Жума, 20.09.2024, 02:15
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Наср

МУЗҚАЙМОҚ РАНГЛИ ҒАРОЙИБ КОСТЮМ (1)
МУЗҚАЙМОҚ РАНГЛИ ҒАРОЙИБ КОСТЮМ
Рэй БРЭДБЕРИ
Абу ҲУМОЮН таржимаси


Шаҳар ёзги шафақ оғушида эди. Шарларнинг тақиллаши эшитилиб турган бильярдхона эшигидан илиқ оқшом ҳавосида нафас ростлаш ва шу баҳона оламда нима гаплигидан бохабар бўлиш учун мексикалик уч йигит чиқди. Улар гоҳо эринчоқлик билан ўзаро гаплашишар, гоҳо қизиб турган асфальт бўйлаб сузиб бораётган қора қоплондек лимузинларни, гулдурак ва чақин таратиб бораётган трамвайларни жим кузатишар эди.
Эҳ, - дея хўрсинди Мартинес — учовлоннинг энг кичиги ва энг ғамгини, - Нақадар ажойиб оқшом-а, йигитлар? Ажойиб...
Бу оқшом унга бутун олам яқинлашаётгандек ва яна қайта узоқлашаётгандек туюларди. Унинг назарида ёнгинасидан ўтаётган мудроқ йўловчилар гўё дафъатан йўлнинг нарёғидаги йўлакка кўчиб қолгандек бўлар, ёки аксинча, ярим милча нари масофада турган уйлар унинг боши узра энкайгандек бўларди. Лекин Мартинес билан бу одамлар, машиналар ва уйлар ўртасида кўринмас бир ғов бордай эди - уларга қўл етмасди. Бу жазирама ёз оқшомида ёш Мартинеснинг юзи аёзда қотгандай сўник эди.
Бундай кечаларда орзуларга берилиш яхши... Кўп нарсалар ҳақида орзу қилиш...
- Орзу қилиш?! - ҳайронлигини яширмай қичқирди Вильянасул деган йигит - гарчи у ўз хонасида китобларни бақириб ўқиса-да, кўчада доимо деярли шивирлаб гапирарди. - Орзу қилиш - бекорчиларнинг бесамар машғулоти.
- Бекорчиларнинг дейсанми? - ҳайратланди соқоли ўсиқ Ваменос, - Эшитяпсизларми бунинг гапини?! Хўш, унда сенингча биз киммиз? Ахир бизларнинг ҳам на бир тайинли иш жойимиз бор, на пулимиз...
- Демакки, дўстларимиз ҳам йўқ! - дея ҳукм ўқиди Мартинес.
- Ҳаққаст рост, - Вильянасул сокин ёз шабадаси баргларини тортқилаётган пальмалар турган майдонга нигоҳини тикди. - Шу тобда нима тилаётганимни биласизларми? Мен ҳозир майдонга боришни, ўша ёқдаги корчалонлар орасида туртиниб-суртиниб юришни, ҳар оқшом бу ерга биржадаги ишлар тўғрисида гап сотгани келадиган одамлар билан суҳбатлашишни истардим. Лекин токи мен ҳозиргидек афтодаҳол кийинган эканман, токи фақир эканман, улар мен билан муомала қилишни ўзларига эп кўрмайдилар. Ҳеч қиси йўқ, Мартинес, бизнинг молу давлатимиз йўқ бўлсаям, дўстлигимиз бор. Фақирларнинг дўстлиги эса катта нарса. Агар бу дўстлик ҳаққоний бўлса... Биз ахир...
Шу пайт уларнинг ёнидан ингичка мўйлов қўйган, келишган ёш мексикалик йигит ўтиб қолди. У хандон отиб бораётган икки қизни қўлтиқлаб борарди.
- Мadre mia! - пешонасига шапатилади Мартинес - Икки дугонани бирданига илаштиришни қандай уддаладийкин-а?
- Бу “мушкил масала”да унга чиройли оқ костюми ёрдам берган-ов, - деди Ваменос кир тирноғини кемирар экан, - Кўринишидан “учар”га ўхшайди.
