Пайшанба, 19.09.2024, 22:19
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Наср

МУЗҚАЙМОҚ РАНГЛИ ҒАРОЙИБ КОСТЮМ (2)
- Ҳикоя қилиб беришга рухсат этинг, - ниҳоят товуш берди у, - Compadres, мен барга кирдим. Йўқ, мен барга ичиш учун кирмадим, эшитяпсизларми? Мен ҳечам ичганим йўқ. Чунки у ёққа кетиб борар эканман, кулар ва куйлардим. Нега? Нима учун? - деб сўрардим ўзимдан-ўзим. Сабаби, бу костюм менга шаробдан кўра кўпроқ қувонч бахш этди. Бу костюмдан мен маст бўлдим, маст бўлдим, маст бўлдим! Шунинг учун мен “Гвадалахара” тамаддихонасига кириб, гитара чалдим ва жуда баланд овоз билан тўртта қўшиқ айтдим. Бу костюм, оҳ, бу костюм!..
Домингес - энди унинг навбати эди - кетди ва қайтиб келди.
“Телефон рақамлари битилган қора ёзув дафтарчаси”, ўйларди Мартинес. Кетаётганда дафтарча унинг қўлида эди. Аммо ҳозир унинг қўлида ҳеч вақо йўқ. Бу нима? Нима ахир?
- Кўчада, - Домингес кўзларини катта-катта очиб, барчасини қайта бошдан кечиргандай ҳикоя қиларди, - борар эканман, бир аёл “Домингес, наҳотки бу сен бўлсанг?” дея қичқирди. Яна бири эса: “Домингес дейсанми? Йўғ-е. Ахир бу Машриқдан ташриф буюрган Буюк Оқ Тангри Кетсалкоатлнинг ўзгинаси-ку”, деди. Эшитяпсизларми? Шундай сўнг менинг олти ёки саккиз аёл билан бирваракайига учрашгим келмай қолди. “Йўқ, фақат биттаси кифоя, - дея ўйлардим мен, - биттаси”. Очиғи мен унга - ягонамга нима дейишимни ҳам билмайман. Балки “Меники бўлгин” дерман ёки “Менга турмушга чиққин” дерман. Caramba! Бу костюм хавфли экан. Лекин мен бунга тупурдим. Муҳими, мен яшай бошладим, мен яшаяпман! Гомес, сен ҳам шуларни бошингдан кечирганмидинг?
Бу кеча бошидан кечирган ҳодисалар таъсиридан ҳали ҳам чиқа олмаган Гомес бош силкитди.
- Ҳожати йўқ, қўй, гапирма. Айтиб тугатолмайдиган даражада кўп... Кейин... Вильянасул!
Вильянасул қимтиниб олдинга чиқди.
Вильянасул қимтинганича хонани тарк этди. Вильянасул қимтинганича қайтиб келди.
- Бир тасаввур қилинг-а, - ҳеч кимга қарамай, кўзларини ерга тикканича, худди пол тахталарига мурожаат қилгандай гап бошлади у, - ям-яшил майдон, бир гуруҳ кекса тадбиркору ишбилармонлар очиқ осмон остида суҳбатлашиб туришибди. Кейин улардан бирови нимадир деб шивирлади. Ҳаммалари ўгирилишиб, йўл очишди ва ҳосил бўлган йўлакдан худди муз қатлами аро ўтган қуёш нуридай бўлиб оқ шарпа ўтиб бораяпти - унинг ичида эса мен. Мен чуқур нафас олиб, эшитилар-эшитилмас гапирар эдим, лекин менинг овозим борган сари баландлашарди. Сен қандай нутқ ирод этаётган эдим? Мен айтаётгандимки: “Дўстлар, сиз Карлейлнинг “Sartos Resartus”ини ўқиганмисиз? Бу китобда биз унинг либос фалсафасига оид фикрлари баёни билан танишамиз...”
Ниҳоят, костюмни кийиб, номаълум ёққа отланиш навбати Мартинесга келди.
У маҳаллани тўрт марта айланиб чиқди, тўрт марта уйнинг осма айвони остида тўхтади ва юқоридаги чироқ ёқилган уй деразасига тикилиб турди: у ерда соя ҳаракатланарди - дераза ортидаги гўзал қиз гоҳ пайдо бўлар, гоҳ ғойиб бўларди. Фақат бешинчи айланишдагина Мартинес қизни балконда кўрди - ёзги дим ҳаво уни тунги салқинда нафас ростлаш учун ташқарига ҳайдаб чиққанди.
Қиз пастга қаради. У имо қилди. Аввал-бошда қиз Мартинесга қўл силкитгандай кўринди. Назарида йигит худди ёнар оқ фавворадай унинг эътиборини тортгандай бўлди. Аслини олганда, қиз ҳеч кимга қўл силкитаётгани йўқ эди. Қизнинг қўллари яна кўтарилиб тушди ва унинг қаншарини кўзойнак безади. Қиз Мартинесга боқди.
“Э-ҳа, гап бу ёқда экан-ку, - хаёлидан ўтказди йигит, - нима ҳам дердик, бу костюмни ҳатто кўрлар ҳам кўрадилар”.
