Пайшанба, 19.09.2024, 22:13
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Наср

Райҳон
Мирзоҳид МИРЗАРАҲИМОВ
(ҳикоя)
Райҳонни қаттиқ хафа қилиб қўйганимни кетма-кет синган идишларнинг жаранги, эшикнинг тарақлаб ёпилишидан сезиб қолдим. Унинг феъли менга тайин, бундай пайтларда оғиз очиб лом-мим демайди.
Меҳмонларни кузатиб юборгач, узр сўрадим. Қанча ёлвормай, барибир унинг оёқости қилинган ғурури исён кўтарар, шу боис бўлса керак, у ҳамон сукут сақларди.
Пақирларнинг тарақлашидан сув кераклигини пайқадим-у дарё томон йўл олдим. Январ аёзи эшикка чиқишим билан юзимга чанг солди. Лайлак қор тиниб, ҳаво чарақлаб кетибди. Лекин кўнгил хижил. Нима қилсам, Райҳонимнинг кўнглини оларкинман? Қайтиб келсам, у дум тушиб ётиб олибди. Ҳозир ҳам ич-ичидан ун чиқармай ўксиётганини сездим. Биламанки, овқатланмаган. Чой қайнатиб, меҳр кўрсатсам, зора ёзилармикан, деган хаёлда чойнакка сув тўлатдим. Бирдан хаёлимга бир фикр келиб қолди. Муздай сувдан очиқ турган бўйнига иккитагина томизсам, ё ялинади, ё койиниб, бироз жаҳлини сочиб, юрагини бўшатади.
Биринчи томчи тушганда, у бир сесканди. Кейин яна, яна, яна…Лекин энди у парво ҳам қилмасди. Томчиларни ҳисоблаб турибман ўн, ўн беш, йигирма… у ҳамон жим. Ёлвормайди ҳам, уришмайди ҳам.
Бир маҳаллар унга қилган таънамни эслайман: «одам ҳам шунақа нозик, иродасиз бўладими? Ари чаққанга ҳам шунча оҳ-воҳ, э-қўйинг-е, одамларнинг бутун баданини наштар тилиб, туз тиққанда ҳам лом-мим дейишмаган. Сизга ишониб, сир айтиб бўлмайди». Бундоқ қарасам, чойнакдаги сув соф бўлибди. Ўрин жиққа хўл. У дир-дир титраяпти. Бутун аъзои баданим жунжикиб, тукларим тикка бўлиб кетди. Нима қилиб қўйдим, ахир?!
Саҳарга яқин ўқчиб, йўтала бошлади. Тиши-тишига тегмай, дағ-дағ титрайди. Иситмада алланимлар деб алаҳлайди…
Эрталаб «Тез ёрдам» машинаси уни олиб кетди. У роса бир ҳафта иситмада куйиб-ёниб ётди. Мен эса ҳар куни дераза тагида типпа-тик тонг орттирдим. Олдига киришга рухсат беришмади. Буни унинг ўзи врачлардан илтимос қилибди.
Қаттиқ шамоллаган экан. Касалхонада роса бир ярим ой ётди. Бу давр ичида унга ҳар куни хат киритдим. Деразадан бўлса ҳам. бир кўриниш беришини ўтиниб-ўтиниб илтимос қилдим. У на жавоб ёзди, на кўриниш берди.
Бир куни одатдагидек ишдан чиқибоқ касалхонага чопдим. Лекин уни кетди дейишди. Гандираклаб орқамга қайтдим. Ҳамшира чопиб келиб, қўлимга хат тутқазди. Уйга етишга сабрим бўлмади, скамейкага ўтириб, конвертни очдим.
«Салом, Жамбул ака!
