Пайшанба, 19.09.2024, 13:01
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Наср

ЭЗГУЛИК УРУFИН СОЧИБ ЯШАДИМ (II)
Авлиёхон ЭШОН

(Отам ҳақида)

БАДИА
Отам туғилган кунларининг 70 йиллигини нишонлашимизга атиги эллик кун қолганида дунёдан кўз юмдилар. Овчиқалъача қишлоқ жамоати раиси Парвиз Халифаев ва Бобожон Fафуров тумани "Хужанд" газетаси бош муҳаррири, таниқли ёзувчи Fуфрон Рустам ташаббуси билан отам ишлаган 37-ўрта мактабда Хотира кечаси ўтказилди. Вилоятнинг деярли ҳамма туманларидан келган шоирлар, ёзувчилар, дўстлари ушбу йиғинга иштирок этишди.
Кечада дўстларимиздан бири "Шукруллохон ака бемор бўлиб ётганларидан кейин шеър ёза бошлади", дегандай гап қилди. Ҳолбуки, бундай эмас.
Менинг архивимда Сулукта шаҳар партия комитети томонидан берилган Раҳматнома бор. Маълум бўлишича, шаҳарда ўтказилган оммавий-маданий тадбирда отам ўз шеърларини ўқиб, шу ёрлиқ билан тақдирланган экан. Чунки Овчиқалъачага кўчиб келишимиздан аввал отам Сулукта шаҳридаги 5-ўрта мактабда ўқитувчилик қилганлар. "Ленин йўли" вилоят газетасида шеърлари босила бошланганида 20–21 ёшли йигитча эдилар.
Овчиқалъачада кўпчилик отамни "ўзимизнинг шоир", деб гапиришади. Бир пайтлар қишлоқдаги тўй ва тадбирлар у кишининг иштирокисиз ўтмасди, десам бўлади. Давраларни бошқариб, яхши тилаклар билдириб элнинг хизматини қилганлар. Отам сўзлаганида тўйхонага сукунат чўкиб, ҳамма жон-қулоғи билан тинглагувчи эди.
Дўстлари Икромбек аканинг фарзандлари тўйига Қўқон шаҳридан қизиқчилар келганида, отам улар билан аския айтишгани, машҳур ҳофиз Шерали Жўраев иштирок этган бошқа бир тўйда эса ҳазил-мутойиба қилиб даврани роса кулдирганлари кўпчиликнинг ёдида. Ҳозир ҳам отам айтган аския ва лутфларни такрорлаб юришади. Бундай мутойибалар халқ мулкига айланиб кетган.
Менда қадрдон дўстлари Насимжон Усмонов, Акбархон Исломов, Исмоилжон Қодиров, Иномжон Усмонов, Искандарбек Саидов, Абдужабборхон қори Раҳимов ва шунингдек, бир неча ҳамкасбларига бағишланган шеърлар сақланади. Бу шеърлар газета-журналларда эълон қилинмаган, лекин одамлар орасида қўлма-қўл ўқилган эди. Баъзан "Шукруллохон фалон даврада ундай деган эди, Авлиёев муаллим фалон йиғинда бундай деганди", қабилидаги гапларни эшитиб юраман.
Отамдан жуда катта бойлик – Сўз қолганидан бошим осмонга етади.
Юқорида қайд этганимдек, отам 70-йилларда кўп ижод қилдилар. Ўша пайтларда ёзилган шеърлари ҳақида тасаввур уйғотиш учун "Совет Тожикистони" республика газетасининг 1970-йил 28-октябр сонида чоп этилган "Эзгу ният" номли шеърни келтирмоқчиман:

Икки йилким шифтга термулиб,
Тахта узра ётибман бемор.
Вақт ўтмоқда шамолдай елиб,
Хаста дилим тепар беқарор.
Икки йилким қийналади жон,
Дарё каби уйғоқ тунларим.
Ўй сураман, дилда ҳаяжон,
Оқар сувдай ўтар кунларим.
Ҳаётимдан нолимайман ҳеч,
Ноумид ҳам эмасман зинҳор.
Фақат бир ўй дилим эрта-кеч,
Fаш қилади, чекаман озор:
Етим ўсдим, лекин етимлик
Нелигини билмадим, рости.
Азиз юртим худди онамдек
Меҳр билан бағрига босди.
Халқим доим силаб бошимни,
Ардоқлади, бўлди кўп ғамхор.
Оқизмади кўздан ёшимни
Ва қилмади парча нонга зор.
Сўқмоқлардан етаклаб ўтди,
Адашмасин фарзандим, дея.
Қуёш каби йўлим ёритди,
Раҳнамойим бўлди партия.
Билим берди қалб қўри билан,
Чин ҳаётга йўлланма олдим.
Лекин, афсус, эл-юртга чиндан
Хизмат қилмай армонда қолдим.
Ётиб қолдим, ётибман ҳамон,
Мен халқимдан ҳали кўп қарздор.
То қарзимни узмай қўймайман,
Шу ният-ла дил ҳам беқарор…
Инсон орзу йўлида толмай
Курашмоққа топса жасорат,
Дейдиларки, дард ҳам йўқолгай,
Йўлдош бўлар иқбол ва омад.