У қизга табассум қилди. Энди унинг қўл кўтариб, ишора қилишига ҳожат ҳам қолмаганди. Ниҳоят, қиз ҳам унга жавобан табассум қилди. Қизнинг ҳам ишора қилишига ҳожат қолмаганди. Оғзи қулоғига етган Мартинес энди бу ҳолдан қандай қутулиш чорасини билмай қочишга турди. Ҳатто муюлишга етганида ҳам у орқасидан таъқиб этаётган нигоҳни ҳис этиб борарди. Йигит қизга қайрилиб қараган пайтда, у кўзойнагини ечиб, қоронғуда кетиб бораётган оқ доғни кузатиб турарди. Шундай сўнг йигит бироз ўзига келиб олиш учун йўлини бошқа ёққа бурди ва дафъатан гўзаллашиб қолган шаҳар бўйлаб енгил одимлаб кетди. Шу тобда унинг қичқиргиси, кулгиси ва яна ҳайқиргиси келарди.
Уйга қайтар экан, у худди туш кўраётгандек кўзлари ярим юмуқ ҳолда, оҳиста келарди. У остонада пайдо бўлганида йигитлар Мартинесни эмас, балки унинг сиймосида ўзларини кўрдилар. Шунда ҳаммалари ўзлари билан нимадир содир бўлаётганини тушундилар.
- Сен кечикдинг! - дея бақирди Ваменос ва шу заҳоти уни ўчди. Бу соҳир ҳолатга дахл қилиш мумкин эмасди.
- Айтинглар-чи, мен кимман ўзи, - деди Мартинес.
У хонани оҳиста айланиб чиқди.
“Ҳа, - дея ўйларди Мартинес, - буларнинг ҳаммасини костюм қилди”. У билан боғлиқ воқеалар - йигитларнинг хуш-хандон кайфиятда дўконга борганларию, Мануло эътироф этганидек, шаробсиз маст бўлганлари - ҳаммаси костюмнинг иши. Қоронғулик қуюқлаша бориши баробарида йигитлар ҳаккалаганларича навбатма-навбат шимни ўлчаб кўришар, аснода уларнинг бир-бирларига бўлган муносабатлари илиқлашиб, теранлашиб борарди. Улар бирин-кетин ташқарига чиқишар, кейин эса яна ортга қайтиб келишарди. Ниҳоят, яна Мартинеснинг гали келди. У худди қандайдир муҳим фармон бергудек алфозда ҳашамату оқликка кўмилиб турар, ундаги бу ҳолатни сезган бошқалар ҳам сукут сақлаб, йўл бўшатишга ҳозир туришарди.
- Мартинес, сен кетгандан кейин биз учта тошойна топиб келтирдик. Қарагин.
Дўкондагиларга монанд равишда ўрнатилган тошойналарда учта Мартинес, орқада эса унгача костюмни кийиб, чароғон оламни кўриб келиш учун борган оғайниларининг соялари ва садолари аксланар эди. Бу ярқироқ тошойналарнинг силлиқ юзасида Мартинес ўзи ва дўстларининг қалбидан кечган туйғулар ҳайбатини кўрди. Унинг кўзлари ёшга тўлди. Қолганларнинг ҳам кўзлари пирпирай бошлади. Мартинес ойнага тегинди. Тошойна қалтираб кетди. Шу аснода йигит оқ либосга бурканган, абадият оралаб бораётган, яна қайта-қайта аксланаётган, битмас-туганмас минглаб, миллионлаб Мартинесларни кўрди.
У оппоқ пиджакни осмонга кўтарди. Бу ҳолга маҳлиё бўлиб турган шериклари ҳам кимнингдир исқирт қўли костюмга узала бошлаганини даставвал пайқамадилар.
Кейин эса...
- Ваменос!
- Чўчқа!
- Сен ҳатто ювиниб ҳам олмабсан! - бақирди Гомес. - Навбатинг келгунча соқолингни ҳам олмабсан. Compadres, ваннага тиқинг уни!
- Ваннага! - қичқирди ҳамма.
- Йўқ! - ютоқди Ваменос. - Туннинг салқин ҳавосида касал бўп қоламан, ахир!
Қичқираётган Ваменосни ваннага тиқишди.

Оппоқ костюм кийган, соқоллари олинган, сочлари текис таралган, тирноқлари олинган Ваменос айни пайтда ҳеч ўзига ўхшамасди.
Дўстлари унга тунд алфозда ёвқараш қилиб туришарди.
“Зеро, - ўйларди Мартинес, Ваменос ўтиб бораётганида тоғда кўчкилар бўлиши ҳақиқат эмасми? У йўлак бўйлаб кетаётганида эса ёндош уйда яшовчилар очиқ дераза оша тупургилари ёки ювинди тўккилари келиб қолиши аниқ. Бугун шундай оқшомки, Ваменос минглаган очиқ дераза ва балконлари бор, қоронғу ва хилват торкўчалардан ўтади. Чор-атрофда пашшалар оламни тўлдириб ғинғиллайдилар, Ваменос бўлса янги пиширилган тортга ўхшайди”.
- Ҳақиқатан, бу костюмда жуда кетворган кўринаркансан, Ваменос, - деди маъюс оҳангда Мануло.
- Раҳмат, - Ваменос боягина оғайниларининг эгнида бўлган костюмда ўзини қулайроқ ҳис қилиш учун елкаларини учириб ўйнатди. Кейин ҳадиксирагандай паст овоз билан аста сўради: - Энди бораверсам бўлар, а?
- Вильянасул! - деди Гомес. - Унга қонун-қоидаларни ёзиб бер.
Вильянасул қаламининг учини хўллаб олди.
- Биринчидан, - таъкидларди Гомес, - сен бу костюмда йиқилиб тушишга ҳаққинг йўқ, Ваменос.
