Чоршанба, 18.09.2024, 07:04
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Адабий ўйлар

Маркес. Ўзликка йўл ёҳуд ўлимнинг иккинчи тарафи
Элмурод ЮСУФ

Авлоднинг биринчи вакилини дарахтга боғлаб қўйишади, авлоднинг сўнггисини чумолилар еб битиради... ёлғизликнинг юз йилига маҳкум этилган одамлар авлоди ер юзида қайта пайдо бўлмайди.

Габриэль Гарсиа Маркес асарларини севиб қолиш учун унинг китобларидан олинган исталган иқтибосни келтириш кифоя. Маркесни тушуниш учун эса “ёлғизликнинг юз йилига маҳкум этилган одамлар авлоди ер юзида қайта пайдо бўлмайди”, деган армонни, орзуни, умидни ҳис қила билиш ва бу тушунчалар ортидаги ўзликни англай олиш лозим, менимча.

Нобель мукофоти соҳиби, замонамизнинг забардаст адиби Габриэль Гарсиа Маркес 17 апрел куни Мехикодаги ўз уйида 87 ёшида вафот этгани тўғрисидаги хабарни эшитишим билан унинг “Ёлғизликнинг юз йили” романи ёдимга тушди.

Роман ўлимга маҳкум одамнинг энг сўнгги дақиқларада ҳаёлан болаликка қилган сафари тасвири билан бошланади:

“...қатлга ҳукм қилинган полковник Аурелиано Буэндиа девор остида туриб, ўзини отишларини кутаркан, отаси муз бўлагини кўрсатишга олиб борган ўша олис оқшомни эслайди”.

Роман ўлимга маҳкум авлоднинг ўлими билан якун топади:

“Ва у дафъатан чақалоқни кўриб қолди. Қуриб-қақшаб қолган вужудни гўёки бутун дунёдан тўпланган чумолилар парча - парча қилиб, боғнинг тош тўшалган йўлкасидан ўз инларига судраб борарди”.

Шу онда ғойибдан лўли Мелкиадес қўлёзмаларини ўқиш салоҳиятига қўқисдан эга бўлиб қолган охирги авлоднинг отаси Аурелиано қўлёзмаларни ўқиб бўлиши биланоқ “бўрон бу шаҳарни супуриб ташлаши”ни,”унинг номи одамлар хотирасидан батамом ўчиши”ни англаб етди. Чунки “ёлғизликнинг юз йилига маҳкум этилган одамлар авлоди ер юзида қайта пайдо бўлмайди”...

16 ёшимда “Ёлғизликнинг юз йилини” ўқир эканман, Маркес орқали мен адабиётни қайта кашф этдим. Маркес менга “социалистик реализм”дан мутлақо ўзгача адабиёт билан мулоқот қилишимга йўл очиб берди.

Маркес орқали замоннинг чинаккам “руҳини кашф этдим”,ўзимча, ўзим учун.. Бу Руҳ - Ўзлик эди! Ўзликни йўқотган одам, Ўзликни йўқотган авлод, Ўзликни йўқотган миллат... Бу – бугуннинг давом этиб келаётган фожеалари.

Ечимчи?..

“Кубада мен адабиёт профессорлари билан баҳслашиб қолдим. Улар: “ “Ёлғизликнинг юз йили” ажойиб китоб, бироқ у ҳеч қандай ечимларни таклиф қилмайди”, дейишди. Бу мен учун догма. Менинг китобларим вазиятни кўрсатади, улар ечим таклиф қилиши шарт эмас”, деб ёзган эди Габриэль Гарсиа Маркес.

1927 йилнинг 6 мартида таваллуд топган Габриел Гарсиа Маркес элликдан ортиқ романлар ва қиссалар ёзди. Унинг “Ёлғизликнинг юз йили “ романининг ўзиёқ дунёнинг 35 тилига таржима қилинган. Бу роман миллионлаб одамларни “ўзини-ўзи кашф қилишга” ундаган бўлса ажаб эмас.

Маркеснинг дафн маросими 21 апрел куни ўтказилади.




Манбъа: http://ozodlik.org
Рукн: Адабий ўйлар | Қўшди: Davron (18.04.2014) | Муаллиф: Элмурод Юсуф
Кўрилди: 926 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0