Пайшанба, 19.09.2024, 22:21
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Ўзбекистон » Шеърият

Зебо Мирзо. Умримни ўткинчи сабога бердим
***

Кўзим тушса куяди офтоб,
Қўлим чўзсам тўкилар дилим,
Айтсам гуноҳ, айтмасам азоб,
Бу қандай дард,
Бу қандай ўлим?

Юзларимни босаман тошга,
Ёмғирлардай ёғиламан жим,
Мен бошқаман, бутунлай бошқа!
Бу қандай дард,
Бу қандай ўлим?

Қалқиб турган шарпаман холос,
Ўлганини тан олмас кўнглим.
Осмон билмас, замин англамас,
Бу қандай дард,
Бу қандай ўлим?

Оловларда ёқиладурман,
Дўзахлардан ўтмоқда йўлим.
Бир буюк ишқни соғинадурман!
Бу қандай дард,
Бу қандай ўлим?

Тирикману ҳаётим йўқдай,
Тан заҳарга тўлди-ку лим-лим.
Ерга сиғмайман, сиғмайман кўкка,
Бу қандай дард,
Бу қандай ўлим?

***

Сизни тушларимда кўрсам, сиғинсам,
Оғир ботмасмикан?Озор етмасми?
Тунлар ўзим билмай сизни соғинсам,
Бу гуноҳдан ерлар ютмасми?
Ёнингизга хаёлан борсам,
Қувмайсизми,
ҳайдамайсизми?
Ҳисларимни сизга ишонсам,
кулмайсизми,
алдамайсизми?
Ишқ – бор, деб тунларга эртаклар айтсам,
Лаънатламайсизми,
йиғлатмайсизми?..
Нега индамайсиз,
Нимага жимсиз?

Ишона оласизми?
Сўрагум…
Ахир, қон ютиб зор қарғамоққамас,
Севмоққа яралган юрагим!..
Ахир, никоҳландим нигоҳингизга,
Билмайсиз, бу сирни кимдан ўргандим.
Азизим,
ишқ – менинг тушимда олган
Битта бўсангиздан
кўрган фарзандим!..

***

Азизим,
Не учун майса эмасмиз,
Еллар ўпганида суйкалиб ўтган?
Не учун, не учун дарахт бўлмадик,
Илдизи,
Шохлари чирмашиб кетган?
Ариқлар бўйида гиёҳдай ўссак,
Сувларда тушимиз эшилармиди?
Адирлар ортида шамол бўлсайдик,
Кўкларда руҳимиз қўшилармиди?
Нечун мавжудмизу, нечун йўқдаймиз?
Бармоқлар учида нозик бир титроқ?
Нафаслар қўшилиб турганда нечун
Оловлар ичида жим кутиб турмоқ?
Нечун пичоқларга тиралар кўзим?
Кўкка суянгандай суянолмайман?
Нечун қўлингизда лоладек ухлаб,
Кўксингизда тонгдек уйғонолмайман?
Не учун ҳаётим бу қадар саҳро?
Нечун юрагимда бу қадар зорлик?
Қаршимда шовуллаб оқар бир дарё,
Бир томчи сув сўраб ўтинолмайман...
Азизим,
Не учун инсон яралдик,
Кўнглимиз сиғмаса еру самога?
Оҳ, энди шу қадар муҳабат билан
Биз қандай яшаймиз бу тор дунёда?
Биз нечун яралдик ёлғон дунёда?..
Азизим, не учун майса эмасмиз?..

***

Кел…
На умримда баҳор,
На бағримда ёз.
На зуҳримда ўксик тириклик изи.
Нимага яшадим, билмайман, аммо,
Кимнидир жим кутдим,
билмам, ким ўзи?
Сен кимсан?
Соғиндим шу қадар аччиқ?
Наҳот дийдорингга етмоғим учун,
Ўтмоғим шарт эди умримни янчиб?
Наҳот нафасингга тегмай нафасим
Умрим тугар дунё харобасида?
Наҳотки бир кўнгил хаёли учун
Куйиб ўтдим кун ва тун орасидан?
Сен бормидинг ўзи?

Сен йўқ эдинг, сен?
Ҳаётим улашмай бир тола нурга.
Ўлим қўлларида топмоқ учун жон
Наҳотки ўзимни асрадим гўрга?
Кел, менинг ўтинчим,
Кел, менинг қабрим.
Кел, куюк кўнглимнинг жаннатий хоби!
Сен асли бу дунга мен билан келиб,
Мен билан кетгувcҳи дўзах азоби!
Кел,
Осий кундага босҳини егиб
Барча азобларга топгандай барҳам.
Кел, тоғдай кўксингга бошимни қўйиб,
Бағрингда ўларман гўдакдай беғам…

***

Сизга…
Тунда…
ногоҳ уйғонасизми,
Дилингизга кирган титроқдан?
Турасизми оғир хўрсиниб,
Чиқасизми аста ётоқдан?
Очасизми деразаларни,
Қарайсизми…
Ойга тикилиб?
Кўксингизнинг остида надир
Яшаётган бўлар ўкиниб.
Ёдим ўтса хаёлингиздан,
Тушасизми сиз ҳам ларзага?
Розимисиз ҳаётингиздан,
Менга берган
оний лаҳзага?

Ёлғизликнинг гирдобларида
Чорасизлик бўлганида тош.
Менинг учун юрагингиздан
Тўкасизми бирон томчи ёш?
Кесиб ўтса нигоҳингизни
Муҳаббатнинг қовжироқ лаби,
Сиз ҳам…
қаттиқ соғинасизми?
Севасизми сиз ҳам мен каби?
Чидайсизми,
жимгина мендек-
Қонингизда ёнган оловга?
Ёнингизга бир куни борсам,
Бермайсизми…
Кейин бировга?

***

Умримни ўткинчи сабога бердим,
Энг сўнгги чақамни гадога бердим,
Бу телба руҳимни Худога бердим...

Сабо олиб борди, гадога берди
Гадо йиғлаб борди, Худога берди.
Худо мени сенга хатога берди,

Сен мени кимларга бердинг, Азизим?

***

Нигоҳингни ўпиб уйғонар олам,
Исмингдан гуркираб яшайди дунё.
Сен менинг самога чўзган қўлимсан,
Умидим тонгдаги порлаган зиё...
Сенинг кўнглинг – осмон,
Сенинг руҳинг – Нур.
Орзум – юлдузларинг қўярсан ёқиб,
Мен эса юксалиб бораман мағрур,
Осмонлардай ўтган умрингга боқиб...


Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (06.09.2012) | Муаллиф: Зебо Мирзо
Кўрилди: 1660 | Рейтинг: 3.0/5

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0