Пайшанба, 19.09.2024, 13:06
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Наср

ЭЗГУЛИК УРУFИН СОЧИБ ЯШАДИМ…
Авлиёхон ЭШОН
(Отам ҳақида)

БАДИА
Отам вафотидан кейин дунё бўшаб қолди.
Арзу ҳолимни тинглайдиганим, суянчиғим, ишонганим, маслаҳатгўйим йўқ энди.
Энди ҳеч ким менинг озгина ютуғимни кўриб, отамдай хурсанд бўлмайди
Ҳеч ким мен учун ўзини отам сингари фидо қилмайди, куйиб-пишмайди.
Қадам боса олмай, кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолганимда бўлгани каби ҳеч ким
отамга ўхшаб мендан яшириб тонггача йиғлаб чиқмайди.
Ҳеч ким отамдай кўзида ёш билан мени узундан-узоқ дуо қилмайди.
Отамнинг вафоти мен учун жуда катта йўқотиш бўлди. Дунёнинг ярми ўпирилиб кетди…
Туну кун атрофимда парвона бўлиб, мени деб оромидан кечиб яшаётганига қарамай, аҳли аёлим ҳам, ўғил-қизларим ҳам озроқ бўлса-да, отамнинг ўрнини боса олмайди.
Қўнғироқ қилиб ҳол сўрайдиган таниш-билишлар, йироқ-яқиндан келиб бемор ҳолимдан хабар оладиган дўстларим таскин-тасаллиси ҳам отамнинг меҳрибонлиги олдида ҳеч нарса бўлмай қолади.
Ҳали-ҳалигача бу айрилиққа ишонмайман. Беш-ўн дақиқадан кейин мен ўтирган хонага кириб келадигандай бўлаверадилар. Бир қўлларида пиёла, яна бирида каттагина термосни кўтариб эшик очаётгандай.
– Назаримда, шу кеча яхши ухламадингиз, эрталабгача чироғингиз ўчмади, –дердилар отам сандали четидан жой олиб. – Ишқилиб, уйқунгизни бузмадимми? Ёки озгина дам оласизми? Ўзиям, шу кеча роса гаплашиб ўтирибмиз-да… Чарчамаган бўлсангиз, кечаги шеърларингизни яна бир марта ўқинг. Баъзиларини тушунмаганга ўхшайман.
Мен қоғозларимни олиб, ўқий бошлайман. Отам ёнбошлаб, кўзларини юмиб эшитадилар. Ҳар замонда бош қимирлатиб, маъқуллаб қўядилар. Бирор сатр ёқмаса, яна қайтадан ўқишимни сўрайдилар. Пиёладаги чой совиб қолади…
Суҳбатимиз қизғин тус олган чоғида онам эвараларини эргаштириб эшикни очадилар.
– Э, яхши жойида халақит бердинг, – ранжийдилар отам, – қани, қани, бироз туриб, кейин келинглар.
Хонада яна иккимиз қоламиз. Ҳаёт ҳақида, одамлар ҳақида, адабиёт ҳақида ниҳоясиз суҳбатимизни давом эттирамиз.
Мен кроватим ёнидаги жавондан янги китобларни олиб варақлайман.
– Азиз Саид "Fойибдан дўст билан суҳбатлар" номли китобини юборибди, – дейман отамга. – Дастхати ҳам бор. Мана, эшитиб кўринг, нималар деб ёзилган.
Отам диққат билан қулоқ тутадилар.
Мен эса Азиз Саиддай истеъдодли шоир дўстим борлигидан бироз ғурурланиб ўқийман: "Қадрдон дўстим Авлиёхон Эшонга! Сиз билан дил суҳбатларимиз доимо чала қолган. Булар яна чала қолган давоми. Худо бизни тезроқ дийдор кўриштириб, суҳбатларимизни давом эттиришни насиб этсин. Азиз Саид".
Отамнинг қистови билан дўстимнинг бутун бошли китобини баланд овозда ўқий бошлайман.
Суҳбат шаклида ёзилган бу китобдаги оҳорли фикрлар, ўзига хос гўзал талқин ва таҳлиллар отамни завқлантиради. Айниқса, Абдували Қутбиддин ижодига бағишланган мақолани берилиб эшитадилар.
