Пайшанба, 19.09.2024, 13:02
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Адабий ўйлар

БЕДОРЛИККА ЧОРЛОВ
Авлиёхон ЭШОН

ШАВКАТ РАХМОН ХОТИРАСИ


Хужанд давлат педагогика институтида ўқиб юрган кезларимизда, биз – икки уч нафар талаба ижарада турадиган уй "Панжшанбе" бозори яқинида бўлгани учун шундоққина йўлимиздаги китоб дўконига тез-тез кириб турардик. Бир куни дарсдан чиқиб, доимо харидорлар билан гавжум бўладиган дўконга кирсак, "Авторнинг илк китоби" сериясида нашр этилган янги китоблар келтирилган экан. Дарҳол шундай тўпламлардан сотиб олиб, йўлдаёқ уларни варақлаб кўра бошладик. Дўстларимиздан бири Шавкат Раҳмоннинг "Рангин лаҳзалар" номли тўпламининг илк саҳифасидан ўрин олган "Ватан" номли шеърни овоз чиқазиб ўқиди:

Жойлашгансан шунчалар чуқур…
Ўз тубига яширган юрак.
Сенга етиб бормаклик учун
Узун умрим етмаса керак.

Шу пайтгача Ватан ҳақида кўпчилик кўникиб қолган, мазмунан бир-бирига яқин, бунинг устига, бироз баландпарвоз шеърларни ўқиб юрганимиз учунми, атиги тўрт сатрдан иборат самимий ва содда, айни чоғда, мулоҳаза ва мушоҳадага ундовчи бу шеър бизга жуда ёқди. хамсабоқларимиздан бири уни "Ватан ҳақида энг гўзал шеър", деб атади. хеч иккиланмай, унинг фикрига қўшилдик. Хонамизга келиб, китобни тўлиқ ўқиб чиққанимиздан кейин ўзимиз учун Шавкат Раҳмон номли шоирни кашф этдик. Туйғуларни ўзига хос, табиий, теран ифодалай олган шоир шеърларидаги лавҳалар, тасвирлар, юракка тиғдай тегадиган сатрлар бизни янги бир оламга олиб киргандек бўлди. Ўша куни китоб мутолаасидан сўнг баҳслашиб, бир-биримизнинг фикримизга гоҳ қўшилиб, гоҳ эътироз билдириб, алламаҳалгача ухламай ўтирганимиз ёдимдан чиқмайди.
Китобчани дам олиш куни уйига кетмай шаҳарда қолган ҳамхоналаримдан қизғаниб, қишлоққа – уйимизга олиб кетдим. Ўрта мактабда ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс берадиган отам Шукруллохон Авлиёзода (яхшигина шоир ҳам эдилар) Шавкат Раҳмоннинг китобини ўқиб, жуда қаттиқ таъсирланганлари ёдимдан чиқмайди.
Отамни бундан илгари фақат бир марта шундай руҳиятда кўрган эдим. Ўшанда Рауф Парфининг "Кўзлар" номли тўпламини ўқиб, негадир бир неча кун бироз маъюс ва ўйчан бўлиб юргандилар. Бу гал эса Шавкат Раҳмоннинг мўъжазгина китобчаси отамнинг ҳайратига, ҳурматига, эътирофига сазовор бўлганди.
Кейинроқ шоирнинг бошқа китобларини ҳам отам билан бирга ўқиб чиққанмиз. "Шавкат Раҳмоннинг шеърларини фақат ўқиш эмас, балки мусаввирнинг сувратидек "томоша" қилиш мумкин. Китобларини ўқиётганимда, ўзим туғилиб-ўсган Андархам қишлоғининг одамлари, қир-адирлари, сой ва тупроқли кўчалари шундоққина кўз ўнгимдан ўтади. хар гал қишлоққа бориб келгандек бўламан", деганларини ҳозир яхши эслайман. Мен шоирнинг охирги йилларда ёзилган шеърларини мақтай бошласам, отам эътироз билдирар эдилар: "Менга Шавкат Раҳмоннинг аввал ёзган шеърлари кўпроқ ёқади, ўша пайтдаёқ у зўр шоир эди".
Ўтган асрнинг 70-йилларида адабиётга кириб келган Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Хуршид Даврон каби шоирлар замонавий ўзбек шеъриятини бир поғона юқори кўтариб қўйдилар. Таъбир жоиз бўлса, шеъриятда тозариш, янгиланиш, муҳими, руҳият ва моҳият сари қадам юз берди.