Мартинес деворга суяниб олганича, хандон ташлаб бораётган “учлар иттифоқи”ни нигоҳи билан кузатарди. Шу вақт рўпарадаги уйнинг тўртинчи қаватидаги деразалардан бири очилди ва ундан чиройли бир қиз мўралади. Шабада унинг қоп-қора сочларини эркалаб ўйнарди. Мартинес бу қизни гўё қадим замонлардан - бутун бошли олти ҳафтадан буён биларди. У қизга гоҳ бош ирғар, гоҳ алқалаб қўл силкитар, табассум қилар, кўз қисарди. Ҳатто дўстларини йўқлаб борган пайтда - уйдами, боғдами, шаҳар марказидами - унга дуч келиб қолса, таъзим қиларди. Лекин қиз уни назар-писанд қилмасди. Унинг назарида йигит гўё мутлақо йўқдай эди.
- Мadre mia! - деди Мартинес қиздан кўзини узиб, кўча этагига боқаркан (ҳалиги мексикалик йигит ва қизлар муюлишдан бурилиб, кўздан йўқолган эдилар), - эҳ, қанийди менинг ҳам шунақа костюмим бўлса! Менга ҳатто пул ҳам керак эмас, фақат расамадидаги костюм бўлса, бас.
- Билмадим, сенга маслаҳат беришим тўғри бўлармикан, - деди туйқусдан Вильянасул, - лекин Гомесга бир учрасанг, қандай бўларкин? У бир ойдан буён аллақандай костюм ҳақида гапиради. Дийдиёсидан қутулиш учун унга ёрдам беришни ваъда қилдим. Бу Гомес деганлари!..
- Ҳой, оғайни, - кимнингдир узоқдан паст овозда чақиргани эшитилди.
- Гомес! - Уч оғайни ортга бурилиб, уларга яқинлашаётган кимсага юзланишди.
Гомес уларга алламбало табассум қилганича чўнтагидан ҳаддан зиёд узун сариқ тасма чиқарди.
- Гомес! - қичқирди Мартинес, - айт-чи, сенга тикувчининг ўлчагичи нимага керак бўлиб қолди?
Гомес ёйилиб кулди.
- Қадди бастингни ўлчаб олмоқчиман!
- Ўлчаб олмоқчиман, дейсанми?
- Тўғри тур! - Гомес Мартинесга қойил бўлгандек боқарди. - Caramba! Шу пайтгача қаёқда эдинг? Қани, бундоқ тур-чи!
Мартинес ўзининг узун қўлларини ва оёқларини, кейин эса кўкрак кенглигини ўлчаётганларини ҳис қилиб турарди.
- Қимирламай турсанг-чи! - бақирди Гомес. - Қўллар - айнан ўзи. Оёқлар, кўкрак - ажойиб! Энди тезроқ бўйингни ўлчашимиз керак!.. Беш фунту беш дюйм экан! Тўғри келасан! Қани, қўлингни бер-чи!
У Мартинеснинг қўлини сиққанича силкитар экан, бирдан:
- Тўхта, сенда ўн доллар борми? - дея ҳаяжонланиб сўради.
- Менда бор! - деди Ваменос кирлаган ҳамёнини силкитар экан. - Мени ўлчай қолгин, Гомес...
- Менинг бори давлатим тўққиз доллару тўқсон икки центдан иборат, - деди Мартинес чўнтагини кавлаштириб. - Сен буни янги костюм учун етарли, деб ўйлайсанми?.. Қанақасига, ахир?
- Шунақасига. чунки сенинг қадди-бастинг тўғри келади.
- Сеньор Гомес, лекин мен сизни мутлақо танимайман-ку...
- Танимайман дегин? Ҳеч қиси йўқ, бундан буён биз бирга яшаймиз. Қани, кетдик!
Гомес бильярдхона эшиги олдига бориб, кўздан йўқолди. Мартинес одамохун Вильянасул ва ҳовлиқма Ваменос ҳамроҳлигида бильярдхонада пайдо бўлди.
- Домингес! - чақирди Гомес.
Телефонда гаплашаётган Домингес кирганларга кўз қисди. Дастакдан аёл кишининг чийиллаган овози эшитиларди.
- Мануло! - қичқирди Гомес.
Вино сипқориш билан банд бўлган Мануло уларга ўгирилиб қаради.
