Пайшанба, 19.09.2024, 22:18
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Наср

8 «Б» даги демократия дарси
(2003 йил сентябрида Жололободга Асқар Ақаев келди. Каттамизни кутиб олиш учун барчани парадга сафарбар қилищди)

Хўш… менинг полвон ва дўндиқчаларим, демократия дарсини бошлайлик, бўлмаса.
Қани айтингларчи, бизни дам олишга ҳуқуқимиз борми? Тўппа-тўғри болалар, албатта бор. Аммо, орамизда баъзи бир ғаламислар ҳам борки, улар, доимо нимадандир норози юришади.
Бу қанақаси, шаҳримиз катталари, деярли бир ярим ой давомида эл учун байрам тайёрласалар-у… сизлар бўлса… Молчать! Хўжа кўрсинга деб ким айтди? Орқа партадагилар, ҳойна-ҳой, бу гап сизлардан чиққан бўлса керак, чунки бунақанги сассиқ гаплар фақат орқа томондан чиқади. Майли, мен барибир билиб оламан.
Хўш қаерга келгандик? Ҳа, эсимга тушди, …айрим ғаламислар юқорида айтилган ҳуқуқларимиз, яъни хордиқ, байрам демакки, халқ оммаси ва Конституцияга қарши эканлигини кўрсатиб қўйдилар.
Райимқулов нима учун қизариб кетдинг? Гап сен хақингда эканлигини тушуниб қолдинг-а, хумпар. Бизнинг ёқимтой, мағрур ва … жиндай жиззакироқ синфдошимиз, қани, «бисмилло», деб ўрнингдан туриб юборчи. Нима учун тантанали байрамга келмадинг? Очиғини айтиб қўявер, сен кимсан ўзи, диний фанатик ёки оппозициячимисан?
Сен саводсизларнинг касофатидан директорнинг олдида қизаришга мажбур бўлдим. Шошмай туриш, мендан кўрадиганингни кўришасан, ҳали.
Райимқулов, сенинг қилиқларинг - ўз ҳуқуқи учун кураш эмас, балки бориб турган экстремизм, тушундингми мени! Бу биринчидан. Иккинчидан, милиционерлар майдонни ўраб олиб элни у ёққа ҳам, бу ёққа ҳам ўтказмагани баҳона бўлолмайди. Сиз шайтонваччаларга, байрамга роппа-роса 10 га келинг, деб олдиндан айтгандим.
Хўп майли… Сен кеч қолган бўлишинг, милисалар ўтказмаган бўлиши мумкиндир, лекин, нима учун стадионга келмадинг? Ахир, биз у ерда, қоққан қозиқдек кечгача тургандик. Сувсиз, оч қоринга бўлса нима бўпти, бир кунга ўлиб қолармидинг?
Биз ҳаммамиз - ўқитувчилар, ўртоқларинг кечгача стадионда турсакда, биттамиз ҳам ғиринг демадик. Чунки, онгли болалар, шу тариқа одамнинг бадани ва руҳи чиниқишини тушунадилар. Биз нима бўлибмиз, ҳатто, чол-кампирлар ҳам майдондан жилишгани йўқ. Вот, ўшалардан ўрнак олсанг арзийди.
Унингни ўчир, Райимқулов. Оқсоқолларни «дежур чоллар» деганинг учун… Хуллас, сени 3 кунга синф дежурлигига сайлаймиз. Овозга қўяман, ким қарши? Қаршилар йўқ, бир овоздан сайландинг. Сени табриклайман, Раимқулов. Полни шундай ювгинки, полда БМТ эътироф этган ҳуқуқларинг акс этсин.
Болалар, ҳаммамиз офтобда ҳаккиллаб турганимизда, бу бойвачча қайдадир муздай пива ичиб юргандир, балки. Гапнинг қисқаси, биз ўқитувчиларни қарғамасдан, бу қочоқнинг адабини бериб қўясиз деган умиддаман.
