Пайшанба, 19.09.2024, 22:17
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Илмий мақолалар

Эл дардини суякларига сингдирган шоир
Саидакбар МАХСУМХОНОВ

Ўзбек халқининг фидойи ўғлони шоир Абдулҳамид Чўлпон ҳинд халқининг улуғ донишманд шоири Робиндранад Тҳокур ҳақида мақола ёзаётиб, ул зотнинг ҳайбати, салобати босиб ҳаяжонга тушганини, анча вақт тилига сўз келмаганини эътироф қилган эди. Фақир “Шавкат Раҳмон деган бир ўжар шоир”, ҳассос шоирнинг порлоқ руҳи қаршисида ана шундай ҳаяжондаман, десам муболаға бўлмас.
Камина Шавкат ака билан бир мартагина бўлса-да, Тошкентда, 80-йиллар адоғида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг йиллик ҳисобот мажлисида учрашиб кўришиш, суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлганман ва бу ҳаётимнинг энг порлоқ, нурли саҳифаларидан биридир.
Шавкат Раҳмон шеърияти... Шавкатли, муқаддас, чинакам ҳодиса бўлган бу шеърият ҳақидаги мулоҳазаларимизни жаҳон шеъриятининг айрим мўъжизалари билан уйғунликда, муштаракликда баён қилсак тўғри бўлар.
Ҳар бир халқнинг шундай шоирлари бўладики, бу шоирлар ижодида мазкур халқнинг дарди, қайғуси, орзуси ўзининг самимий ифодасини топади. Эл дарди, қайғуси шоир дардига, қайғусига айланади ва қоғозга шеър бўлиб тўкилади. Шоир ўз халқининг виждонига айланади. Ҳазрат Алишер Навоий ана шундай шоир эдиларким, байт:
Одами эрсанг, демагил одами,
Аниким йўқ халқ ғамидин ғами.
Мақол, гуманизм – инсонпарварлик шиорига айланиб кетди бу байтлар.
Ёки:
Менга қилса юз жафо бир қатла фарёд айламон,
Элга қилса бир жафо юз қатла фарёд айларам.
“Ҳинд халқининг виждони” (Чўлпон ибораси) Робиндранад Тҳокур бир шеърида ёзади:
Бошимга тушганда қайғули кунлар
Ялинаман ўз қаламимга...
Шарманда қилма мени,
Ошкор қила кўрмагин
Ҳамманинг қайғусига
Айланмаган қайғумни...
(Одил Икром таржимаси)
Ёки Эрон шоири Бомдод Аҳмади Шомлу ёзади:
Эл дардини ўз дардим демоқ
Бугунги шоирга эмас бегона
У табассум қилар
Ўзгаларнинг лаблари ила.
Одамлар дарди ва тилакларини
Пайванд эта бошлар суякларига.
(Авлиёхон Эшон таржимаси)
Бу мисралар гўё Шавкат Раҳмон ҳақида, унинг шеърияти ҳақида битилгандай. Дарҳақиқат, Шавкат Раҳмон тилида эмас, балки дилида, бутун вужуди билан, аъмоли билан эли учун қайғурган, элу юрт дардини, ҳасрату армонларини шеър мисраларига, мисралардаги ҳар битта сўзга жойлаган шоирдир. У ўзининг қисқа умрида қувонч ҳақида, бахт ҳақида гапиришдан андиша қилиб ўтди, “бахтиёрман” сўзини айтмай яшади:
Аввало бу сўзни ўзгалар айтсин,
айтсинлар кўзлари севинчга тўлиб,
элнинг бахти учун умрини тиккан
шоирлар айтмасин биринчи бўлиб.
Бу сўзни бир умр айтмай яшадим,
ҳар шодлик келганда юрдим секинроқ.
Ғам сўзин элимдан аввалроқ айтдим,
бахт сўзин айтаман
элдан кейинроқ.
Шоирнинг аксарият шеърларида, хусусан, “Кўп йиғлама”, “Ўзгалар дарди”, “Армон”, “Алдаб қўяр”, “Бир хоин хусусида”, “Қодирий ва ҳозирги ёшлар”, “Аравон кўринишлари”, “Нечун бахт сўзини айтмайсан мафтун”, “Қулоғимда қолган йиғи” каби шеърларида юрт келажаги, эл тақдири, қисмати учун қайғуриш оҳанглари бўртиб туради. Шавкат Раҳмон – эл дардини суякларига пайванд этган шоир. Шавкат Раҳмон – юрт қайғуси жону жисмини куйдирган шоир. У ёзади:
Кўз ёшини кўрсатмай мангу
Йиғлайдиган кўзим кўксимда.
Шоир шеърларида қайғу бор, ҳасрат бор, дард бор, ғам бор, бироқ йиғи, йиғлоқилик йўқ. Аксинча, ички бир туғён бор; жирканч муҳитга қарши исён бор, чапанилик, ўжарлик бор; ғанимларга, ҳатто, ношуд миллатдошларига нисбатан аёвсизлик бор! Унинг улкан йиғиси кўзида эмас, кўксида эди..., тилида эмас, жисму жонида эди.
Шавкат Раҳмон ХХ асрнинг сўнгги чораги ўзбек шеъриятига Эрк ва Озодлик мотивларини дадил олиб кирган шоирдир. Бироқ Шавкат Раҳмон баъзи замонасоз назмбозлар сингари “истиқлол”, “мусткақиллик” дея кўкрагига уриб айюҳаннос солган эмас. Эрк, Озодлик, Истиқлолга интилиш туйғулари унинг ҳар бир шеъридан, мисрасидан сизиб чиқади. У айтиш мумкин бўлмаган пайтларда тоза виждон билан ўзининг ҳур фикрларини айта олди:
Сурилар бу темир пардалар,
истибдоднинг туғлари қулар,
моғор босган қора қаърлардан
милён озод руҳлилар турар.
Шоир эътиқодига кўра, эрк йўли, озодлик йўли мазлумлар учун сўнгги йўл – ягона йўлдир.
Назаримизда, машъум қатағон йиллари шўравий ғанимлар Чўлпон қўлидан тортиб олган Эрк қаламини узоқ йиллардан сўнг, ўтган асрнинг 80-йилларида Шавкат Раҳмон ғанимлардан қайта тортиб олгандай. Чўлпон шеърияти Шавкат Раҳмон шеъриятида давом этгандай гўё. Бундай маънавий-руҳий яқинлик улар шеъриятидаги Эрк, Озодлик туйғулари ифодаси билан боғлиқдир. Таниқли адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Умарали Норматов Ўшда, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги узбек академик театрида шоир таваллудининг 50 йиллигига бағишлаб ўтказилган хотира кечасида шундай бир холис ва ҳаққоний фикр айтган эдилар: “ХХ аср шеърияти Чўлпон билан бошланиб, Шавкат Раҳмон шеърияти билан тугади”. Ҳа, Шавкат Раҳмон – аср шеъриятини якунлаган шоир.
Ўз даврида Фитрату Чўлпонлар кўтариб чиққан туркчилик ғояси, туркий қавмларнинг бирлиги ғояси ҳам Шавкат Раҳмон шеъриятининг муҳим қирраларидан бирини ташкил этади.
... шоир юрагимни юлиб берардим
Биргина Туркистон деган сўз учун, –
деб ёзади шоир “Автобусдаги ўйлар” шеърида. Ғанимларнинг ифлос оёқлари остида топталган Ватан – Туронзамин қисмати, фожиаси Шоир дилини, жисму жаҳонини ўртайди. У Шоҳруҳ Мирзо тилидан сўзлайди:
Атрофга қарама,
Кўзга ёш тўлар,
Тузилмай турибоқ бузилган олам.
Нечун Туронзамин чечакдак сўлар,
бу замин бормиди бизларда, болам?!
Эрк қани,
эр қани...
ёки:
Ватаним дейман-у, бағрим қон бўлар,
бу қандай ватанки,
хоки бирикмас,
буюк Турон кенгликларида
уруғлар бир-бирин еди тириклай.
Бу қандай ватанки,
шоҳизиндалар
бир ғариб элининг орини сотса,
шоирлар салтанат зиналарида
мансабу мартаба тиланиб ётса.
Эй, сиз, адашганлар...
Буюк Турон кенгликларида
Кўмилиб ётибди ҳидсиз хазина...
Шоирнинг ”Туркийлар”, ”Кайфият манзараси”, ”Шарҳи ҳол”, ”Жез отлиқ”, ”Хиргойи”, ”Синов майдони”, ”Кенглик соғинчи” каби шеърларида ҳам ана шу руҳ ҳукмрон.
Ўтган асрнинг 60-70 йилларида Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева, марҳум Рауф Парфи (Аллоҳ раҳмат қилсин) каби шоирлар авлоди ўзбек шеърияти қаддини бир мунча кўтардилар, ”уни яна саҳнага олиб чиқдилар” (М.Солиҳ ибораси). Шавкат Раҳмон эса ана шу қадди тикланаётган шеъриятни бир неча поғона юксакка кўтарган шоирлар авлодига мансубдир. Унинг шеърияти – мазмун, руҳ, айниқса, шакл жиҳатдан янгича шеърият, ўктам шеърият! Шоир ҳар бир сўзга олам-олам маъно юклайди. У истифода этган ”тоғ”, ”тош”, ”харсанг”, ”дарахт”, ”гиёҳ”, ”қуш” каби кўплаб поэтик образлар, рамзлар ўз маъно қирраларига эга. Шавкат Раҳмон шеърияти ҳали мукаммал ўрганилган эмас. Бу буюк меросни ўрганиш, шоир шеърларидаги нафосатни, ”қайралган сўзлар” маъноларини очиш, поэтик жозибасини тадқиқ этиш ҳозирги авлоднинг бурчи, вазифасидир.
Шавкат Раҳмон шеърияти шеъриятимиз осмонидаги шундай бир юлдузки, биз вақт нисбатида ундан қанча узоқлашсак, у шунчалик ёрқинроқ нур сочиб, ўзига мафтун этаверади, ўзига чорлайверади. Шоир бир шеърида фахр ва ишонч билан шундай деганди:
Агар етти қават ернинг қаърида
ётсам-да, ларзага солиб ҳавони,
элимнинг юрагин
топар барибир
жисмимни куйдириб учган овозим.
Ҳа, Шавкат Раҳмон шахсияти ва шеърияти билан элини, халқини топган шоирдир. Унинг шеърияти абадиятга дахлдор шеъриятдир.

Саидакбар Махсумхонов, ЎшДУ доценти.


Рукн: Илмий мақолалар | Қўшди: Davron (18.09.2012) | Муаллиф: Саидакбар МАХСУМХОНОВ
Кўрилди: 964 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0