Гомес Мартинесни имлаб кўрсатар экан:
- Мен бешинчи шеригимизни топдим! - деди.
Домингес:
- Менинг учрашувим бор, ҳалақит берма... - деди-ю, бирдан жимиб қолди. У дастакни қўлидан тушириб юборди. Исмлар ва телефон рақамлари билан тўла ён дафтарчасини тезда чўнтагига тиқди.
- Гомес, наҳотки?!
- Ҳа, ҳа. Тезроқ пулни чўз. Қани, чиқарақол.
Телефон дастагидан ҳали ҳам аёл кишининг шанғиллаши эшитилиб турарди. Домингес иккиланганича дастакка қараб-қараб қўярди. Мануло гоҳ қўлидаги бўш шишага, гоҳ қаршисидаги вино пештахтасида осиғлиқ ёзувга алангларди.
Алоҳа, Мануло билан Домингес бильярд столи устига қопланган яшил мовутга истамаган кўйи ўн доллардан қўйишди. Ҳаддан ортиқ ажабланган Вильянасул ҳам беихтиёр уларнинг ҳаракатини такрорлади. Гомес Мартинесни туртар экан, ўз ҳиссасини ўртага ташлади. Мартинес ғижимланган қоғоз пулларини ва майда чақаларини қайта санаб чиқди. Гомес моҳир крупьелардек пулларни йиғиштириб олди.
- Эллик доллар бўлди! Костюм эса олтмиш доллар туради. Бизга яна ўн доллар керак.
- Шошма, Гомес! - қичқирди Мартинес, - Сен битта костюм ҳақида гапираяпсанми? Uno?
- Uno! - деди Гомес бармоғини юқори кўтариб. - Музқаймоқ рангли ягона ажойиб костюм ҳақида. Худди Асад ойидаги ойдин ойдай!
- Хўш, у кимники бўлади?
- Меники! - қичқирди Мануло.
- Меники! - ҳайқирди Домингес.
- Меники! - ҳайқирди Вилғянасул.
- Меники! - ҳайқирди Гомес. - Сеники ҳам, Мартинес. Оғайнилар, унга бир тушунтирмаймизми-а? Қани, бир қатор бўлиб тизилинглар-чи.
Вильянасул, Мануло, Домингес ҳамда Гомес бильярд залининг девори ёнида қатор бўлиб туришди.
- Мартинес, сен ҳам қаторга тур! Энди эса, Ваменос, бошимизга бильярд кийини қўй.
- Ҳозир, Гомес, ҳозир.
Мартинес бошига кий қўяётганларини ҳис қиларкан, нима гаплигини аниқлаш учун олдинга чиқди-ю, ҳайратдан “воҳ”лаб юборди. Кий бешала йигитнинг бошида текис ётарди. Ваменос оғзи қулоғига етиб, кийни гоҳ олдга, гоҳ ортга силжитар эди.
- Ҳаммамизнинг бўйимиз бир хил экан! - дея қичқирди Мартинес.
- Ҳа, бир хил! - кулишди оғайнилар.
Гомес сариқ ўлчагични шитирлатганича қатор бўйлаб чопар, гоҳ у йигитни, гоҳ бу йигитни ўлчаб кўрар, улар эса бундан таъсирланишиб, янада қаттиқроқ кулишарди.
- Айнан ўзи! - таъкидлади у. - Бир ўйлаб кўринг-а, бир хил бўй-бастли тўрт йигитни топишга бир ой - бутун бошли тўрт ҳафта вақт кетди-я. Бир ой мен қидирдим, ўлчов олдим. Менга бўйи беш футу беш дюйм бўлган йигитлар йўлиқишди, лекин улар ё ўта ориқ, ёки жуда семиз эдилар. Баъзиларининг қўллари, баъзиларининг эса оёқлари ҳаддан ортиқ узун эди. Эҳ, йигитлар, қанчадан-қанча одамни ўлчаб кўрганимни билсангиз эди. Энди эса елкалари, кўкрак кенглиги, қўл узунлиги ва оғирлиги бир хил кишилар тўпландик. Э-эҳ, болалар!