Биз – ҳаваскор шоирлар машқларимизни юқорида номи тилга олинган устозлар назаридан ўтказишни орзу қилардик. Лекин рўпара бўлишга ҳаддимиз сиғмай, қўлёзмаларимизни қўлтиқлаб қайтган пайтларимиз кўп бўлган. Истеъдодли шоирлардан ўз шеърлари ҳақида илиқ сўзлар эшитиб, боши осмонга етиб юрган тенгдошларимизга ҳавас қилардик.
Бир гал ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад билан суҳбатлашиб ўтириб, "Ёш гвардия" нашриётига топширган тўпламим режага киритилганини айтдим.
– Ғафур Ғулом номли нашриётга ҳам қўлёзмангизни топшириб қўйинг, – деди Хуршид ака маслаҳат бериб, – Бу гал Тошкентга келишингизда албатта, кейинги китобингизни тайёрлаб келинг.
– Шавкат Раҳмондек шоирга шеърларимни қандай кўрсатаман? – дедим бирданига шошилиб, – У киши жуда катта шоир-ку!
Ўша кезларда Шавкат Раҳмон Ғафур Ғулом номли Адабиёт ва санъат нашриётида ишлаётган эди. Нашриёт ёш шоирларнинг китобини чоп этаётганини билсам-да, тўпламимни кўтариб боришга юрагим дов бермасди.
– Бундай тортиниб юрсангиз бўлмайди, – деди Хуршид ака менга далда бериб, – Шавкат Раҳмон жуда самимий, яхши инсон. Ёшларни қўллаб-қувватлаяпти. Шунинг учун унинг олдига дадил кириб бораверинг.
Хуллас, Хуршид аканинг гапи билан Ғафур Ғулом нашриётига топшириш учун китобимни тайёрладим. Тошкентга борганимдан кейин шеърларим солинган папка негадир ўзимга ёқмай, дўконларнинг биридан яшил тусдаги қалин жилдли, боғичлари чиройли папка сотиб олиб, қўлёзмамни жойладим. Шеърият бўлимига кирсам, Шавкат ака самарқандлик шоир Жамол Сирожиддин билан суҳбатлашиб ўтирган экан. Бироздан сўнг Ленинободдан келганимни айтиб, қўлёзмамни узатдим.
– Тўпламингизнинг папкаси жуда чиройли экан, – деди Шавкат ака бироз жилмайиб, – Кўрайлик-чи, ичидаги шеърлар қандай экан?
Пешонамдан муздек тер чиқиб кетди. Индамай ўтиравердим.
Шавкат Раҳмон шеърларнинг анчасини ўқиб, менга юзланди:
– Тўплам тайёр бўлиб қолибди. хозир нашриёт икки муаллифнинг китобини бир муқова ичида чиқаряпти. Сизнинг китобингизни ҳам шундай чоп қилсак бўлади.
Нима дейишимни билмай дераза томондаги стулда ўтирган йигитга қарадим, у негадир "рози бўлманг", дегандек бошини қимирлатиб қўйди. (Кейинроқ билсам, у шоир Абдували Қутбиддин экан, танишиб, дўстлашиб кетдик).
– Китобим алоҳида чиқмаса нима кераги бор, – деб юборибман бир томондан Хуршид аканинг гапи ёдимга тушиб, бошқа томондан рўпарамдаги йигитнинг ишорасидан руҳланиб.
Шавкат ака юзимга бир тикилиб қаради-да, ҳеч нима демай, мийиғида кулиб қўйди.
Бу воқеани батафсил келтиришимнинг сабаби бор, Шавкат Раҳмон чиндан ҳам самимий, оддий инсон эди. Бундай иддаоларни кўп эшитганиданми, қаттиқ гапиришни истамадими, ҳар ҳолда, мен каби ҳаваскор шоирнинг сўзларидан ранжимади. Аксинча, аввалига баланддан келиб, сўнгра хижолат чекиб, пешонамдаги терни тез-тез артиб, лом-мим демай ўтирганимни кўриб, мени гапга тутди. Тўплам ичидан айрим шеърларни ажратиб, газета-журналларга олиб боришимни маслаҳат берди. Қайтаётган пайтимда нашриёт чоп этган янги китоблардан бериб, кузатиб қўйди.