- Йиқилиб тушмайман.
- Уйларнинг деворларига суянишга ҳаққинг йўқ.
- Ҳеч қанақа девор-певорга суянмайман.
- Қушлар ин қурган дарахтлар тагида юришга ҳаққинг йўқ. Чекишга ҳаққинг йўқ. Ичишга ҳаққинг йўқ...
- Илтимос, - ёлворди Ваменос, - бу костюмда лоақал ўтирсам, майлими?
- Агар курси жуда тоза бўлмаса, шимни ечиб, суянчиғига илиб қўй.
- Қани бўлмаса, менга бахт тиланглар, - деди Ваменос.
- Худо ёр бўлсин, Ваменос.
У ташқарига чиқиб, эшикни ёпди. Бирдан ичкаридагилар шариллаб йиртилаётган матонинг товушини эшитдилар.
- Ваменос! - бақирди Мартинес овози бўғзига тиқилиб.
У отилиб бориб, эшикни очиб юборди. Ваменос қўлида иккига бўлинган дастрўмолни ушлаганича хохоларди.
- Тр-р-р! Ҳозир ўз башараларингизни бир кўрсангиз эди! Тр-р-р! - У дастрўмолни майда-майда қилди. - Вой, башаралар-эй! Шундай кулгилисизларки! Ҳа-ҳа-ҳа!
Оғайнилар бу ҳолдан каловланиб турар эканлар, Ваменос момогулдиракдай овоз билан кулганича эшикни ёпдию йўлга равона бўлди. Гомес бошини чангаллаган кўйи, тескари қараб олди.
- Дўппосланглар мени, тошбўрон қилинглар. Мен жонларимизни иблисга сотдим.
Вильянасул қўлини чўнтагига суқиб, кумуш танга чиқарди ва узоқ вақт унга қараб турди.
- Мана менинг охирги эллик цент пулим. Ваменоснинг улушини қайтариб бериб, ундан костюмни қайта сотиб олиш учун яна ким пул бера олади?
- Фойдаси йўқ, - деди Мануло қўлидаги ўн центлик тангани кўрсатиб. - Бу пулга костюмнинг фақат ёқасию измаларини сотиб олиш мумкин, холос.
Очиқ дераза олдида турган Гомес бирдан пастга энкайиб, қичқирди:
- Йўқ, Ваменос, йўқ!
Кўчада турган Ваменос қўрқиб кетиб, ёнаётган гугурт чўпини дарҳол ўчирди ва қаердандир топиб олган сигара қолдиғини бир четга улоқтирди.
У деразадан қараб турган ошналарига ғалати ишоралар қилди, беўхшов қилиб қўл силкитди ва нари кетди.
Беш оғайни дераза олдидан кетолмай, бир-бирларини туртишар, тиқилишар эди.
- Қасам ичиб айтаманки, у бу костюмда гамбургча шницель ейди, - алам билан шивирлади Вильянасул, - мени горцича хавотирга соляпти.
- Бас қил! - ўшқирди Гомес. - Бундай бўлиши мумкин эмас! Мумкин эмас!
Мануло бирдан эшикка ёпишди:
- Мен томоғимни бир хўллаб олмасам бўлмайди.
- Мануло, шиша полда турибди-ку...
Лекин Мануло аллақачон ташқарига чиқиб кетиб бўлганди. Бир дақиқадан сўнг Вильянасул юзига бефарқлик тусини бериб, хона бўйлаб юриб ўтди.
- Дўстлар, мен ҳам майдонни бир айланиб келсамми, дегандим.
У кетгач, орадан бир дақиқа ҳам ўтмай, Домингес қўлидаги ёзув дафтарчаси билан ишора қилиб, кўз қисди ва эшик тутқичини ушлади.
- Домингес! - чақирди уни Гомес.
- Нима дейсан?
- Агарда Ваменосни учратиб қолсанг, унга тайинлаб айт - Мики Мурильонинг “Қизил хўроз”ига зинҳор кира кўрмасин. У ерда телевизор экранидан ташқарида ҳам муштлашувлар бўлиб туради.
- У Мурильоникига боришга журъат қилолмайди, - деди Домингес. - Ваменос учун бу костюм жуда қадрли. У костюмга зиён етказиши мумкин бўлган бирон-бир ишни қилмайди.
- Ундан кўра, ўз туққан онасини ўлдириб қўйиши осонроқ, - қўшимча қилди Мартинес.
- Аминманки, у бу ишга қодир, - деди Гомес.
Хонада қолган Мартинес ва Гомес Домингеснинг шошиб пастга тушиб бораётган қадам товушларини эшитиб туришарди.
Икковлон яланғоч манекен атрофини айланиб чиқишди. Кейин Гомес лабларини тишлаганича очиқ дераза олдида пастга қараб узоқ турди. У қўлини икки марта кўйлагининг кўкрак чўнтагига олиб борди ва ҳар сафар зўр бериб қўлини пастга туширди. Ниҳоят, у чўнтагидан нимадир чиқарди-да, қарамасдан Мартинесга узатди.
- Мановини ол, Мартинес.
- Нима бу?
Мартинес иккига букланган, қандайдир рақамлар ва сўзлар ёзилган пушти қоғоз парчасига қараб турарди. Унинг кўзлари ҳайратдан катта-катта очилиб кетди.
- Уч ҳафтадан кейин Эл-Пасога жўнайдиган автобуснинг паттаси-ку бу.
