Пайшанба, 19.09.2024, 22:37
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Адабий ўйлар

Сатрларда қалб садоси
Дониёрбек РАИМЖОНОВ

Сатрларда қалб садоси

Шеърият инсонни юксакликка чорлайди. Шеъриятни севадиган, қадрлайдиган одамнинг қалби ҳам, вужуди ҳам эзгуликка ҳамоҳанг бўлади. Шеърият юракдаги дардларнинг табибидир. Табиблиги шундаки, ҳаста кўнгилни дори-дармонсиз йиғлатиб, кулдириб даволайди. Умрида бир қатор бўлса ҳам шеър ёзмаган одам бўлмаса керак. Орамизда шеъриятни севмайдиганлар ҳам борлигига ишонаверинг! Шундай одам билан суҳбатлашиб қолганлигим учун шу кунгача афсусдаман. У менга гап орасида қуйидагича савол берди:
-Дониёрбек, шариатда шеър ёзиш гуноҳ экан. Шу нарсани била туриб, нега шеър ёзасиз? Шеър ёзиб, нима фойда топяпсиз? Қанча даромад қилдингиз, газеталарга чиқаётган шеърларингиз учун яхшигина пул олсангиз керак, шундайми?
Ғазабимни ичимга ютдим. Билдимки, бу одам билан тортишиб ўтиришнинг ҳожати йўқ эди. Ҳадисларда айтилишича, Пайғамбаримизнинг (С.А.В) олдига бир одам келиб, менга насиҳат қилинг деганларида, бир неча марта такрорлаб, "ғазабланма", деганлар. Шу ҳадис ёдимга тушди. Ўзимни қўлга олгач, ҳалиги кишига жавоб бердим:
-Биродар, мен сизга аввало Аллоҳнинг оятларидан, сўнг Пайғамбаримиз (С.А.В) ҳадисларидан саволингизга жавоб бермоқчиман. Аллоҳ таоло: "Шоирларга гумроҳлар эргашурлар. Уларнинг ҳар водийда, мавзуда дайдишларини кўрмадингизми? Ўзлари қилмайдиган нарсаларни гапиришларини ҳам. Аммо иймон келитириб ва эзгу ишларни қилган ҳамда доим Аллоҳни ёд этган ва илгари мазлум бўлганларидан кейин, Ислом равнақ топгач, ғолиб бўлган кишилар мустаснодирлар. Зулм қилганлар эса, яқинда оқибат сари кетаётганларини билиб олурлар" дейди. (Шуаъро сураси. 224, 227-оятлар).
Юқоридаги оятда "шоирлар", деганда ўша даврдаги ёмон ниятли, лагандардор, ёлғонни тўқувчи маддоҳ шоирлар назарда тутилган. Аммо яхши шоирлар ҳақида қатор ҳадислар борки, уларда шеър ҳикматдан холимаслиги, шоирлар қалами билан қилич олмайдиган ишларни бажариш мумкинлиги ва бошқа фазилатлари баён этилган. Шеър одамларни Яратганнинг зикридан ҳамда маърифат ва Қуръондан чалғитадиган даражада бўлмаслиги шарт.
Ибн Умар (р.а) ривоят қиладилар: "Пайғамбаримиз (С.А.В) қорнингиз шеър билан тўлгандан кўра, йиринг билан тўлгани афзал" (Яъни Аллоҳ Таоло ва унинг Расулини мадҳ этмайдиган шеърдан йиринг афзалдир), деб айтдилар. Яна бир ҳадисда Абу Муаммардан ривоят қилинади. "Бир киши амирларидан бирини мақтаб қолибди. Шунда Миқдод унинг юзига тупроқ соча бошлади. Ва Расулулллоҳ (С.А.В) маддоҳларнинг юзига тупроқ сочишга амр қилганлар",-деди.
Бундан хулоса шуки, одамларнинг ғашига тегадиган, аччиғини чиқарадиган, шариатга, одоб-ахлоққа тўғри келмайдиган маддоҳларга ана шундай муносабатда бўлинган экан.
Салама ибн ал-Акваъ ривоят қиладилар: "Биз Пайғамбар (С.А.В) билан бирга хайбарга чиқдик. Кечаси йўл юрдик. Қавм ичидан бир киши Омирга: "Эй Омир, ғазалларингдан бизга айтиб бермайсанми?"-деди. Омир шоир бўлиб, одамларга шундай шеър ўқий бошлади:
Гар Ўзинг ҳидоят қилмасанг, Раббим,
Саховат, ибодатни билмасди қалбим.
Кечиргил, дилга сол хотиржамликни,
Тирик бормиз, Сенга жон фидо доим.

Нидо қилсалар, ҳамиша тайёр,
Матонат ато эт бизга, эй Тангрим.
Кофирлар майдонда паноҳ қидирур,
Бизга паноҳ берар Аллоҳи Карим.
Жаноб Расулуллоҳ: "Бу ғазални айтган ким?",-деди. Омир ибн ал-Акваъ, деб жавоб беришди. Жаноб Расулуллоҳ: "Аллоҳ Таоло Омирни раҳмат қилсин", -деб дуо қилдилар. Шунда бир киши: "Ё Расулуллоҳ, дуоингиз шафоати билан Омирга жаннат вожиб бўлди, кошки эди бизга ҳам шуни тиласангиз!"-деди.
Омирга Пайғамбаримиз нима учун қалбдан дуо қилди? Омир сўзи ўткир шоир эди. Ҳадис давомида Омир жиҳодда шаҳид бўладилар. Бу улуғ мартаба эди.
Убай ибн Наъб: "Расулуллоҳ (С.А.В) шеърда ҳикмат мавжуд, деб айтдилар",-дейди. Демак, бу ҳадисдан ҳикматли, фойдали шеър ёзиш жоизлигини билиб олиш мумкин.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абдураҳмон ибн Каъбдан, у киши ўз оталаридан қуйидаги ривоятни келтиради. У киши Пайғамбаримизнинг (С.А.В) ҳузурларига келиб: "Аллоҳ Таоло шоирлар ҳукмини нозил этиб қўйдими?",-деганларида Расул Акрам (С.А.В): "Албатта, мўмин киши қиличи ва тили билан жиҳод қилади. Менинг жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сизнинг уларга отадиган ўқингиз камон ўқидан ҳам ўткирроқдир", -деган эканлар. Ўрни келганда мўмин-мусулмон шоирнинг шеъри ҳар қандай қуролнинг ўқидан ўткирроқ бўлиши мумкиндир.
"Асрлар давомида турли мусулмонлар орасидан доимо иймонли шоирлар чиқиб тургани барчани қувонтиради",-дейди шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.
Мени тинглаётган биродаримга ҳадисларни Аллоҳ қодир қилганлигини тушунтира олдим чоғи. Натижада, биродарим шеър ҳақида анча маълумотга эга бўлди, деган яхши ўйдаман. Суҳбатимиз охирида ижодимга омад тилаб: "Аллоҳ сизни юксак даражотларга кўтарсин", -деб тилак билдирди.[i]


Рукн: Адабий ўйлар | Қўшди: Rahimjon (12.07.2013) | Муаллиф: Дониёрбек РАИМЖОНОВ
Кўрилди: 1074 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0