Нега шундоқ бўлди? Нега, а?! Ахир бир-биримизни жонимиздан ортиқ севардик-ку? Бир кунлик ҳижрон минг йилга тотирди, бир-биримизсиз ейилган бол заҳарга ўхшарди. Доим бир-биримизга талпиниб турардик. Бир-биримизнинг шаънимиз, меҳримиз, ғуруримиз, номусимизни шундай авайлаб, шундай ҳурмат қилардик-ки…
Бирдан нега шундай бўлди? Нега, а? Ҳеч ишонгим келмайди. Шундай меҳрибон, шундай дилкаш, шундай нозикдид шоир одам кутилмаганда бирдан… Йўқ, йўқ, ҳеч ишонгим келмайди.
Сўзларингизни яхши кўрардим. Дона-дона, фикрлар маржон-маржон. Овозингиз бирам мулойим, бирам мусиқийки, нафас олмай, бутун вужудим билан эшитардим. Сиз гапираётганингизда гўё шамол эсишдан, дарё шовуллашдан, куртаклар чок ёришдан, қўйингки, бутун дунё нафас олишдан тўхтаб, қулоқ соларди.
Эсингиздами, тишим қур-қур оғриб турарди. Шунда сизга ёлвориб гапиринг, гапиринг, дердим нуқул. Овозингизни эшитгач, тиш оғриғини унутардим. Қандайдир афсонавий бир куй мени кафтида кўтариб, сайёралардан сайёраларга парвоз қиларди. Шунда ўзимга ўзим дунёда шу овоз бор экан, мен асло ўлмайман, жоним хиқилдоғимга келиб қолганда ҳам, шу овозни эшитиб қолсам, аминманки, жоним узилмайди, дердим. Шундай бўлишига қаттиқ ишонардим ҳам.
Мен кўзларингизни яхши кўрардим. Уларда қуёшни ҳам ёндиргудек бир оташ бор эди. Уни тасвир қилишга ожизман. Кўзларингизда мен фақат, фақат Сизгагина хос бўлган сирли бир сеҳр, ўлчовсиз бир меҳр кўрардим. Бир умр уларга тикилиб ўтиришни, улар атрофида гарддан асрагувчи киприк бўлишни ўзимга бахт ҳисоблардим. Кўзларингиздан ҳеч-ҳеч ҳам табассум аримасин! Рухсат этинг, кўзларингиздан ғойибона бир ўпай!..»
Хатнинг давомини ўқиёлмай қолдим. Томоғимга аччиқ бир ўкирик, кўзларимга жиққа ёш тиқилиб қолди. Энтикиб-энтикиб нафас оламан. Юрагим бетламаса ҳам, кўзларим хатга чопади яна.
«…Ҳа, энди фақат ғойибона ўпаман кўзларингизни, Жамбул ака! У сеҳрли кўзларга тикилиб ўтириш, лаб босиш энди ҳеч қачон менга насиб этмаса керак.
Нега шундай бўлди? Нега, а?! Ахир бир умр бўйларингизга қараб, қувониб, бир кун кўрмасам, куйиб, рашк қилиб, роҳатлансам бўлмасмиди?! Эй, бепарво, ҳиссиз фалак, бошимга ағдарилсанг-чи!
Мени доим нозик, иродасиз дердингиз, бу бемаъни мурожаатимдан яна кулаётгандирсиз? Кечиринг, Жамбул ака, энди ҳеч қачон фалакка бундай мурожаат қилмайман. Сиз ҳоҳлагандай чайир ва иродали бўламан. Буни ҳар қадам, ҳар дақиқада Сизга бўлган муҳаббатим, ҳурматим тақозо қилади.