Орадан ўн йиллардан кўпроқ вақт ўтиб, 2000-йили таниқли шоир, устоз Хуршид Даврон қуйидагиларни қайд этганини ҳозир ички ғурур билан эслайман: "…Таниқли шоиримиз, раҳматли Шавкат Раҳмон ёш шоир ижодининг дастлабки палласиданоқ, унинг ижодини кузатиб келгани ва унинг қаламига тегишли шеърлар хусусида ижобий фикрлар айтганидан ҳам яхши хабардорман". Шу боис, ҳар гал қўлимга қалам олсам, шоирнинг ўткир нигоҳлари мени кузатиб тургандай бўлаверади. Ўзимда масъуллик сеза бошлайман…
1986-йилнинг 16-май куни атоқли олим Озод Шарафиддинов, устоз шоирлар Рауф Парфи, Усмон Азим ва таниқли мунаққид Иброҳим хаққул Ленинободга (ҳозирги Хужанд шаҳри) келишди. Шеърият мухлислари учун чинакам байрамга айланган бу учрашувга Шавкат Раҳмон сабабчи эканини ҳамма ҳам билмаса керак.
… Бир гал Тошкентга борганимда шоир дўстларим Асқар Маҳкам ва Одил Икромга Шавкат аканинг уйига борсак, деган мазмунда гап қилдим. Асқар "Шавкат ака Испанияга бориб келибди. Баҳонада устозни зиёрат қилиб келамиз", деб таклифимни маъқуллади. Шу куни уччовимиз Шавкат Раҳмоннинг меҳмони бўлдик. Асқар Шавкат ака билан анча қадрдон экан, шоир ҳузурида ҳам ўзини эркин тутиб, бемалол гаплашиб ўтирди. Мен ҳар замонда бош ирғаб, суҳбатга қўшилгандек бўлиб турдим. Кўринишидан жиддий, босиқ ва бироз ўйчан шоир ҳузурида нималарнидир гапириб ўтиришга ҳаддим сиғмади. Сафар таассуротлари, улуғ испан шоирлари Хуан Рамон Хименес, Федерико Гарсия Лорка ҳаёти ва ижоди, Андалузия ҳақида сўзлаётган Шавкат Раҳмонга ҳавас қилиб ўтирдим. Фақат қайтаётганимизда устозни Ленинободга таклиф этишга журъат қилдим.
– Ленинобод орқали Ўшга кўп ўтганман, лекин шаҳарда тўхтамаганмиз, – деди Шавкат ака таклифимга рози бўлиб, – Насиб қилса, борамиз.
Шоирнинг розилигини олиб Хужандга қайтгач, бу янгиликни энг аввало, ўзим ишлаётган "хақиқати Ленинобод" вилоят газетасининг ўзбек бўлимидаги ҳамкасбларимга етказдим. Навоийшунос олим Эргашали Шодиев билан Тожикистон Ёзувчилар Иттифоқи вилоят бўлими масъул котиби, ёзувчи Раҳим Жалил ҳузурига бориб ниятимизни айтдик. хамкасбимиз, таниқли тожик шоири Аҳмаджон Раҳматзод Шавкат аканинг "Гуллаётган тош" китобидаги шеърларидан бир туркумини таржима қилиб, газетамизда чоп эттирди.
Бу орада телефон орқали Шавкат Раҳмон билан гаплашиб, маслаҳатлашиб турдим. Шундай суҳбатларимизнинг бирида Шавкат ака Озод Шарафиддинов ҳамроҳлигида Хужандга келишини айтганида, менинг хушхабаримдан сўнг қаламкашлар эмас, педагогика институтининг тарих-филология факултети ўзбек бўлими олимлари ҳам тараддудланиб қолишди. Устоз Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ўша пайтдаги раиси Ўлмас Умарбеков номига бирорта ижодий ташкилот номидан мактуб юборишимизни сўради. Дарҳол вилоят китобсеварлар жамиятининг раиси И. Абдураҳмоновга мурожат қилдим. У киши бундай янгиликдан ҳурсанд бўлиб, жамият номидан телеграмма жўнатди. (хозирга қадар ўша телеграмма, таклифномалар нусхасини архивимда сақлаб келаман).
Шавкат Раҳмон ташаббуси билан хужандликлар меҳмони бўлган таниқли олим ва шоирлар иштирокида Ленинобод давлат педагогика институти, Пролетар туманидаги 17-ўрта мактаб ва Қўрғонча қишлоғида бўлиб ўтган учрашувлар шеърият мухлислари, ижодкорлар учун жуда мазмунли, айни чоғда, фойдали бўлди. хозир ҳам Озод Шарафиддиновнинг адабиёт ҳақидаги мулоҳазаларини, Иброҳим аканинг ёшлар шеърияти борасидаги сўзлари-ю, Рауф Парфи ва Усмон Азимнинг самимий, дилкаш суҳбатларини эслаб, бир-биримизга гапириб юрамиз.