Гомес тасдиқлагандай бош ирғади. У Мартинес терс ўгирилиб, дераза оша ёз тунига боқиб турарди.
- Паттани кассага обориб, пулни қайтариб ол, - деди у , - кейин бизнинг костюмимизга мослаб оқ панама ва ҳаворанг бўйинбоғ сотиб ол. Шундай қил, Мартинес.
- Гомес...
- Жим бўл. Ҳаво жа-а дим бўп кетди-ю. Мен бир ҳаво алмаштириб келмасам бўлмайди.
- Гомес! Мен жуда таъсирландим, Гомес...
Очиқ эшик олдида энди ҳеч ким йўқ эди. Гомес кетиб бўлганди.

Иккита баланд ғиштин бино ўртасида қолган Мики Мурильонинг “Қизил хўроз” қаҳвахонаси ва коктейль-бари одамда диққинафас бўлгандек таассурот қолдирарди. Қаҳвахона пештоқида неон чироқлари билан безалган вивеска ғинғиллаган товуш чиқарганича, гоҳ ёниб, гоҳ ўчиб турарди. Тунги барнинг ичкарисида эса аллақандай соялар дераза олдида гоҳ пайдо бўлар, гоҳ яна кўздан йўқолардилар. Мартинес оёқлари учида туриб, бошдан оёқ қизилга бўялган деразанинг ёруғ тушиб турган тешикчасидан ичкарига мўралади.
Бироз ўтгач, у чап томонида биров турганлигини, ўнг томонида биров зўр бериб нафас олаётганлигини сезди. У аввал чап томонига, сўнгра ўнг томонига ўгирилди.
- Мануло! Вильянасул!
- Мен бугун сира ичгим келмаётганига амин бўлдим, - деди Мануло. - Шунинг учун шунчаки бир сайр қилиб келишга қарор қилдим.
- Мен майдон томонга кетаётган эдим, - деди Вильянасул, - лекин негадир у ёққа шу йўлдан боргим келиб қолди.
Кейин худди келишиб олгандай уччаласи ҳам жим қолишди ва оёқ учида турганларича ичкарини кузата бошлашди.
Орадан бир неча сония ўтгач, улар орқаларида кимдир тез-тез нафас олаётганини ҳис қилишди.
- Нима, бизнинг оқ костюмимиз ўша ердами? - Гомеснинг овозини эшитишди улар.
- Гомес! - ҳайратдан қичқириб юборди учовлон. - Ҳей!
- Ҳа! - деди мўралаш учун қулай тешикча топиб олган Домингес. - Ана у! Худога шукурки, у ҳалиям Ваменоснинг эгнида турибди.
- Мен ҳеч вақони кўрмаяпман! - деди кўзларини қамашгандай пирпиратиб Гомес, кейин қўлларини пана қилиб пешонасига олиб бораркан, сўради: - У нима қиляпти?
Мартинес ҳам тирқишдан қаради. Барнинг ичкарисида қордай оппоқ шарпа, Ваменоснинг ўзида йўқ бўлиб тиржайиши ва паға-паға тутунлар кўзга ташланарди.
- У чекяпти! - деди Мартинес.
- У ичяпти! - деди Домингес.
- У тако еяпти! - хабар берди Вильянасул.
- Обдон пишган тако еяпти! - қўшимча қилди Мануло.
- Йўқ! - бўкирди Гомес. - Йўқ, йўқ, йўқ!..
- Унинг олдида Руби Эскадрильо турибди.
- Қани, менам бир кўрай-чи! - деди Гомес Мартинесни туртиб.
Ҳа, бу ялтироқ иплар билан тикилмиш тор қора шойи кўйлакка зўрлаб тиқилган юз кило ёғ - Руби эди. У қип-қизил тирноқларини йигитнинг елкаларига ботириб, ёғупа ва лаббўёқ чапланган молникидай бефаросат юзини Ваменоснинг боши узра энгаштириб турарди.
- Анави мегажинни қара! - қичқирди Домингес, - у костюмнинг елкаларини расво қилади. Қаранглар, у Ваменоснинг тиззасига ўтирмоқчи бўлиб турибди!
- Йўқ, йўқ, бунга йўл қўйиб бўлмайди. У шундай чапланган, бўжалганки... - ихраб юборди Гомес. - Мануло, ичкарига чоп! Унинг қўлидаги қадаҳни илиб ол. Вильянасул, сен ундан сигара билан такони тортиб ол! Домингес, сен Руби Эскадрильога учрашув тайин қилиб, уни Ваменоснинг олдидан олиб кет. Andale, болалар!
Учовлон изтиробда “оҳ” чекаётган Гомесни ва дераза тирқишидан мўралаётган Мартинесни ташқарида қолдириб, ғойиб бўлишди.
- Мануло стаканни ундан тортиб олиб, қолган винони сипқораяпти!
- Ole! Ана Вильянасул сигарани илиб олди ва такони ейишга тушди.
- Яшавор, Домингес Рубини бир чеккага бошлаб кетяпти! Баракалла, азамат!
Шу пайт кўча томондан Мурильонинг дўконига йўналган бировнинг сояси кўринди.
- Гомес! - деди Мартинес унинг қўлини тутиб. - Ахир бу Рубининг ошнаси Ло Жолья Буқа-ку. Агар у Рубини Вамонес билан бирга турганини кўрса, қордай оппоқ костюм қора қонга бўялади, қора қонга!..