Сўнг Мануло, Домингес, Вильянасул, улардан кейин эса Мартинес бирин-кетин тарозига чиқа бошладилар - автомат тарози шарақлаб, уларнинг вазнини кўрсатувчи белгили патталарни бир-бир чиқариб ташлай бошлади.
Ваменос оғзи қулоғига етганича автоматга танга ташлаб турарди. Юраги тез-тез ураётган Мартинес ўз паттасига кўз югуртирди.
- Бир юз ўттиз беш фунт... бир юз ўттиз олти... бир юз ўттиз уч... бир юз ўттиз тўрт... бир юз ўттиз етти... Бу мўъжиза!
- Йўқ, - деди Вильянасул, - бу шунчаки Гомес!..
Улар ўзларининг мурувватли “даҳо”ларига табассум қилардилар, у бўлса, дўстларининг елкасидан қучарди.
“Хўш, ким айтади бизни абжиру азамат эмас деб, а?” - ҳайратланарди у ўзича.
- Барчамизнинг бўю бастимиз бир хил, барчамизнинг орзуимиз ҳам бир - костюмга эга бўлиш! Эндиликда ҳар биримиз ҳафтасига йўқ деганда бир марта башанг бўлишимиз мумкин, шундаймасми, а?
- Очиғи, охирги марта қачон башанг кийинганимни эслолмайман, - деди Мартинес. - Қизлар мени кўрса, қочиш пайига тушадилар.
- Энди улар сени музқаймоқ рангли яп-янги ёзлик костюмда кўришгач, ҳавасу ҳайратдан лол бўлиб қоладилар.
- Гомес, - деди Вильянасул, - сенга битта савол берсам майлими?
- Албатта.
- Биз сен айтган музқаймоқ рангли ажойиб костюмни сотиб олганимиздан сўнг, уни кийволиб, автобусга ўтирганча бирор йил туриб келиш учун Эл-Пасога жўнавормайсанми?
- Вильянасул, Вильянасул, бунақа дейишга қандай ҳаддинг сиғди?
- “Кўз нимани кўрса, тил шуни айтади”, дейдилар, - деди Вилғянасул. - Эсингдами, сен ютқизиқсиз лотерея ўйинини ўйлаб топганинг - ўшанда ҳеч ким ютмаганди. Ёки сен ташкил қилмоқчи бўлган “Гўшт билан ловия солинган қалампир” ширкатининг “қисмат”ини эслаб кўр - ўшанда сен ижарагирлардан қарздор бўлиб қолувдинг.
- Ёшлик хатолари, - деди Гомес. - Бас, етар. Бунақа иссиқда кимдир албатта бизнинг костюмимизни сотиб олиб қўяди. У “Шамуэй фирмасининг шамсий костюмлари” дўкони витринасида турибди. Менда эллик доллар бор. Бизга яна битта шерик керак.
Мартинес дўстларининг нигоҳлари хона бўйлаб кезинганини кўриб турарди. У ҳам хонадагиларни кўздан кечира бошлади. Унинг кўзи Ваменосни четлаб ўтди, кейин истар-истамас яна унга қадалди. Мартинес Ваменоснинг кир кўйлагига, никотиндан сарғайиб кетган биққи бармоқларига қараб турарди.
- Мен! - деди ниҳоят Ваменос чидаб туролмасдан. - Мени ўлчаб кўринглар! Тўғри, зовур қазганим туфайли қўлларим жуда йўғон, аммо қоматим...
Шу дақиқада Мартинес йўлакдан ўтиб бораётган “асаббузар” мексикалик билан унинг хандон отгувчи қизларининг қадам товушларини эшитди.
Оғайниларнинг юзида ёз булутидай таҳлика сояси бўй кўрсатиб ўтди.
Ваменос имиллаб тарозига чиқди ва автоматнинг тешигига танга ташлади. У кўзларини қаттиқ юмганича, пичирлаб дуо ўқий бошлади.
- Madre mia, сендан ўтинаман!
Автомат тарози “ширқ” этдию, патта чиқариб ташлади. Ваменос кўзларини очди.
- Буни қаранглар! Бир юз ўттиз беш фунт экан! Яна бир мўъжиза!
Йигитларнинг ҳаммалари Ваменоснинг ўнг қўлидаги паттага ҳамда чап қўлидаги кирлаб кетган ўн долларлик қоғозга қараб турардилар.
