Пайшанба, 19.09.2024, 12:49
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Ўзбекистон » Шеърият

Ватан
Ўзбекистонсан

Оқар сувда оққан оқизоқ ноним,
Тонгларни уйғотган булбул забоним.
Болаликнинг тошлоқ кўчаларидан
Осмонга улоққан давру давроним,
Одам Ато йўнган сеҳргар қалам,
Момо Ҳавосини асраган ҳар дам.
Орият, номусда тенги йўқ ўзбек,
Озодлик жангида баҳодир, ўктам.
Ватансан, чамансан, оромижонсан,
Боболар юртисан, Ўзбекистонсан.

Тўқсон икки уруғ--шан ўзига хос.
Тўқсон икки томир- қайнайди гуррос.
Эрк-ла суғорилган шамшир кўтариб
Дунёни титратган болангдир, барлос.
“Қутадғу билик”дан маънолар чақиб,
“Девони луғатит- турк”идан боқиб,
Мозий карвонида чалиб қўнғироқ,
Дадил келмоқдасан дарёдек оқиб.
Ватансан, чамансан, оромижонсан.
Даҳолар юртисан, Ўзбекистонсан.

Лак-лак ёғийларга бас келган Широқ
Сенинг ўғлинг эди,кўзлари мунчоқ.
Тўмариссан ўзинг, қотил бошини
Кесиб, қон ялатган ўчсан, ол яноғ.
Эшит,хоразмшоҳ Муҳаммад Отсиз.
Ватан бўлолмайди бегона денгиз.
Жайхун, Сайхунлардан шапалоқ еди
Оқар сув кўрмаган босқинчи Чингиз.
Ватансан, чамансан, оромижонсан,
Дарёлар юртисан, Ўзбекистонсан.
1
Тоққа чиқолмаган оёғин эмас,
Номусин ғажийди, номус-- муқаддас.
Асил ўғилларинг дор остида ҳам
Тиз чўкиб қолишни қилмайди ҳавас.
Келиб кетаверди кўп хоин зоти,
Ботқоқларга ботиб қирчанғи оти.
Юртим, сен яшадинг пинагинг бузмай,
Сабр -тоқат эрур ақл сифоти.
Ватансан, чамансан, оромижонсан.
“Баҳолар” юртисан, Ўзбекистонсан.

Ўғлонларинг ютди ямламай гулхан.
Оловдан қўрқмаслар минишар саман.
“Зижи Кўрагоний” олти асрки
Оламни иситар оловдир чиндан.
Шеърият баҳрида дарёи Ҳирот
Фарғонадан олмиш чашмаи нажот.
Бани одамизод учун соф ҳаво,
Оби ҳаёт бўлди Навоий ҳазрат.
Ватансан, чамансан, оромижонсан.
Наволар юртисан, Ўзбекистонсан.

Сен Паҳлавон Маҳмуд, Нажмиддин Кубро,
Мангуга битилган сўздир вақт аро.
Остонангни топтаб турганда ёғий,
Қаламдек қўлингда қилич ҳам бурро.
Кўнгилдан сув ичиб, кенгаяр Ватан.
Юракка жо бўлар ватандек чаман.
Олис юлдузларнинг сомон йўлидан
Яссавий қолдирган ҳикмат топаман.
Ватансан, чамансан, оромижонсан.
Донолар юртисан, Ўзбекистонсан.

2

Ўн беш асрдирки, ҳақ айтган калом
Расулин тилидан топди эҳтиром.
Бухорийлар юрти, Термизий юрти
Деган номни дунё эъзозлар мудом.
Тупроқ назаркарда, тупроқ муқаддас,
Қуёши тескари қарамас бир пас.
Илмдан сен топган шуҳрату шонни
Тарихнинг ўзи ҳам қилгувчи ҳавас.
Ватансан, чамансан, оромижонсан.
Синолар юртисан, Ўзбекистонсан.