Хўш, давом этамиз. Соғлиқни сақлаш ҳуқуқимиз ҳам бор, агар билсангиз. Гулнора – синфимизнинг қилтириғи, сендан илтимос, йўталганингда мен томонга қарамасанг, барака топкур. Ўзи шунингсиз ҳам зўрға юрибман. Йўталгинг келса Раимқуловга қара, бу безбетга хеч бало юқмайди. Энди, сариқкасал маликамиз – Наргизахон билан гаплашмоқчиман. Сен жойингда ўтириб жавоб берсанг ҳам бўлаверади. Худо кўрсатмасин, яна хушингдан кетиб қолишинг мумкин. Менга қара, нима учун баннисани колоннаси ўтаётганда – «қочинглар, ўлик олиб кетишяпти» деб, аюҳаннос солдинг? Гурзовой машинада олий тоифали икки хирург, бир анестезиолог турган эди, сен бўлса… Анестезиолог нима эканлигини билмайсизларми, ҳозир тушунтириб бераман. Операция пайтида касаллар оғриқдан додламасинлар деб, укол қилиб туради. Дори йўқ бўлсами… унда оғзига латта тиқиб қўяди. Мени чалғитишга уринманглар.
Хўш…, машинада тобут эмас, жарроҳлик столи турган эди. Бечора духтирлар сен эсипастларга ва катталаримизга операция жараёнини кўрсатишмоқчи эдилар. Сени жазавангдан кейин, столда ётган баннисани бечора профкоми дудуқ бўлиб қолди. Ўзинг хушингдан кетганинг етмасдан, мениям ўтакамни ёрай дединг. Ўша кунлари катта қизимнинг эри касалхонада ётган эди. Худо ўзи сақласин, ўшамасмикин деб, лабимга учуқ тошиб кетди. Мана қилиғисовуқ, сени деб оғзимни зўрға очяпман. Майли, бўлар иш бўлди. Энди бу ёғига ўзингниям бизниям аягин, бўптими арвоҳ қизим?
Болалар ҳаммамизниям битта-иккитадан касалимиз бор. Ҳозир, соғ одамнинг ўзи йўқ, аммо, бунда нуқул давлатни айбламаслик керак. Ўзимизданам ўтади. Мисол учун, Қўзибоев 3-партадан нариёғини кўрмайди. Нима учун шундай, биласизларми? Нега деганда, у яширинча уят киноларни кўради. Дадасининг кассеталарини тинмасдан айлантиравериб, ҳеч бало кўринмайдиган қилиб, ўчириб юборгандан кейин, кўзи кўрмайдиган шилпиқ бўлиб қолди. Кўрдингларми, катталарнинг дилини оғритсангиз нима бўлишини?
Бўриев февралдан буён ҳеч балони эшитмайди. Бунга ҳам, ўзи айбдор. Янги Конституцияга овоз беринглар деб, уйма-уй юришдан бош тортгани учун завучимиз…қулоғига тарсаки тортиб юборганди.
Агар, инсоф билан ўйлаб кўрсак, ҳамма нарсага ўзимиз айбдор бўлиб чиқамиз. Тушкунликка берилмасдан, хаётнинг ёруғ томонларини ўйлашимиз керак. Бизга қийин, бироқ биздан беш баттар аҳволда юрганлар ҳам борку. Шуларни ўйласангиз, Худога шукр-ей, деворасиз. Мана масалан, қўшни синфда еттита сил касали бор, бизда эса бор-йўғи бешта. Уларда учта қизни бўйига битиб қолган бўлса, бизда фақат бир қиз… шошиб қолган. Тўғри эсипастликда мактабда биринчи ўринда турамиз, аммо бу нарса сизларнинг қонингизда бор, буни яхши биламан. Ота-оналарингиз ҳам ўзимизни мактабни битиришган.
Болалар, буларнинг ҳаммаси бир кунмас-бир кун ўтиб кетади. Ишқилиб, уруш ва…табиий офатлар бўлмаса бўлгани. Хабаринглар бор, Афғонистонда, Ироқда уруш… Американинг ўзида бўлса… сув тошқини бўлди. Албатта, «ваҳҳобий» қизимиз – Меҳринисонинг фикри бошқачароқ. Унинг айтишича, тинч аҳолининг бошига бомба ташлагани учун Американи худо жазолабди эмиш. Бу бориб турган ёлғон ва сафсата. Менимча, бўронни ўртоқ Саддам ва мистер Бен Ладен уюштирган бўлсалар керак.