Гомес жунжикиб кетди. Баданини тер босди. У лабларини ялаб қўйди. Кейин унинг қўли узалиб, пулни олди.
- Дўконга! Костюмни сотиб олиш учун! Чопдик!
Улар бильярдхонадан отилиб чиқишди.
Унутилган телефон дастагидан ҳали ҳам аёл кишининг овози эшитиларди. Бильярдхонадан энг охирги чиқиб кетаётган Мартинес дастакни жойига илиб қўйди. Дафъатан чўккан жимликда у ҳеч нарсага тушунолмай, бошини сарак-сарак қиларди.
- Santos, тушимми, ўнгимми? Олти кишига битта костюм? Бу ёғига нима бўлади? Ақлдан озишми? Пичоқбозликми? Қотилликми? Нима бўлса ҳам мен сизлар билан бораман. Гомес, бирпас шошмай тур!
Мартинес навжувон йигит эди. У тез чопарди.

Галстукларни илгакка илиш билан банд бўлган “Шамуэй фирмасининг шамсий костюмлари” дўконининг соҳиби мистер Шамуэй турган жойида қотиб қолди - у дўкони олдида содир бўлаётган ғайриоддий ҳолатни сезгандай эди.
- Лео, - шивирлади у ёрдамчисига, - чиқиб қара-чи...
Аввал Гомес витринага бирров қараб ўтди. Кетидан очиқ эшикка назар солганларича Мануло билан Домингес витрина ёнидан шоша-пиша ўтишди. Бир-бириларини туртиб-суртиб келаётган Вильянасул, Мартинес ва Ваменослар ҳам айни ҳаракатни такрорлашди.
- Лео, - деди мистер Шамуэй сўлагини ютиб, - полицияга қўнғироқ қил.
Зум ўтмай олтовлон эшик олдида қад ростлашди. Ошқозонида нохушлик сезиб, эҳтиросдан юзлари қизариб кетган Мартинес ошналарининг қабатида қисилиб турганича оғзи қулоғига етиб шундай илжаярдики, пировардида Лео дастакни жойига илиб қўйди.
- Во ажаб! - базўр нафас олаётган Мартинес кўзлари косасидан чиққудай бўлиб қичқирди. - Мана буни “қулинг ўргилсин костюм” деса бўлади!
- Йўқ, униси эмас, - деди Мануло бошқа бир костюмнинг четидаги чокларини кўздан кечирар экан, - мана буниси.
- Бу оламда фақат биттаю битта костюм мавжуд, - деди Гомес хотиржам ҳолда. - Мистер Шамуэй, бир соат олдин ўттиз тўртинчи ўлчамли музқаймоқ рангидаги костюм витринада турувди. Наҳотки, сиз уни сотиб юборган бўлсангиз?
- Сотиб юборган бўлсангиз, дейсизми? Йўғ-е, - деди мистер Шамуэй енгил тин олиб, - у кийим ўлчайдиган хонада. Манекенга кийдириб қўйилган.
Мартинес - аввал ўзи олға ташланиб, бошқаларни ортидан эргаштирдими ёки шериклари аввал олдга чопиб, Мартинесни ортларидан эргаштирдиларми - буни аниқ эслолмасди, лекин ҳамма бирдан ҳаракатга тушиб қолди. Мистер Шамуэй барчаларидан олдинроқ ўтишга уринарди.
- Бу ёққа юринглар, бу ёққа, жаноблар. Хўш, сизлардан қайси бирингиз...
- Бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун! - Мартинес ўз овозини эшитиб, кулиб юборди. - Биз ҳаммамиз бу костюмни ўлчаб кўрмоқчимиз.
- Ҳаммангиз-а? - деди мистер Шамуэй кийим ўлчайдиган хонанинг пардасига осилиб оларкан - унинг назарида дўкони довулда қолган кемадай эди. У йигитларнинг ниятларини тушунолмаган кўйи қараб турарди.
“Анқай, анқаявер, - ўзича ўйларди Мартинес, - тиржайишимизни кўряпсанми? Энди эса бизнинг қад-қоматимизга қара. У ёқдан бу ёққа - бу ёқдан у ёққа, баланддан пастга - пастдан баландга қараб, обдан ўлчаб чиқ. Энди тушунгандирсан?”