– Абдували бошқача шоир-да, зўр, – дейдилар отам. – "Изоҳсиз луғат" номли достонини ўқиб, ҳайратга тушганман. Одам боласи ҳам шунақа ёза оладими-я?.. "Тонг" газетасида Ваҳоб Раҳмоновнинг суҳбати босилибди. Шеъриятни Азиз Саиддай тушунадиган одам Ўзбекистонда йўқ, деб ёзибди. Унинг гапларида жон бор экан-да.
Отамнинг кайфияти кўтарилганини кўриб, телефон орқали Турсунбой Адашбоев билан гаплашганимни айтганимда, юзлари яна ҳам ёришиб кетади.
Турсунбой акага ихлос қўйганларини яхши биламан. "Иккимизнинг болалигимиз бир-бирига ўхшайди. Турсунбой ҳам менга ўхшаб қийинчилик билан катта бўлган. Имконини топиб, устознинг ҳол-аҳволини сўраб туринг", деб гапирганларини авваллари кўп эшитганман.
Турсунбой ака ҳам баъзан йўли тушиб, баъзан атай отамни кўргани келадилар. Бир гал бетоблигимни эшитиб, уч-тўрт дeстимни бошлаб Ўш шаҳридан келганларида, отам жуда қувондилар. Азиз меҳмон ҳурмати учун дарҳол яқин дўстларни чақирдик. Ҳангомаю ҳазил-мутойибасиз туролмайдиган Турсунбой ака билан отам ёнбошлаб гапга тушиб кетишади. Бу икки инсоннинг эҳтиром ила бир-бирини қадрлашини кўриб, бошқаларнинг ҳам кўнгли яйрайди.
1988-йили Турсунбой ака ёзувчи дўстимиз Шойим Бўтаев билан Хужандга келиб, ўрта мактабларда учрашувлар ўтказишди. Меҳмонларни 37-ўрта мактабга ҳам таклиф этдик. Ўшанда отам ёзувчилар Шойим Бўтаев, Ўринбой Усмон, шоир Жамшид, менга ва ҳатто ўзларига ҳам ўртоқлик ҳазили ёзгандилар. Ҳозир ҳам ўша шеърларни сақлаб келаман. Бу шеърларда самимиятни, шоирона лутф ва кенгликни кўраман. Ҳар бир шеърий сатрда дўстона меҳр сезилиб туради.
…Онам чойни баҳона қилиб, хонамнинг эшигини очадилар.
– Мана, менинг муҳарририм ҳам келди, – деб ҳазиллашадилар отам. – Биласиз, ёзган шеърларимни аввал онангизга ўқиб бераман. "Бўлади", деса яхши, индамай қўя қолса, маъқул келмаганини билиб оламан. Онангизга ёқса, кейин китобга киритсам бўлади.
Турмушнинг ҳамма оғир-енгилини кўриб яшаган онам кулиб, менга нолийдилар:
– Шоир билан яшаш қийинлигини билишмайди-да. Нима қилай, ҳамма эркаю инжиқликларига кўникиб кетганман.
– Тошбу, сенга атаб ҳам кўп шеърлар ёзганман, – дейдилар отам. – Худо хоҳласа, ҳали яна кўп ёзаман, бахтимизга соғ-саломат бўлгин.
Отам менга фарзандгина эмас, балки яқин дўст, суҳбатдош сифатида ҳам муносабат қилардилар. Гоҳи йўл-йўриқ кўрсатиб, гоҳи танбеҳ бериб, гоҳи илиқ сўз айтиб руҳимни кўтарардилар. Отамнинг сабоғини олиб улғайдим, оқ ва қорани танидим, паст-баландни билдим.
Баъзан ноқобил дўстлардан ранжиб гапирсам, менга танбеҳ берардилар.
– Дада, – дердилар менга мурожаат қилиб, – кимдир сизга ёмонлик қилса, ундан ранжиманг. Сиз ҳаммасини унутиб, яхшилик қилиб яшайверинг. Одамдан яхшилик қолади.
– Аллоҳдан ўзга яқин дўст бўлмайди, – дердилар баъзан босиқлик билан. – Аллоҳ деб яшанг, дилингиз ёришиб, руҳингиз қувватланади.
– Тўғрига завол йўқ, деган гап бор. Ёмонлар суҳбатидан йироқ бўлсангиз, хотиржам бўласиз, беҳуда қийналмайсиз, – деб уқтирардилар отам.