Раз, терорчилар ҳақида гап бошлаган эканмиз, келинглар бира тўла яна бир ҳуқуқингларни кўриб қўяйлик. Бу ҳуқуқ - эътиқод эркинлиги, деб аталади. Худога шукр, бу жиҳатдан хаётда орқада қолганимиз йўқ. Менимча, жиндай ошириб ҳам юбордик шекилли. Синфимиздаги 26 бола 30 дан ортиқ динга эътиқод қилишади. Орамизда мусулмон ҳам, христиан ҳам, буддист ҳам бор. Айримлар эса, бир вақтнинг ўзида бир неча диннинг этагини ушлаган. Мисол тариқасида Асронкуловларнинг оиласини олиб кўрайлик. Унинг онаси христианликка ўтган, отаси туну-кун буфетдан чиқмаса ҳам, ўзини мусулмон ҳисоблайди. Индийский кинони яхши кўрадиган опаси, Кришна диниданман, деб одамнинг энсасини қотиради. Фақат бир нарсани тушиниш қийин, у нимагадир ҳинд актёрларини пайғамбарлар, ёки авлиёлар деб ўйларкан. Қўшнилари шикоят қилишмоқда, индийский кино кўрганда – «О,Амит, О Митхун, О, Амирхон мени бахтли қилиб қўйинглар», деб қичқирармиш. Ё тавба, шунақаси ҳам бўладими?
Ҳаммадан ҳам Тошпўлат олғир чиқиб қолди. Ҳайит кунлари чоллар билан ошма-ош юради, пасхада ўрислардан тухум тўплайди, Рождество ( Исо пайғамбар туғилган кун) пайтида эса, черковнинг олдига тўшак ташлаб ўтириб олади. Тутриқсиз бўлмай ўл-е, одам деганам шунчалик паст кетадими? Ишқилиб, бозорга чиқиб фол очмаяпсанми, Тошпўлат? Аслида сени исмигни Ошпўлат қўйиш керак эди. Яхшиям катта отангни довдирлигини ҳамма биларди, бўлмаса сени мактаб шу аҳволга солиб қўйган деб ўйлашарди.
Меҳринса, сенга айтавериб, тилим ёрилди. Неча маротаба айтдим, мактабга рўмол ўраб келма, юбканг сонингдан бўлмаса ҳам тиззангдан бўлсин, деб. Йўқ, ўзи сенга гап кор қилмас экан. Дунёда терроризм қутириб турганда, рўмол ўраб юришга бало борми? Менга бунақа қарама, менам Худодан қўрқаман, аммо, горонодан кўпроқ қўрқаман.
Энди Орзиқул вос-восни эшитиб кўрайлик. Менга қара, ваҳимачи, ўзингни бир ўқитиб юборсанг бўларди. Яна кўзинга бир балолар кўринаётганга ўхшайди. Нима учун, нефтчилар коллоннаси ўтаётганда,- «одамни осиб қўйишибди, сенларга ҳам худо бордир», деб алжирадинг? Сен кўрган нарса, дор эмас, нефть қазувчи вишка эди. Йиқилиб тушмасин, деб пармаловчини боғлаб қўйишганди. Яна ким гап қистиряпти, қочиб кетмасин, деб? Умуман, сен ҳам боплаб қовун туширдинг.
Айтмоқчи, Кумушхон, ўқитувчилар хонасига яна қабристонни тупроғини сепиб қўйибсан, уборшисалар арз қилишди. Шу қилиғингни қачон ташлайсан-а? Барибир, иссиқ-совуқ амалларинг бизга таъсир қилмайди, бизни «кришамиз», йўғ-э, бизнинг духларимиз, сени руҳларингдан кучлироқ.