…Овчиқалъачадан жуда кўп ижодкорлар етишиб чиқди. Ҳомиджон Шарипов, Солиҳа Олимова, Бихалича Аҳмедова, Эргаш Одил, Матлуба Муҳиддинова, Муқим Раҳмонберди, Ҳакимжон Зокиров, Юсуфжон Юсупов, Раҳматжон Тожиқулов ана шулар жумласидан. Бу ижодкорларнинг деярли ҳаммаси отамнинг далдаси, қўллаб-қувватлаши туфайли қўлига қалам тутган, десам хато бўлмайди. Улар Шукруллохон Авлиёзодани устоз деб билишади. Чунки отам ўзлари эмас, шогирдлари ижодий ютуғидан кўпроқ мамнун бўлардилар.
Жумладан, журналист Ҳакимжон Зокировнинг "Табаррук замин" номли китоби ёзилишида отамнинг ҳиссаси катта. Китобга кирган жуда кўп маълумотлар, тарихий фактлар у кишидан ёзиб олинган. Бунинг устига, отам Ҳ. Зокиров билан Андархам, Тагоб қишлоқларига бориб, зарур маълумотларни ёзиб келиш билан бирга, нашр этилгач, китобларни ўша жойлардаги китобхонларга тарқатиб ҳам қайтишди.
Бу ҳақда овчиқалъачалик ёзувчи Розиқжон Муталлибов "Хужанд" ҳафтаномасида босилган "Шоири покзамир" сарлавҳали мақоласида шундай ёзади:
"…Одамларга кўмак бериш ва истеъдодлиларни янги ютуқлар сари йўналтириш Авлиёзоданинг ажойиб хислатларидан бири эди. Бир гал истеъдодли қаламкаш Ҳакимжон Зокиров билан уйимизга келишди. Узоқ суҳбатлашдик. Авлиёзода Ҳакимжоннинг ҳажвий ҳикояларини тожик тилига таржима қилишимни қайта-қайта сўрадилар. Шу йўл билан орамизда ижодий ҳамкорликни йўлга қўймоқчи эдилар. Кейинроқ улар "Табаррук замин" китобининг тожикча матнини шоир Темурмалик Рустам таҳрирдан ўтказаётганини айтишди.
Бир куни уччовимиз Темурмаликнинг меҳмони бўлдик. Илмий фикрларимиз ва қисса-ривоятлар асосида суҳбатимиз шу қадар мазмунли бўлдики, бир неча соат ўтиб кетганини сезмай қолдик. Биз тарихий фактларга эътибор қаратиб, бир-биримизнинг билим ва тушунчаларимиз асосида ягона хулосага келардик. Қувонарлиси шундаки, "Табаррук замин" китоби (Хужанд, Хуросон, 2007) чоп этилди. Агар шу муваффақиятнинг сабабчиларидан бири Авлиёзода эди, десам хато бўлмайди. Шогирди, ҳамқишлоғи, суҳбатдоши ютуғидан қувониш у кишининг яхши фазилатларидан бири эди.
Бошқа бир гал Авлиёзода билан учрашиб қолганимизда, ўзига хос табассум билан шундай дедилар:
– Яна бир марта Ҳакимжонни ҳаракатга солайлик, иккинчи китоби "Табассум"ни нашрга тайёрласин".
Ҳакимжон Зокиров ҳам отамнинг ғоят катта кўмагини ҳисобга олиб, "Табаррук замин"ни шундай дастхат билан тақдим этди: "Устозим ва илк муҳарририм Шукруллохон ака Авлиёзодага миннатдорчилик туйғуларига тўла кўнгил тафти ила муаллиф – шогирдингиз Ҳакимжон Зокиров. 26.12.07.".
Отам овчиқалъачалик ижодкорларнинг ижодини мунтазам кузатиб борардилар.
"Солиҳанинг ғоятда таъсирли, ҳаётий ҳикоялари бор. Муҳими, унинг ёзганларида китобийлик, баёнчилик йўқ. Баъзи ҳикояларини ўқиганимда кўзимдан ёш чиқиб кетди. Китоби жуда яхши чиқибди…"
"Бихаличанинг ёзганларида ҳажв бор. Бу унинг шеърларини дилга яқин қилади. Ёзганларини маза қилиб ўқийман…"
"Эргаш Одилнинг яхшигина шеърлари бор эди. Кейинги пайтларда матбуотдан узоқлашиб қолгандай. Бир кўрсам, яхши гаплар айтиб, руҳлантириб қўйишим керакка ўхшайди…"
"Юсуфжон турмуш ташвишлари билан бўлиб ижодини ташлаб қўймаса дуруст бўларди. Эҳтимол, ёзиб юргандир, лекин газета-журналларда кўриниб туриши керак…"