– Одамнинг кўнгли нозик бўлади. Бировнинг кўнглига озор етказсангиз, ўсиб-унмайсиз. Буни унутманг, – деб насиҳат қилгувчи эди отам.
Отам қазо қилганидан кейин Овчиқалъачада сақланадиган дафтарларни уйимга олиб келдим. Уларга чиройли ҳуснихат билан шеър ва ғазаллар ёзилган эди. Бу дафтарларнинг бирига ҳикматли сўзлар қайд этилганини кўриб, ҳайрон бўлдим. Мен уларни аввал ўқимаган эдим. Мана, ўша битиклардан айримлари:
"Ҳадислар тунги тўлин ойга ўхшайди, ёруғида йўлингни топиб оласан".
"Сен билан менинг фарқим шундаки, мен сени деб яшадим, сен эса ўзингни деб".
"Ёмоннинг ёмонлигини айтаверсанг, сени ҳам ёмон кўриб қолишади".
"Қўшнилар – ҳовлимнинг қўрғони".
"Ниятинг шайтонсиз яшамоқ бўлса, аввал Раҳмонни дилингга сол".
"Дунёсизлигим нодонлигимдан эмас, дунёнинг бебақолигидан"
"Ҳой одам боласи, урушмоққа эмас, ярашмоққа баҳона изла".
"Балиқ пишириб еганинг билан тушинг ўнг бўлиб қолмайди, кўнглингни тўғри қил".
"Жинларнинг борлигига ишонмайман, шунинг учун улардан қўрқмайман. Мен … одамлардан қўрқаман".
"Бир кишини жуда ҳурмат қилардим. Учрашиб қолсак, дунёда Сиздек одам йўқ, деб қўярди. Кейин билсам, бу гапни ҳаммага айтар экан".
"Ёмон ҳамхона эговга ўхшайди. Пичоқни ҳадеб чархлайверсанг, ейилиб тамом бўлади".
"Бир дўстим еганини мақтайди, яна бир дўстим полвонлигини. Уларни тинглаб, ўзимни бардам ва бақувват ҳис қиламан".
"Биз унинг гап-сўзларини тўй-маъракаларда эшитамиз. Аёлига раҳмат!"
"Жаннат роҳат-фароғатини, дўзах азобини ҳамма ҳам бирдай тасаввур эта олганида эди, олам гулистон бўларди".
"Ҳамсуҳбатларимдан бири хотирасидан нолиди: бировларнинг қилган яхшилигини тезда унутиб қўяман".
"Гўллик аҳмоқликка яқин, соддалик улуғликка".
"Худодан бўлак ҳамма нарса омонат".
"Менинг кимлигимни сўзимдан билиб олмадингми?"
"Айрим олимлар истеъдодни тан олмайди, тинимсиз меҳнат билан ҳамма нарсага эришиб бўлади, дейдилар. Қарға тинимсиз қағилласа-да, булбулдек сайрай олмайди".
"Рауф Парфи китобини "Сабр дарахти" деб номлаган эди. Сабр дарахти унга буюклик мевасини берди".
"Танҳо туғилдим, танҳо ўламан. Танҳоликдан нега қўрқай?".
Бу битикларни ўзлари учун ёзиб юрганлар экан.
Умуман, отам тўрт юзга яқин шеър, ғазал ва рубоий ёзганига қарамай, китоб чиқазишни ўйламасдилар. Шеърлари таниш-билишлар, дўстлари қўлида айланиб юрарди. Ҳолбуки, 60-йиллардан бошлаб шоир сифатида ўз мухлисларига эга эдилар. Бугун шеърлари босилган газета тахламларини кўздан кечириб, бунга яна бир марта амин бўламан.
Дастлабки шеърлари "Ленин йўли" (Ўш вилояти), 1967-1968-йилларда эса "Бо роҳи Ленинй" (ҳозирги "Хужанд") газетасида босилган бўлса, 70-йиллардан бошлаб "Совет Тожикистони" (ҳозирги "Халқ овози") республика газетасининг фаол муаллифига айланган эдилар. "Эзгу ният", "Ҳамширага", "Мен деҳқон фарзанди", "Интизорман", "Дардим давоси", "Устоз", "Бир дўстимга", "Сўзларим" сарлавҳали ўттиздан ортиқ шеърлари жумҳурият газетхонларининг эътибори ва эътирофига лойиқ бўлганди.
