Пайшанба, 19.09.2024, 13:06
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Матбуот

Ўшлик хонанда Илҳом Аҳмад билан суҳбат
Бу галги суҳбатдошимиз ўшлик ёш хонанда Илҳом Аҳмад бўлди. Илҳом Ўш шаҳрида, таниқли санъаткорлар оиласида туғилиб, вояга етди.
Ёш санъаткор "Девона бўлдим", "Ҳижоб рўмол" каби қўшиқлари орқали мухлислар қалбидан жой ола билди. Бугунги кунда Ўшдаги З.М. Бобур нолмидаги ўзбек академик театрида фаолтият олиб бораётган санъаткорнинг қўшиқлари Туркия телеканаллари орқали ҳам намойиш этилмоқда.
Ёшлар орасидаги саноқли чинакам овоз эгаларидан бири бўлган ушбу қўшиқчи билан суҳбатимиз одатдагидек, хофизнинг шахсий ҳаёти ҳақидаги маълумотларни сўраш билан бошланди.

Илҳом суҳбатимизни одатий бир савол билан, яъни ўзингиз, оилангиз ҳақида сўрашдан бошламоқчиман.

Боя ўзингиз эслаганингиздек, оиламиз санъаткорлар оиласи. Битта опам бор... Аям Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист Матлуба Мавлонова бўладилар. Дадам ҳам машҳур созанда. Қирқ йилдан бери театрда ишлаб, ота онам мана шу ерга имкон қадар ўз меҳнатларини сингдириб келишмоқда. Мана энди худо хоҳласа уларнинг ортидан мен ҳам ўзимизнинг ўзбек санъатига ўз хиссамни қўшиш ниятида харакат қиляпман.

Демак, сизнинг қўшиқчи бўлишингизга мана шу оилавий муҳит сабаб бўлган?

Чиндан ҳам қонимизда санъаткорлик борлиги учунми жуда кичик ёшимдан қўшиққа қизиқишим пайдо бўлган. Мен ана шу ёшлигимдан қўшиқчи бўлишни орзу қилардим. Очиғи, бунга ота онам қаршилик ҳам қилишган. Йўқ, биз санъаткор бўлдик, шу етар. Сен яхшиси бошқа касб танла, дейишган. Хаттоки, мактаб вақтимда мени усталарга шогирдга беришган.Лекин барибир санъатга бўлган қизиқишим устун келиб, шаҳримиздаги махсус мусиқа мактбида таълим олдим. Энди эса насиб бўлиб, театрда ишлаб келяпмиз.

Ўша пайтларда қайси қўшиқчиларга хавас қилгансиз? Қайси санъаткорни ёқтирардингиз?

Мен Жаҳонгир Отажоновни жуда яхши кўрардим. Шу инсонни хавас қилиб, қўшиқчи бўлишни орзу қилганман. Биринчи маротаба дадам менга Тошкентдан унинг кассетасини олиб келганда, очиғини айтсам, суратларини кўриб йиғлардим. Шунақа даражада мухлис бўлганман. Жахонгир Отажоновни етук санъаткор деб биламан.

Шахсан мен сизни қўшиқчи сифатида "Девона бўлдим" қўшиғини ижро қилганингиздан кейин таниганман. Энди саволим, бу қўшиқ сизнинг илк қўшиғингизмиди ёки аввал ҳам бошқа ижроларингиз бормиди?

Бу қўшиқдан аввал "Тақдир" деган қўшиқ қилганмиз. Энди ҳар бир санъаткорни... нафақат санъаткорни, деярли ҳамма инсоннинг ёнида бир маслаҳатчиси, бир суянган, ишонган одами бўлади ҳар бир инсонни. Мен учун шу инсон дадам. Мен шу "Тақдир"ни битказиб, дадамга олиб борганимда, бу қўшиқ дадамга унчалик манзур бўлмаган. Кейин, "Ошиқ" қўшиғини ёздик. Хуллас, "Девона" мени бешинчи ёки олтинчи қўшиғим.

Лекин адашмасам шу қўшиқ сизга катта муваффақият олиб келди.

Тўғри. Бу қўшиқни менга Қирғизистон халқ артисти, устоз санъаткор Расулжон ака Ураимжонов тавсия қилган. Илҳом, мана шу қўшиқ сизга тушади, устоз санъаткор Бобомурод Ҳамдамовга тегишли. Худо хоҳласа, Бобомурод аканинг ўзи тинглаб қолса ҳам хурсанд бўлади, деган фикрлар бўлган. Бобомурод ака бу қўшиқни Хоразм йўналишида айтган эканлар, биз бир оз замонавийлаштириб, ўзбекча услубда айтишга ҳаракат қилганмиз. Бу қўшиқ чиндан ҳам менга жуда катта омад олиб келди.

