Пайшанба, 19.09.2024, 22:39
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Адабий ўйлар

ШОДМОН: Мен шоирман, истасангиз шу
Бу йил ҳам Қирғизистонда ўзбек тилида ёзувчи ижодкорлар томонидан бир нечта адабий китоблар чоп этилди.Уларнинг бадиий савияси қай даражада эканлиги эса бошқа масала. Ҳар ҳолда китоблар нашр этилмоқда ва шунинг ўзи ҳам бир қувонарли ҳолдир.
Янги китоблардан бирининг муаллифи Эски Новқатлик Қосимжон ака Раҳмиев бўлади. Қосимжон аканинг Маҳзун тахаллуси билан ёзган шеърлари турли газеталарда бериб борилар эди. "Неки десам, дилдан дедим" номли шоирнинг биринчи китобида эса Қосим ака Маҳзун тахаллусини Шодмон дея алмаштирибди. Бунда ҳам шоирнинг биз билган, билмаган истаклари мавжуд бўлса керак.
Шоир акамизнинг чақириғи билан устоз Муғанний бошчилигида китоб муборак дейиш учун Ўшдан отландик (тўғрироғи "мошиналандик"). Эски Новқатга, Шодмон шоир хонадонига етиб борганимизда эса у кишининг уйлари тўла меҳмон эканини кўрдик. Меҳмонлар орасида эса албатта шоирлар, санъаткорлар умуман адабиётга меҳр қўйган инсонлар ҳам кўп эди. Жумладан, маҳаллий шоирлар Ёрқин Акбар, Жўрабек Нажимов, Зоҳиджон акалар билан биргаликда санъат, адабиёт мавзусида қизғин суҳбатлар бўлиб ўтди. Ҳар ҳолда бу ижодкорларнинг Рауф Парфига улфат, Шавкат Раҳмонга ҳамсуҳбат бўлгани сезилиб турарди. Устоз Муғанний эса давранинг тафти бўлиб, қалбларни иситиб турарди.
Шодмон шоирнинг 60 ёшида чоп этган биричи тўплами муносабати билан уюштирган бу давра менга китобларда, телевизорларда айтилувчи давраларни эслатди. Бу йиғинда шеърхонлик ҳам, бир оз аския ҳам, ёшларга тарбиянамо ўгитлару тор нолалари жўрлигида қўшиқлар ҳам куйланди.
Шоирнинг биринчи китоби бир оз кечиккандек гўё. Китобга сўз боши ёзган устоз Муғанний эса бунинг сабабини "Ушбу жамламанинг кечроқ чоп этилаётганлиги, шоирнинг шеърият масъулияти олдидаги ваҳимасининг асоратидан бўлса керак..." деб билади.
Ҳечдан кўра кеч яхши деганларидек, китобни варақлаб дилга "ёпишувчи" мисраларни қидира бошладим ва улардан бирини топгандек бўлдим:
Ғанимат ҳар нафас, ҳар онинг,
Хоҳ гадо, хоҳи сен ҳоқон бўл.
Агарчи уйғоқдир виждонинг,
Миллатнинг дардига дармон бўл!
Тўғриси, турли чақириқлар, насиҳатлар ёки баландпарвоз сўзлар билан тўқилган шеърларни ёқтирмайман. Лекин бу мисралар нимаси биландир мени ишонтирди. Балки самимият дегани шудир!
Яна бир "Элим" деб номланган шеърини ўқишни бошларканман, бир оз сескандим... Бир оз ўйга толдим... бир оз... ва аччиқ, лекин ҳақиқат дедим. Мана ўша шеърдан бир парча:
Ҳаёт карвонида норлари юввош,
Лўкиллаб эшакка эргашган, элим.
Тошдек тошбақага ўргатиб бардош,
Унсиз шиллақуртга тенглашган, элим.
Билмадим, балки Ўш адабий муҳитида номларини кўп бор тилга олганимиз Муғаннийнинг таъсири кучлилиги боисми ёки диний оҳангларда ижод қилувчилар кўплиги боисми бизда ғазал ёзувчилар кўп. Аммо, уларнинг аксарияти ғазал ҳақида етарли тушунчаларга эга эмаслар.
"Неки десам, дилдан дедим" тўпламидан ҳам ғазаллар жой олган. Гарчи, бу жанр бўйича бирор нарса дейишга ожиз бўлсамда, бошқаларни камситмаган ҳолда Шодмон ғазаллари ўқишга арзийди десам, мен томондан катталик бўлмас деб ўйлайман.
Келинг, "Нечун" ғазалидан бир шингил улашай:
... Иқтидорсизлигин тан олган марддир,
Бутун бир ўлкани хор қилмоқ нечун?
Гўнг титган товуқни парвоз этар деб,
Манманлик кўкида сор қилмоқ нечун?
Хуллас, адабиёт мухлисларига яна бир янги китоб муборак! Мақоламизга эса ушбу шоирнинг мана бу мисралари билан нуқта қўйишни истадим:
Бош чайқаманг, ҳар нечук қисмат,
Яратганнинг инояти бу!
Хоҳ қусур денг, хоҳи денг ҳислат,
Мен шоирман, истасангиз шу!


Рукн: Адабий ўйлар | Қўшди: Davron (20.11.2012) | Муаллиф: Даврон Насибхонов
Кўрилди: 815 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 2
Мехмонлар: 2
Фойдаланувчилар: 0