Афсуски, нашриёт ишлари билан банд бўлгани боис, Шавкат ака Хужандга кела олмади. Шундай бўлса-да, Шавкат Раҳмон хужандлик олимлар, ижодкорлар, мухлислар учун жуда катта хизмат қилди, чунки устознинг саъй-ҳаракати бўлмаганида, эҳтимол, бу учрашув амалга ошмаган бўларди. Бошқа гал Тошкентга борганимда, Шавкат ака ижодкор дўстларининг Хужандда бўлган уч кунлик ижодий сафари тафсилотларини эшитиб, учрашувларда қатнаша олмаганидан афсусланган эди.
1992-йили Душанба шаҳрида жумҳурият ўзбеклар маданий марказининг биринчи қурултойи кунларида Шавкат Раҳмон билан яна учрашиш бахтига муяссар бўлдим. Устоз ўшанда "Эл" халқаро уюшмаси раиси котиби сифатида қурултой меҳмони бўлган эди. Маърузалар чоғида Шавкат акага навбат берилганида, устоз ўқиган шеър ҳали ҳам қулоғим остида жаранглаб турибди. Шоир шеър ўқияпти-ю, муҳташам сарой залида тиқ этган товуш эшитилмайди. Назаримда, фақат шоир юраги зарблари сукунатни бузиб тургандай… Танаффус чоғида Шавкат Раҳмон билан икки оғиз гаплашмоққа улгурдим, холос. Чунки унинг атрофини тожик ва ўзбек олимлари, шоирлар, мухлислари қуршаб олишди, бафуржа сўзлашмоқнинг иложи бўлмади.
Кейинроқ Ўш ва Тошкент шаҳарларида устознинг суҳбатидан баҳраманд бўлиб, тенгдошларим қатори бу улуғ инсондан ҳаётий сабоқлар олдим, десам хато бўлмас. Шавкат Раҳмон шунчалик катта истеъдод эгаси бўлишига қарамай, ғоят андишали, камтарин, мулоҳазали инсон эди.
Турсунбой ака Адашбоев хужандлик қаламкашларни фарзанди Муроджоннинг уйланиш тўйига таклиф этганларида, у кишининг хонадонида бўлиб, кечқурун меҳмонларга ёзилган дастурхон атрофида Шавкат ака билан ёнма-ён ўтириб қолдим. Даврада ҳазил-мутойиба бошланиб, ёзувчи Тоҳир Малик, Анвар Обиджон чиройли лутф, аскиялари билан ҳаммани роса кулдиришди. Шавкат ака бошқаларнинг гапини тинглаб, умумий кулгига қўшилиб ўтирди, холос. Унинг юзида андиша, камсуқумлик, ўзгаларга ҳурмат ифодаси зоҳир эди.
холбуки, Шавкат Раҳмон халқ дардини баланд пардаларда куйлаётган юксак истеъдодли, улуғ шоир эди.
Кейинчалик ҳам устоздан бир марта бўлса-да, мана бундай шеър ёздим, фалон шоирни қойиллатиб таржима қилдим, қабилидаги гапларни эшитмадик. 1986-йили бўлса керак, Шавкат ака Испанияга бориб, буюк испан ёзувчиси Валье Инклан ижодига бағишланган конгрессда қатнашиб қайтганидан сўнг "Сафар таассуротларини шеър қилиб ёзасизми?" деб сўраганимизда ҳам "Баъзи фикрларни ўйлаб юрибман", деб камтарона жавоб қайтарган эди.
Йиллар ўтгани сайин тобора дилга яқин бўлиб, тафаккуримизни ёритаётган Шавкат Раҳмон шеърияти мангуликка дахлдор экани бугун кўпчиликка аён. Шоир шеърлари барчамизни бедорликка чорлаб, ҳаётга пок, тийран нигоҳ билан қарашга ўргатади.
Мен Шавкат Раҳмон ҳақидаги баъзи хотираларни ёздим. Аслида, шоирнинг қандай инсон эканини унинг шеърларигина аниқ айтиб бера олади.
Шоир умри узайгани муборак бўлсин.


Рукн: Адабий ўйлар | Қўшди: Davron (06.08.2013) | Муаллиф: Авлиёхон Эшон
Кўрилди: 1057 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0