Адашмасам, навбатдаги "хит" қўшиғингиз бу "Хижоб рўмол" бўлди. Бу қўшиқ ҳақида ҳам қисқача айтиб ўтсангиз.

Бу қўшиқнинг сўзи устоз Муғанний қаламига мансуб. Бир оз хазиломуз тарзда ёзилган шеър.
Бу қўшиққа ишланган клип ҳам муваффақиятли бўлган. Бунинг сабаби клипда фақат ёш болалар тасвирга тушганлиги ва кичкинагина келин куёвларнинг моҳирона ижроси бўлса керак.

Сир бўлмаса айтингчи, бугун Ўшда бир қўшиқнинг яралиши, унга клип олишга қанча маблағ сарфланади.

Бир қўшиққа мусиқа басталаш, сайқаллаш ва унга овоз ёзиш... Қисқаси қўшиқнинг mp3 варианти учун 300 доллар сарфланади. Энди бунинг ичига кўп ҳолларда сўзларнинг нархи ҳам қўшилиб кетади. Клипнинг нархига келсак, тўғриси менинг қўшиқларимнинг барчасига бизнинг оиламизни аъзоси қатори, менинг акам қатори бўлиб қолган Шерзод ака клип ишларди. Шунинг учун биз маълум бир нарх устида келишмасдик. Бир биримиздан рози бўладиган даражада ҳисоб китоб қилиб кетаверар эдик. Яна бир янгилик, яқинда Туркияда "Соғиндим" қўшиғига клип суратга олдиб, ҳозир Шерзод ака томонидан Питерда сўнгги монтаж ишлари кетяпти.

Қирғизистондаги ўзбек қўшиқчилигининг келажагини сиз қандай кўрасиз?

Албатта, ҳаммаси яхши бўлади деб, умид қиламан. Аммо, бир қанча муаммолар ҳам йўқ эмас. Баҳром ака Азимовнинг газетанинг ўтган сонида айтган фикрларига мен ҳам қўшиламан. Энди масалан, оддий гўштнинг ҳам ҳалол, ҳароми бор, тўғрими? Балки қўшиқларнинг ҳам баъзи бирлари масалан рэп ёки умуман шаҳвоний ҳирсларни қўзитадигани ҳаромдир. Лекин, айтайлик бизнинг қадимий мақомларимиз инсонни фақат яхшиликка чорлайди.
Ҳар бир миллатнинг ўзининг ички маданияти бор. Мен ота-оналаримиздан илтимос қилардимки, ҳар бир миллат вакили ўзининг мусиқаси, ўзининг маданиятини яхши билишики керак. Ёшларимиз қизиқса мусиқа мактабларида ўқисин. Майли, улар кейин қўшиқчи ёки санъаткор бўлмасин, лекин бу миллатнинг қандай санъати, қандай мусиқа асбоблари бор буни ҳам билиб қўйсин. Буни ҳам ўз миллатига бўлган бир хурмати деб биламан. Ҳақиқий санъат инсонни ҳеч қачон ёмонликка етакламайди деб, ўйлайман.

Илҳом суҳбатимиз сўнггида бугунги оилавий ҳаётингиз, мақсад режаларингиз ҳақида маълумот бериб ўтсангиз.

Жуда ҳам катта катта режларимиз бор.ИншоОллоҳ уларга етамиз деб ўйлайман. Ҳозирги кунда фақат тўйга бориш учунгина эмас, узоқроқ умр кўрадиган қўшиқлар яратишга харакатлар қилиб кўряпмиз. Яна бошқа бир режаларимиз ҳам бор, аммо ҳозирча бу сир. Баҳорга қадар мухлисларимиз бошқача бир янгиликлар эшитади деган катта умидимиз бор.
Оилавий ҳаётга келсак, ҳаётимиз жуда ҳам яхши кетмоқда. Бир ўғлимиз бор. Исми Фирдавс. Яқинда икки ёш бўлади, худо хоҳласа. Жуда ҳам бахтлиман, кўз тегмасин...Ота-онам бахтимга омон бўлишсин.Улар менинг суянган тоғларим. Ҳар бир инсоннинг бошидаги ота-онаси, оиласи саломат бўлсин.


Рукн: Матбуот | Қўшди: Davron (10.12.2012)
Кўрилди: 907 | Рейтинг: 5.0/1

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0