Мана ниҳоят, энг қизиқ жойига келдик. Манапкулов, мени гапларимни тикка туриб эшита оласанми? Параддагидай қистаб қолмайдими, ишқилиб? Азизим, бўталоғим, айт-чи менга, нимага параддан, беданаюриш билан ўтдинг? Хўп майли, 6 соат давомида туалетга бормай қийналиб қолган бўлишинг мумкин, буни тушунса бўлади. Лекин парадни шошилтиришга ким ҳуқуқ берди сенга? Бир неча маротаба, учта тилда «тез-тез, бистро-бистро, шнель-шнель» деганингдан кейин, одамлар қўрқиб кетиб, югуришга тушишди. Айниқса, чолларга қийин бўлди. Сени «шнел»ингдан кейин бечораларнинг ранги оқариб кетди. Мен билан айтишма, ишни шаша қилиб қўйганингдан кейин.
Ҳаммани шоштирганинг майли-ю, аммо параддан кейин аёлларнинг туалетига чопиб кириб кетганингни ҳеч нима оқлолмайди. Эркакларникида очерит кўп бўлса нима бўпти, аёлларда озмиди? Бечораларни товуқлардай тумтарақай қилганинг етмасдан, «а-а…ууу» деб, уввиллашга бало бормиди, ҳудди саротонда… гапдан кейин… муздай пиво ичган одамдай. Индамасдан, жимгина ҳузур қилсанг ўлармидинг?
Сизларни кейинги ҳуқуқингиз, яъни билим олиш ҳуқуқингизни кўриб чиқайлик. Тўғри, бу соҳада бир қатор камчиликлар борлиги сир эмас. ўқувчиларнинг ярмига дарслик етишмайди, ота-оналарингиз ремонтга ва бошқа майда-чуйдаларга пул тўлайвериб чарчашган, буни инкор қилиб бўлмайди. Бироқ, бу масалага ҳам бошқа томондан қарасангиз, ҳамма нарса жой-жойига тушади. Ўқувчиларнинг тенг ярми мактабга келмай қўйишган, демак қолган ярмига китоб етарли. Кўрдингизми, масала ўз-ўзидан ечилди қолди. Икинчи муаммони, яъни ота-онангиз мактаб фондига пул топа олмаётганига келсак… бу ерда давлатнинг айби йўқ. Улар, аввалроқ… нима десам экан… хуллас сизларни «ишлаб чиқармасдан» олдинроқ ўйланишлари керак эди, бу масалани. Уларни касридан, сони кўп, сифати йўқ маҳсулотга айланиб қолгансизлар.
Дарслик ва ўқитувчиларни етишмагани билан, агар яхши ўқисангиз, келажакда бизни яхши ҳаёт кутмоқда. Қандай бўлишини парад куни жуда чиройли қилиб кўрсатиб қўйишди. Қишлоқ хўжалиги-ю, саноат-у, маданият-у ҳамма-ҳамма нарсани кўрдинглар. Болтақулов, бизни тарихимизни кўрсатишди, деганинг нимаси, бўпти, сен билан кейин гаплашиб қўяман.
Менга қаранглар, парад пайтида нима учун гормолзавод ва мясокомбинатнинг машиналарини ўраб олдинглар? Умрингизда қаймоқ, сариёғ, колбасани кўрмаганмисиз? Давлат эркинликни бериб қўйгандан кейин ўзинглар ҳаракат қилишинглар керак, сўлакайларингизни оқизиб мактабимизни шарманда қилмасдан. Майли, биология ўқитувчсига айтиб қўяман, юқоридаги маҳсулотларни зиёни ҳақида сўзлаб, иштаҳангларни жиловлаб қўйсин.
Билим олишга ҳақли эканингизни билиб олдингиз. Аммо, кўнгилдагидек иш топиш учун, Ленин бобой айгандек, - ўқиш, ўқиш ва яна ўқиш керак. Лекин, Бостирмаев билим шарт бўлмаган касбни танлаган, катта бўлса у рэкетчи бўлади. Ҳозирданоқ майда синф болаларига кун бермаяпти. Ўҳ-ҳў... мен адашибманда, жаноб Бостирмаев томожнячи ёки солиқчи бўлишни орзу қиларканда,чаккимас. Бангига ўхшаб хаёлпараст бўлмасдан, аттестатга пул тўпласанг бўларди, олдин.
