Пайшанба, 19.09.2024, 22:15
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Наср

САФАР
Шундай нарсалар борки бу ҳақда ёзиш учун керак бўлган кучни узоқ вақт кутишга тўғри келади. Тўғри, шунчаки кутиш билан ҳеч нарса ўзгармайди. Бунинг учун керакли қувватни йиғиш керак бўлади. Яна ким билсин, балки эҳтиёж, кучли эҳтиёжнинг ўзи ҳам етарли бўлса керак.
Кўриб турганингиздек, бошиданоқ мен ёзмоқчи бўлганим асил мавзуни айлниб ўтиш тараддудига тушиб қолдим. Шунчаки, оддийгина қилиб бошлашим мумкин бўлган ҳикоя мени яна ўзининг исканжаларига ола бошлади. Агар, бу гал ҳам айтмоқчи бўлганларимдан чекинсам ва бу сафар ҳам ҳикоямни тугатолмасам, унчалик ҳам хайратланмас эдим. Демак, хали вақти келмабди. Лекин, руҳий мадорим етгани қадар ёзишга уринаман. Мадомики сиз бу ҳикояни ўқий бошлаган бўлсангиз, бошидан айтайинки, бу ҳикояда ўқувчини қизиқтириш учун ўйлаб топилган бирор воқеа бўлмайди. Шунингдек, адабий меъёрлар ҳам ҳозир мени қизиқтирмайди. Истагим битта! Ичимдагини ёзсаму бир оз енгилласам.
Биламан, бу ҳаётнинг синовлари ҳеч бир бандани четлаб ўтмаган, ўтмайди ҳам. Ўзингни энг бахтсиз инсон сифатида хис қилганингда ҳам, бошқа бировнинг дардига қулоқ тутсанг сен унчалик ҳам бахтсиз эмаслигингни тушунасан. Йўқ, мен ҳозирги ҳаётимдан нолимоқчи эмасман. Шукр, ҳаммаси яхши. Уч фарзанднинг отасиман. Фарзандларим ҳар гал менинг ишдан қайтишимни бир байрамдек қабул қиладилар. Ҳар дақиқаларини мен билан ўтказиш учун ҳамма нарсага тайёрлар. Улар менга талпинганларини кўриб ўйлаб қоламан, наҳотки ота дегани бола учун шунчалик қийматли. Наҳотки бола учун ота шунчалик азиз? Ха, тили чиққанидан бошлаб ўзи ота бўлгунга қадар дада сўзини ишлатмаган инсон ҳаёлига шундай саволлар келиши мумкин экан. Ота меҳрини туймаган, уни ҳаёлан хам тасаввур қилолмайдиган одам шундай ўйлаши мумкин экан. Биласизми, инсон баъзи бир нарсаларни қанчалик тез унутса, баъзхи бир воқеаларни истаса ҳам унутолмай юрагида кўтариб юраркан. Энг қизиғи, ҳали эсини танимаган бола ҳам ҳаётнинг айрим кадрларини қалбига мухрлаб оларкан...
Бир куни мен узоқ йиллар давомида ўзимни тайёрлаган бир сафарга отландим. Бир вақтлар мени отасизликка маҳкум этиб, болалик оламимни ҳаробага айлантирган инсоннинг ёнига йўл олдим. Билганим, фақатгина у яшайдиган қишлоқ ҳамда унинг исми, фамилияси. Қишлоқнинг номини айнан кимдан эшитганимни билмайман. Лекин, болалик вақтимдаёқ бу номни билардим. У инсоннинг исми ва фамилияси эса туғилганимдан бери менга эргашиб келади. Қанча вақт улардан қутулмоқ истадим. Лекин, бўлмади... Унинг ёнига бориш учун кўп вақт куч тўпладим. Ўзимча тасаввурлар қилдим. Қандай бораман... уни қандай қидириб топаман...Топгач нима дейман.... Аслида энди менга у одамдан ҳеч нарса керак эмасди. Яна ким билсин, балки йигит киши балоғатга етгач отасини қидириб топишга ҳаракат қилиши қандайдир маънавий эҳтиёж туфайлидир. Киноларда ҳам шундай бўлади-ку..
Қўшни давлат чегарсидан ўтгач, мен боришим керак бўлган манзилни яхши биладиган хайдовчини топиб, йўлга чиқдик. Ҳайовчига нима сабабдан у қишлоққа кетаётганимни айтиб бердим. Бегона инсонга ичингдагини айтиш анча осон бўладими ёки болалик яралари битиб кетганмиди ҳар ҳолда унча қийналмадим. Унга айтмоқчи бўлганларимни айтдиму яна кўз ўнгимда болалигим жонланди.