- Қўрқитмасанг-чи мени! - жон ҳолатда қичқирди Гомес. - Қани, тезроқ ичкарига кирайлик.
Икковлон бар томон отилишди. Ла Жолья Буқа музқаймоқ рангли ажойиб костюм четларини баҳайбат қўллари билан тутамлаган онда улар Ваменоснинг олдида ҳозир бўлишди.
- Қўйвор Ваменосни! - қичқирди Мартинес.
- Костюмни қўйвор! - аниқлик киритди Гомес.
Ла Жолья Буқа ва оёқ учида турганича типирчилаётган Ваменос чақирилмаган меҳмонларга ғазабнок тикилишди.
Шу пайт Вильянасул ийманиб олдинга чиқди.
Вильянасул табассум қилиб:
- Уни урма, яхшиси, мени ур, - деди.
Ла Жолья Буқа унинг юзига мушт туширди. Синган бурнини чангаллаган Вильянасул кўзи тўла ёш билан нари кетди.
Буни кўрган Гомес Буқанинг бир оёғига, Мартинес эса иккинчи оёғига ёпишишди.
- Қўйвор уни, қўйвор, peon, coyote, vaca! - Лекин Ла Жолья Буқа йўғон қўллари билан костюмни маҳкамроқ тутиб олди. Олти оғайнининг барчаси ҳафсалалари пир бўлиб, фиғон чекишарди. Буқа костюмнинг ёқаларини гоҳ қўйиб юборар, гоҳ яна тутиб ғижимларди. У Ваменос билан ҳисоб-китобни жойига қўйиш учун шайланаётган чоғда, унинг ёнига кўзлари ёшланган Вильянасул яна яқинлашиб келди.
- Уни урма, мени ур.
Ла Жолья Вильянасулнинг юзига қайта мушт солган пайтда, унинг бошига курси билан боплаб туширишди.
- Ole! - қичқирди Гомес.
Ла Жолья Буқа “қуласамми ёки қуламасамми?” деб ўйлангандек тебраниб, кўзларини пирпиратиб турди, бироқ шунда ҳам у Ваменосни қўйвормади.
- Қўйвор! - бақирди Гомес. - Қўйвор, деяпман!
Буқанинг йўғон бармоқлари бирин-кетин бўшашиб, костюм четларини озод қилди. Орадан бир сония ўтгач, у ерда ҳаракатсиз ётарди.
- Оғайнилар, бу ёққа!
Улар Ваменосни кўчага итариб чиқаришди. Ташқарига чиққан Ваменос ғурури поймол бўлган кимсалардай юлқинарди.
- Майли, майли, ҳали менга ажратилган муддат тугаганича йўқ. Менинг ихтиёримда яна икки дақиқаю ўн сония вақт бор.
- Нима-а? - ажабланиб қичқиришди қолганлар.
- Ваменос, - гап бошлади Гомес, - сен анави Гвадалахара сигирининг тиззаларингда ўтиришига изн бердинг, сен муштлашдинг, сен чекдинг, ичдинг, тако единг - энди бўлса, муддатинг битмаганини писанда қилишга журъат қиляпсанми?
- Менинг яна икки дақиқаю бир сония вақтим бор.
- Ҳой, Ваменос, бугун шундай пўрим бўп кетибсанки... - қарама-қарши йўлакдан аёл кишининг овози эшитилди.
Ваменос тиржайганича тугмаларини қадади.
- Бу Рамона Альварес. Ҳов, Рамона, бирпас шошмай тур!
Ваменос йўлни кесиб ўтишга чоғланиб, илгари қадам қўйди.
- Ваменос! - Гомес унинг ортидан ялингансимон оҳангда қичқирди. - Ахир бир дақиқаю... - у соатига қараб олди, - қирқ сонияда нимага ҳам улгурардинг?
- Ҳозир кўрасизлар. Рамона!
Ваменос мўлжал ёққа юрди.
- Ваменос, эҳтиёт бўл!
Нима гаплигини тушунолмай ҳайрон бўлган Ваменос шитоб билан ўгирилдию, у томонга учиб келаётган машинага кўзи тушди ҳамда тормознинг чирқироқ овозини эшитди.
- Йў-ўқ! - йўлакда турган беш оғайни ютоқиб қичқирдилар.
Бўғиқ зарба товушини эшитиб, Мартинес қалтираб кетди. Бошини кўтарар экан, назарида кимдир бир тўп оппоқ чойшабни осмонга отиб юборгандек бўлди. У кўзларини юмиб олди.
Энди у ҳар бир товушни аниқ-тиниқ эшитиб турарди. Кимдир ҳаммага эшиттириб нафас олди, кимдир қаттиқ овоз билан нафас чиқарди. Кимдир бўғилгандек товуш берди, кимдир ихради, кимдир бор овози билан шафқат тилади, кимдир юзини қўли билан беркитди. Мартинес эса қўллари билан ўзининг кўксига муштлаётганини сезди. Унинг оёқлари ерга ботиб қолгандек эди.
- Бошқа яшашни истамайман, - секингина деди Гомес, - биронтангиз ўлдириб қўя қолсангиз-чи мени.
Алҳол, Мартинес беўхшов тебранганича оёқларига қаради ва уларни ҳаракатланишга амр қилди. У дўстларининг бирига урилиб кетди. Шундан сўнг йигитларнинг ҳаммалари ҳаракатга тушиб қолдилар. Улар худди жуда чуқур дарёдан кечиб ўтаётгандек қийинчилик билан кўчани кесиб ўтишди ва чўзилиб ётган Ваменоснинг атрофига тизилишди.
