Жума, 20.09.2024, 02:22
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Наср

Муножот
МУНОЖОТ
Муаллиф: Тимур Зулфиқоров
Таржимон: Элмурод Жусупалиев


(Эртага мен яна ортингдан бораман!..)
Кинопоэма

Душанбе -1991 й.
Ўш- 2007 й.

“… Ҳақиқий хиродманд камтардир… Гапираётган одам билмайди. Билган одам гапирмайди…”

ЛАО ЦЗИ

Узоқ эмас ўтмиш йилларда Осиёни кезарди ҳидоятли дарвиш Хожа Зулфиқор Девона Қосимжон Ниҳол ўғлон ила.
Айтмишлардан билинадики унинг асли-насли Бухородаги Қўхнаи Масжид қишлоғидан. Қишлоқ аллақачон йўқ бўлиб кетган. Уни шаҳар ютиб юборган.
Хожа Зулфиқор ҳақиндаги ривоятлар эса тирик.
Зеро одамлар шаҳар ва қишлоқлардан узоқроқ умр кўрадилар.

Кузакнинг намланган чанглари хўжанднинг данаксиз туршаги каби тотли бўлган Осиё сўқмоқларида ҳамон дарбадардир Хожа Зулфиқор.

Зеро хиродманд дарвиш ўлимдан устун.
Дарвишлар ўлмаслар, истасалар ҳам...

ОНА

Дарвиш Хожа Зулфиқор ила Қосимжон Ниҳол ўғлон Кофирнихони Жаннат дарёси соҳилига соя солдилар, кўрдиларки тўлқинлар оқизиб келарди чўккан хўтикни.
Хўтикнинг чириган танаси эса димоқни ёрувчи хид таратарди, яшагинг келмасди,нафас олигинг келмасди бу хиддан кейин.
Шунда дарвиш ва ўғлон чекиндилар соҳил бўйидан, майсаларга чўкка тушдилар.
Дарвиш деди:
-Сув тошқини хўтикни олиб дарёларга қўшиб юборди, таслим қилди жонини хўтик. Ўлим шу хўтикдан балиқ ясади... Тирик хўтик менгзалди ўлик балиққа... Будпарастлар таълимотича, турдан турга ўтиб тусланамиз биз...
Дарвиш деди:
- О, Аллоҳ! Мен ҳам истар эдим сувда ўлмоқни... Ҳатто ўлганда ҳам тўлқинлар билан дайдимоқлик учун, ўлганимда ҳам саргашта ҳамроҳи бўлмоқлик учун тўлқиннинг тўлқиннинг тўлқиннинг сув йўлларининг... О дарё!.. Менинг оқар тобутим!.. Тўлқинлар оқ кўпик учирган кафаним менинг!...
Бироқ, шошилмагин Худойим!..

Дарвиш табассум билан деди:
-Аммо нега бир маҳлуқотдан бошқасига айланиш жараёнини бу қадар ўлимтик хидлар бошқарар?
Дарвиш деди:
-Бу хид менга эслатади ҳарбу хунрезлик қурбон одамларни... ҳа!
Шунда Қосимжон Ниҳол деди:
-Ота уруш нима? У қайдан келар?..
Дарвиш айтди:
- Оқар дарё Кофирнихони Жаннат бўйида қачондир бўлганди Тавил Угра қишлоғи. Ҳасислик бахиллик жаҳллик бефарқлик сифатлари эди ушбу қишлоқнинг.
Бирор бир фақиру нотавон кимса, бирор бир авлиё дайди қаландар бу ерда олганмас на бир садақа ва на тунаш учун бирор бошпана, яхши сўз эшитмай ва яна хатто ирмоқ сувидан ҳам ичолган эмас...
Ахир хеч ким она қорнидан уй ва ер таому кийимли тушмас...
Барча туғилади яланғоч заиф худди фақирлардай, ундан кам эмас.
Барча нарсаларни одамларга берар одамлар.
Ким бермаса агар ҳар тўрт тарафдан очиқ офатлару бало қазога, қайсики қизилқум тузли ёввойи ҳавойи ўлимтик сўлимтик бўрони каби... ҳа...
Китобда айтилмиш:”Мусофир кўнглини олиш унутма, зеро мусофирнинг қиёфасида уйинга фаришта кириши мумкин...”

Бироқ Тавил Угра атрофидаги одамлар қул каби сукут сақларди, қачонки одамлар қулдай жим турса, замин сув ва олов кўтарар исён...
Шунда Аллоҳ Қаҳҳор! Ҳа!..

Ўшанда Аллоҳ Тавил –Уграни йўқ деди, баҳорнинг сўлим қўзи ва балиқдай беозор туни олчоқ қашқир қишлоқ узра ёғдирди тўрт тарафдан тўртта офатни: зилзила, аланга, тошқин ва вабо.
Ер ва сув қўзғолди кўтарди исён яширин жаҳд ила уйларни ютди, олов дарахтларни еб қўйди тамом одамларни олди каламуш каби санқираб юргувчи дарбадар вабо...
Қишлоқ бўшаб қолди. Қолмади кулбалар, дарахтлар, одамлар.
Тавил Угра энди бўшлиқ-бўш макон...

Дарвиш деди:
-Уруш тўрт томондан тўрт офат каби одамлар Тавил Угра аҳолисидай қабиҳ бўлиб қолган пайтни пойлар...
Аллоҳга беадад шукурларимки, менинг Осиёмда қишлоқлар бисёр...
Дарвиш деди:
-Кунларнинг бирида Исписар Қуддус Муқаддас деб аталмиш қишлоқда бўлдим, машҳурди бу қишлоқ ўрикзорлари, саҳий одамлари билан.
У жойда пастак бир кулбадан оқсоч Бибиқанд Уст чиқди ва менга деди:
-Йўлчи, чопонинг нураган тулаган ямоқдир. Янги чопонни ол. Бу куёв бўлмаган куёвнинг тўни. Бу чопон Улқаффад Етим ўғлимники эди жангоҳга кетган...
-Ўғлинг қишлоғига қайтмадими урушдан, қайтмадими кулбаси онаси олдига, киймадими узоқ кутган куёв тўнини, она?
-Йўқ дарвиш...

... Сарбоз Улқаффад Етим жанг қилди ботирдай, қодирдай.
Қўлини қолдирди урушда.
Баҳорда, ўрикзор гуллаган нозланган розланган шивирлаб ўйнаган паллада, бир қўлли сарбоз Исписар Қуддус Муқаддас- жонажон қишлоғига қайтди.
Бир қўлли сарбоз тўхтади Кофирнихон Жаннат соҳилида.
Какликли товусли ўрикли гуллаган ям-яшил уфорли боғларга чўмилиб мудраб ётар эди жонажон қишлоқ Исписар Қуддус Муқаддас.
Новдаю хивчиндан қўл билан тўқилган ўйноқи ўйноқи бир кўприк ўтганди азалий абадий одобсиз дарёдан ва кўприк йўл эди жонажон қишлоққа- Испирас Қуддус Муқаддас.
Субҳидам қишлоқда ҳамма қаттиқ уйқуда.
Бироқ кўприкда чайқалиб тўлқинланиб мунис турарди Бибиқанд Уст она.
У томонга юрди бир қўлли сарбоз ва бирдан ноқулай йиғлоқли тиғлоқли уятли аёзли бир ҳолат туғилди, негаки бир қўлли эди у, ахир у қачондир мохири эдику ошиқ тўпиқ ўйинин.
Шунда унга титроқ кирди, титроқли оғриқ.
Санчиди зирқираб титради аллақачон йўқотилган ўлдирилган ўтмишдаги бахтли қўл.
Сўнгра у кулиб юборди ва деди:
-Она! Бибиқанд Уст она сизни ҳеч қачон битта қўл билан қучоқламаганлар, мен қучоқлайман.... Урушдан сиз озиб тўзиб кетгансиз, шунинг чун битта қўл етади менга, она...
Шундан сўнг у она олдида бола эканин эслади ва урушнинг узоқ даврида илк бора титради йиғлади.