Ўша машъум, бизнинг осойишта, покдомон, муҳаббатли оиламизга таъзия ўқилган кунги икки оғиз гапингиз ҳамон қулоқларим остида: «Хотин зотига дунёда зеб-зийнатдан ортиқ нарса йўқ. Ҳар қандай аёл муҳаббатини бир пайса тиллага сотиб олиш мумкин», менинг тасаввуримдаги шундай дониш, шундай оқил, жонимдан ҳам азиз бир одам суҳбатдошига шундай дерди. Кутилмаганда бу гапдан гангиб қолдим. Қўлимдаги чойнак ерга тушиб, чил-чил синди. Наҳотки, Сиз, менинг идеалимдаги дунёда якка-ю ягона Инсон—Сиз шундай дея олдингиз? Қайдан кела қолди бу фикр Сизга? Қайдан-а?! Ахир мен бутун дунёга алмаштирмасдим-ку Сизни! Бир Сиз учун бутун дунё зеб-у зийнатларига ўт қўярдим-ку, ўт! Нега шундай дедингиз, нега ҳақорат қилдингиз мени?! Ўз севгилисини ер-у кўкка ишонмайдиган, жонидан ҳам ортиқ авайлайдиган бир бечоранинг муҳаббати шунча ҳам ерга урилади, топталадими, ахир?!
Кейин, кейин… Ҳозир ҳам эсласам, юрагимни ваҳима босади. Ўз ёғимга ўзим қоврилиб ётганимда, чўғдай баданимга чилла суви томди. Мақсадингизни дарҳол сездим. Мен нозик, иродасизни ялинтирмоқчисиз. Бирдан кўз олдимда ўша Сиз доим менга намуна қилиб кўрсатадиган жасур Зоя пайдо бўлди. У менга сабр, бардош, куч-қувват берди гўё. «Мен она-Ватаним, сени ҳимоя қилдим. Сен эса ўзинг, мен, аёллар ғурурини ҳимоя қилишинг керак!» дерди у. Сиз эса лоқайд, ўз ишингизда давом этиб, менинг ялиниб-ёлворишимни кутардингиз. Гежгамга биттадан томган чилла суви Сизга бўлган метин муҳаббатимни пармадай ўйиб, парчалаб борарди. Лекин мен лом-мим демадим. Мен ўзимни оёқларингиз остига ташлаб, ялиниб-ёлворишим мумкин эди. Аммо Сиз бунга муносиб эмас эдингиз. Мен ўша куни охирги марта Сиз айтмоқчи бўлган Зоя бўлмасам ҳам, ўз ғурури, муҳаббатини хўрлатиб қўймайдиган Райҳон эканимни намойиш қилдим.
Бир ҳафтадан сўнг Сизни касалхона деразасидан кўриб қолдим. Мен Сизни аввалги олижаноб, меҳрибон, гўзал Жамбул акам қиёфасида кўришни истардим. Ишонинг, буни қанчалик ҳоҳламай, барибир кўз олдимга суратингиз келса ҳам, ўзингизни қалбимдан излаб тополмадим. Қани энди ўша Жамбулимни яна бир кўрсам-у соғинч, зардоб тўла бағримга бир боссам, кўзларига тўйиб-тўйиб термулиб олсам, ҳеч-ҳеч армоним йўқ эди. Лекин насиб бўлмади.
Хайр, Жамбул ака! Алвидо, хўрланган муҳаббатим!
Охирги сатрларни росмона йиғлаб ўқидим. Атрофимга тўпланган одамлар ичидан уни қидирдим. Бир ютим аччиқ ёш томоғимни арралаб ўтди. Хат сувалиб борарди.
Кимдир оғир «уҳ» тортди:
—Муҳаббат, муҳаббат! —заҳрини сочиб гапирарди у. —Қачонгача одамларни зор қақшатасан?!
Йўқ, йўқ, одамлар, мени қақшатган муҳаббат эмас, ҳаммасига айбдор мен ўзимман-ўзим! Уни эъзозлай олмадим, у энди ўз қўл остимда, ихтиёримда деб бепарволик билан оёқларим остида эзғилаб қўйдим. Мени сўкинг, мени, одамлар!
1967 йил.


Рукн: Наср | Қўшди: Rahimjon (15.10.2013) | Муаллиф: Мирзоҳид Мирзараҳимов
Кўрилди: 739 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0