Ҳа, мистер Шамуэй ҳаммасига тушунди: у бош ирғади, у елкасини қисди.
- Бўлди, тушундим! - деди кийим кийиб кўриладиган хонанинг пардасини очиб юбораркан. - Буёққа келинглар. Костюмни сотиб олаверинглар, мен бўлсам харидингиз эвазига манекенни қўшиб бераман.
Мартинес эҳтиёткорлик билан хона ичига мўралади, кейин қолганлар ҳам унга эргашдилар.
Костюм ўша ерда турарди.
У ОППОҚ эди.
Мартинеснинг нафас олиши қийинлашди. Сирасини айтганда, у нафас олишни истамаётганди ҳам.
Унга гўё нафас олишу чиқариш мумкин эмасдай эди. У нафасининг ҳарорати туфайли костюм бирданига эриб кетишидан қўрқарди. У учун бу костюмга қараб туришнинг ўзи кифоя.
Ниҳоят, у чуқур хўрсинганича пичирлади:
- Ау, ау, caramba!
- Ҳатто кўзларни оғритиб юборади-я, - шивирлади Гомес.
- Мистер Шамуэй, - Леонинг шипшиганини эшитди Мартинес. - Бу хавфли ўрнак. Агар барча одамлар олтовлонга биттагина костюм сотиб ола бошласалар...
- Лео, - деди мистер Шамуэй, - нархи бори-йўғи 59 доллар бўлган биттагина костюм бир йўла олти эркакни бахтиёр қила олганини ҳеч кўрганмисан?
- Фариштанинг қанотлари, - пичирлади Мартинес. - Фариштанинг оппоқ қанотлари...
Мартинес мистер Шамуэйнинг боши унинг елкаси оша ўлчовхонага суқилиб кирганини ҳис қилди.
Оппоқ ёғду хона бўйлаб ёйилиб кетди.
- Биласанми, Лео, - шивирларди мистер Шамуэй эҳтиром ифодаси билан, - ҳақиқатдан ҳам бу ажойиб костюм.
***
Гомес дилидан кечаётган хуш ҳаяжонини ифода қилароқ, баралла ҳуштак чалганича учинчи қаватдаги майдончага чопиб чиқди. Сўнгра ортига бурилиб, дўстларига қўл силкитди. Улар хандон отганларича, Гомеснинг ортидан югуриб чиқишди-ю, чарчоқдан нафаслари оғзиларига тиқилиб, тўхташди ва зинапояга чўкишди.
- Бугун кечқурун! - қичқирди Гомес, - бугун кечқурун ҳамманглар меникига кўчиб ўтасизлар. Биз уй ижарасидан ҳам, кийим-кечакдан ҳам тежаймиз, шундаймасми? Албатта шундай қиламиз! Мартинес, костюм сендами?
- Менда бўлмай қаёқда бўлсин?! - деди Мартинес чиройли совға қутисини боши узра кўтарар экан. - Мана у  бизнинг бир-биримизга совғамиз!
- Ваменос, манекен сендами?
- Шу ерда!
Эски сигарет қолдиғини чайнаб, чор-атрофга учқун сачратиб келаётган Ваменос бирдан қоқилиб кетди. Унинг қўлидаги манекен икки айланиб тушди-ю, тарақлаганича зинадан пастга учди.
- Ваменос! Тўнка! Латта!..
Ўша заҳоти манекен ундан тортиб олинди. Юрак-бағри эзилган Ваменос бир нарсасини йўқотиб қўйган кимсадай чор-атрофга олазарак боқарди. Мануло бармоқларини қарсилартаркан:
- Ҳой, Ваменос, буни ювишимиз керак. Дўконга бориб, қарзга вино олиб кел, - деди.
Ваменос думли юлдуз каби сигара учқунларидан из ҳосил қилганича пастга учиб тушиб кетди.
Оғайнилар костюмни уйга олиб кирдилар. Мартинес даҳлизда ушланиб қолди. У Гомесга тикилган кўйи турарди.
- Юзинг худди касалларникига ўхшаб қопти, Гомес.