- Ваменос! - қичқирди Мартинес. - Тирикмисан?
Чалқанча ётган Ваменос оғзини очиб, кўзларини маҳкам юмиб олган кўйи бошини сарак-сарак қилар ва инграрди.
- Менга айтинглар-чи, о, менга айтинглар-чи...
- Нимани айтайлик, Ваменос?
Ваменос муштларини тугиб, тишларини ғичирлатарди.
- Костюм... костюмни не кўйга солдим... костюм... костюм!..
Оғайнилар Ваменоснинг энгига кўз ташлашди.
- Ваменос!.. У бус-бутун!
- Алдаяпсизлар! - қичқирди Ваменос. - У дабдала бўлган, у бус-бутун бўлиши мумкин эмас, унинг ҳамма ёғи дабдала бўлган... авра-астаригача...
- Йўқ, - Мартинес тиззалаб ўтирди ва костюмни пайпаслади, - Ваменос, у бус-бутун, ҳатто авра-астари ҳам.
Ваменос кўзларини очди ва йиғлаб юборди.
- Бу мўъжиза, - дея фиғон солиб ўкирарди у. - Барча азиз-авлиёлар ҳаққига дуо қилинглар. - У ўзини зўрға босиб олиб, сўради. - Машинага нима бўлди?
- Сени уришга уриб қўйиб, қочворди! - Гомес фақат эндигина машина эсига тушаркан, бўм-бўш кўчага нафрат билан қаради. - Бахти бор экан, қочиб қолишга улгурди. Биз уни шундай...
Барчалари қулоқ солиб туришарди.
Шу пайт узоқдан сиренанинг чийиллаган товуши эшитилди. Тўполонда кимдир “Тез ёрдам” чақирганди.
- Тез бўлинглар! - асабий бақирди Ваменос. - Мени ўтқазиб қўйинглар! Пиджакни ечинглар!
- Ваменос...
- Жим бўлинглар, тентаклар! - ўшқирди Ваменос. - Пиджакни! Энди бўлса шимни, шимни ечинглар, тезроқ! Сизлар докторларни билмайсизлар. Уларни киноларда қай алфозда кўрсатишларини билмайсизларми? Улар биронта одамнинг шимини ечмоқчи бўлсалар, ўткир тиғ билан кесиб ташлайдилар. Улар ҳамма нарсага тупуришган. Уларнинг ҳаммаси ҳам бориб турган ваҳшийнинг ўзгинаси. О, худойим, тезроқ бўлсаларинг-чи!
Сирена чинқирарди.
Талвасага тушган оғайнилар ҳаммаси бир бўлиб Ваменосни ечинтиришга тушишди.
- Ўнг оёғимни... Ҳа, эҳтиёт қил! Тезроқ, эшшаклар! Яхши. Энди чапини, эшитяпсизларми, чапини деяпман. Эҳтиёт қил! О, худойим! Тезроқ! Мартинес, шимингни еч!
- Нима? - кутилмаган бу буйруқдан Мартинес гангиб қолди.
Сирена ўкирарди.
- Тентак! - ихрарди Ваменос. - Ҳаммаси тугади. Шимингни берсанг-чи.
Мартинес шитоб билан камарини ечди.
- Бизни ўраб туринглар.
Ҳавода қора ва оқ шимлар кўринди.
- Тезроқ, тиғ тутган ваҳшийлар етиб келиб қолишди. Ўнг оёғимни, энди чапини, шундай бўлсин. Тугмамни, эшшаклар, тугмамни қадаб қўйинглар... - ғўлдирарди Ваменос.
Сиренанинг уни ўчди.
- Madre mia, зўрға улгурдик. Улар етиб келишди. - Ваменос ерга узала тушиб, кўзларини юмди. - Раҳмат, болалар.
Санитарлар ёнлаб ўтиб бораётган пайтда Мартинес хотиржам алфозда оқ шимнинг камарини қадар эди.
- Оёғи синибди, - деди санитарлардан бири Ваменосни замбилга жойлаштирар эканлар.
- Болалар, - деди Ваменос, - мендан аччиқланманглар.
- Ким аччиқланаяпти? - деди Гомес тараддудланиб.
Машинага ортилган замбилда ҳамма нарсанинг оёғини осмондан кўриб ётган Ваменос дудуқланиб деди:
- Болалар, касалхонадан чиққанимдан кейин... мени улфатчиликдан чиқариб юбормайсизларми? Биласизларми, мен чекишни ташлайман, Мурильонинг барига яқин ҳам бормайман, аёлларга кўз ташлашдан ўзимни тияман...
- Ваменос, - юмшоқлик билан эътироз билдирди Мартинес, - қасам ичмай қўяқол.
Ваменоснинг ёш тўла кўзлари қордай оппоқ костюм кийган Мартинесга боқиб турарди.
- О, Мартинес, бу костюм сенга шундай ярашиб турибдики... Compadres, оғайнимизнинг нақадар хушсурат эканлигини кўрсангиз-чи!
Вильянасул Ваменоснинг ёнига чўкди. Машинанинг эшиклари ёпилди. Тўрт оғайни кетиб бораётган машинани кузатиб қолишди.
Кейин эса Мартинес ишончли қўриқчилар қуршовида катта кўчани муваффақият билан кесиб ўтди ва йўлак бўйлаб кетди.