Ва шунда дарё устидаги торгина новдаю хивчиндан қўл билан тўқилган ўйноқи ўйноқи кўприк гавхар бешигидай тебрана бошлар, чақалоқни ухлатишга ҳозирлангандай.
Негаки бир қўлли сарбоз Улкаффад Етим хўнграб йиғларди.
Ва кўприк у билан бирга хўнграб йиғлар эди чайқалиб...
(Дарвиш деди: О, замин кўприкларинг ҳам йиғлайди!..)
Шунда Бибиқанд Уст сўз бошлади ва Улқаддаф Етим жимланди, жимланди кўприк.
Шунда Бибиқанд Уст буларни айтди:
-Ўғлим сени кутдим. Тирик қайтишингга ишонар эдим. Қишлоғимиздан ўттиз йигитни урушга кузатдик қайтмади ҳеч ким.
Уммумий бир андуҳ боғлар бизларни, оналар оталар кампир болалар гўёки бўйсунмас асов айғирни ювош қиладиган қалин арқонла боғланган.
Қишлоққа қайтсанг сен бу арқон ечилар.
Оналарга эслатиб турасан энди қайтмас шумтака ўғилларини.
Ва улар ўлгунча қабрлар тўлгунча юпанмас ушалмас янги дард билан гунохсиз кўйлакларини кўзига қон тўлиб ва хузур билан йирта бошларлар...
Сарбоз! Бир қўлли Улқаффад Етимим менинг, менинг ўғлоним уларнинг қалбига раҳим қил, раҳим қил уларнинг бадани кўйлакларига...
Қишлоғинг учун сен ўлдирилгансан, мурдалар эсачи ортга қайтмаслар...
Шунда Улқаффад Етим бир қўлли авлиё сарбоз аста майин авлиёларча ортига қайрилди ва кетди.
Ўшанда ўшанда ўшанда Бибиқанд Уст йиғлаб юборди.
Кўприк ҳам қўшилиб хўнгради...
Аллоҳ! Шафоат қил!..
Дарвиш Хожа Зулфиқор сукут сақлади ва сўнгра деди:
-Дунёда бор экан шундай қишлоқлар ва шундай оналар менинг заминимга Осиёга ҳеч чор тарафдан келмас Охирги Уруш...
Ха! Аллоҳ!.. Ҳа!..

МУТАФФАКИР
Ўшанда Қосимжон ниҳол ўғлон дарвиш Зулфиқордан сўрди:
- Ота айни Осиёда менинг юртимда мутаффакир-донишлар қолдими экан? Замон одамлари хиродмандликни хуш кўрадиларми? Унитмадиларми ўз донишмандларин?
Улар билармилар хиродмандларни улар эъзозларми донишмандларни?
Ё улар унутган мутлоқ ташвишли тортишли қорин ғамида абадий ҳикматлар нурини?
Оч қашшоқ ушоқ одамлар ҳикмат қадриятин ўйлаб кўрарми?..
Шунда дарвиш Зулфиқор ҳикоя қилади бир ривоятни.

... Буюк мутафаккир Умар Хайём Маккага ҳаж қилиб йўлга чиққанди.
Йўлда у адашди. Ёлғиз эди у.
Тун тушди хижратнинг хижил бир туни. Ёлғиз эди у.
Шунда буюк шайхнинг назари тушди чироқлар ёнарди худо унутган кўримсиз сўлимсиз фақир ва қашшоқ Хуш Дора қишлоғида.
Умар Хайёмни қаршилади қишлоқ оқсоқоли Хамид Мўйсафид.
У деди:
-Сен лўли эмасми, қайсики раққос оқ айиқни ўйнатадиган?... Айиқ қани?..
Шайх деди:
-Мен Умар Хайём.
Шунда оқсоқол шайхни таниди тиз чўқди ёлборди:
-О Буюк шайх! Хиродманд! Аллоҳ ўзи сени бизнинг бу фақир қишлоққа бошлабди! Барча қишлоқдошлар сени эъзозлар ва билар ёдаки рубойиларинг!
О улар қанчалик лол қоладилар хуррам бўладилар шайхнинг лутфига!
О фақир қишлоғим ҳамқишлоқларим қанчалик шод бўлар сени кўрганда! Исломнинг қуёши нақд ярим тунда кўтарилиб келди қишлоғим узра! О Аллоҳ меҳрибон!
Шунда чарчаган кўзлари уйқуга юмилаётган кекса шайх деди:
- Хурсандман, шу фақир қишлоқликлар ҳам мени эъзоз қилиб билишларидан. Чақир одамларни. Уларга айтай беш кунлик дунёнинг ҳикматларини.
Шунда Ҳамид Мўйсафид қалб кўзи очилмай шод хуррам деди:
-Бизлар кутмоқдамиз раққос оқ айиқ етаклаб келгувчи лўли йигитни. Бугун катта ўғлим Мастон Шерали тўйин ўтказяпмиз барча ҳамқишлоқ ичмоқда емоқда ўйин тушмоқда. Улар келолмайди шайхнинг олдига. Аммо ташриф қилгин ўғлим тўйига.

Шунда Умар Хаём деди:
-Хамид Мўйсафид, эъзозли отасан Мастон Шерали исмли хушрўй йигитга. Сизлар кутаяпсиз оқ айиқ ўйнатган лўли болани, унинг ўрнигачи келар хиродманд Аллоҳ сўзи билан!.. Ажабо!..
Аммо худо унутган бу қишлоқ яна кўп тўйлар ўлимлар лўли ва оқ айиқ кўрар.
Аммо мутафаккир хеч қачон бу ён йўл олмас, эъзозли Хамид Мўйсафид.
Хуш қол. Ўғлинг ўғиллари кўп бўлсин илло. Аллоҳ ўзи берсин. Хуш қол!
Шайх тунга сингиб кетди абадий.

… Раққос оқ айиқли лўли тўдаси қуловчи юлдузли қисқагина тун?.. А?..
Ҳикматлар не керак қашшоқ қишлоққа ҳикматлар не керак қайноқ шаҳарга?
Одамлар ҳикматсиз бўлсалар ҳамки кулар қўшилишар ўлар шубҳасиз.
Ҳикматлар ғамларнинг аввали эрур куздаги сап-сариқ япроқлар каби.
Инсонга ғам нечук? Ахир бор дунёда оппоқ айиқни минг нағма минг мақом ўйнатган лўли.
Тунга сингиб кетар ғамнок андуҳли бир етим каби шайх, зеро хиродманд ватансиз ва уйсиз шамоллар каби! Ҳа!..
Фақат Аллоҳ у билан бирга!
Ва тун!
Ва қуловчи порловчи юлдуз.

… Ота ғамнокмисиз?
Сизми у тунда дайдиган.
Сизми Хуш Дора қишлоғида бўлган?
… Отам дарвеш Хожа Зулфиқор, охир Замонларда кимни кутарлар ҳозирги қишлоғу шаҳарчаларда?
Ҳикматлар ҳукумлар хиродмандними?
Оқ айиқ ўйнатган лўлиларними?
Қуловчи юлдузли қора тунними?..
Охир Замонларда пайғамбар Масиҳ ўтлиғ сўзи ила кутилар: Одамлар, шавқатли бўлинглар, авф этинг, кечиринг, севинг ҳаммани… Одамлар, севгига бирлашмасангиз, бирлаштирар сизни ягона Ўлим.