Отам мен билан суҳбат чоғида бундай гапларни кўп айтардилар. Ёшларга ёрдам беришга доим тайёр эдилар. Таниқли тарихчи олим Назиржон Турсунов хонадонига Ҳакимжон акани эргаштириб борган бўлсалар, бир гал дўстим Муқимжон билан меникига келдилар.
Бу ҳақда Муқим Раҳмонберди шундай ёзади:
"Устоз Авлиёзода шеърларини (гарчи хўб ёзардилар) кўз-кўз этмасдилар, ҳадеб эълон ҳам қилмасдилар. Аксинча, бошқаларнинг ижодини тарғибу ташвиқ қилиб, шогирдлар ютуғидан қувонардилар.
Бир куни устоз "Муқимжон, мана, ёшингиз ҳам элликка яқинлашиб қолди, энди китоб чиқазишингиз керак", дедилар. Эътироз билдиргандим, гапимни тингламадилар:
– Эртагаёқ шеърларингизни олиб келасиз, дадамникига (ўғиллари Авлиёхон Эшон) бирга борамиз. Айтаман, бир кўриб чиқади. Тавсиянома керак бўлса, Аҳмаджон Раҳматзодга ўзим олиб бораман.
Шундай қилиб, устознинг дуоси ва ҳидояти билан 2008-йили "Вақт мезони" номли тeпламим нашр этилди. Китобимни кўриб қувонганлари ёдимдан чиқмайди.
…Овчиқалъачанинг машҳур чойхонасида устоз Авлиёзода ҳақида гап борса, раҳматли отам (устоз ва отам туғишган ака-укадай эдилар, устоз вафотидан ўн кун ўтиб отам ҳам вафот этдилар) баҳсу мунозараларга икки оғиз гап билан якун ясардилар:
– Бирортангиз Шукруллохондай бўлолмайсиз. Овора бўлиб юрманг. Чунки у киши отадан ёш қолиб, онасининг қарамоғида тарбия топган. Онаси катта қилган боладан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди, уларнинг қўлидан фақат яхшилик келади…
Устоз Шукруллохон Авлиёзодадан фақат Яхшилик ва яхши Сўз қолди".
Отам жумҳурият ва вилоят шоир-ёзувчиларининг ижодини ҳам қизиқиш билан кузатиб борардилар. Аҳли Расул Муҳаммад ижодидаги теранлик, Мафтун Жўрадаги кенглик, Жамшиддаги самимият, Зулфия Бобоева ғазалларидаги ҳаётийлик, Гулчеҳра Муродалиева шеърларидаги ҳолат тасвири отамга қанчалик манзур бўлса, Ўринбой Усмон, Шойим Бўтаев асарларини шунчалик қониқиш билан мутолаа қилардилар. Гулчеҳранинг "Ой шарпаси" китобини ўқиб чиққач, "Бундай ёзадиганлар Тошкентда ҳам кам топилади", деб завқланиб юрганлари гувоҳи бўлганман.
Вилоятнинг кўпгина ижодкорлари ҳам отам ижоди ҳақида илиқ гапларни ёзишган эди. Жумладан, шоир Аҳли Расул Муҳаммад "Ленинобод ҳақиқати" газетасида босилган "Руҳиятга қанот шеърият" (2004 йил) номли мақоласида шундай фикрларни билдиради:
"Шукрулло Авлиёзоданинг умумий ном билан "Ҳақ" деб аталган шеърлари мени минг йиллик адабиётимизнинг ҳеч қачон оҳорини йўқотмайдиган гўзал ва соҳир бағрига олиб киргандек бўлди. Ҳақ ва ҳақиқат, инсоф ва диёнат, одамийлик хусусидаги доно фикрлар, ҳис-туйғулар, арузнинг ўйноқи ва равон оқими кўнглим қаватларига қуйилиб бораётгандек туюлди… Ўз кўнглимда камдан-кам учрайдиган ҳолатни туйдим: менда китобни ("Қўшқанот"ни–А.Э.) яна қайта ўқиш иштиёқи пайдо бўлди".
Истеъдодли журналист Жамолхон Саидов хотира кечасида шундай деди:
"Ажойиб шоир Шукруллохон Авлиёзода ўзига хос ва мос услубда шеърлар ёзарди. Мен бу шоирнинг шеърларини жуда севиб ўқийман. Шу ўринда бир воқеа ёдимга тушди.


Рукн: Наср | Қўшди: Davron (08.04.2014) | Муаллиф: Авлиёхон Эшон
Кўрилди: 1251 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0