Уйга келгач, Мартинес аллақаердан доғларни кетказувчи суюқлик топиб келди. Уни ўраб олган оғайнилари басма-басига костюмни қандай тозалаш кераклиги, кейин эса унинг четларига қай тарзда эҳтиёткорлик билан дазмол босиш кераклигини уқдиришарди...
Тозаланиб, дазмолланганидан сўнг оппоқ дарпардалардек бегардлик касб этган костюмни манекенга илиб қўйишди.
- Соат икки бўлибди, - ғўлдиради Вильянасул, - умид қиламанки, Ваменос ҳозир тинчгина ухлаб ётибди. Мен касалхонадан чиқиб келаётганимда, у бинойидек эди.
Мануло йўталиб олди.
- Мабодо, ҳеч кимнинг костюмни кийгиси келмаяптими бугун, а?
Барчалари унга ғазаб билан тикилишди.
Мануло қизариб кетди.
- Мен фақат энди кеч бўлиб қолганини таъкидламоқчи эдим, холос. Ҳаммамиз чарчадик. Балки бугун ҳеч кимимиз костюмга тегмасмиз, а? Унга ҳам дам берайлик. Майлими?.. Хўш, қаерда ухлаймиз?
Бу кеча ҳаво дим бўлиб, хонада ухлашнинг иложи йўқ эди. Оғайнилар костюм билан манекенни кўтаришиб, кўрпа-ёстиқларни қўлтиқлашиб, зина орқали томга чиқиш учун хонадан чиқишди. “У ерда шабада юриб тургани учун ухлаб олса бўлади”, ўйлади Мартинес ўзича.
Юқорига чиқаётиб ўнлаб очиқ эшиклар ёнидан ўтиб борар эканлар, улар ичкарида уйқуси келмай, қарта ўйнаётган, иссиқдан терлаб, ўзларини эски журналлар билан елпиб ўтирган одамларни кўриб ўтардилар.
“Балки?.. Мабодо... - ўйлаб борарди Мартинес. - Ҳа, шунақага ўхшайди”.
Тўртинчи эшик - қизнинг эшиги ҳам ланг очиқ эди. Улар ёнлаб ўтиб бораётган пайтда ичкарида ўтирган сулувгина қиз бошини кўтарди. Кўзойнак тақиб ўтирган қиз Мартинесни кўриши билан уни ечдию ўқиётган китоби билан беркитди. Дўстлари Мартинеснинг тўхтаб қолганини сезмай, унинг ёнидан ўтиб кетишди. У бўлса, нотаниш уй эшиги олдида қоққан қозиқдай жойидан жилмай турарди.
У узоқ вақт бир сўз ҳам деёлмай турди. Ниҳоят, ўзини таништирди:
- Хосе Мартинес.
- Селия Обрегон, - деди қиз жавобан.
Шундан кейин яна иккаласи ҳам жимиб қолишди.
Мартинес аллақачон томга чиқиб олган дўстларининг қадам товушларини эшитиб турарди.
У кетиш учун бурилиб, бир-икки қадам ташлаган ҳам эдики, қиз шошилиб сўз қотди:
- Мен бугун сизни кўрдим.
Мартинес орқасига қайтди.
- Менинг костюмим... - деди у.
- Костюмим дейсизми? - Қиз ўйланганча жим қолди. - Костюмингизнинг нима дахли бор?
- Нега дахли бўлмасин? - ҳайратланди Мартинес.
Қиз китобни кўтариб, унинг тагида ётган кўзойнакни кўрсатди. Кейин у қўлини кўзойнакка текизди.
- Менинг кўзим яхши кўрмайди. Мен доим кўзойнак тақиб юришга мажбурман. Лекин кўп йиллардан бери бировлар мени бу ҳолда кўриб қолмасликлари учун уни тақмасликка ҳаракат қиламан. Шунинг учун мен кўпинча ҳеч нарсани кўрмайман. Аммо бугун мен сизни ҳатто кўзойнаксиз ҳам кўра олдим. Зулмат қаъридан сузиб чиққан улкан оқ булут. Шу қадар оппоқки!.. Мен яна дарров кўзойнагимни тақиб олдим.
- Мен айтдим-ку сизга бу костюмим эди, деб! - деди ҳаяжондан қичқиргудек бўлиб Мартинес.
- Ҳа, аввал қордай оппоқ костюмингиз, кейин эса тамоман бошқа яна нимадир...
- Бошқа яна нимадир, дейсизми?
- Ҳа, сизнинг тишларингиз. Шундай оппоқки...
Мартинес беихтиёр қўлини лабига олиб борди.
- Сиз шу қадар бахтиёр эдингизки, мистер Мартинес, - деди қиз, - мен умримда бунчалик бахтиёр чеҳраю табассумни кўрган эмасман.
- Ҳа-а-а, - деб жавоб қилди йигит қизариб-бўзариб. У қизнинг юзига тик қараш учун ўзида куч тополмасди.
- Кўрдингизми, - давом этарди қиз, - сизнинг костюмингиз худди тундаги оқ мўъжизадай эътиборимни тортгани тўғри, албатта. Лекин сизнинг тишларингиз ундан-да оқроқ эди. Костюмингизни эса мен бу вақтга келиб унутган эдим.
Мартинес баттарроқ қизариб кетди. Қиз ҳам қимтиниб турарди. У кўзойнагини тақди, кейин эса шошиб ечдию уни яшириб қўйди. Қиз аввал ўз қўлларига қаради, сўнг йигитнинг боши устидаги кесакига нигоҳини тикди.