Бизни бўлгуси сиёсатчимиз – Сотқинбоев, ўрнингдан тур, жипириқ. Нимага қоровулни алдаб пенсиясини ютиб олдинг? Сен лўттибозга неча марта айтганман, ҳақиқий эркак ғирромлик қилмайди, деб. Ўтган сафар мен билан ўйнаганингдаям… ҳа, майли…фойдаси йўқ. Депутатни жиянисан-да, нима бўлса ҳам, сенларда уят бўлармиди.
Дўстинг Безбетов поваримизни велисопедини тешиб қўйибди. Худди отасининг ўзи, катта бўлса ГАИчи бўлади бу турқи совуқ.
Хўш… дарсимиз темасига, яъни демократияга қайтамиз. Сен хумкаллаларга неча марта айтганман, - эҳтиёт бўлинглар, хушёр бўлинглар, ҳозир демократия, атрофимизда душманлар тўлиб ётибди, - деб. Йўқ, сенлар ўз билганларингдан қолишмайсан. Раимкулов, чет эллик меҳмонлар – «Ўрта Осиё президентлари неча маротаба сайланишлари мумкин?» деб сўрашганида, эсингдами нима деганинг. Эслатиб қўяй бўлмасам, - «неччигача санашни билишса, шунча сайланишади», дегансан. Эсинг жойидами ўзи, одамзод бунча узоқ яшамайди-ю. Сен, «бизда демократия, халқ қўйиб юбормагунча ишлашаверади» дейишинг керак эди.
Эй-эй, Нуриев, яна писмайиб, устимдан думалоқ хат ёзяпсанми? Нима учун директорга, ўқитувчимиз - «пошшолар» сўзини «пашшалар» деб айтди дединг? Биринчидан, мен сизларга эртак айтгандим, иккинчидан оғзимда нос бор эди, шунинг учун сенга нотўғри эшитилган. Умуман, мен эртак учун виговор олмаслигим керак эди. Нуриев, сендан илтимос, блокнотинга ёзиб қўйсанг, бизни завучимиз, директоримиз…ҳамма катталаримиз энг ажойиб одамлар. Шундай қилсанг, биринчи чоракда, хулқинга яхши баҳо қўяман. Мен билан савдолашма… сен чақимчига 3 ҳам катта баҳо.
Бўпти, кейинги ҳуқуққа - меҳнат қилиш ҳуқуқига ўтамиз. Болалар, бу ҳуқуқингизни ҳеч ким поймол қилгани йўқ. Омади борлар ишлашяпти, омади йўқлар… мактабда юришибди саланглаб, ҳозир гап бу ҳақда эмас. Агар, Ленин айтганидек ўқишни хоҳламасанглар, ҳеч бўлмаганда меҳнат маймунни одам қилишини унутманглар.
Бугунги дарсимизни охирига келиб қолдик, тугатсак ҳам бўлади. Сизлар меҳнат қилиш ҳуқуқинглардан фойдаланишга боришинглар керак. Хўш… тўртта бола директорнинг уйига боради. Янги тандир қуриш керак экан. Олтита қиз завучни пахтасини теришга, марш. Сизлар бешовинглар, араваларингни олиб бозорга жўнанглар, шарт илгаридай - киримнинг 30 фоизи меники. Махфуза билан Ойгул пистафуруш Холида опага боришади. «Болалар ҳуқуқи Конвенцияси»ни 2 пачка сигаретга алмаштириб келасизлар.
Ойдан тушган Ойбарчин, Ойбодоқ ва Ойтовоқлар қани? Сиз қизлар, қолган лотореяларни сотиб келасизлар. Ха, айтмоқчи, нима учун харидорларга «биз ғирт етиммиз, ўқитувчилар бизга зўрлаб билет соттирашябди» дединглар? Сизлар, ғирт етим эмас, ғирт жиннисизлар. Мен қаёқдан билай, лотореяни пули қаёққа кетаётганини… Бизни ишимиз, миш-миш эмас, лоторея тарқатиш. Сизлардан сўранаман,билет сотаётганда, пиққилаб йиғламанглар, ҳар қалай лоторея «Бахтли болалик» деб аталади. Ўнинчи синф болаларига қарагандай, кулиб қаранглар, шунда кўпроқ олишади.
