Пайшанба, 19.09.2024, 13:04
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Адабий ўйлар

Даврон Ҳотам шеърларини ўқиб...
Абдул ҲАҚ

Китоб кўп. Сўз кўп. Бироқ шеър йўқ. Бўлса беш, бўлмаса ўн беш қабилида қатор-қатор китоблар "хассос" шоирлар томонидан ёзилиб, "хассос" ноширлар томонидан чоп этилаяпти, чоп этилаяпти. Мана қўлимда муқовасига шеърлар деб ёзиб қўйилган бир қанча китоблар. Ичида эса бирорта шеър йўқ. Китоб устидаги безакларга эса гап бўлиши мумкин эмас... Юзига илонсимон чизиқлар тортилган, тушунарсиз манзара берилган китобни варақладим. "Ўҳ"... чуқур нафас олдим. Ҳайрият. Ҳайриятки, бу китоб юқоридаги мағзи пуч сўзлар қаторлаштирилган китоблардан анча фарқ қилди. Кўнглимга йўл топди. Ундаги янги ташбеҳлар менга таскин бера бошлади. Юқоридаги тушкун кайфият чақин тезлигида тарқалди. Китоб қулоғига бежиз "Кўнгилга йўл" деб азон айтилмаган экан.
"Кўнгилга йўл". Бу китоб Даврон Ҳотам китоби. Ҳақиқий санъат. Ҳақиқий шеърлар. Ҳақиқий китоб. Китобда берилган биринчи шеърнинг ўзиёқ мени хайратга солди. Ўҳ, шеърку, дедим. Мана,сиз ҳам ҳайратланинг:
...Соҳибсиз итмидим ёғилар тошлар
Ё ношуд савдогар-сув текин ёшлар
Ёмонлар кўлида ёлғон сузаман
Сув пари-каламуш ғажилай бошлар...

Соҳибсиз итмидим ёғилар тошлар, сатридаги риторик сўроқ орқали эгасиз итга ҳар ўткувчи тош отиб ўтишини ўткирлик, зарифлик билан шеъри сатрига олиб кира олиши юқоридаги фикримиз далилидир.
Иккинчи сатрдаги "Ё ношуд савдогар-сув текин ёшлар" ирсоли масали янада ҳайратга солади. Ношуд савдогар молини арзон гаровга сотганини гувоҳи бўлишимиз мумкин. Бироқ кўз ёшини текинга пуллаган савдогарни кўрганмисиз. Бу шунчаки сўзлар тизмаси ёки "тошлар" сўзига шунчаки қилинган "ёшлар" сўзлари қофияси эмас. Шеъриятдаги янги топилма. Ушалмас орзу учун сарф қилинган кўз ёш, текин кўз ёш.
Даврон Ҳотам шу топилма билан чекланмаяпти. Кейинги сатрларга яна янги ташбеҳ-янги истиораларни юклаяпти. Ўзгалар гўрга тиқаётган шеър тушунчасини яна тирилтириб, янги гўрўғли яратяпти. Ёмонлар кўлида ёлғон сузаман. Ёмонлар кўлида қандай ёлғон сузиш мумкин. Ёлғон сузишлик ўлимга олиб келади. Ўлган вужудни сув пари-каламуш ғажилай бошлайди. Ёмонлар кўлида ёлғон сузишлик кимгадир мантиқсиздек туюлар.Бироқ бу мантиқсизлик эмас. Бу бадиият. Бу Гўрўғли. Сув пари-каламуш эса янги оксюморон.
Шу шеърнинг кейинги сатрларида "Туманлар боғлайди кўзимга рўмол" мисраси бор. Туманларнинг кўзга рўмол боғлашлиги бу метофора. А.Мухтор "метофоризм ёшлар шеъриятига хос" деган фикрни берган эди. Ахир метофорасиз шеър шеър эмас-ку! Р.Парфини Р.Парфи, Ш.Раҳмонни Ш.Раҳмон даражасига кўтарган ҳам метофора эмасми? Газета саҳифаларида қаторлаштириб шеърларини чиқараётган, қатор-қатор китобларни нашр қилаётган ва кимлар томонидан "хассос" шоир деб ном олаётган, қайга кетдинг... Кимга кетдинг... Қачон қайтасан... каби мағзи пуч сатрларни қалаштириб, йигирма-йигирма беш бандли шеърларини бераётган шоирларимиз ҳам бир оз бўлса-да шеър нима эканлигини тушуниб, шеърнинг асл моҳиятини, ундаги санъатлар, кўчимлар, метафораларни англаб олсалар ёмон бўлмас эди. Шоирнинг навбатдаги шеъри ҳам ўзига хос ташбеҳлар билан жилоланган:
...Пичирлаб-пичирлаб қўяман
Индаманг, Сўзларни лабимда сўяман
Қонидан сиз хино қўясиз.

Сўзларни лабида сўйишлик, қонидан хино қўйишлик кутилмаган топилма. Кутилмаган ОҲ, кутилмаган дод. Кутилмаган ийҳом, кутилмаган жумлалар градацияси.
Шоир кўнглидаги исёнкорлик, фикрлар туғёни на вазнга сиғади, на қофияга бўйсунади:
Армон-қадрдон дўстимнинг етим боласи
Орзу-қариб улгурмаган танноз ойимча.
Кўнгил-мендан бошқа сиғмаган кулба
Танноз хотин эса яна туғар
Кулбамга қасддан етим болалар

Даврон Ҳотам сўзларни бекордан-бекор исроф қилмайдиган шоир:
Бахт гали келса, бахти йўқ юртда
Бахтли бўлар эдим... бахтдан кечолсам.... ("Бахтли бўлар эдим")

Ҳар тонг жанггоҳ эрур Ватаним
Дилимнинг Бадрида туроласизми? ("Бу олам меники")

Тун-ҳижобга кирган гўзал қиз
Ой юзини булут тўсади
Канизаги-ҳурлиқо юлдуз
Ишқ ҳақида куйлаб беради
Шаккок шамол ҳижобни тортиб... ("Тун")
Бу сатрлар шоир шеърлари орасидан терилган дурлар. Бундай дурлар эса шоир китобида қалашиб ётибди. Буларнинг барчасида маънавий, мияни титратгувчи куч бор, санъат бор.
Даврон Ҳотам китобчасидан ўрин олган саноқли шеърлардагина эскирган, айтиб бўлинган, сийқаланган ташбеҳлар учрайди. Бироқ улар китобга соя сололмайди. Шавкат Раҳмондек буюк шоирни берган бу юрт Даврон Ҳотамни ҳам улғайтириб, етук шоир сифатида тақдим этишига ишончим комил бўлди.



Рукн: Адабий ўйлар | Қўшди: mezbon (29.12.2013) | Муаллиф: Абдул Ҳақ
Кўрилди: 850 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0