МУҲАББАТ

Хожа Зулфиқор ва Қосимжон Ниҳол ўғлон йўл юриб мўл юриб меҳнатлар чекиб навбаҳор фаслида етиб келдилар Фон Яғноб тоғлари олдига ва Хон Хабриза Бўса тоғи пойида чашма сийнасига танда қўйдилар, булоқнинг зилол сувидан ичиб нонларни ботириб едилар.
Хожа Зулфиқор деди:
-Дунёда ризқ кўпдир ва лекин аммо муздай булоқ билан гузардаги номсиз бир чойхонада ёпилган кунжутли иссиқ нон улуғ.
Ва йўқдир дунёда эр-хотин ишқидан тотлиси.
Ва аёл бир булоқ муниса, эр эса гузарнинг чойхонасида қизиган тандирдан узилган иссиқ нон.
Шунда Қосимжон Ниҳол ўғлон нозик ниҳол мажнунтол ям яшил туранги новдаси деди:
-Ота, муддат яқин. Севгим яқиндир. Балким ул нозанин шавқли илондай қошларин сурмалаб кофур баданин сирлаб яширгувчи либосин кийиб самарқанд биллурий кўзгуларига кўз кўз қилаётган бўлса не ажаб…
Ота севги нима?
Қандай кутайин?
Шунда Хожа Зулфиқор деди:
-Умр бўйи қочдим қўрқдим севгидан. Негаки ишқ, ўлим чўпон ва пода. Ажратиб бўлмайди бири-биридан.
Ўлим чўпон каби подасин боқар, худди қорли тоғнинг сиртлони каби нахчир эчкиларин ўлжалаётган.
Шунда Хожа Зулфиқор деди:
-Машриқда Лайли ва Мажнун, Мағрибда Ромео ва Жулетта.
Аммо натижаси ягона-ўлим. Сиртлон эчкиларни ғажиб ташлади.
Шунда Хожа Зулфиқор деди:
-Қосимжон Ниҳол ўғлон. Сенга ўзгалардан сўзлай ҳикоят. Сенга айтиб берай чапдаст Муртазо Шамс доирачи ва унинг хотини Бунаффша Булбул қўшиқчи ҳикоясини, бундайлар Осиё мамлакатида юз йил бўладики туғилган эмас.
Мен сенга фаришта Коко Меҳрдод ва унинг севгиси ҳақида сўзлай…
Мен сенга сўзлай…

…Кунгуртлик ўзбек Муртазо Шамс доирачи дунгони хотини Бунаффша Булбул қўшиқчини ўлдирди.
Муртазо Шамс Доирачи ва унинг хотини Бунаффша Булбул қўшиқчи қишлоқнинг ҳар тўйи гуллари эди пул ва совғаларга кўмиб ташланган, Муртазо Шамс рашкнинг сўқир ўтида зулматли бир тунда шахрисабизнинг овозсиз оромсиз огохсиз олчоқ ханжари билан бухоронинг товусдай товланган адрас бахмалига кўмилиб ётган хотинин ўлдирди…
Ўзбек Муртазо Шамс рашкнинг раҳимсиз ранжида ўлдирди хотинин, ҳайратдан лол қотган мудроқ ва мунис жасадни жойлади эман сандиққа, унга тузлардилар тиндирардилар қишликка тузлама бодирингларни.
Ўзбек Муртазо Шамс суюклисини эман сандиқ ичра жо этиб қулфлаб тунда тоғ эчкиси сўқмоқларила, Хисор тоғ тизмасин довонларила йўл олди ул узоқ Фон Яғноб дарёси томон.
Ўзбек Муртазо Шамс уч кун ва уч тун мудрамай йиғламай тоғ узра борар елкасига ортиб менинг Осиём юз йиллар кўрмаган ширали овоз Бунаффша Булбул қўшиқчи жасадин олган оғир ва тилсиз эман сандиқни…

Тўртинчи кунида Муртазо Шамс қутурган кўпирган Фон дарё кўрди тоғлардан сув томон у тушиб келди.
Қутирган тўлқинлар тентираб ўйнаб оппоқ кўпиклаган дарё эслатар Бунаффшанинг илк бор ишқий тундаги танасин қаймоқли қайноқли қайсар ва ўжар.
Шунда у илк бора йиғлаб юборди.
Эман сандиқни у соҳилга қўйди, соҳил ўйнар эди қадим қайнаган тўлқинлар тўлқинлар тўлқинлар билан.
Шунда у илк бора овоз эшитди, Бунаффша Булбул у, у ўлдирилган рафиқасининг овози эди.
Овоз Бунаффша Булбулникига ўхшамас эди, чунки у уч кеча сукут сақлаган, уч кеча тоғларда йўл юрган эди, бу овоз эманли сандиқдан чиқар, Муртазо Шамс уни дарров илғади.
Овоз қадим тожик форснинг қўшиғин, ғамгин қўшиғини куйламоқдайди: “Чашми сиёхдори қурбонад чавонмард”... Қаро кўзинг балосига йўлиқдим эй мард….
Шунда Муртазо Шамс деди:
-Азизам менинг, куйлар эдинг авваллари барча учун, рашк қилардим мано сени шунинг учун, энди эса сен куйларсан менинг учун…
Фон Яғноб дарёси эса кўпикланиб кўтарилиб ўнгарилиб Уч Булоқ қоясидан қантарилиб қутириб ер остига кириб кетар, ер остида сўқир каби урилиб сурилиб талашиб тортишиб икки фарсангдан сўнг шаршара бўлиб чиқар эди отилиб ва отилиб қояларга урилиб тушар эди яна ерга Уч Ўш қишлоғи яқинида.
У ердаги тубсиз бўшлиқ қоронғу қўрқинчли сўқирдай, Уч Ўш қишлоғида айтар эдилар, бу тубсиз бўшлиққа балиқ қуласа тириқ қолмас эди тўлқинларидан.
Ва Уч Ўш қишлоғи айтар эдики, жаҳаннам йўлидир бу тубсиз бўшлиқ ва анда кўринар Муқаддас Фаришта Азроил, айтарлар у бўшлиқ кирганда қоп - қора чопонда бўлармиш, қайтарда кўрсалар Азроил азобдан чопони йиртилган қайтармиш…
Уни ҳам аямас эмиш бу ер ости дарёси…

Ўзбек Муртазо Шамс эшитди шу он энди бу дунёга фарқи бўлмаган азиза аёлин овозин эман сандиқ ичра у куйлаётган.
“…Чашми сиёхдори қурбонад чавонмард”...
Энди овоз хўнграб ёлборар:
-Муртазо Шамс менинг севгим севгилим! Мен сени севаман! Қай аёл этмаган бир ширин орзу, қай аёл эрининг рашкдан титраган қувватли қудратли қиличдай хундор қўлида ўлишни қилмаган орзу? Лекин сен негадир мени уйқумда бўғизлаб ташладинг бермай бир имкон сўнги бор сен билан видолашувга севгим менинг, менинг севгилим! Нега сўнги бора сени кўрмакка бир имкон қолдирмай ўлдирдинг мени? Мен ширин тушимда сенинг бағрингда ишқдан маст сузилдим ва лекин аммо узилдим сўқир ханжардан севгилим севгилим севгилим!...
Шунда Муртазо Шамс деди:
-Азизам, мен сени бергим келмади ернинг тубидаги чувалчангларга. Мен сени муздайин сувга бераман, сен бунда албатта кутасан мени.