Соғинч соҳилида бўзлаган она
Фарзандлар йироқда қолган замона.
Ҳиндистонда Бобур, Ёркентда Фурқат,
Жалолиддин Курдда ётар мардона.
Бўлинганни бир кун бўри ер дерлар,
Ҳамжиҳат ов қилар ҳаттоки шерлар.
Қўқонинг бир тараф, Хива бир тараф,
Бухоро бир бир тараф, талонда ерлар.
Ватансан, чамансан, оромижонсан.
Нидолар юртисан, Ўзбекистонсан.

Сулувнинг гар бўлса таърифи баланд,
Кўп бўлур харидор, ҳаёлларга банд.
Ҳаммаси қучоғин очиб келганда,
Босқинчи зотига нафси берар панд.
Бир қўлида бешик, бирида қалам,
Учқур ҳаёлида ташвиши олам.
Ожиза атаманг, маликалар денг,
Шеърият мулкида улар шоҳсанам.
Ватансан , чамансан, оромижонсан.
Зеболар юртисан, Ўзбекистонсан.

3
Юлдузлар камолин сабаби замин,
Чўлпонлар учун тонг отар атайин.
Саросар ой нима кўнгил олдида,
Капалак қаноти ҳилолдан майин.
Ёруғлик нажотдир, ёруғлик паноҳ,
Ёғдулар ҳақиқат қасри томон роҳ.
Басирлар қуёшни қизғонганда ҳам
Толеинг порлоқдир,толеинг порлоқ.
Ватансан, чамансан, оромижонсан.
Зиёлар юртисан, Ўзбекистонсан.

Кишанлар ечилгай, юрак тинмаса.
Ҳурлик бўлгусидир номус синмаса.
Ошиён ватанми мард ўғилларсиз,
Гулзор гулшанмикан гуллар унмаса.
Етмиш йил ялтираб бўйнингда кишан,
Ўзингсан кетмонда ош сузиб еган.
Яшайвердинг ўғлинг Шукрвой атаб,
Яктагингни ямаб, чаккангда райҳон.
Ватансан, чамансан, оромижонсан.
Дуолар юртисан, Ўзбекистонсан.

Бир баҳодир наъра тортди-ку охир,
Қул бўлма элим деб, қонлангач бағир.
Тоғларни тебратар салобати бор,
Доно йўлбошчини йўллади тақдир.
Эрк дея тўкилган қонлар муқаддас,
Парчаланди зардан тўқилган қафас.
”Ки сен ҳам ҳур туғилғонсен” -да,
Сен ҳам олгин энди шодумон нафас.
Ватансан, чамансан, оромижонсан.
Фидолар юртисан, Ўзбекистонсан.

4

Азалий орзулар ушалган кун бу,
Қадамингга гуллар тўшалган кун бу.
Ўзбекнинг қуражак кошонаси-да
Барча элатларга андоза мангу.
Қадоқ қўлларингни ўпсам ютоқиб,
Яктагимга гуллар қўясан тақиб.
Замон сеникидир, даврон сеники,
Кўкрагинг кер энди,тўридан боқиб.
Ватансан, чамансан, оромижонсан,
Барнолар юртисан, Ўзбекистонсан.

Дунё майдонида минганинг тулпор,
Сенчалик халқим деб турган қайда бор.
Келажагинг порлоқ, эртанг ҳам аниқ,
Эл-улус тинчлиги барчага шиор.
Нурли манзилларга интилган карвон,
Адашмассан, дадил йўл бошлар сарбон.
Бебаҳо бойлигинг- мустақиллигинг
Мангудир ,токи бор замину осмон!
Ватансан, чамансан, оромижонсан,
Сафолар юртисан, Ўзбекистонсан.





Зуҳриддин Исмоил


Рукн: Шеърият | Қўшди: Kollej204li (21.12.2013) | Муаллиф: Зухриддин Исмоил E W
Кўрилди: 861 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0