мен бироз ғамнок яралдим,
Сиз бунча яхшисиз сулувим, сарвим!

Интилсам айбламанг, кўнглим зориқди,
Йигирма икки йил сабрим зерикди,
Муҳаббатга ташна қалбим ёрилди,
Сиз бунча яхшисиз сулувим, сарвим!

Бу дунё аслида ишққа имкондир,
Меҳр бу – мурувват, меҳр – имондир,
Кўнглим тубидаги тенгсиз жавоҳир,
Сиз бунча яхшисиз сулувим, сарвим!
27.10.2002


Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (27.09.2012) | Муаллиф: Комил МАЖИД
Кўрилди: 984 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0