Шунда Муртазо Шамс эман сандиқни Бунаффша Булбул билан Уч Булоқ қоясидан ташлаб юборди, эман сандиқ тубанлаб шўнғиб кўпикли тўлқинда мангу йўқолди.
Мангу йўқолди.
Ва унинг овози тирик оламдан мангу йўқолди.
Шунда Муртазо Шамс Уч Ўш қишлоғига югурди у ердан ер ости Фон Яғноб дарёси шаршара бўлиб отилиб тошиб чиқарди, Муртазо Шамс қўрқдики қайнаган дарё сандиқни парчалаб ташлайди Бинаффша Булбулнинг жасади дарёда оқа бошлайди. Лекин у чиқмади.
Бинаффша Булбул мангулик абадул абад ер ости дарёси остида қолди.
Ер остида қолди муниса гуноҳсиз аёл жасади кутилмаган сиқиқ тобут ичида… жозиба ширали овози билан… қўшиғи билан…

Ўшанда Муртазо Шамс борди қозига ва деди: ўлдирдим аёлимни мен ва лекин айтмади қайга кўмганин.
У ҳукум қилинди қотиллик учун йигирма йилларга ва жўнатилди борсанг қайтмайдиган лалабод қўрғошин конига, қайдаки одамлар шайтон мадандан махов каби тирик чирир эдилар беш йилда.
Бироқ Муртазо Шамс йигирма йилда тирик чиқди кондан. Зероки унинг танаси бухоро қуриган панири каби қаттиқ ва пишиқ.
У Фон Яғноб бўйига келди ва олди қўлига доира, дарё ер тубига сингиб кетгувчи Уч Булоқ қояси устида.

Шунда Муртазо Шамс деди:
- Суюкли хотиним Бунаффша Булбул. Сен йигирма йилдирки ором оласан сен мени кутасан оқар тобутда. Ер ости музидан чўчиган қуртлар музлаган танангга раҳна сололмас.
Менчи йигирма йил тирклай ўлдим чиридим сўқирдай ернинг остида шайтоний конларда, зеро биз ундан қазирдик яширин қўрғош маданин ва ундан қуярлар ўярлар ўлим ўт вабонинг олғир малайи ўқларни…
Қабрдан қазирдик биз ўлимларни.
Лекин бу оз эди менга азизам.
Лекин жазо қассос арзимас, ва лекин буюкдир сенинг ишқинг ишқинг ишқинг…
Бироқ сенинг ишқинг олдида ўлим арзимасдир ожиз заиф севгилим севгилим севгилим… Эвоооооо!..
Ай, Аллоҳу Буюкдир! Аллоҳу Акбар! Аллоҳу Акбар! Аллоҳу Акбар!
Аллоҳ ўзинг Қодир сен инсонларга Муҳаббат бердинг бердинг бердинг… Аллоҳу Акбар!
Аллоҳ Ўзингга Мадҳ, Муҳаббат Ўлим ва Ҳаётдан ҳам олийроқ эрур… Ҳа..
Бунаффша Булбул суюклим менинг сен унда кутасан сен унда куйлайсан севгилим менинг учрашув онлари яқиндир яқиндир яқиндир!..
У ерда мен доира чаламан, сен эса куйлайсан, мен узоқ кутганим ширали овозим менинг!.. У ерда мен сени рашқ қилмам!,,,
Воооооооҳҳҳҳҳҳ!... Худойимммммммм! Қандайин бахтлиман мастдурман ёшлик чоғларидай мастман мен!...
Ва Муртазо Шамс мафтункор қўлларга мафтун доираси билан Уч Булоқ қоясидан шўнғиди пастга ва дарё жимгина авайлаб уни ер остига кетди опичлаб, Бунаффша Булбулнинг олдига…

Чашми сиёхдори қурбонад чавонмард!
Чашми сиёхдори қурбонад чавонмард!

Вой! Аллоҳ! Яшамоқ оғир! Нафас олмоқ оғир! Азоблар андуҳлар оғир!
Ай ҳаёт қалбдан буюкроқ!..
Ай Худойим! Қайдан куч олай! Ай дарё тошмоқда қирғоқдан!
Ай Худойим яшамоқ ачинмоқ азобланмоқ шафоатланмоқ учун куч бер!
Аллоҳу Акбар!.. Аллоҳу Акбар!.. Аллоҳу Акбар!..
Аллоҳ осмонлардан буюк…
Одам ердай тубан.
Ҳа!..

КОКО МЕҲРДОД

Аллоҳу Акбар! Аллоҳ буюкдир! У инсон руҳига беражак мадад ажралмай эс-ҳушдан мана шу умрни яшамак тўлдирмак кечирмак учун.
Аллоҳ ўзинг Қодир!..
Хожа Зулфиқор якунлади Муртазо Шамс доирачи ва нафаси ширали қўшиқчи Буннафша Булбул ҳикоятини.
Сўнг Хожа Зулфиқор деди:
-Ўғлим Қосимжон, бу мустабид Музаффархон давронидан ҳикоятдир, мавҳ этилган бўйсунмаслар кўп бўлганди...
Мустабиднинг давронидан ҳикоятдир, Мустабидлар давронида ўлим меҳмон, ўлим бека.
Ўлим қайда мутлоқ бека меҳмон бўлса, ўшал жойда Муҳаббат ҳам улуғ меҳмон, ҳудди тилло каби оқизоқ сой олиб келган қумда қумда қумда...
Ҳайҳот!

Узум шингилини эзганинг сари у сархуш шаробни тўрай бошлайди, шаробки эрк , бадан қалбнинг шукуҳи.
Миллатни эзганинг янчганинг сари у Ишқни сарбастлар- бадан ва қалбнинг буюк эрки у, ҳам у дунё бу дунё ошиқларининг сармастлиги у... Зеро ишқ – тетиклар шаробидир...Ҳа!..

Аммо мен Муртазо Шамс ила Бунаффша Булбул муҳаббатин ҳикоя қилдим.
Аммо бу эҳтирос, муҳаббат эмас.
Эҳтирос ўлимга ҳамқадам ҳамроҳ.
Муҳаббат эса-чи - ҳаётдир, ҳаёт.
Кейинги ҳикоят, ўғлим Қосимжон, муҳаббат ва ўлим ҳикоятидир...
Коко Меҳрдод ва унинг ошиғи...

Коко Меҳрдод! Коко Меҳрдод! Коко Меҳрдод!
Овозинг- майиндир тиниқдир шириндир булоқнинг сувидай.
Қалбинг – дарё ёқасида ўсган майсадай, унда гуллаётир янги лолалар, етилган сигирлар ўтламоқдалар.
Баданинг-саврнинг меҳр офтоби қорларин эритиб турган у юксак юлдузу самога туташ Хон Хабриза Бўса- Бўса чўққиси тоғининг қалбида турган яланглик, қайдаки бодомлар куртагин ёзиб гулларин илк очиб турган паллада етилган сигирлар ўтламоқдалар.
Коко Меҳрдод етилган ўн учни қарши олгансан, қоракўл жингалак қўзғолон сочинг қалайдашт арчазор ўрмони каби.
Коко осмон остидаги тоғли Хабриза Бўса қишлоғингдан чиқиб Хон Хабриза Бўса тоғида сигиринг Говмишнинг ортидан югурмоқдасан.
Коко, етилган Говмишга етасан, говмишнинг елини остига қўйдинг помир гармининг кумуш челагин ва сиза бошлайди сиза бошлайди сиза бошлайди қамишдай нозигу чаққон бармоқлар бармоқлар бармоқларнингдан маржон тусин олган сут пушти ва саноқсиз елинлар елинлар елинлар ичиндан.
Коко кулоб атлас шойисига беркинган таранг кўкракларинг кимнинг маҳридир?
Коко қара – кумуш челак кўпикланиб лимо лим тошди.
Коко сенинг юксак қишлоғинг Хабриза Бўса йўлида тиниқ юмшоқ қорни қорни қорни тўйиб ичдим энди чанқоғимни қондир кумуш бармоқларингла помирнинг кумуш челагин сен менга тутиб Коко!

...Ёввойи қўл тегмас эримас қорли Хон Хабриза Бўса тоғларидаги Йўловчи кимсиз?