- Аслида ҳам шундай  мен касалман, - деди Гомес. - Нималар қилиб қўйдим?!
У манекен атрофида ўралашаётган уч ошнасининг сояси ҳаракатланмиш хонага бош ирғаб қўйиб, сўзида давом этди:
- Мен шерикликка хотинбоз ва шилқим Домингесни танладим. Буниси майли... Мен ичкиликбоз Манулони танладим, лекин у қизлардай майин овоз билан куйлай олади. Дуруст... Вильянасул китоб ўқийди. Сен бўлсанг, ҳеч бўлмаганда, қулоқларинг орқасини ювиб турасан. Лекин мен кейин қандай иш тутдим? Сабр қилиб кута олдимми? Йўқ! Менинг бу костюмни зудлик билан сотиб олгим келиб қолди ва бу ишни амалга ошириш учун йўнилмаган тўнкани ўзимга шерик қилиб олдим ҳамда унга менинг костюмимни кийиш ҳуқуқини бердим... - Гомес ҳушини йўқотган одамдай уни ўчиб қолди. - Энди у костюмни кийиб чиқиб кетади-ю ёмғир остида юради ёки балчиққа йиқилиб тушади. Нега, нима учун мен бундай қилдим ахир?!
- Гомес, - хонадан Вильянасулнинг овози эшитилди, - костюм тайёр бўлди. Кириб қара-чи, у уйингнинг чироғида қандай кўринар экан?
Гомес билан Мартинес хонага киришди.
Хона ўртасидаги манекен устида бенуқсон измалари, енгларию ёқалари нур таратиб турувчи ярқироқ мўъжиза бўй бериб турарди.
Унинг оппоқ ранги Мартинеснинг чеҳрасида аксланаркан, у ўзини черковда тургандай ҳис қилди. Оқ! Оппоқ! Дунёдаги барча музқаймоқлардан ҳам оқроқ. Худди тонгда сутчи олиб келадиган ҳовурли сутдай оппоқ. Худди ойдин қиш кечасидаги ёлғиз булутдай оппоқ. Унинг шу туришиданоқ бу димиққан хонадаги кишиларнинг нафаслари тўнғиб қоладигандек эди. Мартинес ҳатто кўзларини юмиб туриб ҳам костюмни кўриб турарди. У бугун тунда қай рангдаги тушлар кўришини биларди.
- Оппоқ... - шивирлади Вильянасул. - Мексикадаги шаҳарчамиз ёнгинасида бўй чўзган тоғ (бу тоғни “Уҳлоқ” дейишади) чўққисидаги қордай оппоқ.
- Нима дединг, яна бир қайтар? - сўради Гомес ундан.
Мағрур, айни пайтда қимтинган Вильянасул қониқиш билан билан қайтариб айтди:
- ...Тоғ чўққисидаги қордай оппоқ... бу тоғни...
- Мана, ниҳоят мен ҳам келдим!
Улар чўчинқираб ўгирилишди. Остонада қўлларидаги шишаларга ишора қилганича Ваменос турарди.
- Би-ир яйраймиз! Қаранглар, мен нима олиб келдим! Энди эса, марҳамат қилиб менга айтинглар-чи, бугун костюмни ким кияди? Менми?
- Ҳозир кеч бўлиб қолди, - эътироз билдирди Гомес.
- Кеч бўлганмиш! Эндигина тўққиздан чорак соат ўтди-ку.
- Кеч? - ҳайрон бўлиб такрорлашди қолганлар ҳам. - Кеч дейсанми?
Гомес ёниқ кўзлар билан гоҳ костюмга, гоҳ очиқ деразага қараётган бу одамлардан орқага чекинди.
Нафсиламрини айтганда, бу кеч ажойиб шанба оқшоми эди. Ғира-шираликка чўмган кўчада худди сокин жилғага ташланган гуллардай аёллар сузардилар. Эркакларнинг кўксидан ғамгин ингроқ отилиб чиқди.
- Гомес, менда бир таклиф бор, - Вильянасул тили билан қаламнинг учини ҳўллаб олди ва дафтарча варағига жадвал тузиб чиқди. - Сен костюмни соат тўққиз яримдан ўнгача кийиб юрасан, Мануло - ўну ўттизгача, Домингес - ўн биргача, мен - ўн бир яримгача, Мартинес - ўн иккигача...
