Пайшанба, 19.09.2024, 12:53
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Адабий ўйлар

ЮРАК БИЛАН САФАР
Раҳимжон АЛИЖОНОВ

(Туркистоннинг улуғ шоири устоз Шавкат Раҳмон таваллудининг 63 йиллигига)
Юрак негадир изтиробда...
Қандайдир таскин, қандайдир бир йўл излайди ўзига. Нимадандир ховлиқса, нимагадир талпинади.
Дук... дук... дук...
Вужуд эса ҳаловат истайди.
Оёқлар юракка бўйинсунган, бутун вужуд ҳам юрак амрида. Ниҳоят юрак излаган йўлини топганга ўхшайди. Ҳукмни бор вужудига етказдида сафар тараддудини кўра бошлади. Сафар эса "баҳайбат япроқлар диёри" сари эди.
Улар бу оқ-қора дунё ичра "рангин лаҳзалар"га кириб боришар, у ернинг жилваларидан ўзларига сиғмай қолишар эди...
Оҳ! Юракнинг кўзлари очилди, бунчалар нурафшон, бунчалар рангин бу сониялар, бунчалар...
Бир баҳя аввал умр ҳам, дунё ҳам ўткинчи бир хасдек сиғмаётган вужудга , эндиликда "мангуликдай туюлди умр, мангуликдай туюлди дунё..."
Юракнинг очилган кўзлари қуёш тиғидан қамашар, у эса кўзларини юмиб олганди. Шунда бирдан нотаниш овоз сўзлай бошлади:
Кўзингизни очинг, қўрқманг,
Зиёдан қамашсин, оғрисин майли.
Майлида яшамак бўлсин қийинроқ-
Очиқлиги туфайли.
Юрак сесканиб кетди, ўзида қандайдир бир тетиклик ҳис эта бошлади. Бироқ санчиб-санчиб оғриётган бу дарди бедаводан қутулмади, қутулмади-да! Рангин лаҳзалар орасидан бир Юрак чиқиб келдида пичирлай бошлади:
Лаззат бор ҳар қандай оғриқда...
Оғриқлар ичра тўлғонаётган юракка бу сўз қийин ишдек кўринмади, аксинча у роҳатни қидира бошлади. Роҳат эса унинг ўзида эди.
"Юракнинг энг чуқур еридан оғриққа айланган туйғулар" натижасида уйғониш бошланди қайтадан.
Энди юракда безовталик бор. Энди у ўзини нималаргадир қодирдай ҳис эта бошлади. Унда ниманидир уддалаш, нима ёки ким биландир курашиш иштиёқи тирила бошлаганди. Унинг аввалги нимжон, тушкун ҳолатлари ўзгариб, сокин одимлари тобора шаҳдамлашарди, чунки:
Йиқилмак, тўхтамак-мумкинмас!
Қаерга бўлса ҳам юрганим яхши...
Менинг ҳар қадамим муқаддас,
Менинг ҳар қадамим
Ўлимга қарши.
Эҳ, ниҳоят қовирилаётган юрак бир илинж топгандай бўлди. Балки излагани шудир. Энди эса умид ёлқинлари шуълалана бошланди: "ЯШАМОҚ ЗАРУР!"
Бир кун келиб лаҳзалар қийноғи тутмасин, бир кун келиб ҳар сония ҳар дақиқа унинг ҳаётини муваффақиятли эканлигига гувоғлик берсин. Узоқдан эмас, унинг тилидан тўкила бошланди бу сўзлар:
Токим тош мисоли тегмасин бошга,
Мен яшай олмаган
Ҳар бир дақиқа...
Юрак нотаниш бир туйғуларни тушуна бошлади ва ўзининг эгизагини қидира кетди. Лекин у қаерда?
Балки майсалардан сўрар, балки осмондан, балки ердан сўрар, балки бутун борлиқдан. У эса олисда ва шунингдек жуда яқинда ҳам эди:
Мен йўғимда...
Гуллар очилар
Ташна бўлиб салқин елларга.
Майин, тиниқ бўйлар сочилар,
Ёлғизоёқ, сокин йўлларга.
Баҳайбат япроқлар, баҳайбат тоғлар, баҳайбат дарёлар юртидан бу қўшиқни ким айтди, қаёқдан келмоқда-Юрак ҳайрон...
Мана, 40 йилдан ошибдики бу куй таралмоқда Улуғ диёрлардан, Улуғ диёрлар оралаб.
"Ҳей, кимсан ўзинг, қандай иш билан машғул бўляпсан?" дея хайқира кетди. "Сенинг туғилиш ёки ўлиминг борми ўзи?"
У эса сокин жавоб бера бошлади:
Очиқ кулиб, сўйлаб ёруғ сўз,
Қуёш, Ерга шукрона айта.
Мен ҳар кеча юмаяпман кўз,
Туғиляпман ҳар саҳар қайта.
Ҳа, деярли барчаси тушунарли, вужуд ҳам ўз оромини топа бошлаганди. Эндигина юрак ўзининг аксини кўрмоқчийди...
Бирдан юрак ғалати ҳолатга чўка бошлади.
Негадир аввалги дард унга яқинлаша бошлади...
Яна изтироб...
Нега?
Топганига ҳеч қанча вақт бўлмаган бу Улуғ Юрак қўлларини силкитиб кета бошлаган эди. Юрак эса "Келасанми?" дея пичирлай олди холос. "Аниқ келасанми?" дея яна қўшимчалаб ҳам қўйди:
Мен келаман, келаман сўзсиз,
Кўзингизни яширманг зинҳор.
Пешвоз чиқинг йўлларимга сиз,
Баҳор бўлиб келаман, баҳор...
Эндигина ҳаловат топа бошлаган вужуд энди баҳорни қандай кутаркин? Қандай чидай оларкин баҳорга?
Эҳ, наилож ортга қайтиш керак, лекин оёқларнинг юракка бўйинсунгиси ҳам келмай қолган, вужуд ҳам шу ҳолда... Бечора нима қилишсин?
Юрак қурғур яна йўл ахтара бошлади. Баҳорга тезроқ етиш йўлини...
Дук-дук-дук...



Рукн: Адабий ўйлар | Қўшди: Rahimjon (16.09.2013) | Муаллиф: Раҳимжон Алижонов
Кўрилди: 779 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0