Биласизми, отаси йўқ бола учун энг азоблиси нима? Қачонки, ўзинг тенги болалар сендан отанг ҳақида сўрашса, қачонки катталар кимнинг ўғлисан деб савол беришса. Ўша вақтларда қанийди отам ўлган бўлса-ю, фалон кишининг ўғлиман деганимда, одамлар ҳаааа рахматлининг ўғлимисан десалар, деб орзу қилардим. Чиндан ҳам ота-онаси ташлаб кетган болага қийин. Отанг ўлган бўлса, у ҳақда онангдан сўрайсан. Мени дадам қандай одам эди, деб. Ёки отангни дўстлари сени кўрганда у ҳақда ҳеч бўлмаганда бир яхши гап айтади. Лекин, оиласини ташлаб кетган ота ҳақида онангдан қандай қилиб сўрайсан. Қайси бир одам бошқа қишлоқдан келган, бунинг устига ичкиликка муккасидан кетиб, уйида ҳар куни жанжал чиқарадиган ота ҳақида ким яхши гап айтсин. Эслайман, шом вақти эди. Мен онам билан бирга дарахтлар ортига беркиниб, яширинган эдик. Онам нимадандир қаттиқ қўрқарди. Ўшанда у доимгидек маст ахволда уйга келган отамдан қўрқиб беркинган эди. Биз деярлик нафас олмасдик... Шу куними ёки шундай кунларнинг биридами қўшни эркаклар отамни уйдан қувишди. Одатдагидек маст аласт отамни қандай қилиб судрашгани кўз олдимда. Хатто ўша вақтда дўпписи бошидан тушиб кетганию, кимдир дўппини қўлига ниқтаб тутқизгани ҳам кино кадрларидек хотирамда. У кетгач уйимиздан жанжал тўпалон ариди. Онам анча меҳнаткаш хотин. У эртадан то кечгача колхоз ишларида ишларди. Умрининг жуда кўп вақти тамаки ўстириш билан ўтди. Топгани кўп бўлмасада тежамкорлиги учун жуда ҳам қашшоқ яшамидик. Мени авайлаб асраб ўстирди. Уйдан ташқарида эса ҳар қадамда отасиз эканим менга панд берарди. Лекин, онамнинг кўнглини оғритмаслик учун бу ҳақда бирор сўз демасдим. Опаларим, акам менга нисбатан қанчалик бағрикенглик қилишмасин, халқ ичида анча обрўли бўлган ва бахтсиз тасодиф туфайли халок бўлган оталарини хотирлаб, у ҳақда сўз очишган вақтлар мени янада қийин вазиятга соларди. Йўқ, оилада ҳеч қачон ўзимни ўгай ҳис қилмаганман. Бунга бир сабаб ҳам бўлмаган. Хамқишлоқларимнинг жуда кўпи бизни бир отанинг фарзандлари деб билади. Ҳозиргача менга ака-опаларимнинг отасини мақтаб, даданг шундай одам эди, деб гапиришади. Бу эса янада азобли ва ўнғайсиз ахвол. Хаттто тўйим куни никох ўқиларкан, имом мени ҳақиқий отамнинг исми билан чақирмади. У ҳам шунчаки янглишди. Мен эса қанийди шундай бўла қолсайди деб ўйладим... Бошқа томондан эса, ахир мени отам тирик-ку, балки у яхши бир инсонга айлангадир, балки инсофга келиб қолгандир деб ҳаёл қилдим.
Уни излаб борарканман, чиндан ҳам қаршимда ўз ҳайтини тўғри йўлга солган ва мени оғриқли хотиралар чангалидан озод қила оладиган инсонни кўришни истардим.
Манзилга етгач, ҳайдовчи ариқ бўйида суҳбат қуриб ўтирган одамлар олдига бориб, мен қидираётган киши ҳақида сўради ва уларнинг ичидан қорачадан келган, бўйлари узун ва озғин бир кишини менинг ёнимга олиб келди. У менинг амаким экан. Ҳа, у мени амаким экан. Қучоқлашиб кўришдик. Айтишича у мени ўзларига яқин бир шаҳарнинг телевидениясида ишлаяпти деб эшитиб, излаб борибди.
Унинг ҳамрохлигида аввал бир аёлникига бордик. Уни чақириб, бу йигитни танияпсанми, катта йигит бўлиб бизни излаб келибди, деди. Аёл мени таниди. Қучоқлади ўпди. Ҳарактида сунийлик йўқ эди, лекин унчалик ҳаяжон ҳам сезмадим. Бу аёлнинг исми адашмасм Фотима эди. Улар Фотима, Зуҳра бўлиб, дадам бизни ташлаб кетгач ҳам бизнинг уйга анча мунча келиб туришарди. Мени ўйнатишарди. Менга ҳам улар ёқарди. Кейинчалик келмай қўйишган. Лекин, у қизлар аслида ким эди? Ҳозир ҳам аниқ билмайман. Тахминимча, отамнинг аввалги турмушидан кўрган қизлари бўлса керак. Хуллас, мезбонлик манзиратларидан сўнг, отам ҳозир қишлоқда йўқлигини, қизини тиббиёт институтидаги битирув кечасига кетганини билдик. Яна янги топган амакимдан сўраб билганим, у одам ҳали ҳам ичишни ташламабди. Қишлоққа хали бери қайтмаслиги,бунинг устига соғ қайтмаслиги аён бўлди. Тушунишимча, у яна оила қурган ва ҳозиргача билганим бир институтни битираётган қизи ва яна бир ўғли бор. Суҳбатимиз унчалик қовушмади. Билдимки, қариндошларим учун мени келишим ё кутилмаган тасодиф бўлди ёки уларга бу унчалик хуш келмади. Мен ортга қайтишга қарор қилдим.
Дадамни топиб, суҳбатлашиш илинжидаги бу сафарим ҳақида оиламдагилардан ҳеч кимнинг хабари бўлмади....


Рукн: Наср | Қўшди: Davron (16.10.2013)
Кўрилди: 714 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0