Сен уччала закончи, кўча супиргани чиқишасан. Яқинда сайлов бўлади, шаҳримиз тоза бўлиши керак. Ҳамма бола бинойидек, ғиринг дейишмайди… фақат сенлар БМТ нинг роддомида туғилгандай тутишасан ўзларингни. Уччаланг бошимга битган бало бўлишдинг,ўзиям.

Абдумалик Шарипов.
Качон ёзилгани эсимда йўқ, ҳарқалай Ақаевнинг охирги йиллари эди.
ГАИни бездирган Йигитали ака.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш «Справедливость» ташкилотига кунига йўқ деганда 2-3 одам ўз дарди билан мурожаат этади. Аризачилар ҳам феъл-атворига яраша турли бўлар экан. Баъзилари бўш-баёв, ичидаги гапини «суғуриб» олгунча эсинг кетади. Қандай қийинчилик бу ерга бошлаб келди, аризанинг моҳияти нимада эканлигини икки оғиз сўз билан тушунтириб бера олмайди. Бошқалари эса остона ҳатламасданоқ кекирдагингни узиб олмоқчидай бўлади. Шундайлар ҳам борки, ривоятдаги сартарош «Искандарни шохи бо-ор!» деб, дардини қудуққа айтгандай, қорнини бўшатгани келади. Беш-олти йилдан бери одамлар билан ишлайверсанг барча нарсага кўникиб, ҳар бирининг табиатига яраша муомала қилишнинг ҳам ҳадисини олар экансан. Уларнинг дод-войи ҳар хил бўлгани билан, эътиборли томони шундаки, аксарият кўпчилиги ҳуқуқий жиҳатдан саводсиз, қўрқоқроқ, ўз ишининг адолатли битишига ишончсиз. Давлат маъмурияти ҳам, орган ходимлари ҳам, ҳаммаси бир гўр деган тушунчага эга. Айниқса, бизнинг ўзбекларнинг соддалигига гап йўқ. Лекин, камдан-кам бўлса ҳам, юлдузни бенарвон урадиган ўткирлари ҳам учраб туради. Бу гапларни яхши маънода, қўштирноқсиз айтмоқдаман. Шундайлар билан гаплашсанг, маза қилиб, беихтиёр – «офарин», деворгинг келади.
Бир куни хонам эшигини чертиб, эллик-олтмиш ёшлар чамаси, ўрта бўйли, истараси иссиқ бир одам кириб келди. Одатдаги салом-аликдан кейин ўзининг кимлигини, қандай иш билан келганлигини айтишга ўтди.
Маълум бўлишича, Йигитали ака (қаҳрамонимизнинг исми) Россиядан автобус сотиб олиб, миниб келган экан. Божхона солиқлари олинмаслиги керак бўлса ҳам (чунки Россия билан Қирғизистон ўртасида шартнома бор), Жалолободга келгач, «бож» тўлашга мажбур қилишибди. Бунинг устига, ГАИ ходимлари ҳам машинани рўйхатга қўйиш учун пулни олиб, квитанция беришмаган. Умуман, автоинспекция идорасида нархлар ҳақида ҳеч қандай маълумотнома йўқлигини айтди.
Бу одамнинг мантиқли, лўнда ва далилли гапларини эшитиб, «Айтганларингизни қоғозга тушириб, қўл қўйиб бера оласизми», - дея сўрадим. У, албатта, ҳар бир сўзимга жавоб бераман, - деди.
Операторимизга видеокамерани қўлтиқлатиб, Йигитали ака билан бирга ГАИ томонга йўл олдик. Айтганлари рост бўлиб чиқди. Бошлиқлари билан суҳбатлашиб, ташқарига йўналдик. Кейинчароқ, бошқа бир иш билан ГАИга борганимда, деворларга илинган маълумотномаларни, нархлар жадвалини кўриб, Йигитали аканинг аризаси ижобий таъсир қилганини тушундим. Ҳозир гап бунда эмас.