- Нега энди доим мен охирги бўлишим керак? - норозилик билдирди Ваменос.
Мартинес дарров ўзига келиб, табассум билан деди:
- Ахир ўн иккидан кейин энг яхши вақт-ку, оғайничалиш.
- Ҳа-я, гапинг тўғри, - маъқуллади Ваменос. - Мен бу ҳақда ўйламабман. Майли.
Гомес хўрсинди.
- Яхши. Ҳар биримиз ярим соатдан. Лекин эсларингда бўлсин, эртанги кундан бошлаб, ҳар биримиз костюмни ҳафтада фақат бир кундан киямиз. Якшанба куни эса костюмни кийиш учун қуръа ташлаймиз. Кимга чиқса, ўша кияди.
- Менга чиқади, - деди хохолаб Ваменос, - мен омадлиман.
Гомес Мартинесга суяниб олди.
- Гомес, сен биринчисан. Кия қолсанг-чи, - уни туртди Мартинес.
Гомес хосиятсиз Ваменосдан кўз узолмасди. Ниҳоят, ҳафсаласи пир бўлган кўйи кўйлагини ечишга турди.
- Э-эҳ!

Мато оҳиста шитирлайди - топ-тоза кўйлак.
- Оҳ!
“Баданингда тоза кийимни ҳис қилиш қанчалар ёқимли, - ўйларди Мартинес қўлида пиджакни ушлаб турар экан, - Нақадар ёқимли шитирлайди у, нақадар ёқимли бўй таратади”.
Шим кийилди, бўйинбоғу камар қадалди.
Мартинес енгил ҳаракат билан пиджакни Гомеснинг елкасига ташлади ва у Гомеснинг эгнига қуйиб қўйгандек мос келди.
- Ole!
Нурдор ёғду таратувчи костюм кийган Гомес матадорлардай кескин ўгирилди.
- Ole, Гомес, оle!
Гомес таъзим қилдию эшик томон йўналди.
Мартинес ютоққанича, соатининг циферблати кўз тикди. Соат роса ўн бўлганида у йўлакда бировнинг адашиб қолган одамникига ўхшаш қадам товушларини эшитди. Мартинес эшикни очиб, ташқарига қаради.
Йўлакда Гомес бемақсад кезиб юрарди.
“Унинг туси касалларникига ўхшаб қопти”, деб ўйлади Мартинес. Йўқ, унинг юзида ўзни йўқотиш, ҳайратланиш акс этарди.
- Бу ёққа кел, Гомес, бу ёққа!
Гомес шиддат билан ўгирилди ва ниҳоят кўзлари билан эшикни топди.
- О, дўстлар, дўстларим, - деди у, - дўстлар, сиз тасаввур ҳам қилолмайсиз!.. Бу костюм, бу костюм!..
- Гапир, Гомес, гапирақол!
- Гапиролмайман, ифодалаб беролмайман!
Гомес кўзларини осмонга қадаганича қўлларини юқори кўтарди.
- Гапирсанг-чи, Гомес!
- Гап йўқ, гап йўқ. Сизлар ҳаммангиз ўзингиз кўришингиз керак. Ҳа, ҳа, ўзингиз... - У бошини титратган кўйи ҳамма уни кутаётгани эсига тушгунича жим туриб қолди. - Дарвоқе, кимнинг гали? Мануло!
Мануло калта шимда ўртага чопиб чиқди.
- Мен тайёрман!
Ҳаммалари кулиб, қичқириб, ҳуштак чалиб юборишди.
Костюмни кийгач, Мануло кетди.
У хонада йигирма тўққиз дақиқаю ўттиз сония йўқ бўлди. Қайтиб келгач, Мануло бир қўли билан эшикнинг тутқичини ушлаб тураркан, иккинчи қўли билан деворга суянди. У ўз қўлларини пайпаслар, кафтларини юзига сурарди.



Рукн: Наср | Қўшди: Davron (26.06.2012) | Муаллиф: Рэй Бредбери, таржимон Абу Ҳумоюн
Кўрилди: 967 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0