- Мумкинми агар... - деди ниҳоят Мартинес.
- Нима мумкинми?
- Яна костюм кийиш гали келганида, сизнинг олдингизга кирсам, мумкинми?
- Костюмни нима қиласиз?
- Мен ўйловдимки...
- Сизга костюмнинг ҳожати йўқ.
- Лекин...
- Агар ҳамма гап костюмда бўлганида эди, - деди қиз, - ҳамма ҳам чиройли бўла оларди. Мен кўп кузатганман. Мен бу каби костюм кийган кўп одамларни кўрганман, лекин уларнинг ҳаммалари бошқача эдилар. Сизни ишонтириб айтаманки, бу костюмни кутишга ҳожат йўқ.
- Madre mia, madre mia, - қичқирарди қувончи ичига сиғмай Мартинес. Кейин йигит овозини пастлатиб деди: - Шундай бўлса-да, барибир бу костюм менга маълум муддатга керак бўлади. Бир ойми, ярим йилми, бир йилми... Мен ҳали кўп нарсада ўзимга ишонмайман. Мен ҳали кўп нарсадан қўрқаман. Ахир мен ҳали жуда ёшман.
- Аслини олганда, шундай бўлиши ҳам керак, - деди қиз.
- Тунингиз ҳайрли бўлсин, мисс...
- Селия Обрегон.
- Мисс Селия Обрегон, - такрорлади Мартинес ва ниҳоят чиқиб кетди.

Дўстлари Мартинесни кутиб туришарди. У чордоқ деразасидан томга чиқар экан, аввало ўртада савлат тўкиб турган манекендаги костюмга кўзи тушди - унинг атрофида эса айланасига ўринлар тўшалган эди. Йигитлар ухлашга чоғланар эдилар.
Ёқимли шабада эсарди. Мартинес костюмнинг ёнига келиб, унинг четларини сийпалар экан, ўзига ўзи гапиргандай дерди:
- Эх, caramba, қандай оқшом бўлди бу ўзи?!! Назаримда, бу воқеалар бошланганига худди ўн йил бўлгандек. Ҳозиргача менинг биронта дўстим йўқ эди, илло тунги соат иккига келиб, улар истаганингча топилади, - у Селия Обрегон ҳақида ўйлаб, бир муддат жим бўлиб қолди... Селия ҳақида... - Истаганингча, - давом этарди у. - Энди менинг ухлашга жойим, кийишга кийимим бор. Биласизларми? - деди у ўзи ва манекен атрофида айлана бўлиб ётган дўстларига хитобан, - балки сизларга кулгили туюлар, лекин мен бу костюмда Гомес каби ютуқ эгаси бўла олишим, Домингес каби аёлларнинг эътиборини қозона олишим, Мануло каби қўшиқ айта олишим ва Вильянасул каби сиёсат ҳақида сўз юрита олишим мумкинлигига ишонаман. Мен бу костюмда ҳатто Ваменос каби ўзимни бақувват сезаман. Хўш, нима бўпти, деб сўрарсиз балки? Гап шундаки, мен бугун Мартинесдан кўра ортиқроқман. Мен - Гомесман, Мануломан, Домингесман, Вилғянасулман, Ваменосман. Мен - бу барчамизмиз. Эҳ...
У дўстларининг барча хусусиятларини, одатларини, феъл-атворини ўзида мужассам этган костюм олдида яна бирпас турди. Ҳақиқатан, бу костюмда Гомесдай тез ва шиддат билан ёки Вильянасулдай аста, хаёлланиб юриш мумкин эди. Ёхуд бу костюмда худди ўзига йўловчи шабадани ҳамроҳ қилгандай кўринадиган Домингес каби оёқлари ерга тегар-тегмай, ҳавода сузиб юриш мумкин эди. Бу костюм уларнинг барчасига тегишли эди, аммо уларнинг ҳам ҳар биттаси бу костюмга тегишли эдилар. Бу костюм улар учун нима эди, деб сўрарсиз? У дўстларнинг ҳашаматли ташқи айвони эди.
- Бугун ухлайсанми ўзи, Мартинес? - сўради Гомес.
- Албатта. Мен шунчаки ўй ўйлаяпман.
- Нима ҳақда?
- Биласизларми, мабодо биз қачонлардир бойиб кетадиган бўлсак, - секингина сўз бошлади Мартинес, - мен бундан хурсанд бўлмайман. У вақтда, албатта, ҳар биримизнинг ўз костюмимиз бўлади, лекин бу каби оқшомларимиз бўлмайди. Бизнинг дўстлигимиз ҳам ниҳоясига етади. У пайтга келиб, ҳамма нарса бошқача бўлади.
Оғайнилар жим ётишар ва Мартинеснинг ҳозиргина айтган нарсаси ҳақида ўйлардилар.
Гомес маъқуллагандай астагина бош қимирлатди.
- Ҳа... у пайтда ҳамма нарса бошқача бўлади.
Мартинес ўз ўрнига чўзилди. У ҳам бошқалар каби манекенга тикилган кўйи ётарди.
Қўшни уйлардаги неон лампали реклама лавҳалари дўстларнинг бахтиёр кўзларини бир зум ёритганича, ёниб-ўчар, музқаймоқ рангли ғаройиб костюмни бир зум ёритганича, ёниб-


Рукн: Наср | Қўшди: Davron (26.06.2012) | Муаллиф: Рэй Бредбери, таржимон Абу Ҳумоюн
Кўрилди: 765 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0