ГАИ биносидан чиқиб келаётганимизда, бир таниш ака учраб қолди. У: «Ҳа, Абдумалик, нима қилиб юрибсан, бу ёқларда – деб сўраганди, «Шу, Йигитали акани гаичилар ҳафа қилиб қўйишибди», - дедим. Бу гапларни эшитган танишим, қаҳ-қаҳ кулиб, «Аслида ГАИни бу акангдан ҳимоя қилиш керак», - деди. Албатта, бу гапга қизиқиб қолдим.
Йўлда у ёқ-бу ёқдан суҳбатлашиб келарканмиз, Йигитали ака: «Ҳа, энди ука, бу бош нималарни кўрмади дейсиз», - дея, кулиб қуйидагиларни ҳикоя қилиб берди.

«Автобус резинками?»
-«Автобазада кўп йиллар шўпирлик қилдим. СССР пайтида тартиб, интизом деган нарса қаттиқ эди. Шундай бўлса ҳам, сотувчилар, ошпазлар, ва яна бир қанча касб эгалари эплаб «олиб қочардилар». Ёғли жойлардан бири – пассажир автобазаси. Ишқилиб, қоровуллигига илашиб қолсангиз ҳам чўнтагингиз қуруқ бўлмайди. Бошқа лавозимларни-ку, айтмай қўя қолай. Давлат автобазаси бўлишига қарамай, ҳар босган қадамингиз пул. Диспетчердан тортиб слесаргача, колонна бошлиьидан тортиб директоргача шўпирнинг қўлидан дон ейди. Запчастларнинг ҳаммаси пулга сотилади. Янги автобус олиш учун эса хўжайинга палон сўм ташлаш керак. Олишса-олишсину, аммо одамда сал инсоф ҳам бўлиши керак-да, нима дейсиз. Шўпир бечора ГАИга қистириб ОБХССга тўлаб, қўлга тушиб қолса ўзи балогардон бўлиб кетаверади.
Хуллас, бошлиқлар билан ғижиллашиб қолдим. Шундан кейин мени кўз очирмай қўйишди. Мақсад – эплаб, мендай бетгачопарнинг думини тугиш. ГАИлар ҳам, автобазадаги хавфсизликни текширувчилар ҳам кетимдан тушишди. Мен ҳам, бўлар иш бўлди, пешонага ёзганини кўраман энди деб, ҳеч нарсадан чўчимай қўйдим. Графикдан ҳам чиқиб кетаман, одамларни ҳам, керагидан ортиқ юклайман. Шўпирларнинг бир қисми, ичида бўлса ҳам мен томонда. «Ишқилиб, бунинг касри бизга ҳам тегмаса гўрга эди», деганлари ҳам бор.
Бир куни назоратчилар интиқлик билан кутган дақиқа келди. Автобусимга пассажирларни санжоб қилиб кетаётсам олдимни тўсишди. Автобусда оёқ қўйгани жой йўқ. Энди ўлдим, деб ўйладим. Назоратчилар севинчдан ёрилиб кетгудай. Автобусдан тушсам, камбағалнинг шавласидай ёйилиб кулишмоқда.
Бирпастда ортиқча одамларни санаб акт тузишди. «Энди, Йигитали ака, қўлга тушганингиздан кейин чиданг. Актга қўл қўйинг, қани бу ёғига нима дер экансиз», дея хурсандлигини яшириша олмайди. Қўлни қўйиб, йўлимга кетдим.
Эртасига профсоюз, техника хавфсизлиги, маъмуриятдан казо-казолар йиғилиб, шўпирларни клубга қамаб, пўстагимни қоқишгач, бу ёғига нима дейсан, дегандай менга сўз беришди.
Мен ўрнимдан туриб: «Катталар запчасть сотишади», деганим учун ортимдан назоратчиларни қўйиб қўйишган. Ҳар қадамимни кузатишади, бундай ҳолатда мен қандай «перегруз» қилай. Йўлимни тўсиб, акт тузишганди, аччиқ устида ўқимасдан қўл қўйиб бердим. Нима бало деб ёзган бўлса ҳам, мақсад мени ишдан бўшатиш бўлгандан кейин, шуларни гапи тўғри», - деб ўрнимга ўтирдим. Зал жимжит бўлиб қолди. Бир-иккита шўпир, актни ўқи, актни, деб гап ташлашди.
