Пайшанба, 19.09.2024, 22:21
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Наср

Ҳикоя
Зиё ШОКИР

- Қобилжонни ўлдириб кетишибди.
- Йўғ-е, унинг ҳеч душмани йўқ эди, шеккили –ку?
- Машина уриб кетибди эмиш…
- Бўлмаган гап, у ерга машина сиғмайди.
- Нима бўлса ҳам ёмон бўлибди-да. Раҳматли гиёҳвандликни йиғиштириб, намозга ўтганига эндигина бир ойча бўлганди…
Хуллас, Қобилжоннинг ўлигини аср пайти топишди. Уни ювиб – тараб қабристонга олиб боришгунча шом бўлди. Унинг ортидан келган одамлар ҳам беш – олти киши чоғи бўлди холос.
Қабристон ҳар қачонгидан ҳам мунглироқ. Илк баҳорий булутлар, тинмай эсаётган шамол, кеч шом қоронғулиги атроф жонибни янада ваҳималироы тус олдирган. Майит шошилинч олиб келингани сабабли ҳали қабр битмаган. Бир томонда мурда, иккинчи томонда эса зулмат томон остона янғлиғ гўр оғзи ястаниб ётибди. Шамол тобут устидаги матони учириб юборай деб тортқилар, шамолга дош беришга ҳарчанд уринаётган матонинг ”пат - пат” этаётган товуши шундоқ ҳам жунжикаётган кўнгилларга совуқ олиб киради. Тасодифни қарангки, Қобилжоннинг ортидан борган беш-олтигина кишининг бири ҳам маҳалла жинниси эди. Телба йигит бир нарсалар деб жаврар, йиғилганлардан бирортаси ”аканг келаяпти” дейиши билан тўхтар ва бироздан кейин яна жаврашга тушиб кетарди:
- Аҳҳа, маза қилиб ётибсан-а! Бой ўтгансан –да! Устингдаги тошни ҳам оғиридан қўйишган. Чиқиб кетмасин, дейишган шекилли. Сенчи,.. сен мунғайиб ётган бўлсанг керак? – Энди бошқа марза томон юзланди у. - Ҳеч киминг йўқмиди? Хатто гўрингнинг бир томони ўпирилиб тушиб кетса ҳам бировнинг иши бўлмапти. – У бирдан майитга қараб гапира бошлади:
- Кўрдингми, сенинг ортингдан ҳам битта жинию бешта бекорчи келди. Кўрдингми, чиройли ўлиш учун ҳам бой яшаш керак. Қаердан топишингнинг фарқи йўқ. Бой яшасанг бўлди. Энди нима бўлади? Эртага уйингда қироат қилиб ўтиргани мулла ҳам топилмаса керак. Бой бўлганингда шаҳарнинг энг катта муллалари ҳафталаб сеникида бўлишарди.
Телба йигитнинг бу гапларидан бир-икки киши кулди.
- Нега куласан? Ёлғонми? Нариги майит қўяётганларни қара, бой шекилли, шаҳардаги қорию муллаларнинг ҳаммаси ўша ерда. Одамнинг кўплигини қара, учта катта автобус, яна қанча енгил машиналар.
Бояги кулаётганлар телба йигитнинг гапларини алжишга йўйиб, кулишда давом этишди.
- Кулавер, кулавер, мана бу ётганлар ҳам кулишарди. Энди жим ётишибди. Сенга ҳам келади навбат. Мен эса кейингиларни олиб келаман бу ёққа. Улар ҳам аввал кулишади…


Рукн: Наср | Қўшди: Davron (24.06.2013) | Муаллиф: Зиё ШОКИР
Кўрилди: 706 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0