... Коко Меҳрдод қишлоқ қизи қизча қизалоқ қизларжон югурасан қўлларинг силкиб денов атласининг анордай енглари билан тоғли қорли булутларда булутларда булутларда.
О!..
А!..
-Коко сен муниса сен қушисан тоғли кўчманчи қорли булутларнинг.
Коко сен қўлларингда ушлайсан сузиб юрган маржон булутларни.
Коко сен булутларда сузасан улар каби қорли барс архарлар сиртлони каби. А? Ҳа!
Коко бурнингда қадим суғдиён қизлари каби исирға яланг тўпиқларингда ихчам узуклар. А? Ҳа!
Коко биласанми аёллар баданидаги узук исрғани лаънат тамғасига босган муқаддас Муҳаммад Пайғамбар ?
Коко сенинг отанг ўтпараст зардўшти форсий мусулмон шартию ширкин билмасми?
Коко сенинг суғдий мовий кўзларинг узук исирғадан жозибалироқ қайнайди ёнади неларни кўзлаб?

...Йўлчи қадим суғдийларнинг мовий кўзларин таъқиқламаганми муқаддас Муҳаммад Пайғамбар? А?.. Йўқ!..
У жилмаяр юмар кўзларин кўзларин кўзларин, онда оқшом осмонида қуюқлашади зулмат-зумрад-зулмат зумрад зумрад зумрад...
Шунда қоралашар қорамтир қорли тубсиз тутуруқсиз осмонўпар танҳо тоғ Хон Хабриза Бўса.
Димланар буғланар дудланар кундузги қорлардан танҳоликка маҳкум тоғ осмонга осилиб...
Хон Хабриза Бўса биз кетамиз сен қоладурсан.
Бироқ Сўнгги Кунда мавҳ бўлар кул бўлар одамлар ва тоғлар.
Ер ости устида офтобни юлдузни тўсувчи кўмувчи учувчи еб тўймас ер бўлмас ҳоким бир кул қолар.
Аллоҳ ўзинг сақла!..
Хон Хабриза Бўса биз кетаверамиз сен эса қоласан...

Шу он тоғ чўққисида қораси кўринар Хабриза Бўса қишлоғин.
Қишлоқ биз кетамиз сенчи қоласан...
Мен назар ташлайман сенга шавкатсиз шахватсиз қишлоқ Хабриза Бўса!..
Қишлоқ нега сен куйиб кул бўлишинг шарт Сўнгги Урушда!
Аллоҳ, тоғнинг бебош қорлари остида хиралашган яхлаган қишлоқнинг айби нимада?...
Ай, Аллоҳ!... А?...

Шу он қорда қораси кўринар Говмишнинг.
Тўлишган ой каби рақс этар мавж этар помир кумуш челагида янги соғилган сут.
Коко жодугардай ром этган челакдан челакдан челакдан сут ичдир.
Шунда у жимгина юлади юзидан суғдийча тилладан зирагин, йиртади титади шаккардай қизларнинг ул нозик юзларин, қон оқа бошлайди лабларга лекин у билмайди сезмайди.
Коко билмайсанми, балки билмассан аёл танидаги зирак узукни лаънатлаб таъқиқлаб қўйганин оловли қумлардан чиққан муқаддас Муҳаммад Пайғамбар?..

Йўлчи мен биламан. Йўлчи зиракни ғўр гилос юлгандай юламан етилган юзимдан ечаман юламан.
Коко қон оқмоқда олу лабингдан.
Коко зиракни сен нечук юласан.
Коко оловли қумлардан чиққан Муҳаммад Пайғамбар бу совуқ қорларнинг қорларнинг қорларнинг юртида кечиргай.
Коко қон сизмоқда олу лабингдан.
Коко қара – қон қотган зиракни оламан, олчоқлик ғаризин тўйдирган каби бурнимни тешаман қадайман қон юқи зиракни.
Коко табассум қиламан ва қоним лабимга оқади сенинг қонингдай.
Коко энди мен қадимий суғдийман пайғамбар авф этар авф этар.
Коко зулмат тун аёзли баҳмалин ёйди.
Коко аёздан югурук қорлар яхлади.
Коко Хон хабриза Бўса маржон тоғлари тунда қотиб қолди қорлар қорлар қорлар мақбарасидай оппок оппоқ оппоқ.
Коко тоғ шукуҳли эди эндичи энди бозорга ташланган қовун пўчоғи мисоли яхлади ўлимдай хавфли.
Коко назар ташла Аллоҳ мисилсиз осмон атласига сочиб ташлади саноқсиз олмосу биллурларини.
Коко қара яқин юлдузлар биллур зираларнинг йиғиндисидир уларни асола ушламоқ мумкин, ундан узоқроқда олмос йиғинди уларга қўл етмас, ушлаб бўлмайди...
Коко мен тоғнинг эриган қорин ичгандим бироқ энди улар юлдуздай совуқ тиконли аёзли пўстин кийдилар.
Коко ташналигим шу қадар кучлиииииииии!
Коко менга помир кумуш челагидан янги соғилган сут ичир, бўлмаса томоғим қизилўнгачда тоғ чашмаси каби муз қотар туфук.
Коко назар ташла қандай жозиба олмос биллурлардан йиғинди зирак.
Коко саноқсиз маржонлар қуршовидаги Хон Хабриза Бўса тоғи пойида оловлар кимники ва нега улар ташвишли юрдилар ташвишли ёнар? А?..

Йўловчи у ёнда тиббий тўсиқлар
Йуловчи у ёнда тиббий тўсиқлар
Йўловчи у ёнда тиббий тўсиқлар
Тўсиқларни қўриқлар сарбозлар тезчопар ва сезгир одамхўр итлар.
Йўлчи менинг қишлоғим Хабриза Бўсага Хон Хабриза Бўса тоғин оралаб қандай ўтиб олдинг?
Йўлчи нега сарбозар сенинг йўлинг тўсиб ўлдирмадилар?
Қандай қилиб қўриқчи итлар кўпикли овчили бурунларила сени сезмадилар қувламадилар бўрининг тишидай совуқ тишларла тилка қиламдилар баданингни? А?
Йўлчи ёки уларнинг бурунларини аёз қотирдими кўпик туфукла қондара қотирмасидай? А?

Коко нега тоғ этагида тиббий қароргоҳ?
Йўлчи ўз номинги айтмадинг хали.
Йўлчи бизнинг тоғли қишлоғимиз Хабриз Бўсада вабо тарқаган.
Шул учун тоғ пойида сезгир итлардан қўрқичилар қўйилган.
Йўлчи энди ортга мутлақо йўл йўқ.
Йўлчи қорли тоғдаги сенинг изларинг ўзингни сотмоқда...

Коко мен ортга қайтмайман!
Коко мен сени кўрдим ва ортга қайтмайман!...
Коко менга помир челагидан сут бер!

Йўлчи Говмишим вабо юқтирган.
Йўлчи сутимда ҳам вабо бор вабо.
Йўлчи сен тирксан соғсан, сут ичма!
Йўлчи шўроб кўмиридай тунда қўриқчилар ухлаётганидан фойдаланиб ортга қайт қоч қоч қоч бу вабо юққан қишлоқдан!
Айя! Худо қўллаб сарбозлару итлардан ўтгин! Аллоҳ ўзинг Қодир!..

