Пайшанба, 19.09.2024, 22:32
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Адабий ўйлар

ҚИРҒИЗИСТОНДАГИ ЎЗБЕК АДАБИЁТИ
Улуғбек СОКИН

Қирғизистон пойтахти Бишкекда Марказий Осиё китоб форуми ва адабиёт фестивали бўлиб ўтмоқда. Ушбу анжуман арафасида “Америка Овози” Қирғизистонда таниқли ўзбек шоири, “Ўш садоси” рўзномаси бош муҳаррири Муҳаммадсоли Исмоилов билан суҳбатда бўлди.

Бишкекдаги Марказий Осиё адабиётшунослар анжумани арафасида Қирғизистондаги ўзбек адабиёти аҳволи ҳақида нима дейиш мумкин? Қандай ютуқлар, муаммолар, уфқлар борасида сўз юритса бўлади?

Қирғизистонда яхшигина ижод қилаётган, қалам тебратаётган ижодкорлар бор. Лекин уларни бир ерга тўплаб, йўл кўрсатиб, бошини қовуштирадиган, ижод намуналарини тўплам ҳолида чоп этадиган қандайдир ташкилотни ўзи йўқ. Собиқ Иттифоқ даврида ”Илҳом” деб номланган ёш ижодкорлар клуби бўларди. Машғулотлари ойда бир ўтарди. Ўша клубда бутун вилоятимиздан келган ижодкорлар ўз асарларини намоён қиларди, таниқли шоирлардан йўл йўриқлар оларди. Ҳозир эса унақа шарт-шароит йўқ ўзбек ижодкорлари учун. Улар ўзбек адабиётидан ҳам қандайдир ажралиб қолгандай, бир оролчага тушиб қолгандай бўлаяптида. Ўз пайтида Қирғизистонда ўзбек адабиётининг йирик намояндалари етишиб чиққан. Айтайлик, Шавкат Раҳмон, Қўлдош Мирзо, Усмон Темур. Ҳозирда эса қатор мутахассислар Қирғизистондаги ўзбек адабиёти келажагидан ташвишда…
Дарҳақиқат, Қирғизистондаги ўзбек адабиётининг истиқболи ҳақида бирон нарса дейишга қийналамиз, иккиланамиз. Ёш ижодкорларнинг тақдири қандай бўлади, келажакда уларнинг китоблари бирон жойда чоп етиладими, улар ҳақида ғамхўрлик қиладиган ташкилот бўладими – бу масалалар ўйлантиради бизларни. Мутахассисларнинг айтишича, охирги йилларда ёш ижодкорлар исмлари ва асарлари унча кўзга ташланмайди. Бунинг сабаблари нимада? Шуни айтиш керакки, ҳозир бозор иқтисодиёти шароитида, ибора қўпол бўлса ҳам, ўзинг учун ўл-йетим замони. Айниқса ижодкорлар учун. Давлат томонидан қўллов йўқ, ҳомийлар ҳам йўқ ҳисобида. Қўлингда пул бўлсагина китоб чиқара оласан. Оддий мисол, сиз кўрган ёш ногирон ижодкор укамиз. У ўзининг илк тўпламини чиқармоқчи. Аммо бунинг учун маблағи етишмаяпти. Бизга кўмак сўраб келибди. Чиқарса 100 нусха чиқаради. Авваллари ёш шоирларнинг илк китоблари 5-10 минг нусхада чиқар эди. Бунга давлат кўмак берарди. Қалам ҳаққи ҳам тўланарди. Бугун эса ижодкор рўзнома орқалигина танилиши мумкин. Унда ҳам бу кишини фақат бир рўзноманинг оз сонли мухлислари танийди. Яқинда маҳаллий давлат университети олимлари мактабларда дарсдан ташқари машғулотларда ўрганиш учун бир неча ўзбек шоир-ёзувчилари асарларини тақдим қилган. Ушбу рўйхатга ўшлик ижодкорлардан Муғанний, Мирзоҳид Мирзараҳимов ва Аъзам Раҳимларгина ижодидан намуналар киритилибди. Бу дегани ҳатто тадқиқотчи адабиётшунослар ҳам маҳаллий қаламкашларнинг кўпи билан яхши таниш эмас.

Ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш учун нима қилиш керак?
Аввало, ижодкор борки, миллатидан, қайси тилда ижод қилишидан қатъий назар давлат эътиборида, ғамҳўрлик остида бўлиши керак. Майли, давлатнинг, ижодий уюшмаларнинг эътибори етишмаётган экан, ҳеч бўлмаганда Қирғизистон халқи Ассамблеяси ва унинг таркибига кирувчи миллий-маданий марказлар борку. Улар ҳам кўмаклашса бўлади. Илгари собиқ Иттифоқ даврида республикалар орасида адабиёт ва санъат декадалари бўларди. Ҳам таниқли, ҳам ёш ижодкорлар борди-келди қиларди, бир-бирининг ижоди билан танишарди, тажриба алмашарди. Бундай анжуманлар ёшларнинг кенг оммага танилишига ҳам сабаб бўларди. Менимча, ўша анъаналарни давом эттириш мақсадга мувофиқ. Адабий алоқаларни, ҳамкорликни тикласак, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги доирасига, қолаверса, халқаро миқёсга чиқамиз. Марказий Осиё шунақа масканки, ижод булоғи қайнаб турган маскан. Бу ерда об-ҳаво, табиий шароитлар шунақаки, ижодни фақатгина рағбатлантириб, янги-янги илҳом берадиган муҳит бор бизда. Бу ерда туғилган ҳар қандай миллат вакиллари ичидан кучли-кучли ижодкорлар чиқишига ишонаман.

Умуман олганда, китобга бўлган қизиқиш одамлар орасида сўниб бораётгани ҳақида мулоҳазалар учраб туради. Буни қандай изоҳлайсиз?

Ҳозир кўпроқ одамларнинг иқтисодий-молиявий шароити яхши эмаслиги бунга сабаб бўляпти, деб ўйлайман. Аҳлимиз пул топиш йўлларини ўйлаб, маънавият соҳасини эсдан чиқариб қўяяпти. Лекин китоб нафақат билим манбаи, балки катта ҳаёт мактаби. Китоб ўқиб турган инсон ўз маънавиятини ҳам оширади, тажрибасини ҳам орттиради. Бу вақтинчали ҳолат бўлиши мумкин. Иқтисодий муаммолар ҳал болиб кетса, балки китобга яна қайтармиз. Одамлар китобга, ижодга қизиқадиган даврлар келар.




Манбъа: http://www.amerikaovozi.com/
Рукн: Адабий ўйлар | Қўшди: Davron (25.11.2012) | Муаллиф: Улуғбек Сокин
Кўрилди: 978 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0