Актни ўқишяпти:- «фалон куни, фалон йўлда Полончи Пистончиев «КАВЗ» автобусига 176 (?!) одам юклаб кетаётганда қўлга тушди. Қўл қўювчилар Эшмат, Тошматлар».
Шўпирлар чувиллашиб юборишди. Ўзимга ўхшаш бир-икки дадиллари: «Эй, инсофларинг борми, КАВЗда 26 ўтирғич бўлса ахир, 176 одам қандай қилиб сиғсин. Автобус резинками сенларга», - дейишди. Бошлиқлар қизариб-бўзариб, апил-тапил мажлисни ёпишди.
Аслида бундай бўлганди. Бир куни аввал, актга қўл қўяётганимда ўзларининг ручкаси билан сездирмасдан «76» ра=ами олдига «1»ни чизиб қўйгандим.
Бу сафар шундай ҳийла билан қутулиб кетдим.

«12 қоп помидор» воқеаси
Бир куни автобусларни колоннага тизиб, студентларни пахта теримига Ўзганга олиб бордик. Қайтишда деҳқонлар, Жалолободга картошкамизни элтиб беринглар, деб ялиниб қолишди. Бирорта шўпир кўнмади. Қўлга тушса ишдан кетиши аниқ. Мен рози бўлдим.
Автобусга 12 қоп картошкани ортиб, қопларнинг оьзини очиб, картошка устига 3-4 килодан помидор ташлаб қўйдик. Жалолободга кираверишда, ишга янги кирган шекилли, ёшгина ГАИ ходими тўхтатди. Боплаб актни тузиб, ишхонага жўнатди. Автобазадагилар бу сафар мажлис тўплаб ўтирмасдан прокуратурага ўтказиб юборишибди.
Уч кундан сўнг у ерга чақиришди. Борсам, прокурорнинг хонасида ўша ёш ГАИчи, яна автобазадан иккитаси ўтиришибди. Прокурорнинг қошлари чимирилган, қовоғидан қор ёғади. Менга қараб: «Хўш нима дейсиз ўзингизни оқлаб», - деди.
—Нимаям дердим, ҳақиқатни айтганим учун, эртаю-кеч ортимдан қувишади. Тўғри ишлайман, ҳеч илинтирадиган нарса топиша олмасдан, бало-баттарларни ёзиб, акт тузишяпти. Ўтган сафар 30 одам сиғадиган автобусга 176 одам олган дейишди, энди бўлса қопда помидор ташиди деб ёзишибди. Ҳақиқатни айтганнинг аҳволи, шу бўлади-да, - дея чуқур хўрсиниб қўйдим.
Прокурор унча эътибор бермаган шекилли, актни қайта ўқиб лаблари гезариб кетди. Унинг ғазабини кўриб «ГАИ» билан «автобазанинг» ўтакаси ёрилиб, иштонини ҳўл қилиб қўяй дейишди.
Прокурор ГАИчини ўрнидан турғизиб: «Хўш, қаерда кўргансан қопга помидор солишганини», деганди, у бечора қалтираб «Мана бу одамнинг ап-ап-аптобусида», дея дудуқланиб қолди.
Прокурорнинг ранги оқариб, «Агар шу одамга яна бир бора яқинлашсанг, ўзларингдан кўр», - дея роса сўкиб, уччаласини кабинетдан қувиб чиқарди.
Шу-шу бўлиб, автобазанинг расвоси чиқиб, ўзим ишдан кетмагунимча биров ғиринг демади.
Икки ҳикояни эшитгач, Йигитали акадан: «Тўғрисини айтинг, ҳозир «шўпир-ГАИ» масаласи қандай?» деб сўрадим. У: «Э-э, ҳозир бир қоп асал, уч пақир тарвуз, элакда сув деб акт ёзишса ҳам текширувчи ҳақ бўлади», - деди хўрсиниб. Бу гапига ҳам тан бермасликнинг иложи йўқ эди.


Рукн: Наср | Қўшди: Davron (13.09.2012) | Муаллиф: Абдумалик Шарипов
Кўрилди: 725 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0