Коко Меҳрдод лекин менинг бурнимда сенинг зирагинг қон сизиб чиқмоқда!
Коко Меҳрдод мен сенинг ваболи энг азиз зирагинг сиздирган қонимдан ичяпман, эндичи мен сутни кутяпман! Бер менга!
Мен ичяпман помир кумуш челагидан сут.
Коко қандайин мазали тотлидир бу сут!
Коко мен сутни жуда ҳам яхши кўраман!
Коко назар ташла Хон Хабриза Бўса тоғи атрофида олмос каби тун!
Коко қара кўчманчи қўл етмас ёнувчи қуловчи юлдузни!
Коко қара! У қулайди ва янги соғилган сут тўлдирилган челакка тушган мудроқ ялтироқ игна балиқ сингари жон талашади!
У сутда жон талашади тўлғонади совийди ва сутни қаймоққа қаймоқни саримойга айлантиради! Войййййййййй! Қандай мазза!..
Коко қарагин чучук ирмоқлар оқар эди тоғлардан, эндичи энди улар совуқдан қотганлар қотганлар қотганлар!
Коко мен сени севаман севаман севаман сени!

Йўловчи назар қил қуловчи юлдузлар нурида пойларим тортишган кўпиклар томоғим танамда.
Йўловчи азизим бу титроқ хушимдан айрувчи иситма вабоси.
Йўловчи эртага эрталаб саврнинг қуёши келади, минглаган бу чучук ирмоқлар бағрида балиқдай яширин вабо ҳам боради.
Йўловчи қоч бундан! Кеч эмас! Исмсиз йўловчи... акажон!... Қоч ортга!...
Йўловчи эрталаб изларинг ортидан келурлар сарбозлар ва итлар.
Йўловчи сарбозлар субҳидам ирмоқлар уйқудан уйғонмай жонажаон қишлоғим Хабриза Бўсани аланга ҳукмига берарлар.
Йўловчи сарбозлар кулбамиз деворлар дарахтлар чорвамиз вабога йўлиққан бизларни мой сепиб ўт қўйиб юборар вабонинг уяси қишлоқни кул қилар.
Йўловчи бўлмаса вабо кетмайди.
Йўловчи майлига эрталаб топ тоза вабосиз ирмоқлар Хон Хабриза Бўса тоғидан йўлга чиқсинлар!
Йўловчи қарагин сарбозлар тоғ пойидан келмоқда биз тараф биз тараф биз тараф!..
Йўловчи қарагин келмоқда чиқмоқда биз тараф!
Қоч бундан!... Кеч эмас! Акажон... эмакла жаҳд қилгин қоч бундан!.. Ай!..

Коко Меҳрдод рухсат бер лабларим томоғингдаги бу оғир муқаддас сўгаллар сапфирин изласин!

Йўловчи бундайин қийноқли азобли сапфирлар баданимга сочиб ташланган... О...
Аллоҳ биллур каби тунги юлдузни сочди еру-кўкка, мени безади нафас уриб турган сапфирлар билан.

Коко ижозат қил лабларинг қонин ичайин ўпайин!
Коко қочма юлқинма қўрқмагин мендан.

Лекин у қочади чўкади нафаси қисилиб йўқолиб ғичирли қорларда қорларда қорларда.
Мен қувиб етаман бағримга оламан авайлаб қўлимга оламан йўлидан адашган титроқли қуш каби қўлимга қўлимга қўлимга.
Коко лабларингдан ўпаман сени
Коко сапфирларинг дарёдай томирларинг ўпаман сени.
Коко нозик иссиқ момиқ қўлларинг юзимни эркалаб силарми бир зум?
Коко сенинг қўлларингми бу мени эркалатаётган?
Войййййййййййййййййййййй!...
Коко деновнинг анорранг тўлқинли атласу шойиси ҳисларни жунбушга авжлатиб шафтоли данаги янглиғ у яширган қайнаган яйраган сўнги кун муқаддас баданни. Фон Яғноб дарёсин сиққандай ўшшайган қоялар ўзани?
Коко, а? Ҳа! Йўқ! Йўқ! Ҳа!..
Коко кел ечай мен тилкалай атласнинг бу шойи тўрини?
Коко маржондай тўшалган тўшалма тўшалма энг сўнгги қорлардир қорлардир қорлардир, эртга у чучук шалдироқ югурук сув бўлар сув бўлар сув бўлар.
Коко, а? Йўқ! Йўқ! Ҳа!
Коко биз ўғилли бўламиз...

Йўлчи бир кечада туғилмас ўғил.
Йўлчи қўйиб юбор қуй қўйиб юбор!
Йўлчи мен вабоман
Йўлчи негааа? А? Ҳа! Ҳа! Ҳа!
Коко сен муҳаббат
Коко ваболар муҳаббатдан қочар, қўрқади ундан.

Йўлчи қўйиб юбор!
У кучли далиқон қўлларим занжиридан тошбадан нозикбадан тантиқбадан илонбадан шундоқ гўзал қуш каби узилиб чиқадию қоча бошлар сирпанчиқ сарбаст тоғ чўққисидаги Хабриза Бўса қишлоғига.
Ортидан мен югураман, сезаманки ёввойилашар, қоронғулашар, ҳайвонийлашар, қалинлашар атрофимда қорли музли тоғ Хон Хабриза Бўса...

Тоғ мени кечир, тоғ мени мудроқ қарингга қўмиб ташла...
Лекин мен абадул абад жонимдан кечиб севаман Коко Меҳрдод!
Войййй! Шафқат қил Аллоҳи Қодир, сенинг олдингда менинг умрим учувчи тушувчи бир заррача қум ҳудди тоғ Хон Хабриза Бўса сингари! Ҳатто вабо ҳам!...
Югураман Коко ортидан яхлаган ўлимтик ҳаёт тўхтаган Хабриза Бўса қишлоғига.
У ерда яхлаган ухлаган ариқлар деворлар кулба дарахтлар
У ерда кулба тандирлардан дуд ўраламас...
у ерда очиқдир ойнаси эшиги барча дарвоза...
Марҳабо, Йўловчи, марҳабо! Сени кутиб олар меҳмондўст бекаи Вабо...
У ерда барчани бўғиб ўлдириб танаввул қилгандир вабо.
У ерда ёлғиз яшайди вабо

Коко қишлоқда фақат сен тирик
Коко қайга яшириндинг қайга беркиндинг? А?
Коко қаерда сенинг кулбанг?

Югураман ўлик қишлоқда бош суқаман ҳар бир кулбага, кулбаларда кўрпачаларда ишқий кечалардан сармаст ошиқдай қулоч ёйиб вабо бўғиб тишлаб қўйганлар ётарлар ётарлар ётарлар...
Вабо, ўлим - сен ўхшайсан муҳаббатнинг эҳтиросига...
Ўлимнинг ҳам муҳаббатнинг ҳам титроғию дарди ягона...А?...
А, Аллоҳ?
Аммо! Аммо! Аммо!
Коко сен қайдасан? Кулбанг қаерда?
Коко сени севаман! Сени қутқараман!
Коко муҳаббат оловидан қочади вабо!
Коко –ягона муҳаббат авлиё табиб ва шифо!
Коко! Муҳаббат жаллоди вабонинг!
Коко кулбанг қаерда?

Шу он мен қорда изларни кўраман, бу излар етаклар қишлоқ четидаги кулбага.
Кулба олдида хитойи илондай қуриган қайрағоч кўкдан туширлган ва унитилган супурги мисоли қақайиб турар.
Ҳамма кулабалрнинг эшиги очиқ зероки уларда хўжайин ўлим, бу кулба эшиги тамбаланганди, Қуръондан суралар ўйиб ёзилган бу эшик ичидан тамбаланганди.
Ва ўқий бошлайман бу ёзувларни: Аллоҳу акбар! Аллоҳу Акбар! Аллоҳу Акбар!

Коко эшикни оч! Коко сени севаман!