Бу ҳақда шоир Жамшид "Қадрият" газетасининг 2010-йил январ ойидаги сонида босилган "Дилбар шоир, камтарин инсон эдилар" номли мақоласида шундай ёзади:
"Шукруллохон ака шеърларидаги самимийлик, халқоналикни ёқтираман. Шеърхонга айтмоқчи бўлган катта гап, дард бор. Энг муҳими, шоир бошқалардан ниҳоятда хокисорлиги, қалби бедорлиги, дунё ва инсон ҳаётининг моҳиятини тушуниб етганликлари билан ажралиб турардилар. Шеърлари эса адабиётимиз тарихида ўчмас из бўлиб қолди, деб айта оламиз. 60-йилларнинг иккинчи ярмида ўз ижодини бошлаган шоирнинг шеърлари тез-тез "Совет Тожикистони" ва "Ҳақиқати Ленинобод" газеталарида босилиб турарди. Бу шеърлар эътибор топиб, мухлислари кўнглидан жой олганди. Ҳурматли шоиримиз Эркин Воҳидов у кишининг шеърлари билан танишиб, "Ёшлик" алманахига тавсия ҳам этганди. Шунингдек, "Совет Тожикистони" газетасининг сиртқи анкетасида Шукруллохон Авлиёзода шеърлари ҳақида жуда яхши фикрлар билдириб бориларди. Лекин камтарин шоир ўзини минбарларга урмади, шон-шуҳрат ортидан қувмади, аксинча, кўнгил туйғуларини бугунги кунда ўзидан мерос қолган дафтарларга ёзиб қўйиш билан кифояланди".
Институтни битириб, мен узоқ йиллар "Ҳақиқати Ленинобод" вилоят рўзномасида мухбир, "Қадрият" газетасида бош муҳаррир бўлиб ишладим. Менинг редакцияда хизмат қилаётганимни ўйлаб, шеър чиқазишга унамасдилар. Андишали эдилар отам.
Китобларини нашр қилишни айтсак, "Аввал сизники чиқаверсин, меники бир гап бўлар", деб жавоб қайтарардилар. Шунинг учун ўзлари тайёрлаб қўйган "Муножот" номли иккинчи китоб орадан кўп йиллар ўтиб, вафотларидан кейин нашр этилди.
60-йилларнинг охирларида отам оғир бемор бўлиб, ётиб қолдилар. Икки йил давомида фақат касалхона шифтига қараб ётдилар. Икки оёқларидан елкаларигача гипсга солиб қўйишгани сабабли, қимирлашнинг иложи йўқ эди. Ҳатто ёнларига ҳам ағдарилиб ётолмасдилар. Ўшандай ҳолатда ҳам руҳан тушмадилар, аксинча, биз кўргани борганимизда ёзиб қўйган шеърларини қўлимизга тутқазардилар. Мен ва укам Аҳрорхонга аталган шеърларни ҳозир ҳам ёддан айтиб юрамиз.
Қўшнимизнинг 3-4-синфларда ўқиб юрган қизи Моҳинисо ҳам бир гал биз билан бирга дадамни кўргани касалхонага борганида, отам ўша заҳоти мана бу шеърни ёзиб бергандилар:

Моҳинисо, сизга салом,
Аълочи қизга салом.
Юрибсизми саломат,
Тилайман сизга омад.
Пишдими рўғанигов,
Опкелинг бизга дарров.
Шоҳтут бўлса ҳам майли,
Ейман қўшним туфайли.
Узиб келинг оқ узум,
Еб қўяман бир ўзим.

Мана, ўшандан буён 42 йил ўтибди. Ўша қизалоқ Моҳинисо бугун бир неча ўғил-қизнинг онаси, набираларнинг бувиси. Шунга қарамай, бу шеърни ёддан айтади. Бунинг устига, бу мўътабар аёл отамнинг жуда кўп ғазалларини ёдлаб, аёл-қизлар йиғинларида айтиб юришидан жуда қувонаман.
Отам туғилган кунларининг 70 йиллигини нишонлашимизга атиги эллик кун қолганида дунёдан кўз юмдилар.


Рукн: Наср | Қўшди: Davron (23.02.2014) | Муаллиф: Авлиёхон Эшон
Кўрилди: 800 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0