Бироқ у индамас, эшик ҳам қулуф.
Кулба ойналари самарқанднинг овоз ютар қалин синмас ойнаси.
Коко эшикни оч!
Коко мен сени севаман севаман сени!
Коко мен табибман яра чақалар сўгаллар сапфирлар кўпик дарёлар сеникман сеникиман сеники! Хооойййй!
Тутун ўралайди тутун ўралар.
Шунда қўлим билан кўзларим юмдим, нозик кўзларимни сақламоқ учун- эвоҳ, нега энди менга керак бу кўзлар? А Аллоҳ?-ойнага ойнага бераман зарба у секин шошилмай ёрила бошлар ва бирдан минглаган ойна парчаси қўлимни юзимни оловдай куйдира бошлар.
Нега керак энди менга қўллар ва юзим а Аллоҳ?
О!...
Атроф қоп-қоронғу кулбачи ёруғ.
Керосин чироғи ёняптими ё?
Йўқ.
Чироғ ерда ётарди, эвоҳ!
Майли, майли...
Коко сен чироқнинг мойини ўзингга сепдингми.
Коко сен ўзингга ўт қўйдинг суғдий зардўштнинг ўлим чангалида қолган аёли.
Коко сен катта тўйларда ёруғ бўлсин деб ёндирлган катта шамдай тирк чироқдай ёнаётгандинг.
Коко бугун қандай байрам?
Коко нега ўт қўйдинг ўзингга?
Мен унга қўшилмоқ истайман бироқ у олиб қочади мендан ўзини.

Коко кел иккита чироқ бўлсин
Коко менга олвингдан бер! Севгилим менинг!
Коко нега ўзингга ўт қўйдинг?

У мендан қочади синган ойна орқали мен эса қувлайман ортидан

Коко, севгим менинг нега ўт қўйдинг ўзингга?..

Энди кеч...

Унинг чеккадаги кулабаси узра кўкдан тушиб унитилган супурги мисол хитойи қуриган илонтанали қақайиб турарди қайрағоч қайрағоч қайрағоч.
Войййййдооооооооооод!
Энди кеч...
Коко! Севгим менинг! Тирик гўзал оқар югурук аланга тутами!

Коко югурасан порлайсан оқасан қайрағочнинг бўртиқ танаси ва энг пастки қуриган шохлар бирдан илҳомланиб ўт олар сендан, сўнгра эса бошқа шохлар ҳам узоқ кутилган алангани қувончла кутиб оларлар, қайрағочнинг бўртиқ танаси қўйиқ қўйиқ аланганинг бағрида.
Энди кеч...
Пориллайди зулмат қўйнида қуриган шод-хуррам Қайрағоч Аланга... Вовайло!

Коко севгим менинг нега ўт қўйдинг ўзингга?
Аланга бағридан бир шивир бир сас олов тили каби ямланиб айтар:
-Севгилим ўзимга ўт қўйдим чунки вабо менинг билан кетади бирга.
Севгилим билсайдинг ёнмоқлиқ рохатдир ёнмоқлик шарофатдир, ахир мен вабоман, ахир мен ўлим мангуга кетяпман мен сендан сендан сендан.
Севгилим! Номаълум йўлчи! Барибир айтмадинг исмингни!
Севгилим! Алвидо! Мен шошаяпман...улгурмайсан барибир исминг айтмоққа... бироқ сен айтасан менга исмингни у ёқда у ёқда у ёқда... у ёқда... вабою ўлимлар санқимайдиган мангулик тиклаган боғларда... Вой! Аллоҳу Акбар!... Аллоҳу Акбар!.. Аллоҳу Акбар...

Энди кеч..
Коко Мехрдод!
Севгилим менинг...
И...
... Хожа Зулфиқор ва унинг ўғли Қосимжон Ниҳол юксак тоғ тагидаги чашма ёнида ўтирардилар ҳамда ичиб унинг сувидан, танаввул қилардилар иссиқ нонларни муздай булоқнинг муздай сувига ботириб.
Хожа Зулфиқор деди:
-Дунёда ризқ кўпдир ва лекин аммо муздай булоқ билан иссиқ нон улуғ.
Ва йўқдир дунёда эр-хотин ишқидан тотлиси.
Ва аёл бир булоқ муниса, эр эса гузарнинг чойхонасида қизиган тандирдан узилган иссиқ нон...Ҳа!
Шунда Қосимжон Ниҳол сўради:
-Ота, ҳикоя қилдингиз Коко Меҳрдод ва унинг ошиғи қиссасин...
Хожа Зулфиқор тўхтатди уни:
- Бу мустабид Музаффархон давронидан ҳикоятдир, мавҳ этилган бўйсунмаслар кўп бўлганди...
Мустабиднинг давронидан ҳикоятдир, Мустабидлар давронида ўлим меҳмон, ўлим бека. Мустабиднинг ўзи зеро Ўлим эрур, ваколати чекланмаган катта бека.
Ўлим қайда мутлоқ бека меҳмон бўлса, ўшал жойда Муҳаббат ҳам улуғ меҳмон.
Ажратилмас эгизлардай сарсон улар Мустабиднинг кўзлари кўр замонида.
Мустабининг замонлари Қизилқумдай ўзгарувчан ўртанувчан ўйнатувчан!.. Ҳа!..
Зеро узум шингилини эзганинг сари у тўрайди эркнинг ҳуррам шаробин.
Миллат эса эзилганда янчилганда қирилганда хўрланганда сарбастлайди буюк эркин ўлмас Ишқни...

--Ота, ҳикоя қилдингиз Коко Меҳрдод ва унинг ошиғи қиссасин...
Бироқ Коко Меҳрдод кетди билмай унинг исмини.
Ота яширдингиз унинг суюклиси ким.
Ота, ким эди у?..

Шунда Хожа Зулфиқор бошин кўтарди ва узоқ тикилди пурвиқор тоғларга шу тоғ пойидаги чашма сийнасин қоплаган майсада ўтирганича.
Тоғ қалин арчаларнинг қовушмасидан қобилган қорилган ўрмонзор
ўрмонзор ўрмонзор.
Тоғ жингалак эди хууууув узоооооқдаги Коко Меҳрдоднинг сочлари каби.

Коко сенинг жувонмард қўзғолон бошинг арча ўрмонлари рамзимиди ё? А?
Ва у қобилган қалин ўрмонда куйлаб учар эди ноёб қуш- Хумо парвоз қиларди унда.

Қосимжон ниҳол деди:
-Ота, биласизми ахир бу тоғни?
Хожа Зулфиқор деди:
-Ҳа. Бу Хон Хабриза Бўса. Ва биз ичмоқдамиз унинг ирмоқлари чашма сувини, у тоза у тоза у тоза...
Тозадир бу ўрмон.
Ва қуши –Хумо ҳам покиза- куйловчи ва тоза.
Ва фақат қоп-қора ғариб у тўнка ёниб битган хитой қайрағочники...
Ва фақат қоп-қора ғариб у тўнка ёниб битган хитой қайрағочники...
Ўшанда қуриган қайрағоч ёнган...
Ўғилим айтайинми Коко Меҳрдоднинг суюклиси ким?
У билан ёнмаган кетмаган чириш чун заминда ким қолган...

-Сизнинг бурнингизда муқаддас белги, қайсики сўғдийча зирадан қолган аниқ кўринмоқда ... уни энди кўрдим мен ота... Сизнинг бошқа куйитларингиз белгиларингиз оппоқ соқолингиз яширган ота...
-Сенга айтайинми ўшал исмни?
-Йўқ керакмас ота... Во қандай тозадир тотлидир ажойиб бу чашма суви.
Мени уни ичяпман ичяпман ичяпман ота ота ота ота ота...

...Коко нега?...
Коко яқинда бораман олдинга абадий...

АРОБА

Ҳар субҳидам товусдай рангор қадрдон азалий абадий қуюқ қавоғи уюқ туманда самон из қолдириб Қудрат Ошиқ қишлоғи бўйлаб менинг харобам самонли кулбам йўлидан ўтади учади катта фарғонача ароба.

Уйқум бузилади, уйга қайтаётган юлдузлар ортидан бомдодни ўқийман ва тикиламан тикиламан аробага сузаётган пушти шафтоли туманида туманида туманида у кетар силкиниб кўтарилиб юксалиб! Вовайлооо!

Полвонваш аробакаш ул ёш қалам қош қоп қора соқолли жилмаяр ун чиқмай тиржаяр кўрсатиб Чақол Чилим чўққиларидай Шахристоннинг оқкўпик шаршарасидай тишларин тишларин тишларин.

Помири кўмирдан бахмалроқ, ғиждувон тошидан каттароқ иккита қоп-қора новвослар тортадир ароба кумушранг қадимий туманда.

-Хоййй аробакаш йўл бўлсин туманда? Йўл бўлсин? Қайга қайга қайга шошиласан кетасан етасан?
-Хой дарвиш Хожа Зулфиқор ўтир аробамга бирга кетамиз дайдиймиз сафарда.
Хой дарвиш Аллоҳнинг йўлчиси сенмасми?

У хандон кулади кўрсатиб ялтироқ, кумушдай оқ, маржондай тишларин, ўйнатиб олмосдай қиррали гавхардай жилвали соқолин.
Хушлатар, хурлатар, ром этар ўзига инсоний табассум, ароба томонга бораман.
Ром этар инсоний табассум, бор этар инсоний табассум биламан биламан биламан сезаман кимлигин мен унинг, биламан қай манзил бородир етодир кетодир ароба субҳидам азалий абадий қуюқ қавоғи уюқ туманда туманда туманда.

Ва бирдан ароба шамолдай югурар учади сезилмай туманда етолмам ортидан югурдим югурдим югурдим етолмам мен унга мен унга.
-Эй аробакаш! Оғирюк наввослар бўридай югурик? Ё эса учарми ўлакса қушлардай новосслар?

Туманда кўраман кўраман кўраман сезаман судралиб юрувчи новвослар туманда қоп-қора жавҳардай мисилсиз қанотин чиқариб наввосмас ўлакса егувчи қушлардай учади ароба кўтариб юксалиб тугалиб осмонга туманда донг қотган ер узра туманда туманда туманда.
-Хоооййй аробакаш жилвагар аробанг учади ўлакса егувчи қушларнинг қанотин олишиб туманда, нега у юрмайди судралиб муқаддас заминда эринчоқ новвослар жундор оёқла?
Хой аробакаш, нега аробанг учар ўтар туманда тумандан? Манзилинг қай томон, қай жойга сен санқиб шошасан? Қай томон учади аробанг? Озмиди заминнинг йўллари? Аробанг самодан не тилар?

-Хой дарвиш кўп боғлар шаҳарлар қишлоқлар айланиб чиқишим билмассан? У ерда йиғаман муқаддас чиркин хосилни хосилни хосилни? Мен чиркин мевалар чиркин хосилнинг йиғувчисиман!... Шу сабаб новвослар оёғини мен ўлакса егувчи қушлар қанотига алиштириб учаман!
Эй дарвиш Хожа Зулфиқор пишиб етилдингми ёки билмассан?
Шу он титроқ тутар ямланаман мен: қайдан билар менинг исмим у?..

У яна кулади кулади туманда учаркан офатли тоқатли бошим узра судралган ароба ғилдираклари қўрқувдан олайган кўзларим олдида айланар ваҳшатлиииии туманда ер узра сузганда.

Ром этади инсон кулгуси, бор этади инсон кулгуси, яна қайта қутуриб шайтонлаб учаётган аробага илашаман мен , ёпишаман вахшатлиии айланаётган учиб кетаётган ғилдиракларга ва қийналиб етаман аробага мен қутурган туманда туманда туманда.
Туманда учаман ва замин мунғайиб қолади туманда.

Бирдан аробада нигоҳим тушар қуриган илжиган инжиган самон. Самон остидачи ухлар икковлон дўзахий хид билан ғамнок хид билан мурда иси билан ҳисларим жунбуш улар ухламаган улар ўлганлар илжиган самонинг заҳида қотар, аммо аробакаш юлдузлар нури ёритган ялтироқ тишларин кўрсатиб кулар, хандон отиб кулар ва яна мудхиш мудхиш мақсадсиз маслаксиз ром этади инсон кулгуси бор этади инсон кулгуси:
-Эй аробакаш туманда учаётган аробангга сол мени, аробангга ол мени! Хандон кулгинг мени чақирар эритар маст қилар қувнатар хушлатар ухлатар мангуга яралар хушлатар!

Шунда аробакаш қичқирар:
-Хой Аллоҳнинг дарвиши Хожа Зулфиқор кел кел кумушранг ғаройиб туманда сўнги бор учайлик учайлик учайлик!
Туйқусдан чаққон бир ҳаракат ила самон остидан у чиқарар тибет қўзиларин қадим терисин ошланиб битилган Китобни ва секин, тумандан нафаси тиқилиб қадимий сиёҳи ўчаёзган ёзув белгиларин қироат қилар.
Ва бирдан хириллар хириллар юзидан табассум қочади, ялтироқ тишлари ўн меш сув қуйилган оловнинг чўғидай сўнади.
У бўшлиққа юзланган каби шивирлар менга:
-Вой дарвиш! Аробадан кет! Ҳали келган эмас сенинг мухлатинг учмоқлик учун, қучмоқлик учун тобут оламининг, инсон оламидан ташқи оламнинг туманин! Ўликлар китоби вароқларида ҳали сўнган эмас, хали ўлган эмас сенинг ёзувинг! Аллоҳ сени ҳали чақирмаяпти-эвоооххх ачинаман ачинаман ачинаман! Дарвиш ачинаман сенга! Эвох лаънати муқаддас Ўлим китоби менга йўл бермас!..
Ароба туманда тўхтайди, туманда тик ва тез ерга урилар ғичирлатиб ғилдиракларин ва икки ўлакса егувчи қушлар майсахўр новвосга айланиб қолиш иқболидан чўчиб ўтлиғ дўзахий олчоқ ва ўйноқ манфур кўзларини менга қадарлар.
Аробадан тушаман шу он аробакаш кулар оппоқ жилвагар тишларини менга кўрсатиб.
Ва яна ром этади инсон кулгуси,бор этади инсон кулгуси, қувнатади инсон кулгуси, хушлатади инсон кулгуси... барча инсон кулгуси...

Бироқ аробакаш қичқирар қадимий аслида бўлмаган бир тилда новосларга ўлаксахўр қушларига ўзининг ва ароба кўтарилар туман ортига туман ортидаги осмон юртига, осмон ортидаги осмон юртига тик найза мисоли турна мисоли кўтарилар ароба сония ичра ва сония ичра сизилиб кетар туманда туманда туманда.
Ва фақат тик найза мисоли кўтарилган аробадан илжиган инжиган чириган самон учиб тушар устимга тумандан...

Фаришта Азроил! Ўликлар аробакаши!.. Сен!.. мен сени танидим!... сенинг судралувчи учувчи аробанг туманда ҳадсиз ҳудудсиз осмон қўйнига кўтарилар ёввойи бир шаҳд билан! Вовайлоооооооо!

... Хой дарвиш, ачинаман сени Аллоҳ ҳали ҳузурига чорламаганига!
Ва ерда қоламан мунғайиб бир ғариб қишлоқи қўзидай беозор интизор зор.
Ва мен қоламан аччиқ сассиқ чириган самон сепилган заминда...
Лекин яшнатади инсон кулгуси, хушлатади инсон кулгуси,қувнатади инсон кулгуси, маст қилади инсон кулгуси, хурлатади инсон кулгуси тумандаги оппоқ қор каби!... Эртага мен яна ортингдан бораман!...


Рукн: Наср | Қўшди: Elmurod (26.06.2012) | Муаллиф: Элмурод E
Кўрилди: 959 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0